Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ОНА БЎРИ

Роҳилабону ҒЎЧЧИЕВА – 2000 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университетини тамомлаган. “Оласойнинг олмаси” китоби чоп этилган.

Ваҳший бўри тусидай совуқ қишнинг сўнгги азони билан Шери полвоннинг
пастқам ҳовлисидан ўрлаган дудлар шовури Қўнғиротни тутди…
– Шери полвоннинг қўрасига бўри тушибди.
– Бўри оралаган қўра қўзилайди, дегич эди боболар.
– Шерининг қўрасидаги қўзини уюриб санаб сиғдиролмасдик-да эмасам,
ҳамсоя! Бошқаникига тегмайди.
– Бўриларам одамни яхши ёмонини билса керак-да!..
Шери полвон бултур отдан йиқилиб, кўрпа-тўшак қилиб олган. Завжаси бўлмиш
овулнинг хотинлар тили билан айтганда: “иттоппас” – Қизларбаснинг куни
далада. Ёзи ўт ўрса, қиши ўтин ташийди. Аммо-лекин қизлик суратларида эркакча
кийиниб тушганларидан маълумки, овул эртаги ўтирик чиқмас. Айтгичлардан бири
Қизларбаснинг маҳмадоналигини айтиб қолади: “Пахта чиқсак, эркакча шимини
шимариб, белига отамерос белбовни бойлаб ўтирарди. Пахта чанги димоққа
уриб, қизлар пахтадайин бўлиқ-бўлиқ этакларини ерга ўнгариб “уфф” деса, бу
ойимтилла бир-иккитасига нағмалаб тердирган пахтаси этагининг тагини ҳам
ёпмай, тағин ўзини осмон олиб “офф” дегич эди. Тили ўруси сўзни бурро-бурро
айтгич эди. Шери шуни одам қилди! Ана шу “иттоппас” Қизларбас қариб қилиқ
чиқарди. Отаси йўқ уйида ҳафталаб қолади. Бунгаям эл эрмак топди. “Қамчининг
банди синди, биямиз қайда энди!” Шу кетгани кўйи ўн кун ўтдиям, завжасидан
хабар йўқ. Дард устига ботмон-ботмон чипқон чиқди. Хумори ўтдай-ўтдай тутади.
“Иттоппас”ини қамчиси қон талаб, қон талаб кутади.
Қўрага оралаган бўри балою қазодай дориди. Жон талвасада қолган-қутгани
пана-пастқамдан тонг ёришиб, чиқиб келди. Ҳаром ўлгани-ку йўғ-а, аммо-лекин
бўғизланганлари зўрға пичоққа етди. Қиш бошидан оч бўридай кадилари эт
кўрмаганди. Сўнгги кунда полвон бўзлаб-бўзлаб, чўлоқ оёғини судраб, қўйларини
калла-поча қилди. Хумор-хумор-да, сермаланган қамчи қизининг юзини безади.
Ўғил кўрди – “оғир кўрди”! Кенжасиям онага қулун. Уч қизининг иккисини
жойлади. У даврлар довруғи осмон, пири Сулаймон эди. Каттаси “шадда” чиқди.
Ўттиздан ошдиям эрга тегмайди. Айтгичлардан бири айтиб қолади: “Полвоннинг
оёғи осмон, улусга шувут юзи. Қизи ўттизди қоралаб уй қилмади. Лекин отани ер
қилди. Бир бошдан кампирнинг тили илонга заҳар ялатган-да! Кураги ер кўрмаган
полвоннинг юраги ер кўрди, юраги!” Илонга заҳар ялатган кампир Бўрихолнинг
тили билан айтганда, бу уйда мушук миёвлайди. Юрмас оёғини ўраб, тили билан
асабларни ғажийди. Эл олдида довруғи осмон ўғил – она олдида мушук боласидай
ювош тортади. Тарбия бошдан зўр-да! Қўлидаги қамчи асли отамерос эмас, аниқроғи
“онамерос”. Шу қамчидан почалари қонаб-қонаб еган, Қизларбасниям “иттоппас”
қилган она қамчиси! Бизнинг кампир қамчигаям қон ялатадиган хилидан!
Пешин қуёши ваъда қилинган олмосдан олис: кўзни қамаштирса-да, ҳовури
йўқ. Саҳармардон чиққанида ой ёруғида улкан кўринган бўриларни кўз олдидан
кеткизолмади! Она бўри икки боласи билан уларнинг қўйларини бўғизлаб ўйнарди.
У бу ҳодисага бирон маҳлиё бўлди: она бўри бўғизлади, бўрининг болалари
йиқилган қўйнинг елинини шимди. Шуларни хаёл қилиб ўтирган қизнинг кўзи
уйи томон келаётган икки аёлга тушди. Қиз танимаса-да уйга торттирди. Емак
тайёрлаб киритди. Хуфтон дили ёришмай уйдан чиқди. Бургуткўз лақабли отининг
емидан хабар олди. Кўрган куни шу: отнинг ем-суви, мол-ҳол, уйнинг юмуши. Дил
ёрай деса она – қуниш теккан жўжадай, ҳатто қизлари билан шу пайтгача очиқ
гаплашмаган. Қуда-анда келса, далани баҳона қилиб, чиқиб кетади. Совчиларни
ҳам қизнинг ўзи қарши олиб кузатган. Икки синглиси келса ҳам шу аҳвол. Она
ёзда ўт ўради, қишда ўтин теради! Кампирнинг тили билан уч қиз тарбия топди.
Кампир айттириб икки қизини хешига узатди. Хешлар-да кампирнинг олдида
қўлни қовуштиради. Овулда ҳам кампирнинг тили – қилич! Хешлар тугул тенгтўши бесўроқ қиз узатмайди, ўғил уйламайди. Кампирнинг олдидан номига бўлсада қорасини олиб ўтади. Билгичлар айтиб қолади: “Кампир кимсан Саттор морга
қиз бўлган. Морнинг нақ еттита хотини, йигирма тўртта фарзанди бўлган. Мор
замонида овулнинг отаси бўлиб ўтган. Ҳажга йўл олиб олтинини жанда чопонини
ҳар қовиғига жойлаб, йўл тортган. Қароқчилар овидан гадодай ўтган мор карвонга
дуч келади. Ҳаждан қайтар тунда ҳеч мақтанмас морнинг марсингиси келиб
тиллаларини қавиқдан тўкиб: “Етти хотинимдан йигирма тўрт фарзанд кўрдим.
Давлатим борида олтинларни сочаман”, – дейди. Хулласи, карвонбоши кўсалардан
экан, кўзи тегиб, мор қайтгунича болаларидан ёлғиз Барихол қолган экан”.
Қизнинг дилкаши шу – Бургуткўз. Икки бургутдай учганида қизнинг кўксига
шамол тегиб, унутилмас хотираларга қайтади. Эҳ, у дамлар! Шу Бургуткўз той эди.
Отаси уни ўғил ўрнида кўриб, шу тойни олиб берди. Қиз той билан куни ўтадиган,
даладаги йигитларнинг кўксига олов қалаб кетадиган бўлди. Ота замонида не-не
полвон одам қўйди, писанд қилмади. Икки сингилни чиқаришди, барибир унамади.
Унинг шарти шу бўлди: “Мени ким йиқитса, шунга тегаман!”
Ота кулди, ота куйди. Ўзи пиширган ош – қизга ким от олиб бериб, кураш
ўргатади?! Ўғил ёш эди… Ота шу кўйи курашдан узоқлашди. Бугун эса эл кўзидан
пана тортади ўзини. Эл гапида жон бор: бурни осмон, юзи шувут. Лекин шу қиздан
ҳеч зот кўнглини сўрамади. Дардингни айт демади. Кампир совчининг борига
бир хил жавоб қилди. “Менинг ўзим! Тенги тенг келмаса, оёқ ковуш йиртади.
Бўсағамдам ҳатламаларинг! Неварамни алпга бераман”, деди. Қиз кўнгли эса
алпларда эмас эди. Алплар остонадан кун санаб ўтди. Қизи тушмагурнинг шартига
кўнгани қайтиб эл ораламас, бет кўтармас бўлиб қайтди. Бургуткўзнинг билганиям
шу: ошиқ қизнинг дардини иккиси олис-олис учиб ювади. Шаҳар томон кетадиган
йўллардан кечгача кўз узмайди. Қизи тушмагур момо ўргатган қўшиқни элас-элас
хотирлаб, оқ қоғозга эгри-бугри ҳарфда ёзди:


“Товга чиқдим таяниб,
Оқ кўйлакка ўраниб.
Оқ кўйлагим қатма-қат,
Бу юришлар омонат.

Сардор қушлар бўлайин,
Сардобага қўнайин.
Соғиниб юрган оғамни
Соғ-саломат кўрайин”.


Қиз шаҳар кетгач Норқул чаққонга шу сатрлар битилган хатни тутқазди. Қиз севди,
қиз ор билди, қиз енгилди… Улар асли синфдош эди. Бир мактабнинг икки – учига
чиққан безориси ҳам шулар эди. Қиз бор жойга йигит йўламасди. Чунки бир замонда
қизга севги изҳор қиламан деб, кураги ерга теккан, кўкси-да қизнинг оёғини кўрган
эди. Шу-шу полвончамиз шаҳар кетди. Ёзда бир келарди, лекин овул ораламай
қайтар эди. Қиз севарди! Севгиси ҳам ўзидек жиловсиз эди. Ҳеч бир полвон шу
қизни йиқитмади, қиз ҳам эр қилмади. Хати жавобсиз қолди…
Аср кирганда меҳмонлар қўзғалишди. Кампир эса гап айтиб қолди:
– Эгам оқсоқолдан эртага тўй келади…
Қиз куйди. Қиз йиғлолмади. У кампирга оғиз жуфтлаб эди:
– Отангга айтаман, оқ қилади йўқасам, деган жавобни олди.
Онаси укани етаклаб кириб келди. Кампир эса жаврай кетди. Қиз тош қотди! У
бўшашди. Она ҳам шу жавобни олди. Қизига қараб ҳам қўймади. Эрининг ёнига
кириб “улушини” олди. Ука ёш – беғам, беташвиш. У уйида тўй бўлишини эшитиб,
меҳмонлар олиб келган конфетларини опасининг устидан сочди:
– Келинга сочала, келинга сочала…
У ўзини келин либосида тасаввур қила олмади. Оқ соқолли чолни кўрди…
У югурди…
Отасининг милтиғини олди. Отга миниб, исталган томонга қараб кетаверди…
Қиз орзулари бор эди унинг! Бетма-бет томондан бир қора ўтин орқалаб келарди.
У таниди!.. Саломлашишди. Қиз:
– Шаҳардан қайси шамол учирди?..
– Отам ёлғиз қийналиб қолди, қарашай деб келдим… Тирикчилик… Шомда нима
қилиб юрибсан ўзинг?
– Бўри овига…
– Эшитдим… Бугун бўри оралабди…
– Ўзгармабсан.
– Сен ҳам! Нега ҳалиям эрга тегмадинг?!
– Эртага тўйим… Болаларинг нечта?…
– Икки ўғил, бир қизим… Мени кечир, хатингни олгандим! Хотиним уни ўқиб
берди…
– Бизникига ҳам ўт.
– Овулнинг полвонларини сенга кучи етмабди… Етмайдиям…
– Кечикяпман!
– Эҳтиёт бўл!
– Ўзинг ҳам! Қизчангни ўпиб қўй!
У отига жон-жаҳди билан қамчи урди. Мисли бургутдек учарди улар.


* * *
Овул аҳли Бургуткўзга эргашиб, баҳорнинг илк ёмғирли тонгини қизнинг
юрагини ўйнаётган икки бўри боласи ва нарироқда жон таслим қилган она бўри
билан қарши олишди. Воқеанинг қандай кечганига гувоҳ ёлғиз – Яратган Эгам!
Айтгичлар эса айтиб қолади: “Бўрихол кампир оғиз кўпиртириб айтгич эдики, Шери
ўғлига кўзқоронғи бўлганида эрига шундай деган: “Бўри боласининг юрагини олиб
келасан! Ўғлимнинг юраги бўриникидек бўлсин!”

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil