Омон МАТЖОН

ЖИМЛИКДА ТОЛДИРМА СЕН МЕНИ

Ёзувлар

Ёзувларнинг тарихи узун,
Тош асридан балки нарида,
Илк белгилар, илк хатлар учрар
Ғорларда, тоғ қирраларида.

Мен лотину, ҳинду славян,
Не тур ёзув бўлса дунёда,
Ҳаммасини азиз тутаман,
Нурга чорлар куч бор имлода.

Бу борада ўзбеклар ҳақда
Олимларнинг қатъий сўзи бор:
Эрамиздан аввалги ўша,
Ўрхун хати аталган ёдгор.

Қайси элни ёв босиб лекин,
Бирданига ўзгарса хати,
Тарихига путур етаркан,
Кўп нарсанинг ўчаркан оти.

Ўн уч аср бурун забт этди
Оташпараст элимни араб,
Ўт берилган обидалардан
Қуёш ёнди, ой куйди қараб.

Ўн уч аср араб хатида
Ёзиб келсак ҳамки тескари.
Шу хатни расм этганлардан ҳам
Ўтиб кетдик жуда илгари.

Қуръон”дан бир сура билмаган
Жойларида бугун дунёнинг
Фаробий ва Беруний таниш,
Китоби бор Ибн Синонинг.

Мен жеркмайман араб хатини,
У ҳам турсин тургинча жаҳон,
Лекин, жоҳил кимсаларга у
Бир анъана қолдирди ёмон.

Бугун халқим, хати ўнгланиб,
Тик боқсада келажак сари,
Гапни тўғри ёзолмас кўплар,
Кўплар ҳамон ёзар тескари.

* * *

Меҳр кўзда эмас, мен билдим, билдим,
Меҳр кўзда деган гап, бироз хато.
Кўз гўё ойна кўл – акс этар унда
Осмоннинг бағрида не бўлса пайдо.

Меҳр кўзда эмас, мен билдим, билдим,
Меҳр кўзда деган гап, бироз хато.
Кўз гўё яхмалак, сирғанар ундан
Худди нурдек енгил тоғ, водий, дарё.

Меҳр кўзда эмас, мен билдим, билдим,
Меҳр кўзда деган гап, бироз хато.
Меҳр хотирадир бизга кимдандир,
Кўз юмсак биздан ҳам шу қолар танҳо.

Меҳр кўзда эмас дедим, ва, лекин,
Бордир меҳр кўзда дейишда маъно.
Юракдир кўзларда акс этган асли,
Ўшандан ёруғдир, ёруғдир дунё.

* * *

Тун қучоғи турли нурлар,
Сасларга лим-лим.
Тундаги бир шарпалардан
Кўзимни юмдим.

Кўзни юмдим, хаёлимга
Кирди дамодам.
Олис ўтмиш, олис авлод,
Олис бир олам.

Бир ҳикматни англадим мен
Боқиб ўтмишга:
Кимдир нурга айланмиш, ким –
Мавҳум товушга.

* * *

Кўзингда мунаввар дунёлар,
Кўзингда севгининг диёри.
Кўзингда тазкира этилган
Азалий бир ишқнинг ашъори.
Лекин, сен мен томон боқмайсан,
Билмадим, нелар ғов йўлингга.
Ё сукут исмли юлдуздан
Бир оғир тош тушган тилингга?
Жимликда толдирма сен мени.
Кўзингдан муждалар учиргил.
Кўзингни – ул қора куррани
Мен ёнган меҳварга кўчиргил.
Топмасанг, адашсанг, тўхтасанг,
Боқ, ёвлар тийёрлар отарлар.
Ўқларнинг изидан қарасанг,
Кўзларинг қалбимни топарлар.


УЧИНЧИ ДАРЁ

Отажон ХУДОЙШУКУРОВга

Гоҳи мен Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё шу яқин бир жойдан ўтгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув.

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр
Яқингина жойда оқар ўкириб.

Бу нима?
Кўринмас қандай оқим бу?
Ерданми, кўкданми келар бу садо?
Наҳот, тупроғимда, кўзга ташланмай,
Оқиб ётар улуғ Учинчи дарё?

Билмадим.
Мени кўп таъқиб этади
Шу сирли акс-садо, шу илоҳий ун.
Жуда юксак бўлар руҳим шу кезлар,
Вужудим заминга жудаям яқин.

БИБИХОНИМ


Бибихоним.
Бибихоним.
Сенинг синиқ иморатингни,
Ойдай куюк муҳаббатингни
Тўлдириб ҳисларим, кўзларим билан,
Ой қилиб отайин осмонга,
Кун қилиб отайин осмонга,
Бибихоним.

Бибихоним,
Қорачиғим жароҳатинг малҳами бўлсин.
Юрагимни ул қайрилиқ киприкларингга
Умид ёши қатрасидек, кел, қараб қўяй.
Бибихоним.
Бибихоним,
Чала қолди қўшиқлари дегани шуми?
Қайлардасан, пишиб қопти тутларинг, ахир
Ё қайларга боқмоқдасан ярим минордан?
Шошма энди, ўтлиғ хабар йўқ чўлоқ ёрдан,
Шошма энди, битиб қолди иморатинг ҳам,
Ҳам ривоятинг.
Бибихоним.

Бибихоним.
Қўрқма энди.
Ҳукмдоринг кетабилмас ҳеч қайга энди.
Қошингга ҳам келолмайди энди ҳеч қачон.
Қўрқма энди.
Қурмоқдамиз қасрингни қайта.
Қўрқма энди.
На палахмон, на тазйиқу, на сиқиқ ва на,
Жаҳонгирлар қўли етмас жойлар бор, жоним.
Бу одамзот хаёлидир.
О, Бибихоним!

Бибихоним.
Бошгинангни кўтар, қани, кел.
Киприкларинг тори даврин куйин чалсинлар,
Самарқанднинг юлдузлари бари қайтдилар,
Регистонда бошладилар самовий базм,
Интизордир бари сени ўпмоққа бир-бир.
Ҳой, сесканма, бу – фарзандлар бўсаси, ахир.
Бибижоним…

* * *

Агар кўҳна ернинг қайғу, кулгусин
Ажратиб тортсалар бир тарозуда.
Ғами пастга босиб тушарди унинг,
Бахти баланд чиқиб кетарди жуда.

Балки, шунданмикин, бошга тушган дам
Инсоннинг кўнглини чўктирар қайғу
Ва баланд бахтининг кўйида шундан
Тинмай юксакларга интиларми у?


ХОТИРА


Эшигимни тонг билан бетоқат қоқар биров,
Тирқишлардан мўралар, бу – мен, дейди, хотира.
…Очай, киритай десам, юраккинам бермас дов,
Кетиб қолади, ахир.
У бир олис хотира.

Ҳовлида кезиб юрар тун бўйи яна дўк-дўк,
Гоҳи деразамдан у қарар эмиш бокира.
Кел, десам, ўз сасимдан, ўзим оламан ҳадик,
Келиб қолади, ахир.
У бир олис хотира.

Эсла, дейди, бешигинг чайқаган эдим бир вақт,
Ёруғ кунларда бирга бўлолмадик биз сира.
Эҳ-ҳе, бу – сенку, дейман, яна қоламан карахт,
Кетиб қолади, ахир.
У бир олис хотира.

Гоҳо шеър дафтаримга имлар эмиш негадир,
Излаганин тополмай, кўнгли тортармиш хира.
Кечир, демоқчи бўлсам, қаламим ожиз, кечир…
Кетиб қолади, ахир.
У бир олис хотира.

Уйғонаман. Сезаман йўқлигини кимнингдир,
Мен унинг кимлигини ўйлаб кўрдимми сира?
Ўз уйига, балки, у кираолмай юргандир,
Кетиб қолмасайди, оҳ!
У бир олис хотира…

Омон МАТЖОН Ўзбекистон халқ шоири. Давлат мукофоти совриндори.
1943 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетида ўқиган. Ижодкорнинг
йигирмадан ортиқ шеърий, насрий, бадиа тўпламлари чоп этилган.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019 йил 4 сонидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *