Муҳиддин АБДУСАМАД

МЕНГА ЙЎЛ КЎРСАТИБ БОРАР ЙЎЛ


ҚАЙТИШ

Мени кўриб бошланар дарров
Пистазорда шивир­шивирлар.
Бир­бирининг елкаси оша,
Ишонмасдан қарайди қирлар.

Қувонгандан шодон дарахтлар
Қийқиришиб уриштирар қўл.
Мендан олдин суюнчи сўраб,
Уйга қараб чопиб кетар йўл.

Отам каби қучоғин очиб,
Қарши олар қари дарвоза.
Чуғурлашиб шўх қалдирғочлар
Келганимни қилар овоза.

Қадрдоним, болалик дўстим,
Ҳовуч­ҳовуч тутган ғўралар,
Қўшни боғдан бетоқат ўрик
Девор оша қўяр мўралаб.

Димоғимга урилар бирдан
Онам эккан райҳонлар бўйи.
Юрагимга чанг солган тугун
Шу аснода юборар қўйиб.
Мана, келдим қадрдон гўша,
Мен ўшаман, ҳалиям ўша…


Сени кўрсам,
ўтган кунлар ҳиди
урилади димоққа.

Қочиб кетаман
сендан қочгандай
қочиб ўзимдан.

Дунё тор,
беркина олмайман
ҳар ерда сен бор.

Ҳар нарсада мени
таъқиб этасан:
сен тош, сен дарахт, сен одам…

Ҳар кимда яшайсан,
сени эслатади:
кўзлари, қошлари, сочлари…

Мени тинч қўй,
таъқибингни бас қил,
қайтариб бер ўзимни.

Мен ҳам энди,
одамдай яшай…

КЎЗЛАРИНГ ҲАҚИДА БИТИКЛАР

I

Сенинг кўзларингсиз умрим бемаъни,
Билмайман ҳаётим кунмикан, тун ё?
Мен қайга бораман кўзингдан бошқа,
Сенинг кўзларингдан иборат дунё.

II

Катта гуноҳ қилгани учун,
Куйгани­чун сени бир кўриб,
Кўчаларда тентираб зор­зор
Саболардан изингни сўриб,
Юргани­чун тинмай сиғиниб,
Ҳам борингга, ҳамда йўғингга,
Сургун қилай кўзларимни, кел,
Қоп­қоронғи қорачиғингга.

III

Айлангандай ер узра ой, ер
Айлангандай шамс теграсида,
Айланаман тиним билмайин
Қорачиғинг чегарасида.
Айланаман қорачиғингда,
Мен ўзимни тополмай туриб.
Топишимга ёрдам бергали,
Оппоқ тонглар келар бостириб.

IV

Кўзларингдан олишар ибрат
Бутун олам, жамики борлиқ.
Кўзларингдай чақнайди қуёш,
Кўзёшингдай ёғади ёмғир.
Кўзларингда эрур мужассам
Бутун олам тортиш қонуни.
Йўқса, билмам, айланармидим
Атрофингда бунчалар, жоним.

V

Энди билдим кимлигимни мен,
Энди билдим ҳақиқий ўрним.
Кўзларингга термилиб туриб,
Илдиз отиб кетганим кўрдим.

VI

Гоҳо кўзингизда ўзимни топсам,
Гоҳо кўзингизда қолдим йўқолиб.
Айтинг, кўзларингиз бунчалар сокин
Бу икки дунёни сиғдира олиб…

СОЧМАЛАР

Учиб кетмоқчи бўлади дарахт,
япроқларин қанот деб ўйлаб
чангалини ботириб ерга.


Эртакдаги калава мисол
менга йўл кўрсатиб борар йўл,
кетаяпман йўлнинг измида.


Болаликни эслар онимда,
битта юлдуз кўзини қисди,
худди эски қадрдонимдай.


Қовушган киприклар овози
бузар
жимликни.


Нигоҳим – нигоҳинг тўқнашди,
юмма кўзингни юмма,
зулмат қопламасин дунёни.


Киприк қоқмай
кутаяпман,
Эшик қоқиб
келишингни.


Юрагим кўзларинг қаролиғича,
орамиз икки кўз аролиғича
қачон учратамиз бир­биримизни.


Сен кетдинг,
зерикарли ҳаётда
баттар зерикдим…


Тушуниб дил­дилдан бир­биримизни,
Дилимизга қадам қўйгандик, жоним.
Сен менга, мен сенга ярашган эдик,
Узукка худди кўз қўйгандек, жоним.

Сени юлиб олди қучоққинамдан,
Ажратиб, қақшатиб бармоқларимни.
Кутаман энди зор келишларингни,
Кутасан интизор бормоқларимни.

Энди йўлларимиз ҳижронга туташ,
Юракка берилган сабоқлар тинди.
Бормайман.
Келмайсан.
Лаълёқут кўзим,
Ўртада неча бор бу кўнгил синди…


Кунинг оқсоқланар, кунларинг толар,
Фалак қулоқ тутмас қалбинг оҳига.
Қуёш ҳам ботмайди, осилиб қолар
Шундоқ кўчангдаги чинор шохига.
Кўзларинг йўл қарар, йўлим соғиниб.

Ярим тун уйғониб кетасан, ногоҳ,
Ой маҳзун бошингдан занг нур тўшайди.
Ҳатто, сирларингдан юлдузлар огоҳ,
Улар кўксингдаги чўғга ўхшайди.
Сочларинг гуллайди қўлим соғиниб.

Сен унда ҳар куни тушлар кўрасан,
Узун йўл ва унда йўлчи қорасин.
Тушми ё ўнгим деб, ушлаб кўрасан,
Тобора узаяр қалблар ораси.
Мен бунда не бўлсам, бўлдим соғиниб.

ЧЎПЧАК

Сенга қадам ташладим, бироқ,
Қўлларингдан тушдию тароқ –
Пайдо бўлди даҳшатли ўрмон.
Ўрмонларни кемириб ўтдим…

Сенга қадам ташладим, бироқ,
Қўлларингдан тушдию ойнак –
Пайдо бўлди ҳайбатли уммон.
Уммонларни симириб ўтдим…

Сенга қадам ташладим, бироқ,
Қўлларингдан тушдию қайроқ –
Пайдо бўлди адоқсиз ҳижрон.
Ҳижронларни емириб ўтдим…
Энди бахтли бўламиз, жоним…


Муҳиддин АБДУСАМАД — 1982 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини ҳамда Олий Адабиёт курсини тамомлаган. 2005 йили
бўлиб ўтган IX анъанавий Зомин анжумани иштирокчиси. “Онажон”, “У”, “Учаётган
киприклар” шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари инглиз, озарбайжон, қозоқ
тилларига таржима қилинган.


№: 02.2020.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *