Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

СОҒИНЧНИНГ МАҲРИГА САБР ТУТАМАН


Остона ҳатласанг
Ҳар томонинг йўл,
Мақбулига манғиб кетаверасан.
Гоҳи боғ чиқади, гоҳо тоғ ё чўл,
Шаҳар,
Қишлоқ,
Қалъа… Ўтаверасан.
Йўл.
Ортингдан унсиз термилиб қолар,
Кулгиси юзингдир, йиғлари – сўзинг.
Пешонанг тор эса, қалбинг порадир,
Бахтинг бутун бўлса чароғон ва кенг.
Умр узоқ дейсан, кетаверасан,
Бир манзилга етсанг, манзил бўлмайди.
Бир манзилга бориб, биласанки, сен,
Йўллар тугамайди, йўллар ўлмайди.

ОЙДИНДА

Ой,
Осмонда бир ўзинг,
Бунча маҳзунсан?
Ёлғизмисан, а?
Жуфтинг қани?
Бокираман, де?
Ҳа-я, кечир.
Пешонада –
Мен ҳам ғарибман.
Жуфтимми, ўтди раҳматлик…

Ҳўв,
Ҳалидан бери
Изма-из келасан,
Айтар сўзинг бордай?
Ҳай,
Майли,
Уялма,
Бунинг айби йўқ.
Биласан,
Ёлғизлик…
Менда,
Ёлғизман.
Ёлғизлик… ёмон.
Йиринглаб,
Ичингдан нуратар.
Мана, ўзим, сувратим одам…

Иноқлашиб қолдик,
Нима дейсан, қўлинг сўрасам?
Нега жимсан?
Иложи йўқ, де!
Афсус, балки, ўйлаб кўрарсан?

Ҳа, дарвоқе,
Кеча чиқмадинг?
Кўп гапларим ичимда қолди.
Айтмоқчийдимки,
Мен – ёлғизман.
Ёлғиз экансан.
Ҳар қалай, ҳар қалай ёлғизлик ёмон.
Начора,
Энди мен,
Мен сени,
Ҳар куни,
Шу жойда
Шу алпоз кутаман.
Яхши бор, яхши бор,
Эртага, шомгача
Чеҳрангни соғиниб,
Соғинчлар битаман!


Ҳафақонроқ отди тонг,
Салқиб қовоғи,
Қуёш чиқди кўзи тўла ғам.
Бу ҳол куннинг кўнглига ботди,
Қовоғи очилмай ўтди бугун ҳам.

Қовоғи очилмай
Оқшом ёйилди,
Қуёшни кутгали чиқмади уфқ.
Меними, сўраманг,
Минг йилдан буён
Ғимирлаб юрибман.
Кайфиятим йўқ.


Сен яшаган уйнинг
Кўзлари мовий,
Феруза рангида сўйлайди борсам.
У сен учун бир уй,
Менга – муғанний,
У сенинг чеҳрангдан куйлайди боқсам.

Йўқ-йўқ,
У биномас,
У бир – атирдон,
Бўйидан чор тараф бўйлаб таралар.
У томон энтикиб, энтикиб оқсам,
Ундан ҳам орзиққан ўйлар таралар.

Сен яшаган уйнинг
Ойнаси – кўнгил,
Бирон кўзнинг йўқдир бўйла мунглари.
Шу уй кўчасига музтарин кўнглим,
Қачон ёвуқ келсам, тилим гунгланур.

Сен яшаган уйнинг кўзлари, шоир,
Ўтган ҳар кас-нокасга сендан сўзлайди.
Бу уйда неки бор – васфингга доир,
Теграсида менинг рашким бўзлайди.

Худойим, бу уйни кўзлардан яшир,
Худойим, шу уйни сўзлардан яшир!


Кўксим қафасидан
Олиб чиқмоқчийдим,
Озодликка, сени юрагим.
Бежо ўйлабман, чоғи.
Сен озод экансан, фақат ичимда,
Сенга Ватан экан ичим, қучоғим.
Менинг ичимдагина ўктам экансан,
Мени кечир, невла билай мен.
Озодлик нелигин, озод дил бийлигин,
Англамабман, хато қилибман.

Ҳа,
Дардларингга фақат,
Ичим чидайди,
Ичим кўтаради ҳасратларингни…


Сўз десанг сўзингда сўз яйраб турса,
Ҳар сўзда баҳор, ёз, куз яйраб турса.
Бир жайрон кўзли сўз ахтарганингда,
Сенингманку деган, кўз яйраб турса.

ЯШАЯПТИКУ

Бу дарахтга
Ҳаво керакмас,
Пана-пастқамда ҳам ўсаверади.
Кўм-кўк, очиқ осмон, хўп, ана айтинг,
Хавф-хатардан бошқа нима беради?

Хўп, кундуз қуёшга,
Хўп, тунда ойга,
Ғужғон юлдузларга тўйди қай дарахт?
Хўп, бўйда ким ўзарга қилдиям пойга,
Илло, қарағайга кулиб боқар бахт?

Дейлик,
Бўрон турди,
Дейлик,
Дўл ёғди,
Дейлик,
Чақмоқ чақса, Худо билади,
Бошига неларни солади тақдир?

Унга
Шу соя ҳам бўлаверади,
Кўм-кўк, очиқ осмон, зинҳор керакмас,
Ўсмай қолганига, шукр қилади.


Бораяпман
Йўлнинг танобин тортиб,
Танобимни тортиб
Келяпти у ҳам.
Билмадим,
Кимнинг сабри олдин тугаркин?
Ҳар қалай,
Мен йўл берсам керак.

СОҒИНЧ ҚАРИМАЙДИ

Андижон,
Бир пайтлар
Дилкашроқмидинг,
Гиналар қилардинг жигаримдай хуш.
Нечундир,
Сийракроқ йўқлайсан энди,
Меҳринг ҳам бир қадар олгандай сўлиш.

Бир пайтлар,
Соғинсам,
Шитоб жўнардим,
Энди шайланаман икки, уч ойлаб.
Не бир мулоҳаза,
Минг бир андиша
Ва,
Яна имконнинг раъйига қараб.

Кўклам келсин,
Шу қор эрисин,
Ҳаволар илисин, дейман, кутаман.
Довон хавфли – йўллар қурисин,
Соғинчнинг маҳрига сабр тутаман.

Соғинч…
Қаримаскан, юзга кирса ҳам,
Яшариб бораркан кексайган саринг.
Андижон,
Гарчи,
Сен йўқламасанг ҳам,
Кетиб қолаверар сенга ўйларим.


Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ – 1954 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Санкт-Петербург сиёсатшунослик мактабида таҳсил олган. Ижодкорнинг “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари…”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим”,“Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим”, “Тешикмозор ҳангомалари”, “Ай, акам дарё экан…” номли шеърий, насрий, ҳажвийюмористик ҳамда публицистик китоблари чоп этилган.


№: 01.2020

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *