Абдулла ШЕР

ЖУНУН ВОДИЙСИДА

Туркумдан

ЁР ВИСОЛИ

Учиб­қўниб ўйнар ниначи
Соҳилдаги улкан харсангда.
Гарчандки, сен жиндак гиначи,
Лекин бошим яна тиззангда.

Ноз­араздан кўзинг сузилган
Ва лабларинг чўччайган андак:
Дудоғингдан бехос узилган
Бўса бизни қилдику тентак.

Илк ўпичнинг шунчами кучи –
Икки танга солди қалтироқ?
Нимадандир ноқулай, чўчиб,
Сочларимга шўнғир беш бармоқ.

Бир хавотир, безовта бир ҳис,
Йўқолгандек қадрли нарсанг.
Титраб турар мен бош қўйган тиз,
Жилмайгандек бўлади харсанг.


Ўлтирамиз дарё бўйида,
Тошдан­тошга сакрайди мавжлар.
Шовуллаган дарё куйида
Баландлашар тобора авжлар.

Юрагингнинг “дук­дук”ин тинглаб,
Қўл олмайман нозик белингдан.
Гоҳ тиланар ненидир бу лаб:
“Севаман” деб, айтган тилингдан.

Гоҳо, афсун қилгандек бизни
Чирчиқтолда читиллар читтак.
Юз босаман… Қитиқлар юзни
Кўйлагингга сиғмаган куртак.

Оҳ, мен шоҳман шу бугун, ё Раб,
Биз ўлтирган харсанг – кумуш тахт!
Ҳайқираман дунёга қараб:
Шу эмасми, ахир, асл бахт?


Жим қўлингдан ушлайман титраб,
Тортиб олмоқ бўласан, лекин –
Бармоқлар сал бегонасираб,
Кўникади кафтимга секин.

Ой мўралар шохлар оралаб,
Жамалагинг – нурли қўнғироқ.
Мен ўпаман, икки бахтли лаб
Чўғдек ёниб туради узоқ.

Чирилдоқлар тинмас сабрсиз,
Булбул жўшар толзорда бедор.
Фаришта қиз, мени севган қиз,
Юзларимга боқасан хумор.

Лаб жуфтлайсан, мен кутган сўзга,
Аммо, қўймас қизлик ғуруринг.
Сўзинг ўзга, истагинг ўзга:
“Бўлди энди, кетайлик, туринг”.


Дарё бўйи. Ўлтирамиз жим.
Лойқа босган тошларга қараб.
Ўйнагандек иккимиз дим­дим,
Оғзимиздан чиқмас бирор гап.

Ва, ниҳоят обу ҳавони
Ўртамизга олиб ғудраймиз.
Сўнг Мажнундан қолган вафони
Ўзимизга томон судраймиз.

Шунда тегиб қўл­қўлга ногоҳ,
Вужудимиз ловуллар бирдан.
Шу бир лаҳза қилади огоҳ
Иккимизни абадий сирдан.

Мен қучаман дадил таваккал,
Сен сал кўнмай турасан, бироқ,
Сўнг танишар, тортиниб аввал,
Тажрибасиз икки ёш дудоқ.


Мажнунтолнинг титроқ барглари
Сувга томган яшил фаввора,
Оқизай деб, уларни нари
Беҳудага мавжлар овора.

Руҳимизга бир қўшиқ айтар:
Сувнинг салқин, тиниқ жаранги.
Юракларга урилиб қайтар
Сояларнинг сассиз оҳанги.

Титраб кетган иккала тиздан
Қонга ўтар недир баногоҳ.
Туғилади нотаниш ҳисдан
Илк бўса деб аталган гуноҳ.

Бир­бирига чирмашади қўл,
Бош қўясан елкамга, дилбар.
Юракларга топар сўзсиз йўл,
Сўзни қувиб юборган лаблар.


Дунё кенгу кўпдир йўллари,
Бир йўлдамиз, лекин, икковлон.
Йўл бошида баҳор гуллари
Имлаб турар бизни бахт томон.

Висол шавқин ёниб тотамиз,
Бўрон турар ҳар бир мушакда.
Икки қуёш бўлиб ётамиз
Ой нур тўккан оппоқ тўшакда.

Тонгда сайраб уйғотар қушлар
Бир жуфт қуш деб икковимизни.
Кундуздаги совуқ товушлар
Ўчиролмас оловимизни.

Тунда ёниб боқамиз тағин,
Вужудимиз айланар кўзга.
Яқинмизки, шу қадар яқин,
Орамизда жой қолмас сўзга.


Атрофингга боқиб, бурма лаб:
Ҳаёт гоҳ боғ, гоҳо даштдақа.
Яшай берар бир хил ўрмалаб
Дунё деган улкан тошбақа.

Гар бўлса ҳам тошдан палласи
Лекин унда шайин йўқ, жоним.
Ўлчансада, гарчанд ҳаммаси
Тарозуда тайин йўқ, жоним.

Гар ютуқдан хатомиз кўпдир,
Борни яхши деймиз биз йўқдан.
Дунёни қўй, кел, жоним, ўптир,
Юрак ёнсин лабдаги чўғдан.

Тўлиб­тошсин бахтнинг идиши
Туни бўйи бахт билан, барно,
Кенгайсинда соат гардиши,
Ухлаб қолсин ҳисобчи дунё.


Сен шафақдан рангларни терган
Лолазорга мени қистайсан.
Кўйлагини шамолга берган
Сувратдаги гўзал қиздайсан.

Иккимиз – гул, лолазор чаман,
Юкинамиз савр тафтига.
Мен ортингдан келиб қучаман,
Қўш каптаринг қўнар кафтимга.

Оқ бўйнингни лабим бўйлайди,
Лабга дўниб сирғалар борим.
Юрак эса қўшиқ куйлайди,
Томирларим – жўр бўлган торим.

Биз кезамиз лолалар узиб:
Гоҳо лабдан, гоҳида қирдан.
Лолазорда қуёшдек сузиб,
Иккала жон бўламиз бир тан.


Қучоқлайман дастлаб эрмакка,
Гўё бошқа қилар ишим йўқ
Ва, кафт тегиб олов кўкракка
Уйғонади лабларимда чўғ.

Сўнг икковлон жипслашамиз
Сиғмай қолиб бу торчиликка,
Севги деган маъно қўшамиз
Маъниси йўқ бекорчиликка.

Дунё бирдан кетар ўзгариб,
Очар бизга нозик сирларни.
Лоқайдлигу сустлик гезариб,
Маскан қилар олис қирларни.

Ҳавас билан тикилар қуёш
Чироқсиз ҳам хона нурафшон.
Қонларимиз кечагидан ёш,
Ёшаради тобора жаҳон.


Сени кутиб, сени соғиниб,
Соат билан қураман суҳбат.
Кечикди деб, андек оғриниб,
Хаёлимга бераман муҳлат.

Эртакдаги паридек, мана,
Ёнгинамга қўнасан шу зум.
Юрагимдан излар бошпана,
Севгинг бўлиб ширин табассум.

Кечикканинг тарихин сўзсиз,
Айтар сочинг соғинган қўлга
Ва, миннатдор тикиламиз биз
Сени олиб келган чанг йўлга.

Сўнг, майсада ётиб чалқанча,
Титкилаймиз кўкни анча вақт.
Иккимизни бирдек қучганча,
Ой нурига айланади бахт.


Чўзиламан аста, руҳ синиб,
Ҳорғинликни ҳис қилгандек тан.
Аммо, сен­чи, енгил хўрсиниб,
Қучоқлайсан бехос бўйнимдан.

Ўзгарар­да бари беизн,
Хона тўлар сирли тафтларга.
Икки юрак топширар ўзин
Сал терлаган бахтли кафтларга.

Ширин туғён қўпару руҳда,
Томирларда чарсиллар учқун.
Бўса деган сеҳрли чўғдан
Қуёш бўлиб эврилади тун.

Ва, ишқ жўшиб дорилфанода,
Шифтни буткул қилади вайрон.
Биз учамиз шифтсиз дунёда,
Бизни қутлаб ёришар осмон.


Керак эмас менга “жоно”лар,
“Барно”лар ҳам керакмас асло –
Сен кераксан, кўзинг жон олар,
Жон бағишлар сўзларинг аммо.

Нафасингнинг нафис титроғи
Ва, лабингга беркинган ҳаё
Жилмайишга айланган чоғи
Тўкилади пойимга само.

Юлдуз кечиб, шу куз фаслида
Баҳорингга мен бордим яқин:
Юрак эмас, юрак аслида
Танга кириб чақнаган чақин.

Мен чўғ бўлиб, сочилиб тушдим,
Ловуллади гулхандек қўш тан
Ва, учдик биз пат олиб, шу тун
Ишқ аталган Семурғ қушдан.


Абдулла ШЕР – 1943 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Шоирнинг “Кўклам табассуми”, “Алёр”, “Атиргул сояси”, “Роз”, “Қадимги куй”, “Севги олмоши”, “Сарбаст қўшиқлар”, “Гул йиллар, булбул йиллар” тўпламлари нашр этилган.


№: 02.2020.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *