Ғайрат МУРОДОВ

ЎЗБЕК РОМАНЛАРИ
ЁКИ
ЯНГИЛАНАЁТГАН УМИД

Йигирманчи аср давомида адабиётимизда юзлаб романлар яратилди.
Аммо уларнинг барчаси ҳам вақт синовидан ўтолмади. Замонсозлик руҳида
яратилган, бадиий-эстетик савияси паст бўлган асарлар тарихнинг адолатли
ҳукми – унутилишга маҳкум бўлди.
2018 йил ўзбек романи тарихида алоҳида аҳамиятга эга сана бўлди. Бу ерда
гап фақат ўтган йилда журналларда ёки китоб ҳолида нашр этилган йирик эпик
асарлар миқдорининг сезиларли даражада кўпайгани ҳақидагина бораётгани
йўқ. Гап шундаки, таҳлилимиз манбаси бўлган аксар асарлар бадиият, муаммо,
қаҳрамон, дунёқараш нуқтаи назаридан янгиланиш аломатларини ўз бадиий
оламида у ёки бу даражада ифодалай олган. Улар китобхонга бадиий-эстетик
таъсир кўрсатиш қувватига эга.
Ўтган йили “Шарқ юлдузи” журналида Бахтиёр Абдуғафуровнинг
“Султон Жалолиддин Мангуберди”, Шойим Бўтаевнинг “Еттинчи тонг”,
мамлакатимиздаги турли нашриётлар томонидан Тоҳир Маликнинг “Ёлғон
умидлар дашти”, Исажон Султоннинг “Генетик”, Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли
ёки ҳаёт суви”, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Бону”, Наби
Жалолиддиннинг “Тегирмон” романлари чоп этилди. Шунингдек, Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмасида Абдужалол Раҳимнинг “Абу Али ибн Сино”, Неъмат
Арслоннинг “Савти сарвиноз”, Беруний шаҳридаги Ёшлар марказида Қурбон
Муҳаммадризонинг “Омонат туҳфа” ва “Синов саҳнаси” асарларининг
тақдимоти бўлиб ўтди. “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” республика
ижодий танловида Луқмон Бўрихоннинг “Бегоналар юрмас бу ерда” романи
“Энг яхши бадиий асар” номинациясида 1-ўрин ғолиби деб топилди.
Юртимиз адабий ҳаётига оид бу каби хабарлар адабий жараённинг
сезиларли даражада жонланганини кўрсатиши билан бир қаторда романга
бўлган қизиқиш ва эътиборнинг янада ошаётганлигидан далолат беради.
Йигирма биринчи асрнинг нафақат мамлакатимиз, балки курраи заминдаги
барча халқлар олдига қўяётган шундай долзарб ижтимоий, ахлоқий, экологик
муаммолари борки, ижод аҳли бундай муаммоларга муносабат билдиришга, уларнинг инсон, халқ, олам тақдири билан боғланишларини бадиият талаблари
асосида ифода этишга ўзини масъул ва бурчли деб билмоқда.
Бадиий ижод борасида катта тажрибага эга бўлган таниқли ёзувчи Тоҳир
Маликнинг “Ёлғон умидлар дашти” номли романи қўйилган муаммо
(гиёҳвандлик, гиёҳфурушлик иллатлари ҳамда уларга қарши кураш)нинг
жаҳон миқёсида долзарблиги, образлар ва воқеа тизимининг пишиқ ва
ишонарлилиги каби жиҳатлари билан китобхон эътиборини қозона оладиган
асарлар сирасига мансуб. Тўғри, долзарб муаммо ҳамма вақт ҳам асарнинг
муваффақиятини таъминлаб бера олмайди. Бадиий маҳорат, ижод тажрибаси,
ёзувчи эътиқоди, виждон овози, тафаккур даражаси кабилар яхши ва етук
асарнинг юзага келишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Тоҳир
Маликнинг Мустақиллик даврида яратилаётган асарларида миллий-исломий
дунёқараш шуълалари тобора яққолроқ сезилмоқда. Инсонга, қаҳрамонга
нисбатан бундай муносабат адибнинг янги романида ҳам ўз ифодасини топган.
“Ёлғон умидлар дашти” ҳажми ҳозирги мезонларга қараганда анча катта
бўлса-да, қизиқиш билан ўқилади ва китобхонларга маънавий-эстетик таъсир
ўтказа олади. Асардаги Бўрон, Ғирром, Бача каби образлар тарих ва ҳаёт
ҳақиқатига мутаносиб яратилган. Роман бадиий концепциясига кўра, албатта
жиноятчиларни фош этиш, жазолаш зарур. Шу билан бирга, энг муҳими,
жамиятда соғлом муҳитни яратиш, ёшларни тўғри тарбиялаш, уларни
ёвузликдан иҳоталаш, турмаларни жиноятчилар тарбиялаб етиштирадиган
“мактаб”, “академия”лар бўлиб қолишига йўл қўймаслик ҳамма замон ва
мамлакатларнинг энг муҳим вазифаларидан бўлиб қолмоғи зарур.
Чинакам санъат асарини яратиш учун мавзунинг долзарблигигина кифоя
қилмайди. Аксинча, ижодкорнинг бадиий сўз олдидаги бурчи, масъулиятини
оширади. Чинакам бадиий асар юзага келиши учун пишиқ бадиий концепция,
мукаммал бадиий тизим, жонли характерлар, табиий ва ҳаётий бадиий зиддият
тасвири зарур.
“Жазирамадаги одамлар”, “Темир йўл ёхуд титраётган тоғ” романлари билан
ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган адиб Луқмон Бўрихоннинг янги
“Бегоналар юрмас бу ерда” номли асарида изчил реализм талабларига мувофиқ
ҳаётий образлар ярата олган.
Бу ўринда ижодининг муайян жиҳатлари (масалан, ровий нутқидаги киноя,
ҳазилга мойиллик) нуқтаи назаридан Луқмон Бўрихонга бир қадар яқин
бўлган Шойим Бўтаевнинг “Еттинчи тонг” романи хусусида ҳам тўхталиб
ўтиш лозим, деб ўйлаймиз.
Шойим Бўтаев – жиддий ва ўзига хос бадиий дунёқараш ҳамда оҳорли
услубга эга ёзувчи. Жаҳон адабиёти дурдоналаридан яхши хабардор. Унинг
шу чоққача эълон этилган қиссаларида миллий ва жаҳоний тафаккурнинг
янгича зуҳуротини яққол кўриш мумкин. “Еттинчи тонг” романи ёзувчининг
1988 йилда ёзилган “Шамол ўйини” қиссасини кенгайтириш, сюжетини қайта
ишлаш, матн ҳудудига янги воқеа, тафсилот ва персонажларни олиб кириш,
умуман олганда, романий тафаккурни юзага келтириш ҳаракати туфайли
юзага келган. Романда хронотоп (бадиий замон ва макон) нисбатан чекланган.
Воқеалар бир қишлоқ ва унинг ён-атрофида кечади. Бундай усул ҳар бир
қаҳрамон ва образ фаолияти, руҳий-маънавий дунёсини мукаммалроқ, янада
аниқроқ тасвирлаш, асардаги асосий фикр тизимини яхши тасаввур этиш
имкониятини яратган.
Услуб, бадиий ифода, ҳаёт, олам, инсонга бўлган муносабат нуқтаи
назаридан янгиланиш, жаҳон адабиёти талабларига мувофиқлашиш ҳаракати
ўтган йилда китоб ҳолида нашр этилган романлар орасида “Генетик”, “Гўрўғли
ёхуд ҳаёт суви”, “Бону” асарларида аниқроқ, ёрқинроқ намоён бўлганини
айтиб ўтиш лозим.
Исажон Султон – лирик тасвир ва интеллектуал-фалсафий тафаккур
уйғунлашган ҳикоялари орқали адабий жамоатчиликка, китобсевар
мухлисларга танилган ёзувчи. Интернет маълумотларига кўра, адибнинг
асарлари АҚШ, Туркия, Россия, Молдова каби мамлакатлардаги нашрларда
ҳам чоп этилган.
“Боқий дарбадар”, “Озод” каби асарлари билан романчилик соҳасида
тажриба орттирган ижодкор “Генетик”да жанрнинг мезон ва талабларига
кўра умуммиллий, умуминсоний муаммоларни ёритган. Романда инсоннинг
жонли мавжудот сифатида моҳияти, коинот ва заминдаги ўрни, вазифалари,
даҳони юзага келтирувчи маданий-маънавий ҳамда жуғрофий муҳит,
аксинча, ўнлаб даҳолар истеъдодининг ғунчалигидаёқ босиб-янчиб, топтаб
ташлаган мустабид-мустамлакачи тузум қабоҳати, қадим мозий ва замонамиз
орасидаги мустаҳкам робиталарнинг мавжудлиги, инсон, миллат генларида
тарихий хотиранинг сақланиши, мана шу генлар вақти-соати келиб, қулай
шарт-шароит юзага келгач, ўзини намоён этиши, ўтмиши буюк бўлган элнинг
истиқболи ҳам улуғвор бўлишига ишонч идеали бадиий тажассум топган.
Исажон Султоннинг янги романи икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи
қисми “Она тупроқ”, кейингиси эса “Генетикага кириш” деб номланган.
Асарнинг бош қаҳрамони ўзбек заминидаги чекка бир қишлоқда оддий
бир оилада туғилган. У улғайиб генетика соҳасидаги улкан кашфиёти учун
жаҳон илм аҳлининг назарига тушади, илм-фан соҳасидаги юксак халқаро
мукофот соҳиби бўлади. Кўпларга фавқулодда, ғайритабиий туюлган бундай
ҳодисанинг сабаб ва омиллари романнинг биринчи қисмида муаян тасвирлар,
аниқроғи, қаҳрамоннинг хотира лавҳалари воситасида аниқ, ишонарли тарзда
кўрсатилган.
Даҳонинг туғилиши учун аввало соғлом, азалий урф-одатларга эга бўлган
миллий замин керак. Худди шу сабабга кўра асарнинг биринчи қисми “Она
тупроқ” деб аталган. Табиий муҳитга хос ғоят мустаҳкам қон-қариндошлик
ришталари, ўзаро меҳр-оқибат, туғилган жой – муқаддас ерга вобасталик
мана шу миллий заминнинг нақадар улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатиб
туради. Қаҳрамон (Генетик)нинг онаси, холаси, қўни-қўшнилари, узоқ Дашти
қипчоқдан меҳмон бўлиб келган қизалоқ ҳақидаги соф, самимий кечинмалари,
хотирасидаги ажиб тотли лавҳалар она тупроқ билан жипс боғлиқ.
Дашти қипчоқлик қизга оид хотиралар, асар қаҳрамонининг уни тез-тез
эслаши, роман бадиий концепцияси моҳиятидан келиб чиқади. Бу лавҳалар
ер юзининг катта ҳудудига сочилиб кетган туркий халқларнинг аслида бир
оиланинг фарзандлари эканлиги, бир-бирлари билан азалдан қон-қариндошлик
ришталари билан боғлиқлигини кўрсатади. Бундан ташқари, роман матнида
“Ирқ битиги”, “Ачур битиги”, “Билга хоқон битиклари” “Култегин битиги”дан
парчалар, шунингдек, қадим туркий қавмига мансуб “Эр Буғу” монологи (бу
образ бадиий тўқима маҳсули) киритилганки, буларнинг барчаси шонли, шу
билан бирга фожиали ўтмишимизга дахлдор. Бу битикларнинг жами асар
марказига қўйилган “Биз киммиз, қанақа элмиз? Бу урф-одатлар, маросимлар, аллалар, қўшиқлар, йиғилар, марсиялар қайдан пайдо бўлган?” сингари
саволларга жавоб топишимизга кўмаклашади.
Иқбол Мирзонинг “Бону” романи миллий китобхонларимизнинг
қизиқишини уйғотгани, бадиияти, драматизми, ўқишлилиги, ўзига тортувчи
воқеа тизимига эгалиги, энг муҳими, инсон тақдирига хайрихоҳлик ва шафқат
туйғуларини ўз бадиий оламида ёрқин акс эттиргани билан муҳим ҳодиса
бўлди. Китоб Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, “Роман шу яқин кунлар,
“бозор иқтисоди”, глобаллашув даври ҳаёти ва бу ҳаётнинг серпўртана,
сертаҳлика, серрўё воқеалари ва бу доғули воқеаларни ҳаракатга солган,
уларни “характерли” қилган одамларни саҳнага олиб чиққан” 1.
Асар одатдаги романлардан шаклининг ўзгачалиги билан фарқланади.
У қаҳрамоннинг ёзувчига мактублари, шу мактублар ичидаги хотиралар,
кундаликлардан иборат. Гарчанд бундай тажриба жаҳон адабиёти
намуналарида, масалан, Феодор Достоевскийнинг “Камбағал одамлар”
романида қўлланилган бўлса-да, бу бадиий усулнинг ўзбек романчилигида
янгилиги, ёзувчи томонидан янги қирралари кашф этилгани, шунингдек,
муаммоларга замонавий муносабат, қаҳрамон ва бошқа персонажлар руҳиятига
чуқурроқ кириб бориш, инсон иродасининг ниҳоятда оғир пайтларда намоён
бўлишини аниқ, ёрқин кўрсатиш каби хусусиятлари билан эътибор ва таҳсинга
лойиқ.
Роман қаҳрамони зиёли, маънавиятли, бадавлат бўлмаса-да, ўзига тинч,
ҳалол меҳнат билан умргузаронлик қилувчи оилада туғилиб ўсган. Уни
асосан бир вақтлар мадрасада ўқиган, сўфий шоир Ҳувайдога ихлос қўйиб,
унинг девонини муттасил мутолаа қиладиган бобоси тарбиялаган. Бону ўзига
энг яқин бу одамдан ўзбекона тарбия олади. Аввал бобоси, кейин отасининг
ўлими, ўтиш даврининг қийинчиликлари, бунинг устига, яқинларининг
оқибатсизлиги онаси билангина қолган, етарли ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган
қизни янгидан-янги оғир синовларга рўбарў қилади. Булар ҳам етмагандек,
тузалиши мушкул бўлган тери касаллигига дучор бўлади. Оғир руҳий
изтиробларни бошдан кечириб, одамлардан узилиб-ажралиб қолади. Мушкул
дамларда севикли йигитининг ундан узоқлашиб, бошқасига уйланиши ундаги
қалб оғриқларини кучайтиради.
Асар хотимасида илоҳий қудрат шафоатидан Бонунинг охир-оқибат
бутунлай шифо топиши, шу билан бирга, собиқ қайлиғи Олмоснинг ўзига ва
бошқаларга нисбатан иккиюзламачилиги, мунофиқлиги, туғишган акасининг
очкўзлиги кабилардан сабр косаси тўлганлиги тасвирланган. Ўзининг
айтишича, у ҳаётдан эмас, бировлардан зериккан. Ва ниҳоят, қиз жони ва руҳи
“осойиш топадиган, ҳеч ким ҳеч кимни алдамайдиган, зуғум ўтказмайдиган,
камситмайдиган… одамлар тароқ тишларидек тенг бўлган жойга” кетаётгани
ҳақида маълум қилади. Китобхон ўзига жуда яқин бўлиб қолган “Аюб
сабри”ни руҳига жо қилган собит иродали қизнинг қора хаёллар қуюнидан
омон қолишини тилаб, умид ва илинж билан охирги саҳифани ёпади.
Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли” романи миллий роман шакли, тасвир
доирасининг жиддий ўзгаришга юз бураётганини кўрсатувчи асардир.
Роман Н. деб аталган инсоннинг аччиқ қисмати ва фожиаси ҳақида ҳикоя
қилади. Дунё адабиётининг айрим намуналарида фамилияни қисқартиртириш (Франс Кафка. “Жараён”), исмни қисқартириш ( Франс Кафка. “Қўрғон”) ва бир
ҳарф ҳолига келтириш тажрибаси бор. Бундай адабий усулдан фойдаланиш,
авваламбор, асарнинг ғоявий-бадиий концепциясини тушунишга ёрдам берса,
шунингдек, юқорида номлари қайд этилган асарларга қайси бир даражада
алоқадорлик борлигидан далолат беради.
Роман сарлавҳаси гарчи икки қисмга ажратиб ёзилган бўлса-да, туркий
халқларнинг энг машҳур достонларидан бўлган “Гўрўғли”га ишора қилади.
Чиндан ҳам гўр мотиви ана шу икки асарда ҳам бор. Фарқ шундаки, Гўрўғли
қабрда туғилиб, ҳаётга, одамлар орасига қайтади. Н. эса тирик бўла туриб
мажбурий равишда гўр йўлини танлашга мажбур бўлади.
Сиртдан қаралганда, мазкур романдаги қаҳрамон, сюжет, ечим ва бошқалар
абсурд, экзесценциализм адабиёти намуналарига яқин ва ўхшашдек кўриниши
мумкин. Аммо аслида бундай эмас. Бу фикр исботини “Жараён” ва “Гўрўғли”
асарларини муқояса этиш жараёнида аниқ кўриш мумкин. Кафка романи
қаҳрамони оммавий зулм ва ижтимоий лоқайдлик оқибатида жаллодлар
томонидан қатл этилади. Назар Эшонқул асаридаги марказий образ эса
мустабид тузум малайларининг ғоят пухта ишлаб чиққан режасига мувофиқ
улар кўрсатиб берган йўл бўйича ўз-ўзини ўлдиради. Бу шундан далолат
берадики, йигирманчи аср ва ундан кейинги йилларда жаҳоннинг муайян
ҳудудларида инсонга зўравонлик қилувчи, унинг шаънини, эркини топтовчи
истибдод тизимлари кучайиб, мукаммаллашмоқда, жаҳолат кучларига хизмат
қиладиган бюрократик механизм тобора шитоб билан ишламоқда. Инсон
зомби, робот, манқуртга айлантирилмоқда.
“Гўрўғли” инсониятни ана шундай хавф-хатарлардан огоҳ этувчи, уни
ҳушёрликка чорловчи инсонпарварлик идеалини ўз бадиий-поэтик оламида акс
эттирган, лоқайдлик, ижтимоий карахтликни инкор этувчи асарлар сирасига
мансуб. Китоб тасвирнинг гўзаллиги, бадиий образлар воқеа тизимининг
пишиқ-пухта ишлангани билан нозик дидли китобхонларга манзур бўла олади.
“Султон Жалолиддин Мангуберди”, “Тегирмон”, “Савти сарвиноз”, “Омонат
туҳфа” ва “Синов саҳнаси” асарлари йирик эпик жанрнинг тарихий-биографик
шаклига мансуб. Бу романларда тарихий давр Ватан мозийида муҳим ўрин тутган
муайян тарихий шахслар ҳаёт йўли билан алоқадорликда тасвирланган.
Она Туркистоннинг буюк қаҳрамонларидан бўлмиш Жалолиддин
Мангубердининг кураш ва жанглар билан ўтган шонли ҳаёти Мақсуд Шайхзода,
Василий Ян, Эркин Самандар каби таниқли ижодкорлар томонидан турли
жанрлардаги асарларда ёритилган. Аммо давр, тарихий, маданий шарт-шароит
ўзгариши сабабли тарихий шахсларни янги қирраларда, замонавий бадиий
тафаккур даражасида кўриш, баҳолаш имконияти пайдо бўлади. Ушбу асарга шу
жиҳатдан қаралганда, султон Жалолиддин ва унинг атрофидаги бошқа тарихий
шахсларга ҳозирги миллий онг нуқтаи назари билан нигоҳ ташлангани, уларнинг
характеридаги муҳим хусусиятларни кашф этишга ҳаракат мавжудлигини
кўрса бўлади. Хусусан, мўғул босқини даврида Хоразм салтанати ҳукмдори
бўлган султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг тарихий хатолари айрим
бадиий лавҳаларда ҳаққоний кўрсатилгани ҳолда, мазкур хато-адашишларнинг
илдизлари – феодал ҳокимият тизими, сарой аъёнлари орасидаги ўзаро адоват,
айрим гуруҳлар орасидаги ҳокимият учун кураш кабилар хийла чуқур ва бадиий
далилланган ҳолда акс эттирилганини кўрамиз.
Наби Жалолиддиннинг улуғ ўзбек шоири Чўлпон ҳаёти ва ижтимоий-маърифий, ижодий фаолиятига бағишланган йирик ҳажмли романида нафақат
муайян тарихий шахс, шу билан бирга, аниқ тарихий замон манзаралари
реализм ижодий методи мезонлари асосида тасвирланган. Аслида ҳам романда
тўқима ёхуд тарихий зотга оид воқеалар ўзаро боғлиқ ҳолда кўрсатилиши
лозим.
Сарлавҳа бадиий матн ҳудудида рамзий маъно касб этган. Муаллиф
ижодий-бадиий ниятига кўра “Тегирмон” – зулм-зўравонликка асосланган
совет мустамлакачи ижтимоий-сиёсий тузумидир. Инсон, халқ эрки,
ҳуқуқларини паймол этишга мўлжалланган бу бюрократик механизм нафақат
асарнинг бош қаҳрамони, шу билан бирга, минг-минглаб ҳур фикрли, эрксевар
инсонларнинг ҳаётини издан чиқариб ҳаётларига зомин бўлган.
Ёзувчи Чўлпон ҳаётини кўп қиррали давр оқимида – оила, ишхона,
йиғинлар, кўча-кўй ва бошқа жойларда тасвирлаб, шу асосда тарихий
даврнинг анча кенг ва ишонарли манзараларини бадиий гавдалантиришга
ҳаракат қилган. Қабоҳатга тўла сиёсий-ҳарбий қурилма тазйиқлари буюк
қалб ҳамда матонат эгаси бўлган шоирга ҳам ўз таъсирини ўтказа бориши,
унинг тобора ёлғизланиб, умидсизланиб бориши, қўрқув ёки муваққат ишонч
туфайли тўғри йўлдан адашган омманинг мустақиллик идеалидан мосуво
бўлиши – буларнинг барчаси асарда таъсирли, изчил реалистик йўсинда ўз
бадиий ифодасини топган.
Тоҳир Маликнинг “Ёлғон умидлар дашти”, Наби Жалолиддиннинг
“Тегирмон” китоблари ҳажман катта, ёзилиш усулларига кўра анъанавий бўлса-
да, қизиқиш билан ўқилиши, ўз китобхонларига эга бўлиши “ихчамлашаётган
роман” билан бир қаторда йирик эпик асарларнинг миллий сўз санъатимизда
ўз ўрни, бадиий ва тарбиявий мавқеи, аҳамияти борлигидан дарак бериб
турибди.
Таҳлилга тортилган асарларнинг барчаси ҳам бадииятнинг юксак талаблари
даражасида битилган, дунё сўз санъатининг олий талабларига тўла жавоб
беради деган фикрдан йироқмиз. Ҳали бу романлар вақт синовидан ўтиши,
китобхонлар, адабий жамоатчиликнинг баҳосини олиши, зукко, талабчан
мунаққидлар томонидан синчиклаб таҳлил этилиши, тадқиқотларда айрим
илмий-назарий муаммолар нуқтаи назаридан ўрганилиши керак. Лекин бир
нарса ҳозирданоқ аниқки, миллий сўз санъатимиз олдинга – юксакка қараб
интиляпти, жаҳон сўз санъати шоҳсупасидан ўзининг муносиб ўрнини
олиши заруриятини англаб етаяпти, шундай эзгу ниятга етишиш йўлида
тинимсиз изланмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари
вакиллари билан учрашувдаги маърузасида айтилган қуйидаги фикрларни
келтириш лозим деб ўйлаймиз: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк
тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса
арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас
қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам,
албатта, бўлади”.


Ғайрат МУРОДОВ1956 йилда туғилган. Бухоро давлат педагогика институтини
(ҳозирги БухДУ) тамомлаган. Замонавий адабиёт тадқиқотчиси. “Амир Темур абадияти”,
“Тарихий роман: генезиси, кейинги тараққиёти”, “Тарихий романда сюжет муаммоси”,
“Миқёс ва қиёс” каби монография ва рисолалар муаллифи.

№: 04, 2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *