Рустам БОЙТЎРА


КЎЗГУДАГИ ҚИЁФА

(Ҳикоя)

У анчайин эҳтиёткор одам. Шу туфайлими, ё бошқа сабаб аҳён­аҳёнда бўлса­да,ўз туриш­турмушини тафтиш қилиб қолади. Қувноқ давраларни унчалик ҳам хушламайдиган бу одам алғов­далғовли шаҳар ҳаётига аралашиб кетмай кўпроқ четданкузатишга кўниккан. Бошқалар билан деярли ёзилиб гаплашмайди, атрофдагиларгаҳам бефарқ. Унинг четдан қараганда осуда туюлган ҳаётида бугун «ўзгариш» рўйберди, аниқроғи, штат қисқарганлиги муносабати билан ишдан бўшатишди.Бундан у унчалик қайғурмади. Қўшниси эса, одатдагидек кўнгилни кўтариш вадардлашмоқ ниятида кечга томон «яримта» кўтариб чиқди. Қанча қистовга олмасинунга атаб пиёлага қуйилган ичкилик суҳбат охиригача шундоқлигича қолди.Қўшниси эҳтиёткор одамга, «Бўшсиз», дея танбеҳ берди ва алламаҳалгача қандайяшаш, катталар билан қандай муомала қилиш кераклиги ҳақида фалсафа ўқиди. Убўлса жимгина, гўёки ҳамсуҳбатининг насиҳатларидан қаттиқ таъсирланаётгандекюзига ўта жиддий тус бериб тинглади. Ниҳоят қўшни ўз насиҳатларидан ўзи ҳамҳориб уйига чиқиб кетгач, эҳтиёткор одам хотини, болалари ухлаб ётган хонага бирназар солди. Кейин эса, ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатмаган қалин қўнғир дафтариникитоблари турадиган картон қутининг энг тагидан суғуриб олди. Ярим тунга борибунда қуйидаги ёзувлар пайдо бўлди:»…Энди бари бошқача бўлса керак (ҳар қалай мен ўзимни шундай дебишонтиришга уринаяпман). Чунки шу кунгача ҳамма нарса аён, барчаси таниш эди.Айтайлик, ҳар куни эрталаб таниш автобусда ишга бораман. Таниш зиналарданюқорилар эканман қай томонга қайрилиш, қай хонага бош суқиш, у ерда кимлар,қандай кишиларни учратиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайман. Ахир ҳаммаси аён. Юзйилдан бери келаман бу ишхонага…Хонага кириб бепарвогина салом бераман, кимдир бепарвогина алик олади. Гўёвиждон олдида қийналмаслик учун аввалига озроқ ишга шўнғиган бўламиз, кейинхаммаси одатдагидек: озгина чойхўрлик, озроқ сиёсатдонлик, режалар, оилавиймашмаша, ғийбат…Уйга қайтаётиб, ҳали остонага оёқ етмасдан, эртага ҳам ишхонада худди шу ҳолтакрорланишини сезиб турасан киши. Кунлар ҳам худди ер шари каби ўзгармас, бир хил – юмалоқдек туюлаверади. Биз шундай сукутли, гўёки осуда муҳитга ўрганган,ва ҳеч ким бундайин бир хилликдан нолимас ҳам эди. Сабаби, ҳаммаси аён, кечагикунинг ҳам, бугунинг, ҳатто эртаги кун тўғрисида бош қотиришга ҳожат йўқ. Бизгўё узоқ вақт боғлаб боқилган, арқон бўшатилгандан кейин ҳам қозиқ атрофидаайланаётган от каби эдик. Аммо бундайин сукут ичида даҳшатли қўрқув яшашиниюқоридан ходимлар штатини қисқартириш кераклиги ҳақида хабар келган кунибилиб қолдим…Ўша куни уяси бузилган чумолилар сингари ҳамма типирчилаб қолди. Кимйўлакда, ким хонама­хона изғийди, қаергадир, кимларгадир телефон қўнғироқларибошланди. Ҳамма ким қандайлигини муҳокама қилишни бошлади. Худдигўзаллар танловидаги каби ким қандай, оиласи, юриш­туриши ҳақида гап кетди.Ҳамма бир­бири тўғрисида кўп нарса билиб олди. Тортишув, жанжал бошланди.Хуллас, идорада ортиқча ходим мен бўлиб чиқдим ва ишдан кетишга сўзсиз розибўлдим. Чунки, мен ҳамкасбларимнинг кутилмаганда арзимас нарсалар учунбир­бирларига мағзава тўкишларидан ачиниб кетдим ва қаттиқ нафратландим.Қолганлар қўлимни сиқиб, хафа бўлмаслигимни, бу ерга келиб туришимни, менингиқтидорли ходим эканлигимни, уларда яхши таассурот қолдирганлигимни қайтақайта таъкидлашарди. Қизиқки, бу ишни ҳамма ўзича, гўё сирли бир гап айтганкаби алоҳида­алоҳида бажарди. Бундайин мақтов ва ҳамдардлик аслида ишданкетишга қаршилик кўрсматмаганим учун билдирилаётган хушомад эканлигинисезган эдим. Мен кўпчилик одамларнинг табиатан зид бошқа бир кишилар биланмустаҳкамроқ алоқа ўрнатиш истагининг асл сабабидан, бутун умр ўзи учунэмас, бор­йўғи ўзгаларга ёқиш учун яшаётганидан ва бундан чуқур лаззат топиб,ўзлари ҳам ишонмайдиган чиройли қоялар, эътиқодлар соясида жон сақлашиданҳайратланмаганимда бу тўғрида гапириб ҳам ўтирмас эдим. Ушбу ёзувларниўзгаларга кўрсатиш ниятим ҳам йўқ. Фақат… Атрофимдаги воқеа­ҳодисаларга,одамларга ўз хоҳишимдан чиқиб баҳо бераётиб, аслида ўзимнинг кимлигимқизиқтириб қолади…Ана шунда ғалати, ўйларга бораман. Сўнг эса биласизми?..Балки бу бошқаларга кулгили, ҳатто аҳмоқона туюлар, аммо мен шундайқиламан: кўзгу олдида ўзимга­ўзим тикилиб, ўзимнинг ҳақиқий башарамниошкор қилиш ва билиш ниятида ўтган кунлардаги турлича ҳолатимни, хаттиҳаракатим сабабини сўроқлаб чиқаман. Кўзгудаги «Мен»нинг кўзларига тик қарабсуҳбатлашиш чексиз кўкка боқиб ёки бағрингни ёстиққа берганча хаёл суришданкўра одилроқ туюлади. Бунинг одатдаги кунларда эмас, тушкунликка берилгандамларда рўй бериш сабабини ҳам билдим.Кўзгу олдида мендан сўзамолроқ одам йўқдай, бироқ танишларим, мен биладиганбарча кишилар бошқача фикрда. Чунки мен уларга кўзгу олдидаги каби бор гапниайтолмайман. Аслида ҳар бир инсоннинг ҳеч кимга ҳеч қачон айтмайдиган,айтолмайдиган ўй­фикри бўлади. Кимгадир айта олишинг учун табиатга, жамикимавжудотга, ҳатто энг майда­чуйда воқеаларга муносабатда сендан заррача фарқэтмовчи инсон бўлиши зарур. Бироқ, бунақаси бўлмайди, ҳатто энг яқин, қил ўтмассирдош дўстлар орасида ҳам.Ҳамма ҳам бутун ҳаёти давомида бир неча бор ожизлик дамларини бошданкечиради. Шу ҳолатдан қутулмоқ учун баъзи шундай хаёлларга борасанки, шундайхатти­ҳаракатлар қиласанки… Айни ҳолатда кишининг асл қиёфаси намоён бўлади.Кейинчалик бу тўғрида ҳеч кимсага чурқ этмасликнинг сабаби ҳам ожизликни танолишдан қўрқишдир. Мен ожизлик деганда бошга бирор мусибат ёки ташвиш тушган пайтни айтмаяпман. Кўпгина маза­беъмаза истакларинг, майда хоҳишларингни амалга ошираётган маҳал бутунлай бошқа қиёфага кириб олиш ҳақида сўз юритаяпман. Масалан,менинг кичик бир илтимосимни бажо келтирган танишим, кеча тушдан сўнг хонамгакелиб, аллақандай кишилар тўғрисида салкам бир соат ғийбат қилишига, шундоқбурним остида папирос бурқситиши­ю, ғашимни келтирадиган қилиқлар қилишигажимгина, гўё эътиборсиз қарайман. Тутуриқсиз латифалар айтганда башарамнибир амаллаб бужмайтиришим, сўнг тишимнинг оқини кўрсатиб илжайишимгатўғри келди. У илтимосимни ерда қолдирмагани учун ўзини олийжанобликнингяна бир поғонасига кўтарилгандай ҳис этиб, шу дамда менинг олдимда кўп нарсагаҳақлиман деб ҳисоблайди. Мабодо мен уни унча ҳушламаётганимни ошкораайтганимда у буни одобсизлик, кўрнамаклик деб талқин этиши тайин эди. Мен шуҳолатдаги ожизлигимни мана шу баҳона билангина изоҳлашим мумкин. Умуманодам нафақат енгилтаклигидан, муҳтожликдан, ўткинчи ҳавасга эришмоқ ниятидаҳам кўпчиликдан яшириб юрган хатти­ҳаракатларини ошкор қилиб қўяди. Бунибиров сезиб қолгудек бўлса, ҳаёт шунга мажбур қилаяпти, деб ўзларини оқлаганбўлишади. Уларнинг шоҳиди бўлмоқ учун атайлаб қидирмоқ шарт эмас, атрофгатузукроқ разм солсангиз бас. Шахсан мен бу тўғрида ўйлаганимда, нимагадир,ишхонамиздаги сартарош жувон ёдимга тушаверади.Сартарош жувонни қўпол дейишлари унчалик тўғри эмас. Балки кераклиҳолатда унинг энг қувноқ, “хушмуомала” аёлга айланишини балки кўпчиликсезмас. Мен, масалан, ундаги бундайин кескин ўзгаришни хизмат ҳақига берганпулимдан қайтим бермагани заҳоти билдим. Ҳар гал қайта кирганимда у шусафар ҳам қайтим сўрамаслигим ва менга ёқиш учун шунчалар тиришиб ҳаракатқиладики, қаршимдаги катта тош ойнада унинг сохта табассум аримайдиган юзиникўриб, ҳайрон қоламан.Агар мен ўша арзимас қайтимни талаб қилсам, гўё зўрма­зўраки жилмаётган буқиёфанинг бир зумда тунд тус олишини кўз олдимга келтира олмай гаранг бўлишимтайин. Бора­бора унинг илжайишлари ғашимни келтира бошлади. Кейинчаликкреслога ўтирган заҳотим, кўзимни юмиб оладиган бўлдим. Барибир, унинг қиёфасикиприкларим орасидан сизиб кириб, шундоқ кўзим олдида гавдаланаверади. Менкўзимни чирт юмиб олдим. Шунда у, “Вой, бирон жойингиз оғрияптими?” дегангапни шундай оҳангда айтдики, беихтиёр кўзимни очиб юбордим ва қаршимда қайчиушлаган, бутун юзини ҳайрат аралаш табассум эгаллаган жувонни кўрдим. Шунда бирсўм чиқариб илтимос, битта хўмрайинг десам, у албатта рози бўлади деб чиппа­чинишондим. Зарур ҳолда ўз болаларига, эрига, боринки яқинларига беролмаган меҳриниарзимас чақага алишаётган бу аёлнинг сочларимни силаётган узун бармоқларигақараб, «Ўзини неча пулга сотиб олиш мумкин?» деган бемаъни хаёлга ҳам бордим.Ишонаманки, у ҳеч маҳал, ҳеч бир тирик жонга ўзининг бундайин яшаш усулиҳақида айтмайди. Ожизликнинг бир кўриниши балки, мана шудир.Табиатан ожиз ва хокисор одамларга эса атрофдагилар деярли эътибор бермайди.Сабаби улар ҳаётининг айрим дақиқалари эмас, бутун қисмати фақирликда ўтибкетади.Менинг шундай танишларимдан бирининг бутун туриш­турмушидаги барчакўринишларга ҳамма аллақачон кўникиб бўлган. Ундан бирон нарса сўраббораётган танишлари худди ўзининг хўжайини ёхуд мартабалироқ киши олдигакираётгандаги каби қай оҳангда гапириш, ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақидаҳеч ҳам ўйлаб кўрмайди. Масалан, ундан болта сўрагани чиққан қўшниси худди товон талаб қилаётганкиши каби кириб боради:– Давлатбой, ҳў­ў Давлатбой, қаердасан? Болтани бериб тур. Ия, бу расво бўптику­а, сопини янгиласанг бўлмайдими? – дея дашном ҳам бериб қўяди. У бўлсаайбдордек елка қисганича қола беради. Ҳатто болтанинг сопи синиб қайтганда ҳамўша танбеҳ эсига тушиб хижолат чекади: – Майли, майли зарари йўқ, шу… ўзи сопианча эскириб қолганди… бошқа қўярман.Қўшни бўлса бутун айбни сопнинг чириганлиги­ю, ёрмоқчи бўлган тўнканингқаттиқлигига ағдарди ва янги сопни қаердан, қандай ёғоч туридан танлаб олишкераклиги ҳақида «доно» маслаҳатлар бериб, секингина чиқиб кетади. Бу унингкечираётган кунларидаги оддий ҳангомаларидан бири.Албатта у ўша вақт норози оҳангда бирор нарса деб тўнғилласа, қўшни кейингисафар бошқача муомалада бўлар ва бошқаларга Давлатбой «айнибди» дея қўшибчатиб гапириши аниқ эди. Агар Давлатбой азалдан «айниганда» эди, бунга эътиборқилишмасди. Ажабланарлиси, Давлатбойдаги юмшоқ кўнгиллик ҳеч қачон ўзқадрини топмаган. Одамлар бундай юмшоқ кўнгил, соддалардан кўра айтайлик,олибсотар танишини кўпроқ ҳурмат қилади. Сабаби олибсотар истаган пайтдаДавлатбойдек юмшоқ кўнгил бўла олиши мумкин, аммо Давлатбой ҳеч қачонолибсотар каби ишини битириш учун сизга норка телпак ёки хотинингизга фарангатрини «совға» қилолмайди. Бошқалар эса, Давлатбойдан кўра бой ва айёрроқбўлгани учун ўзини ақлли санайди, Давлатбойларга шундай муомалада бўлишмумкин деб ўйлашади.Мен бундай пайт моддий ночорлик кишини шу аҳволга солиб қўйишимумкинлигидан ажабланаман.Балки шунинг учун ҳам кўпчилик танг аҳволда қолганда бу йўлдан ялтоқланибчиқиб кетишини, бирор йўлини қилишни ёки ўзини хокисор қилиб кўрсатишиниафзал деб билар. Аниқроғи, сизда шундай тасаввур уйғотишга интилса керак.Ҳа, айтгандай бу ҳам яшаш усули. Ахир ўз айбини яширишнинг йўллариданбири ўзгалар хаёлида ёқимли таассурот уйғотиш­ку. Чунки тасаввур муносабатнитуғдиради. Биз эса муносабатлардан қўрғончалар қуриб яшаймиз. Муносабатларқанчалик мустаҳкам бўлса, яшаш шунча бехатар ва лаззатлидир. Бошқаларҳисобига тўқ ва беобрў ҳаёт кечирмоқ истасангиз шундай йўл тутинг. Бундаяхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, оддий салом­алик ҳам хисоб­китобли бўлади. Шахсийманфаатдорлик ва шуҳратпарастлик бутун вужудингизни қамраб олади. Сиз ажойибхудбинга айланасиз. Бундан асло қўрқманг, кўпчилик буни сезмайди. Билганларэса айтмайди, энг муҳими шу.Сиз эса бемалол ҳаммани, шунингдек ўзингизни алдаб яшайсиз. Ҳатто гадойнингқалтираган қўлига садақа ташлаётиб усталик билан ўзингизни ва атрофдагиларнибоплаб лақиллатасиз. Гадойга чин юракдан ачинганингиздан эмас, ўзингизни «менраҳмдил ва сахийман» дея ишонтириш учун садақа берасиз. Бу билан гўёки айримгуноҳларингизни ювгандек ҳам бўласиз. Шу орқали бошқалардан яхшироқ одамэканлигингиздан бағоят хурсанд бўласиз. Сиз эса, ўлай агар, ўша дамдан бошлабёғлироқ жой қидира бошлайсиз. Эрталаб нонушта маҳал ўтирган курсингизтагингизга ботиб кетгандек туюлади ва ишга отланаётиб, ойнага сўнгги бор қараб,»шундай ажойиб одамнинг ўрни, албатта каттароқ креслода» деган ўй хаёлингизданялт этиб ўтади. Юмшоқ креслога эса сизни кун сайин танангизни қиздираётганҳукмронлик ҳисси элтади.Умуман мансаб­мартабалар учун жиққамушт бўлиш мазмуни қонунда йўқ ҳақ­ҳуқуқлар, имтиёзлардан баҳра олиш ҳамда ҳукмронлик чегарасини янадакенгайтириш бўлса керак. Ана шу лаззатли деб билган ҳаёт учун сиз ҳамма нарсаданвоз кечишга тайёрсиз.Оддий одамлар эса, кўпгина амалдорларни ақлли бўлгани учун шунча юқоримансабга кўтарилди, деб ўйлашади. Ўз муҳитида рўй берган ҳар бир янгиланишниодатда амалдорлар мен туфайли деб ўйлайди.Тўғри, у туфайли лекин кўпгина холларда бирор каромат кўрсатаётганлигиданэмас, ўша янгиланишга қаршилик кўрсата олмагани учунгина ўзгариш рўй берганбўлади, холос. Худбинона ички қувонч ва ишонч ўзингиз ҳақингиздаги ҳақиқатнитан олмайди. Бу ожизликни ниқоблашнинг энг мақбул йўли.Бундай ҳолатларни кўзгудаги «мен»нинг кўзларига қараб тафтиш қилаётиб, руҳимянгиланаётгандек бўлаверади. Юзимдаги ясама мағрурлик шундоқ оқиб тушади.Бу «мағрурлик» энди фақат хотирласа бўладиган кунларда осойишталигимнитаъминлаш учун хизмат қилган ниқоблигини сезиб қоламан. Ўзимга бошқа бировқиёфасидан қараб тергай бошлайман. Ҳатто овоз чиқариб ўзимга ҳам айтишноқулай бўлган, шу пайтгача атрофдагилардан яшириб келган хусусиятларимошкор бўлади. Ахир мен ўзимдан қочиб кета олмайман.Ана шунда эртадан бошқача инсон бўлишни истаб қоламан. Бироқ эртаданбошлаб мен айтайлик ўта гапдон ёки қўпол одамга айлансам ҳамма танишларимборинки хотиним, болаларим ҳам ажабланиб қарай бошлайди. Албатта, бундайўзгариш сабабига ета олмай хавотирланиб қолса ҳам керак. Чунки ҳар биркиши бошқалар тўғрисида маълум тасаввурга эга, у сизнинг ким, қандай одамэканлигингиз ҳақидаги ўз фикрини маълум бир темир қолипга солиб олган.Агар сиз бутун умрингиз давомида бир бор, ақалли бир марта шу қолипга тўғрикелмайдиган ҳаракат қилсангиз тамом. Бошқалар сизни кўрганларида энг аввалана шу «нобоп» қилиғингизни эсга олишади ва доим ёдда сақлайди. Сизнинг аслқиёфангиз боққача эканлиги тўғрисида бурчак­бурчакда миш­миш, пичир­пичиргап қиладилар.Мен шулар ҳақида ўйлар эканман, ожиз дамларда бағоят талантли актёргаайланаётганларни кўриб ажабланмайман. Бугунги куннинг аслида мен ўзимқачонлардир пойдевор қўйган келажак эканлигини ўйлаб ҳайратланаман холос……Эртага қуёш яна тонгни етаклаб келади. Аслида у менинг бугунимданбошланади. Ўтган кунлар орасида бирор лаҳзани, дақиқани олиб ташлашнинг ҳечҳам имкони йўқ. Улар ортимдан мен хоҳлаганимча эмас, мен яратган кўринишдаэргашиб келаверади.Энди ортга қараб истаганча кулишим, йиғлашим, завқланишим, яхши ёкиёмон деб ҳукм чиқаришим мумкин, бироқ улар рангини, шаклини, мазмуниниўзгартириш имкони йўқ. Ҳечам имкони йўқ.Бундайин тафтиш мақтовга муҳтож бўлмаган кўзгудаги “мен”нинг менга берганбаҳосидир. Тўғри, мен келажак ҳақида ҳам узуқ­юлуқ хаёлларга бораман, аммокелажагим бугундан, шу дақиқалардан, мени чулғаб олган ҳаёт борасидаги ҳозиргитартибсиз хулосаларимдан бошланажагини кўпинча сезмай қоламан…Ана шунда аламдан қўлим бармоғини қаттиқ тишлайман. Аммо оғриқ бармоқдаэмас, негадир юракда пайдо бўлади.
——


Рустам БОЙТЎРА – 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Республика матбуотида қатор ҳикоялари чоп этилган. Э. Хемингуэй,О. Генри, Ф. Лорошфуко, М. Моньтен каби жаҳон адабиёти ёзувчиларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.


№: 02.2020

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *