Замира РЎЗИЕВА – “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 1957 йилда туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида
таҳсил олган. Шоиранинг “Мунаввар юртим”, “Гул ислари”, “Атиргулга айланаман”,
“Офтобжамол”, “Жон риштаси”, “Сарчашма”, “Ташнадил”, “Умид боғти”, “Рўшнолик”,
“Ҳайратнинг суврати” каби шеърий ва сайланма китоблари чоп этилган.
Менинг Ойша бувим бўлардилар. Улар “Дўстнинг хили кўп, ким шондўст,
ким нондўст, ким жондўст бўлади, шунда адашманг”, дердилар. Ҳақиқатан,
ҳаётда ҳар кишининг яқини, дўсти бўлиши табиий. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам
жондўст, жоняқин бўлавермайди. Турсуной Содиқова эса ўттиз йиллик жондўстим,
жоняқиним, устозим, муаммоли кунларимда маслаҳатгўйим бўлганлар.
Ўзбекистон ҳали мустақилликка эришмаган саксонинчи йилларда опа
Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси, мен эса қўмитанинг Олтинкўл
туманидаги ярим штат маошдаги фаолиятда эдик. Опанинг раис сифатида
туманлардаги бўлимлар ишини “бир назоратдан ўтказиш”га келиши ҳамма соҳа
“комиссия”лариникидай бўлмасди. Аниқроқ айтсам, опанинг обрўси баланд,
мухлислари кўп эди. Опа чин маънода булбулзабон эдилар. Турсуной Содиқова
келибди деган хабарни эшитганки ёғилиб келаверарди.
Жуда кўп учрашувларда опанинг минбардаги чиқишидан кейин сўзга чиқиш
шогирдгагина эмас, ҳар қандай одамга қийин туюлади. Опанинг ўзи буни биларди
чоғи, учрашувларнинг дастлабида унга ҳамроҳлик қилиб юрган ёш шоирларга
ўзидан аввал минбар берардилар. Бергандаям шогирдининг айрим шеърларини
ўқиб, истеъдодини баланд пардада таърифу тавсифлаб таништирардилар. Опа инсон
кўнглини иззат қилувчи, сахийқалб устоз эдилар. Опанинг эллик йиллик юбилей
тантаналари Андижонда катта воқеага, адабиёт байрамига айланиб кетганини
андижонликлар яхши биладилар. Пойтахтдан, қўшни вилоятлардан таниқли
олимлар, шоиру ёзувчилар, арбоблар келишган. Мухлисларни-ку Андижон театри
бағрига сиғдиролмай қийналган. Одатда юбилей тадбирида саҳнада юбилярнинг
турмуш ўртоғи бирга ўтиришига ҳамма ўрганган, аммо опа ўзбекона ҳаё билан
эрини шерик қилмай, шогирдини – мени ёнига ўтқазган. Андижонга бағишланган
“Жон риштаси” қасида достонимда опа образига қуйидагича чизги бергандим:
О, она Андижон, бағри гулзорим,
Ерда гулинг, кўкда кўп юлдузинг бор.
Сўзласам, кўксингга фахр тўлдирган,
Булбулзабоним деб суйган қизинг бор.
Турсунойингдир ул, Турсунойинг у,
Гавжум давраларга файзин таратган.
Ҳайратга бойинг у, сўзга бойинг у,
Ижоди анжонча оҳанг яратган.
* * *
2007 йили қаттиқ бемор бўлдим. Шифокорлар ҳаётим қил устида эканини, узоғи
билан икки ой умрим қолганини яқинларимга айтган экан. Бундан опа хабар топган
чоғи, қаттиқ изтироб чеккану, ҳафтада икки марта шифохонага кўргани борарди.
Катталарнинг маслаҳати билан шифохонадан чиққанимдан сўнг, ҳарбийдан қайтган
ўғлимни тезгина уйлайдиган бўлдик.
Турсуной опа ўғлимнинг тўйини ички изтироб билан қарши олибдилар.
«Замиранинг кўнглини кўтарай бир яйрасин”, дея ўзича режа тузиб, мен бехабар
Фарғона, Наманган ва Андижондаги барча ижодкор аёлларни жамлаб янги
келиннинг “юз очди” маросимига иккита Дамасни тўлдириб меҳмон бошлаб
келганлар.
Фарғона-ю Наманганга қўнғироқ қилиб, “Ичим тилиниб ётибди, Замира
ўлиб қолса нима бўлади, албатта келинглар, бир кўзи кулсин Замирагинани”,
деб қайғурган эканлар. Фарғонадан Энахон Сиддиқова, Марҳабо Каримова,
Малика Мирзаева, Зуҳра Алиева, Намангандан Дилбар Ҳайдарова, Тошкентдан
ҳофиза Шарофат Тожибоева… Андижондаги нечта қаламкаш аёл бўлса бари…
Шошиб қолганмиз, одатда ўн-ўн беш одам билан ўтадиган бу маросим уйдан
ҳовлига кўчирилган. Сабаби, бу таниқли санъаткору шоиралар, айниқса Турсуной
Содиқованинг ташрифи бир пасда овоза бўлиб, қишлоқдошлар тўп-тўп кириб
келавердилар. “Юз очди” деганимиз назм-наво кечасига айланиб кетиб, қўшиқлар,
шеърлар, айтишувлар, чиройли ҳазил-ҳузуллар билан тўрт соат давом этган.
Умр эътибор экан, кейин яна иккита келин туширдим. Бу ўғилларим ҳам
“Бизнинг “юз очди”га Турсуной Содиқова келмаса уйланмаймиз опани таклиф
қиласиз, акамдан нима камимиз бор”, деб туриб олишган. Опага бориб бу гапни
айтганимда, “Ўғилларинг айтибдими, бораман”, деб кўнглим учун иккала тўйга ҳам
келганлар. Ҳар гал опанинг келганини эшитган қишлоқдошларим билан ҳовлимиз
тўлиб-тошган. Турсуной опадек нонингга эмас, шонингга эмас, жонингга жондўст
бўлиш ҳамманинг қўлидан келавермайди.
Турсуной опанинг сахийқалблиги ижодда ҳам ўз эътирофини топган.
Шогирдининг кичик бир ютуғидан хурсанд бўлар, уни бошқаларга гапириб
кўнглини кўтарарди. Бир гал янги китоб тайёрлаб қўлёзмасини опамга ўқитиб олгим
келди. Ўқиб маъқул кўрса кичиккина бўлса ҳам сўзбоши ёзиб беришини сўрадим.
Опа эса… қўлёзмамни ўқиб, сўзбошини ҳайрат ила шеър билан битибдилар. Мана
ўша менинг 2008 йилда нашрдан чиққан “Сарчашма” китобимдаги сўзбоши:
Рисолангни ўқияпман қайта-қайта,
Нигоҳларим чақнаб тўхтар ҳар бир байтда.
Машрабона хонишингдан айланайин,
Минг пардали торларингга бойланайин.
Эшитяпман юрагингнинг дупурларин,
Юрагингмас депсиняпти дулдулларинг.
Она сойим, она лойим таъми сенда,
Нени кўргим келган бўлса жами сенда.
Замираой, сен бошқача, сен бўлаксан,
Милён дилга куя билган бир юраксан.
Бахшиёна исм қўйдим китобингга,
Бахшида жон сачрамоқда рубобингдан.
Ғайратингдан ҳайратдаман сингилжоним,
Бори-йўғи битта жонсан, тингин, жоним.
Бекор айтдим, бекор айтдим, тинмагайсан,
Чунки ойим, сен заминдан унмагансан.
Дебсан “Учиб келдим Арши аълолардан”,
Демак, кучу сўз олурсан самолардан.
Бибихоним тушиб боланг ухлотади,
Моҳларойим бошинг силаб уйғотади.
Тонглар Бобур келар миниб тулпорини,
Дарвозангга илиб кетар туморини.
ИншаАллоҳ улар рози байтларингдан,
Шеърга солиб табораклар айтганингдан.
Муҳаббатни куйлаганда девонасан,
Битта ўзинг мингта Зеби, Зебонасан.
“Ҳижронжардан бутун чиққан” малак ўзинг,
“Ҳижронзада” умр ичра ҳалак ўзинг.
Ошиқона куйлашларинг бахшиёна,
Орифона ўйлашларинг бахшиёна.
Синглим, сенга Аллоҳ баланд ақл берди,
Бўйингни ҳам расо берди, адл берди.
Этагингни ўғил-қизга тўлдирди у,
Бой ойимлар қаторига қўндирди у.
Эгам берди гулузору болазорни,
Юрагингга қамаб қўйди булбулзорни.
Булбулларга дўниб юргин, Замиражон,
Кўнгилларга қўниб юргин, Замиражон.
Сендай замондошларим бор, билки, бойман,
Андижонлик опагинанг Турсунойман.
Бундай дарёдил бўлиш, жондўстинг бўлиб қайғунгда, шодлигингда елка тута
олиш ҳамманинг ҳам эмас, Андижоннинг булбулзабони, муаллимаси, шоираси,
мингларча шогирдларга устоз мураббийси “ОПА”си Турсуной Содиқовага хос
феълу фазилат эди.