Гулчеҳра НУРИЛЛАЕВА

ТАҚДИР ЮЛДУЗИМИШ БАХТ САЙЁРАСИ

Саккизликлар


Учар атиргулнинг ажиб ифори,
Учар шавқ дарахтнинг япроқларида.
Учар балдоқ саси – асил, бухори
Келинчакнинг жажжи қулоқларида.

Теграмда неки бор, парвозда, зотан,
Хаёл ҳам учувчи, қалб ҳам учувчи.
Ажабо, ҳаттоки мункиллаган тан
Шитоб учаётир, етмоқда кучи.


Менинг завқим, табрикларим, олқиш-таъзимим,
Эътиқоди талотўмдан бўлиб чиққанга.
Фикр етиб битганларим – юрагим, назмим
Юрагидан тоза Ватан, миллат чиққанга.

Менга ёғий, менга нафрат – алдоқчи, маккор,
Билиб-билмай, ҳатто ўзим айлангум ўққа.
Яратганим насиб этса, отилмоғим бор
Юрагида тоза Ватан, миллати йўққа.


Мартабаси баланд қуёшнинг,
Риё нима – билмаганидан.
Ноилидир мамнун қарашнинг,
Икки юзли бўлмаганидан.

Меҳри ошкор, нафрати ошкор,
Ҳар одими эл назарида.
Сақич қилиб чайнолмас зинҳор
Ҳеч ким уни гап бозорида.

Сабоқлари бисёр қуёшнинг.


Салом, эй камтарин бинафша гулим,
Чўзаману яна тияман қўлим.
Турарсиз ҳижоблар тутиб япроқдан,
Барвақт бош кўтариб она тупроқдан.

Қўл тегса, ҳид сочиб, жилмаясизлар –
Ёқимтой, камсуқум, ҳимоясизлар.
Нимага шаъма бу кундузлик, тунлик:
Нечоғ гулгунлику нечоғ дилхунлик?


Сиз мени билмайсиз, билмайсиз:
Мен – улуғ эркимнинг бандаси.
Куйларим – карнайсиз, сурнайсиз,
Кийганим – изтироб жандаси.

Айтарим – оғриқли, жарроҳ сўз,
Бўлсайди юртимга у малҳам.
Сиз мени билмайсиз, билмайсиз,
Эҳтимол, билмасман сизни ҳам.


Шафтоли ниҳоли муниса, майин,
Унга соя солса баланд оқ қайин.
Ниҳол фарёд қилса, оғриқ кўксимда,
Унинг кўзларига қандоқ боқайин?

Бағри лолалардан қон-қон адирман,
Тўрт томоним – тоғлар, мен – сирли дилман.
Тошлар кўчиб турар тоғдан кўксимга,
Бонг уриб: “Ниҳолим сўлдирма!” – дерман.

Шу боис, най эмас, чилдирмадирман.


Олисда илинж бор оппоқ либосли,
Бошидан тўкилар нур фаввораси.
Дастури покиза меҳнату ростлик,
Тақдир юлдузимиш бахт сайёраси.

Олисда илинж бор – руҳимда далда,
Чопаман, чопаман, етаолмасман.
Уфлайман, товоним қонаган ҳолда,
Қўлимни силтаб ҳам кетаолмасман.


Заҳри қотил кемирган руҳим,
Бирдамликдан даволар излар.
Қўшиқлари кемтик шукуҳим
Шижоатдан наволар излар.

Шу қисматни тақдири азал,
Қуллуқ, раво кўрмишдир бизга.
Лек, ажабо, қўрқоққа ҳазар,
Ношукурмиз бағри тўкисга.


Мен эмасман режангизга
Кириб борар бесўров, тик.
Менмасман кун-кечангизга
Фармонлари қатъий битик.

Менман титраб жунжикувчи
Қабоҳатдай алвастига.
Менман гулдан тўн бичувчи
Баҳодирлар бўй-бастига.


Дўстларим – ғофил, тун ағёри – қуёш,
Ғамдан адо бўлиб, сарғайган кузак.
Дўстларим – мазлума кўзлардаги ёш,
Уни қуритай деб, эсган елвизак.

Дўстларим – ғам ямлаб, чорак қолган дил
Ва бу дил дардига йиғловчи сатр.
Дўстларим – тераклар, тургувчи адл,
Шулар шеър ёзишга ундамоқдадир.


Мен энди турайин, мен энди кетай,
Очилиб-сочилиб ўлтиролмадим.
Бўшлиқ бор, бўшлиқ бор қалбимда, нетай,
Афсус, даврангизда тўлдиролмадим.

Балки, юрагингиз тоза, бериё,
Балки, истагингиз таъмадан йироқ.
Балки, беролмадим ўзим ҳам зиё,
Балки, ёқолмадим ўзим ҳам чироқ.


Сел қуяр, ютгудай дарахт, уйларни,
Мен туриб қоламан том панасида.
Оқизгим келмайди тоза ўйларни,
Бўтана оқимнинг пўртанасида.

Фаслнинг бетийиқ саркашлигидан
Четроқ турақолсин тегса сўлар руҳ.
Ўткинчи шумликнинг шаррослигидан,
Ахир, қанча кўнгил кўйлаги доғ-дуғ.


Қоп-қаро тун – усти-боши чанг,
Бошим узра ўлтирмоқчимиш.
Менинг тоза, азиз, курашчан
Кундузимни сўлдирмоқчимиш.

Нафратимни шахт айтдим тунга:
“Ўзни сенга бермасман!” – дедим.
Ахир, мен, бу курашчан кунга
Умр бўйи орзуманд эдим.


Еллар яйраб япроқ нозидан,
Бўса олар, беникоҳ олар.
Қўш булутнинг эҳтиросидан
Осмон кўзи чарақлаб қолар.

Сипо қоя, шаддот шалола
Туришади кўнгилни хушлаб.
Уялгандан никоҳли лола,
Лабларини қонатар тишлаб.


Мен лол ҳиммат маҳоратига:
Ана сарву ана санобар.
Гулрў сурат малоҳатига
Ноқис ақлим қилолмас бовар.

Мен лол ғорат харобатига:
Қувғин ҳаё, қувғин садоқат.
Бадҳў сийрат жаҳолатига
Ноқис ақлим қилолмас тоқат.


Либосини ечиб, ёшини тўкиб,
Ўйчан эдим, баттар ўйлантирар куз.
Ҳеч ким уқа билмас кўнглимни уқиб,
Мени ҳайронага айлантирар куз.

Дейди: “Ошкор-ошкор китобдай ўқил,
Сенинг айтар сўзинг биргина Ҳақдир!
Тўкил, тўкил, тўкил, сарғайиб тўкил,
Бизга, ахир, шундоқ битилган тақдир!”


Қиш баҳорга қайради қорни,
Гиж-гижлади совуқни роса.
Икков талай кетди баҳорни:
Билмай меъёр, билмай муроса.

Ўлим сўзи битик ҳукмлар
Барг, гулларни зор қақшатди, зор.
Энди керак қанча ой, кунлар
То ўзига келгунча баҳор.


Йигит учун керак дилдора ҳамроз,
Қиз учун – васлига беҳад ташна дил.
Тамбалларга – уйқу, машшоқларга – соз,
Ҳокими мутлаққа – авоми қобил.

Мазлумага – меҳр, фотиҳга – даврон,
Шоирга – равона тўкилгувчи шеър.
Менга эса, нурдан чақнаган осмон,
Мардлари беқувғин, жаннатий шу ер.


Ногоҳ, кайфиятим ғуборин артиб,
Қўлимда жилмайди пушти атиргул.
Вайрона кўнглимга беролди тартиб,
Ломакон таскинга макон бўлди ул.

О, жоним табиат – илоҳий санъат,
Сен боис, не сурур уйғонар бизда.
Шифосан, ҳузурсан, кўнгил эса лат,
Шу боис, она деб, атарканмизда.


Орқага қайрилиб, тан олмоқ лозим,
Мискин кунлар бўлди бисёрдан-бисёр
Иншооллоҳ , энди учгай овозим,
Иншооллоҳ, бўлгай тасалли дастёр.

Ақалли, бошимда муҳаббат паноҳ,
Ақалли, кўксимда тиловат-тоат.
Ақалли, руҳимга эркинлик ҳамроҳ,
Ақалли, жиринглаб уйғотмас соат.


Кўникиб кетдим ҳам, серҳадик кўзлар
Кўриб кўрмасликка олишларига.
Айтмасам, кўксимда минг маҳбус сўзлар
Виждонни не кўйга солишларига.

Менга ачинганлар айлашар талаб:
“Ҳар бобла урилмай, терсликни ташла…”
Маҳбус сўзлар эса, кўксим таталаб,
Ҳурлик, эркинликка, о, нечоғ ташна!


Сенга гул ярашар, ақл ярашар,
Сахийлик ярашар, баҳорим, жуда.
Фасллар шоҳи, деб, сенга қарашар,
Сел, дўл бўлаверма ҳудда-беҳуда.

Сени ўйлаганда, кўрмай тангликни,
Латифлик киради шоир тушига.
Жами зулм, қаҳр, беписандликни
Қўшиб юборсангчи қиш улушига.

Тўртликлар


Яхшилар, яхшиям борсиз ҳаётда,
Юрагим соати биларман сизни.
Ҳовлиқсам, тўхтасам ё қолсам ортда,
Тинглашга тушаман зарбларингизни.


Ҳудда-беҳудага, оҳ чекмасга шараф,
Ҳақ йўлдан бир умр чиқмасга шараф.
Шитоб бўронларда, довулларда ҳам
Кўнглининг кемаси чўкмасга шараф.


Майли, ағёримча ёмон от бўлай,
Майлига, бесамар хаёлот бўлай.
Бир тутам изтироб, бир тутам армон –
Диллар оғриғидан хотирот бўлай.


Дарахтнинг пойига барглар чарх урар,
Анҳор тиниқлигин чандон оширар.
Ё, раб, бу қай фасл, қандай қўналға –
Қадам секинлашиб, фикр шоширар.


Ўз-ўзингга суял. Онангга суял,
Суял ўктам ёринг, дониш отангга.
Қадам босаркансан, ўғилжон, ҳар гал
Албатта, суянгил мунис Ватанга!


Гулчеҳра НУРУЛЛАЕВА – 1938 йилда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ҳамда Москвадаги Олий адабиёт курсини тугатган. Шоиранинг ўн бешга яқин шеърий китоблари нашр этилган.


№: 01. 20220.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *