Умида РАСУЛОВА

ЗАМОНАВИЙ ҚИССАЧИЛИК:
МОҲИЯТ ВА БАДИИЯТ

2018 йил мобайнида “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида ҳамда китоб
ҳолида эълон қилинган қиссалар борасида мулоҳаза юритамиз. Истеъдодли
адиб Хуршид Дўстмуҳаммад “Ёлғиз” қиссасининг (“Шарқ юлдузи” № 5,6) илк
жумласига эътибор қаратайлик:
“ – Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек –
маориф шўросига салом”.
Қофиядош сўзлар жаранги, оҳанги сажъни юзага келтирган бўлса, маориф
шўроси ибораси замиридаги асрор кишини сергаклантиради. Ўтган аср бошида
таълим соҳасидаги ислоҳотлар миллат зиёлилари тақдирида чуқур из қолдиргани
барчага аён. Ёзувчи қиссада Абдулла Қодирий характерини ёритишга интилади.
У биографик методдан ўринли фойдаланиб шахс фитратидаги тебранишларни
тасвирлайди. Хронотоп бозор, мачит, нашриёт, боғ, қамоқхона тарзида
шаклланган. Асарда фольклор билан синкретиклик жонли манзарани пайдо
қилади. Салом замиридаги киноявий оҳанг маънони бўрттиради.
“– Кўринган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқу қора ҳам малла –
Туркистон уламоларига салом!”
Муаллиф сажъ воситасида маълум ҳолат, тасвирни образли ифодалашга
эришган. Оқ, қора, малла рангларда нодон дин вакили, қора ишчи, амалдор
рус кишисига ишора билан бирга миллатнинг турли тоифа вакилларига чизги
тортилади. Абди – Абдулла жонли суҳбатлар, тўю-томошаларни кузатиб,
халқнинг умумий ҳолатини англатишга уринади. Қаландар нутқидаги чечанлик,
киноявийлик Қовоқ девона, Зокир говларнинг маслагини ёдга солади. Хуршид
Дўстмуҳаммад жаҳон адабиётидаги тажрибаларни ўзбек насрига сингдираётган
адиб. У мазкур қиссада Абдулла ҳамда Ростгўй амаки образини параллел
тасвирлаб, икки образ уйғунлигидан ёзувчи феноменини талқин этади. Асарда
Мунаввар қори, Беҳбудий, Фитрат, Таваллолар сиймоси бадиий гавдаланар экан,
улар орқали илму маърифат дарғаларининг фидойилиги, жонбозлиги асослаб
кўрсатилади. Тошқин, Ғози Юнус мулоқотида матбуотга доир масалалар тилга олинади. Боғ тасвирида ақлий ва жисмоний меҳнат мувозанатига ишора қилинади.
Исоқ домла (Калвак) билан суҳбатда ижодкорнинг асарларига прототип бўлган
кимса ҳақида тушунча берилади.
8 мартдан 27 июлга қадар турли қамоқхоналарда ҳибсда сақланган
Абдулланинг гоҳ Юсуфбек ҳожи, гоҳ Отабек билан дардлашиши лавҳаларида
бадиий психологизм бўртиб кўринади. Инсон руҳий яқинлиги, дунёқарашдаги
уйғунлик асар ичра асар яралганда яққол кузатилади. Қаҳрамоннинг хаёлот
оламида, ҳур фикрларида Юсуфбек ҳожи нигоҳи устунлик қилади. Қиссада
муаллиф, унинг қаҳрамонлари маслаги бир нуқтада туташади, руҳиятдаги
тебранишлар, пўртаналар параллел чизилади.
Баҳодир Қобулнинг “Ой йўли” (“Шарқ юлдузи” №7) қиссаси сарлавҳасидаги
ой ёруғлик, нурафшонликка, қолаверса, умрга ишора. Халқда ойнинг ўн беши
ёруғ, ўн беши қоронғи деган мақол машҳур. Йўл хронотопи ҳам тириклик синоати,
турли макон борасидаги тасаввурни тўлдиради. Инсон ер (йўл) ва само (ой)
ўртасида яшайди. Қиссадаги жой номлари этимологиясидан тарих, археология,
фалсафа каби фанлар синтези ортиб боради. Халқ афсона, миф, эртакларидаги
дев, парилар тимсоли ўзгача пафос ҳосил қилади. Санъат, маданият тараққиёти-ю
таназзули муайян солнома асосида англаб борилади. Македонский юриши,
Чингизхон босқини, Амир Темур жасоратида халқ матонати-ю қаноати муқояса
этилади.
Йиллар давомида Оқпошшо, шўро тузуми ҳақида кўплаб бадиий асарлар
ёзилди. Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай
Мурод, Эркин Аъзам, Шойим Бўтаев каби ёзувчиларимиз тузум ва шахс
ўртасидаги зиддиятларни кўрсатишга муваффақ бўлдилар. Мазкур қиссада ҳам
муаллиф қабристонни бузиш, диний маросимларни йўқотиш жараёнини ёритар
экан, ўзлигидан маҳрум этилаётган халқнинг ночор ҳолатидан надомат чекади.
“Ҳаромнинг дарёси тошган, отдан эшак ўзган, пайтава саллаликка ўтган” таърифи
замиридаги аччиқ пичинг давр манзарасини англашга имкон яратади. Қиссадаги
қаҳрамонлар учлиги: Элмурод (халқи умидининг рўёби), Давлатмурод (мол-
давлат асири), Илмис (Иблис) ҳаракатида рамзийлик яширин. Киши имонига
нафс қутқуси хавф солганда, Иблис найранги баланд келади. Икки дўст йўли
айро тушади. Бу лавҳада ҳам йўл тақдир, тафтиш маъносида қўлланган.
Қулман Очилнинг “Гардан ва гардун” (“Шарқ юлдузи” №7) қиссасида ҳам
собиқ мафкура посбонлари томонидан содир этилган ноҳақликларнинг матбуот
орқали фош этилиш мотиви воқеаларни ривожлантиради. “Тугамайдиган базм
йўқ” эпиграфи негизида ҳам киноя мавжуд. Зеро, ҳар нарсанинг охири, якуни
бўлади. Маълумки, журналистикада очиқ, эркин фикрлаш баъзан нохуш
ҳолатларга сабаб бўлган. Рашид ҳам тўғрисўзлиги боис маломатга қолади. Унинг
“Топталган тақдирлар” мақоласида минглаб кишиларнинг пахта иши боис ноҳақ
қамалгани ошкор этилади.
Қиссада макон алмашиниб, нашриёт, прокуратура, қўмитадаги вазиятлар
ёритиб борилади. Опа – Норгул Орифбоевна партияга содиқ бўлиб халқнинг
камситилиши, таҳқирланишидан роҳатланган. У рўза, ҳайит каби диний айём,
наврўз каби миллий байрамни бидъат санаб, эл назаридан қолади. Майданов,
Опа каби пуч ғоя асирлари элнинг қарғиши боис ўзлари ҳам эркинликдан маҳрум
этилишида қилмиш-қидирмиш нақли ёдга келади.
Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Қалдирғочлар баҳорда келади” (“Шарқ юлдузи”
№12, 2017; №1, 2018) ҳужжатли қиссасида журналист Муродхон Собировнинг жамиятнинг зиёли қатлами фаолиятидан олган лавҳалари ёритиб борилади. Унда
Марказий Осиёдаги туркий халқлар бирдамлиги, тинчлиги, тараққиёти йўлидаги
саъй-ҳаракатлар асос қилиб олинади. Муаллиф хронотопни белгилашда қадим
шаҳардан дунёнинг айрим давлатларига қадар ракурс уюштиради. Журналист
турли миллат вакиллари ҳаётидаги лавҳаларни қизиқарли фактлар орқали
тақдим этади. Қаҳрамон собиқ тузум шароитида миллати манфаатини ҳимоя
қилган давлат арбоблари, ижодкору олимлар фаолиятига нигоҳ ташлайди.
Унинг Турсунбой Ўлжабоев, Тўрақул Айтматовлар борасидаги мулоҳазаларида
мафкура найранглари фош этилади. Шароф Рашидовнинг стратегияни аниқ, тўғри
белгилаш маҳорати, бунёдкорлик салоҳияти эслатилади. Муродхон урушнинг
инсониятга чексиз офатини хотиралари орқали англатишга эришади. Адибнинг
қисса ёзиш жараёнида кўплаб тарихий материалларни ўрганиб, саралаб, тизимли
ифодалаганини эътироф этиш лозим.
Нормурод Норқобиловнинг “Кураш” қиссасида (“Шарқ юлдузи” №7) миллий
ўзлик масаласи етакчилик қилади. Адиб аввал ҳам ҳикоя, қиссаларда полвонлар
образини яратган. Мазкур қиссада қаҳрамон ички оламини баҳолашга аҳамият
берилади. Нормўмин гунг ва Абдураҳмон полвоннинг – катта авлоднинг пана
жойда беллашуви ёш Хуррамга сабоқ бўлади. Қисса ретроспектив сюжет
асосига қурилган. Устоз-шогирдлик мақомига эришиш усули асталик билан
сингдирилади. Чўпон Хуррам отасининг кураш санъатини эгаллаганини халққа
очиқ намойиш этмайди. Полвон Румий ҳазратларининг олий фалсафаси нафсни
енгиш, ўз-ўзини тафтиш этишни уддалаган. У ёлғиз, одамови, инжиқ бўлиб дашту
қирларни қадрлайди. Назар бахши достон куйлаб, Карим чол сибизға чалиб халқ
меҳрини қозонади. Халқ удумларининг давомчилари элнинг бирлигини истайди.
Салабекнинг такаббурлигига Хуррамнинг камтарлиги контраст қўйилади. Хуррам
ҳеч қачон майдага майда, зўрга зўр бўлишга тиришмайди. Салабекни сабрли,
оғир бўлишга ўргатган Хуррам отасидай устоз мақомига кўтарилади. Қиссадаги
оҳанг лирик кайфият туғдиради: “Унинг фожиасида ўзини айблаб-айблаб чертди.
Кўзлари намланиб-намланиб, хўрсиниб-хўрсиниб чертди. “Асарда талаба қиз
билан боғлиқ воқеа мавҳум туюлди, уни ривожлантириш зарур.
Нормурод Норқобиловнинг “Овул оралаган бўри”, Шукур Холмирзаевнинг
“Юр, тоғларга кетамиз” қиссаларида бўри тотеми борасида муайян тушунча
берилган эди. Бўриларда жуфтига садоқат шараф даражасига кўтарилган “Қиёмат”
романи жаҳон китобхонини лол қолдиргани ёдимизда. Бу мавзуни мустаҳкамлаш
мақсадида Нормурод Норқобилов “Эна бўри” (“Ёшлик” №3) асарини эълон
қилди. Эна-она образи инсонга суюкли, қадрли экани равшан, бўри сўзини бундай
сифатлаш деб қабул қиламиз-да, мутолаадан сўнг яна бир мулоҳазани келтирамиз.
Илк жумлада инсон ва жонзот учрашувидаги самимиятни ҳис этамиз. Дашт,
қирлар мусаввир нигоҳи ила табиий чизилади. Сарагул она қалбида табиатга
меҳр бўлакча, у Бойбиччахон бўрига ҳам мурувватли эди. Шу боис жондор оч
қолса ҳам ўз ҳудудидаги чорвага тегмайди. Бола сийратидаги қизиқувчанлик,
мақтанчоқлик бўри болалари томон етаклайди. Илк бора милтиқ билан сафарга
отланган болакай ниятига етолмаса-да, бўридаги кучли сезги ҳавода темир исини
тез илғайди. Оз вақтдан сўнг Бердиқул заранг таёқ билан тоққа отланади. Бу икки
деталь ҳам жонзотдаги сезги қувватини намоён этишда асқотади. Урғочи бўри
она аёлни қадрлар, унинг меҳрибонлигини туярди. Тоғда жонзот болаларига
инсон фарзанди томонидан хавф туғилган дамда сюжет таранглашади. Бўри
ҳимояланиш мақсадида қаҳрли нигоҳи ила болани қўрқитди. Бердиқул кучли қўрқувдан жар тепасидаги дарахт шохига илиниб, ўлимга рўбарў келди. Шунда
йўлдаги заранг таёқдан аёл исини олган бўри боланинг Сарагул ўғли эканини
англаб, қаттиқ увлашга тушади, энди қаҳр чекиниб, меҳр устунлик қилади.
Ўтовдаги аёл хавотирли увлашни тинглаб бўрига ёрдамга ошиқади. Инсону
жонзот безовта қалби бир-бирига талпиниб мададкор бўлмоқчи. Сарагул бўрини
ўйлаган аснода, урғочи бўри аёлнинг боласига кўмак мақсадида увлаётгани
аён бўлади. Энди сарлавҳадаги эна ва бўри жуфтлиги меҳр, садоқат рамзини
ифодалайди десак хато бўлмас, яъни одамзоту ҳайвонот яхлитлиги, руҳиятдаги
яқинлик тасаввурни тиниқлаштиради. Бундай ҳолат эзгулик, бағрикенгликни
тарғиб этади.
Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” (“Ёшлик” №8) қиссасида болалик
орзуси рўёби йўлидаги заҳматлар ифодаланади. Мазкур асарда ибтидоий йўсинда
ғилдирак ичида юқоридан думалаб учувчиликни орзулаётган ўсмирларнинг
тобланаётганини кўрасиз. Тоғ хронотопи Эралининг отасидан айрилганини
намоён этади. Қаҳрамон сийратида изтиробу қўрқув устунлик қилади. Фармон
аканинг сигирни ноҳақ тортиб олишида пафос кучаяди: “Жон ака, қайтариб
беринг сигиримизни. Ўла-ўлгунимча хизматингизни қиламан. Ундан кўра мени
ўлдириб кетинг, жон ака…”
Асарда ошиқ (Эрали), маъшуқа (Нафиса), рақиб (Усмон) учлигида адолат ва
ғирромлик муқояса этилади.
Абдуқаюм Йўлдошев фидокор ватан ҳимоячилари образини яратишда беғубор
болалик орзусини ривожлантириб яхлит манзарани тақдим этади.
Маъмура Зоҳидованинг “Сарҳадсиз садоқат” қиссасида (“Шарқ юлдузи” №9)
табиат ва инсон муносабати ёритилади.
Қиссада диалогу монологлар комбинацияси вазият, ҳолатни ойдинлаштириб
боради. Ит ёлғизликдан меҳрга ташналикдан озорланади. Хўжайин шифокор
бўлиб, барча бемор дардига малҳам топади-ю, уйидаги забонсиз қўриқчининг
хаста қалбини англамайди. Ит индамас дардкаши уй билан хаёлан мулоқот қилади.
Урғочи кучукчаларнинг одам томонидан тириклайин кўмилишида жаҳолат
урчиётгани кўрсатилади. Қоплоннинг Бўйноқдан, Шоҳиданинг Мирзоҳиддан
айрилиш мотиви “Севги уларнинг дунёсига сиғмаганди” тарзида ифодаланади.
Қоплоннинг масъулият билан ўз ҳудудини қўриқлаши, хўжайини оиласини турли
хавфдан огоҳ этиши жонзот вафоси борасидаги тасаввурни бойитади. Унинг: “Ана,
учиб кетяпман, оғриқсиз дунёга” видолашувидан мунгли оҳанг садоланади. Асарда
итнинг руҳий оламини таъсирли ифодалашга ҳаракат қилинган. Ит монологи билан
воқеа баёнида узвийликка эътибор берилса, яхши бўларди.
Иқбол Мирзонинг “Зарб” қиссасида (“Ёшлик” №5) миллат шаъни, орини
ҳимоя қилаётган ёш боксчилар фаолияти ёритилади. Ҳаёт зарбасига чидаган
инсон рингда, яъни тириклик дунёсида яшашга ҳақли. Адиб Содиқ-Рустам-
Азиз образларида шогирдлик анъанасидаги бирдамлик фазилатини қувватлайди.
Қишлоқ шароитида ёшларни спортга тарғиб этиш жараёнидаги қалтис ўйинлар
ҳам ёддан кўтарилмайди. Геракл, Ғуломлар наркотик савдоси боис таназзулга
учраса, Қобил ақидапарастлиги таъсирида ўғлидан айрилади. Ижодор бир макону
замонда яшаётган турфа феълли қаҳрамонлар ҳаётини параллел тасвирлаб,
долзарб муаммолар ечимини ахтаради. Ҳаётнинг беаёв, беомон курашдан
иборатлиги ўсмирлару катталар дунёқарашидаги зиддияту ноодатий тутумида
равшанлашади.
Адҳам Даминнинг “Тентакка салом бердим” (“Шарқ юлдузи” №10) ҳажвий қиссасида ижодкорнинг турмушидан лавҳалар берилади. Эркакнинг
саргузаштлари халқона маталу мақоллар мисолида қолипланади. Сўзга чечан,
содда қаламкаш замонавий Афанди янглиғ китобхон тасаввурида жонланади.
Ишхона, жамоат жойларида кишилар диалогида енгил юмор устунлик қилади.
Аёлнинг ижодкор эрини ҳуқуқ органлари қўлига топширишида, талоқ сўзининг
айтилишида вазият кескинлашади. Дин пешвоси Абдураҳмон домла кўмагида
яна эр-хотин оилани асрашга интилади. Дўрмон ижодкорлар уйидаги ҳангомалар
замирида эмин-эркин яшаш, фикрлаш борасидаги масалалар ойдинлашади.
Қарз, ичкилик кишини бебурд қилиб, жамиятда қадрсизланишига сабаб бўлади.
Қаламкашлар доим маърифат, маънавият тарғиботчилари экани, улар ахлоқи
билан кишиларга ўрнак бўлиб, саодатга элтувчи маёқлигини ёдда тутмоғи лозим.
Қиссада масъулият, орият каби муаммолар қамровида бачканалик кузатилади.
Наби Жалолиддиннинг “Ўқилмаган китоб” (“Шарқ юлдузи” №8) қиссасида
инсон қисматидаги турфа синоатлардан баён этилади. Киши қалбини англаш,
ҳаёт саҳифаларини варақлаш асносида муносабатлар ривожлантирилади.
Муборак ҳадисларда покликка қатъий риоя этиш эътироф этилади. Оилада ота-
она орасидаги муносабатлар бола келажагида ҳам аксланади. Отанинг уқувсиз,
ношудлиги ўғли тақдирида такрорланади. Йигит биринчи аёлидаги тартибу
орасталикни қадрламайди. Иккинчи аёлнинг лоқайду аразгўйлиги турмушини
бузади. Энди мардикор йигит бўйдоқликда ҳаётини давом эттиради. Бой бева
аёл хонадонида ишлаган эркак туйғулари “Абадият қонуни”даги қаҳрамонлар
саргузаштлари замирида ёритилади. Китобдаги воқеалар ошиқ мардикорни
хаёллар оламига ғарқ этади.
Абдулла Айизовнинг “Полвон йиғлаган тун” (Т.: Ўзбекистон. 2018)
қиссасида Сардор полвон ғурури, орияти масаласи руҳият манзараларига нигоҳ
тарзида бирлашади. Миллатимизда оила ота-она розилиги била бунёд этилиши
хайрли саналади. Асар конфликтида айни муаммо ечими эътиборни тортади.
Сардор полвон мард, тўғрилиги билан аҳоли ҳурматига сазовор бўлган дамда
отаси борасидаги ҳақиқатни излайди. Ҳозирги тараққиёт даврида ҳам инсон
ҳалолликка, тўғриликка риоя этиши, қадриятни эъзозлаши, қиёфасини асраши
муҳим. Миллатни ғурури баланд кишилар бирлаштиради.
Исажон Султоннинг “Ҳазрати Ҳизр изидан” қиссасида инсоният тарихига (Т.
2018) ракурс уюштирилади. Муқаддас Қуръони Каримда Мусо алайҳиссаломнинг
муборак Ҳизр билан сайрлари кишиларни турфа мўъжизалардан огоҳ айлаган.
Кейинчалик Ҳазрати Ҳизр ҳақида оғзаки ва ёзма маълумотлар кўпайди. Мазкур
қиссада адиб ўтмиш-ҳозир-келажак ҳодисотларини ҳалқа мисоли бирлаштиради.
Инсон асрлар оша синоатда тобланиб боради. Асарда микро оламдан макро
дунёгача содир бўлаётган тилсимлар қамраб олинади. Кўкдаги қушлар, денгиздаги
балиқлар, ердаги тулки, айиқлар ҳолатида сайёрадаги асрорга ишора қилинади.
Ота, ака, сингил образларида авлодлар эътиқоди, меҳру оқибати намоён бўлади.
Инсониятни аросату жаҳолатдан соф ихлос халос айлаши пурмаъно лавҳалар
қатига сингдирилади. Асарнинг бой тили, тасвирлар тиниқлиги бадииятни
орттирган.
Кузатишларимиз натижасида ҳужжатли, ҳажвий, тарихий, замонавий қиссалар
китобхонга ҳавола этилгани маълум бўлди. Носирлар маиший ҳаёт тасвиридан
тортиб, табиат синоати, фан-техника ютуғи, спорт турлари, аср вабосига доир
мавзуларда баҳс юритганлар. Асарларда миллий ўзлик, қиёфага эга шахс, саробга,
сояга айланган кимсалар тақдири, талқин қилинган.

Умида РАСУЛОВА филология фанлари номзоди. 1977 йилда туғилган. Тошкент
давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “ХХ аср ўзбек қиссалари тадрижи”,
“Ҳозирги адабий жараён: бадиий наср поэтикасида ритм” каби қўлланмалари нашр
этилган.

№: 04, 2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *