Умида РАСУЛОВА – филология фанлари доктори, профессор. 1977 йилда туғилган.
Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Унинг “Ҳозирги адабий
жараён: бадиий наср поэтикасида ритм” ўқув қўлланмаси, “ХХ аср ўзбек қиссачилиги:
поэтик изланишлар ва тараққиёт тамойиллари” монографияси, “Ҳозирги адабий
жараён” дарслиги нашр этилган.
Мустақиллик шарофати билан драматургияда ўзбек миллати шаъни, ўзлигини
намоён этувчи асарлар яратилиб, томошабин тасаввур оламини янада бойитишга
эътибор ортди.
Зиё Нажмийнинг “Занжирбанд шеър“ номли асарида ижодкор Абдулҳамид
Чўлпон ва адабий қаҳрамон Гамлет тафаккур пучмоқларидаги безовталик ёритиб
берилади. Иккиси ҳам ота макон тақдирига бефарқ бўлмаган юрагида ёли бор
кишилар экани маълум. Чўлпоннинг миллат маърифати йўлидаги шижоати, ўзига
бўлган ишончи фитначи, қўрқоқ кимсаларга очиқ курашида бўртиб кўринади.
Асарда шарқ ва ғарб ахлоқ ақоидидаги тафовут кузатилади. Гамлет жамиятдаги
турли ноҳақликдан чекиниб, ўлимни ихтиёр этади. Чўлпон эса шарқ таълимотига
кўра, умидини сўндирмай, таслим бўлмай, бошини ватани учун дорга қўйишдан
ҳайиқмайди.
Усмон Азимнинг “Бозор” асарида мураккаб палладаги инсоннинг давр билан
муносабати саҳналари реаллашиб боради. Қосимов ва Эркин Равшан диалогида
собиқ тузумдаги пахта сиёсати асоратидан мубоҳаса уюштирилади.
Эркиннинг: “Ўзбеклар қул эмас ору номуси учун курашадиган халқ
эканлигини бутун жаҳон кўриб қўйишини истаганмиз”, деган изҳори унинг
ўзлигини намоён этади.
Бозор шароитига мослашган уддабуронларнинг бойлик тарозисида
киши қилмишини баҳолаши танқид қилинади, бу мотивлар драматизмни
таранглаштиради. Ўғри, маддоҳлар ўтиш даврининг сарқити сифатида томошабин
нафратига сазовор бўлади. Қосимовлар даврасига бегона Эркин асар ниҳоясида
ўлимни афзал билади, жирканч муҳитдаги ўйинлардан толиққан киши мутлақ
озод бўлишни лозим топади.
Усмон Азимнинг “Бир қадам йўл“ драмасида фалсафийлик, мантиқийлик
кишини ўйга толдиради. Аслида, дунёга келиш ва кетиш онлари қисқа фурсат
бўлиб, фоний дунё имтиҳонидан ўтиш душвор саналади. Ота-она фарзандини
гўдаклигидан парвариш қилар экан, бор меҳру муҳаббатини унга улашади. Уч
ўғил: Жўра, Шокир, Қосим бир оилада вояга етса ҳам ҳаётга турлича муносабатда
бўлади. Жўра тийнатидаги тўғрилик, адллик, фидойилик раислик фаолиятида, ҳамқишлоқлар эътирофида аёнлашиб боради. Кўпнинг ҳақи, халқнинг мулкига
хиёнат қилмасликка интилган раиснинг аёли Саодат рўзғор ишларидан
ортмайдиган меҳнаткаш хотин тимсолида ёритилади.
Шокир эса ҳаром тижоратнинг орқасидан шаҳар бойига айланган,
қишлоқдаги мансабдорлар билан гиёҳвандлик савдосига бош бўлган такаббур
ўғил. Аёли Беғам бу шайтанатдан кўра қишлоқ боғу адирида ўзини эркин ҳис
этадиган инсон. Жўра ва Шокир диалогида бойлик изтироби, нафс хуружи,
фарзандлик бурчи борасидаги қарашлар муқояса этилади. Афғон қатнашчиси
Қосим эса уруш оқибатида ногирон бўлиб бўйдоқ яшашга маҳкум йигит.
Ундаги аламзадалик, нашавандлик аслида урушдаги жаҳолат асоратидир.
Мард, довюрак инсонни уруш синдириб, яксон этади, оилавий бахтдан маҳрум
айлайди, бу йигит афғон қатнашчиларининг умумлашма образи сифатида
ҳаракатланади.
Драмада отанинг кексайиб, дилбандлари оқибати мурувватидан илинж кутиши
асносида оила асрори аёнлашиб боради. Усмон Азим кўплаб ҳаёт ҳодисаларини
синчиклаб кузатиб, халқ орасидаги турли тоифа инсонлар руҳиятини воқеалар
силсиласида ёритиб боради. Давр талотумида ўзини бой бермаган, виждонига
хилоф қилмаган киши кексаликда фарзандлар тутумини кузатиб, гоҳ тушуниб,
гоҳ тушунмай кун кечиради. Отанинг: “Мен сенга айтсам одам боласи булоқ бўлиб
дунёга келар экан. Булоқман дер экану, қараса жилға эмиш. Булоқман дер экану,
бир қараса дарё бўлибди. Булоқман дер экану, бундоқ қараса… денгизга умрнинг
сўнггига ҳам етиб келибди. Шунда икки соҳил орасидан чиқмасдан нимагадир
орзиқиб, ниманидир кутиб, фақат югурганини сезиб қоларкан” фалсафий
мушоҳадасида қисмат битигига урғу берилади. Драмадаги қаҳрамонлар ҳам
соҳилга турли даражадаги аъмоли билан интилаётган, эзгулигу қабоҳат орасида
сарсон бўлаётган кишиларни ёдга солади.
Драмада боғ уй, ватан тимсоли, унинг бағрида ҳалол ҳам, ҳаром ҳам унаверади.
Қариянинг Самарқандга бориш орзусини ўғиллар англамайди, доим банд бўлган
фарзандлар ота раъйига қараш, зиёрат истагини рўёбга чиқаришдан мосуво
бўлади. Тириклик диёрининг интиҳосига кетаётган ота сокин ҳолда бақога
риҳлат қилади.
Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” драмасида глобал муаммога айланган Орол
фожиасининг бадиий талқини ҳавола этилади. Муаллиф қаҳрамон исми Оролда
рамзийлик усулини қўллайди. Йиллар давомида тирикликнинг муҳим унсури
сув денгиз элга шифо, зарур озуқа бўлган, лоқайдлик, исрофгарчилик боис
кишилар жазоланган. Табиат ва инсон муштараклиги фольклор, мумтоз адабиёт
намуналарида доим тасвирлаб келинган. Драмада ҳам денгиз бўйи аҳолисининг
қадим анъанаси, одатлари борасидаги саҳналар оқибатсиз авлод, такаббур
тоифали кимсаларга муқояса этилади. Орол бобо денгизни қадрдони, сирдоши
янглиғ эъзозлайди, ундан воз кечиш, беэътибор бўлиш инсонийликка зид эканини
уқтиришдан чарчамайди. Орол бобо ва денгиз қалбан бир-бирини англаган,
суянган, завол топаётган одам ва сувнинг уйғунлиги, яхлитлиги тимсолида
намоён бўлади. Иккиси ҳам ёлғизликка мубтало, денгиздаги қайиқ заминдаги
басиру гунг тоифадан юз буриб, сўнгги сафарни ихтиёр этади.
Эркин Аъзамнинг “Сув ёқалаб” драмасида Болта Мардон умр манзараларига
чизги берилади. Ҳаётини сарҳисоб қилаётган қаҳрамон оқар сув сингари мозийга
разм солиб, хато-нуқсонларини тафтиш қилади. Қишлоқ аҳолиси, уларнинг
кундалик муаммолари собиқ раис хотира пучмоқларини безовта қилади. Ҳар
бир оиладаги вазият яхши билган ҳаёти давомида раҳмату маломатдан бенасиб
бўлмади. Инсонлар орасида қўни-қўшни, қариндош-уруғчилик муносабати
издан чиққани, манфаатпарастлик авж олаётгани қаҳрамонни қайғуга солади. У
ҳамқишлоқларини аҳил, хотиржам кун кўриб, имону инсофдан айро бўлмасликка
даъват этади.
Қўчқор Норқобилнинг “Қуёшни сен уйғотасан” драмасида ижтимоий муаммо
бир оила теграсида уюштириб борилади. Ўтиш даври воқелигида ишсизликни
ҳал қилишнинг икки йўли кўрсатилади. Эр Қодир оиласини ташлаб, Россияга
катта даромад илинжида ишга кетади. Хотини Шабнам эса фарзандлари билан
қишлоқ шароитида машаққатга бардоши, шижоати билан ўзини намоён этади.
Ундаги ишонч, бардамлик ҳамқишлоқ аёлларни руҳлантиради. Драматург
юртида борига шукур қилиб, ҳалол меҳнати билан жамиятда ўз ўрнини топаётган
ишбилармон аёллар образини яратишга сазовор бўлади.
Драматургияда тарих ҳақиқатидан сабоқ олиш, миллий қадриятни тарғиб
қилиш, инсон ва жамият муносабатидаги ўзгаришни табиий тасвирлашга
доим аҳамият қаратилган. Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар”, “Адибнинг
умри” асарларида тарих саҳифаларидаги маънавият посбонлари ҳаёт маслаги
варақланади. Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижодига оид
назмий, насрий асарлар яратилгани маълум. Усмон Азим бу шахсларнинг
маънавий, эстетик қарашларини драматик тур имконида тақдим этади.
“Кундузсиз кечалар” драмасида кишан киймай, бўйин эгмай ўз олий маслаги
йўлида дадил ҳаракат қилган шоир, адиб, мунаққид Чўлпон сиймоси бадиий
гавдалантирилади. Мустабид тузум йўриғини писанд қилмаган Чўлпон адабиёт
осмонида тонг юлдузи бўлиб тун зулматига барҳам беради. Драмада “Гўзал”
шеъридан парча киритилиши мазмун қатламини бойитган. Аслида гўзал
тимсолида шоир юлдуз, ой, қуёшу шамолдан сўроқлаган, қалбидаги инжа туйғу
озод юрт зуҳурланган эди. Миллийлик ўзликдир шиорини алқаган Чўлпон Ҳофиз,
Кўзойнакли, Тенгдошлар даврасида санъат асроридан нафис гурунг ташкил
қилади.
Драмада Олим Шарафиддиновнинг “Ўзбек шоирлари. Чўлпон” мақоласи
билан боғлиқ мотив шоир қисматидаги кўланкага ишора бериб, сиёсий айбловлар
кўпайишидан огоҳ этади. Сезгир, Кўзойнакли вазият қалтислигидан ҳимояланиб,
хайрлашиб кетадилар. Ойбек ва Чўлпон диалогида ёлғон сўздан ёнган сўз
авло экани, хиёнатдан садоқат аъло экани қабариб кўринади. Чўлпон руҳий
покланувнинг бирдан-бир воситаси санъат, хусусан, бадиий адабиёт эканини теран
англаган. Янгиликка ошно Чўлпонни бадиий адабиётимиздаги ўсиш-ўзгаришлар
қониқтирмади. У ҳамиша ўзга халқлар адабиёти, санъатидаги ўзгаришларга
ҳавас билан қаради, уларнинг ёрқинларини таржима қилишга интилди. У адабиёт
яшасагина миллат равнақ топиши бош тамойил эканини уқтиришга интилди.
Драмада киши ғурурини топташ, адабий шахсиятини бадном этиш ҳолатида
ҳам мажнун бўлиб элни севган жўмард Чўлпон ҳаётининг кечасига нигоҳ
ташланади. “Кундузсиз кечалар” драмасидаги монологу диалоглар киши
руҳиятидаги тебранишларни, кўнглидаги армонлар садосини китоб муҳибига
етказиб туради. Юрт озодлиги учун жонини фидо қилган, тутқунликка бўйин
эгмаган шахс хотираси авлодларга доим ибрат бўлади.
“Адибнинг умри” драмасида боғдаги мулоқот Абдулла Қодирий, Абдулҳамид
Чўлпон, Ойбекларнинг маънавий дунёси, ҳақиқат йўлидаги аҳкоми борасида
таассурот пайдо қилади. Драмутург асарда лирик элементни киритиб, таранг
вазиятни юмшатишга ҳаракат қилади. Абдулла Қодирийнинг “Наъматак”
шеъри хусусидаги нозик кузатиши ижод аҳли тахайюл оламини теран идрок
этиш имконини беради. Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қодирий мулоқотида
“Ҳайдалиш“ куйи хусусида фикр билдирилар экан, адабий қаҳрамон Отабекнинг
қайинотаси Мирзакарим қутидор томонидан ноҳақ таҳқирланиши мотиви
кенгайиб, ўз уйидан бадарға қилиниш гумони бўлган суҳбатдошларга тааллуқли
экани англашилади. Михаил Шевердин, Сотти Ҳусайн Абдулла Қодирийга, Олим
Шарафиддинов Абдулҳамид Чўлпонга “миллатчи, халқ душмани” тамғасини
босишга уринган ҳолатда ҳам эрксевар ижодкорлар иродаси букилмайди. Бу
асарда ҳам боғ ватан тимсоли бўлиб гавдаланади, қатағон шамоли Абдулла
Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонларни забтига олади.
Драмадаги боғ воқелик тадрижини кўрсатибгина қолмай, рамзий маънони
зуҳурлаб боради. Ойбекнинг Отақўзи манфур билан диалоги Абдулла Қодирий,
Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носирнинг тутуқунлигидан воқиф айлаб, ўша давр
қаҳратон забтини, хазонга айланган майсалар мунгини ҳис қилдиради. Ойбекнинг
таҳликали кунлардаги матонати, душманлар тазйиқига саботи лавҳасида қатағон
сиёсати моҳияти ойдинлашади. Зарифа ва Ойбекнинг қалтис дамдаги ишончи,
сабри, қаноати диалогу монологлар сирасида юзага чиқиб зиёлилар маънавий
қиёфасига ишора беради.
Турли таҳдидлар Ойбек иродасини синдира олмайди. Драмада “Навоий”
асари билан боғлиқ нохуш вазиятлар саҳнаси зимнида ҳаёт ҳақиқатининг яна
бир жиҳати кўрсатилади. Мунаққид Озод Шарафиддинов Ойбекни хотирлаб
ёзган мақоласида бир мунофиқ тадқиқотчининг аввал адиб ижодини қоралаб
қилган ишларидан ор қилмай энди диссертация ёзишни ихтиёр қилгани воқеаси
келтирилади. Мунаққид бу ишга қарши бўлганида тадқиқотчи Ойбекнинг
уйига бориб розилигини олади. Бундай олижаноблик Озод Шарафиддиновнинг
Ойбекка бўлган эҳтиромини янада оширади, бироқ ёш “олим”га ғазаби сўнмайди.
Мунаққид бу кимса фан номзоди бўлиб ҳам меҳнати роҳатини кўра олмаганини,
виждонсизлигини унутмаган жамоатчилик тан олмаганини эслатиб ўтади.
Драмадаги Ботир (Ботир Файзиев) образи киритилиши ҳаёт ҳақиқатини
бадиий ҳақиқатга ўтказган. Ботирнинг: “Ойбек ака! Кечиринг! Сизга қилган
туҳматим ўзимга урди. Итдан баттар хор бўлдим. Ҳамма мендан юз ўгирган…”
надомати қилмиш-қидирмиш нақлини ёдга солади. Мазкур драма яқин
ўтмишдаги миллатпарвар кишилар фожиасини ёрқин ифодалагани билан
томошабин эътирофига сазовор бўлмоқда.
Эркин Хушвақтовнинг “Чимилдиқ” комедиясида миллий удумимизнинг саҳна
талқинини кўрсатишга ҳаракат қилинади. Турмуш бўсағасидаги келин-куёв
учун чимилдиқ пок туйғуларни парваришлаб, соф кўнгил розини пардалайдиган
кичик гўша. Азалдан мўътабар момо, онахонлар ўгити билан ёшлар уни қадрлаб,
никоҳнинг салмоғи, кўламини ҳис қилишган. Комедияда бу муқаддас удумнинг
моҳиятини англамаслик келин ва куёвнинг бачкана диалоглари зимнида юзага
чиқиб, томошабин эътирозига сабаб бўлади. “Қаллиқ ўйин”, “Андишали
келинчак” комедияларида ҳам сюжет бўшлиги, ўзбекона тарбиямизга зид
мотивлар ҳаёт мантиғига асосланмагани боис эътироз уйғотади.
Миллатимиз орасида оиладаги шахсий интим муносабатларнинг саҳнада очиқ
кўрсатилишини замон талаби билан боғлаш нотўғри. Боиси томошабиннинг ёши,
дунёқараши, менталитети доим инобатга олиниши керак. Асар муаллифи ҳам
ўзбекона тарбия доирасидан чиқиши салбий натижага олиб келади. Ибратхона
бўлган театр саҳнасида маънавиятга зид лавҳалар кўрсатилиши эътирозга сабаб
бўлиши билан бирга томошабиннинг бу санъат турига ихлоси, қизиқишини
сўндиради. Бундай бадиий, эстетик савияси паст драматик асарлардан, шарқона
тарбия, ислом фалсафасига зид саҳналардан сақланиб, эзгу фазилатлар тарғибига
аҳамият бериш лозим. Йиллар давомида халқимиз “Келинлар қўзғолони”
комедиясини томоша қилишдан чарчамайди. Боиси унда оила маънавияти
масаласи тасвирида этика қоидасига риоя этилган, эркак, аёл, қайнона, келин
образлари мантиқан асосланган, табиий, жонли манзаралар ўзбекона турмуш
маданиятини холис ёритишга хизмат қилган. Ҳар бир яратилаётган драматик асар
ҳаётни кўзгуда акс эттиргандай бўлади.
«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 5-сон