Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

ОЛТМИШ ЙИЛЛИК
КОМАНДИРОВКА

Ҳикоя

Сентябрнинг охирлари. Дарахтларнинг барги сарғайиб, айримлари тўкила
бошлаган. Ҳаво илиқ, ёқимли.
Тарих фанлари доктори, профессор Йўлдош Бўриев одатига кўра барвақт
уйғонди. Ювиниб, ҳовлини айланди, енгил бадантарбия қилди. Негадир кайфияти
бироз тушкин. Ўйлаб, сабабини ўзи ҳам билолмади. Ҳовлидаги креслога ўтириб,
хаёлига эрк берди. Болалик йиллари, синфдош жўралари, ота-онаси, қариндош-
уруғларини эслади. Қишлоққа бормаганига ҳам бир йилга яқинлашибди. Балки
шунинг учундир бу хаёллар… “Қишлоққа бориш керак”, деди Бўриев ўзига ўзи.
Неварасини чақирди:
– Маъруфжон…
– Лаббай, бобожон.
– Бу ёққа кел, ўғлим.
Ҳовлининг бир чеккасида эрталабки бадантарбия билан шуғулланаётган
Маъруф бобосининг олдига келди.
– Бугун ишингдан бироз вақт топиб вокзалга бориб кела оласанми?
– Вокзалга? Тинчликми, бобожон?
– Тинчлик, болам, тинчлик… Шу-у менга эртага “Афросиёб” поездига билет
олиб келсанг. Би-ир қишлоққа бориб келай девдим.
– Нима гап, бобожон, бунақа режангиз йўқ эди-ку? – деди невара ҳайрон
бўлиб. – Тўсатдан…
– Ҳа, шундай бўлиб қолди, – деди Бўриев неварасининг сўзини бўлиб. –
Бирданига боргим келиб қолди.
Бўриев одатда бирон иш қилмоқчи ёки бирор жойга бормоқчи бўлса олдиндан
режалаштириб, шошилмай қиларди. Шу боис бувасининг бу гапи Маъруфни
ҳайратга солди.
– Қишлоқда ҳамма соғ-омонми, бобожон?
Бўриев зўрама-зўраки жилмайди.
– Тинчлик, ўғлим. Нимагадир боргим келяпти. Балки соғингандирман… Ҳеч
кимга айтмай қўя қол, кейин айтарсан.
Бу гап неварани янада ҳайратга солди. Чунки Бўриев ҳеч қачон ёлғиз ўзи
бормасди қишлоққа.
– Битта ўзингиз борасизми?
– Бир ўзим борсам, мени бўри ермиди. – Бўриев кулди. – Ахир ўзим Бўриевман-ку!
– Гап ундамас, бобожон. Аввало бунақа одатингиз йўқ эди… Кейин ёшингиз ҳам…
– Қўрқма, болам, ҳозирча ўзимни ўзим эплай оламан… Ҳеч кимни безовта
қилгим келмаяпти. Бир ўзим бориб, уч-тўрт кун айланиб келмоқчиман.
Хотини Бўриевнинг одатини яхши билади: унча-мунча ишни бировга айтмай
ўзи қилади, аммо хизмат сафарига борадиган бўлса, кийимларини келини тахлаб
берарди.
Оқшом нарсаларини йиғиштираётганда хотини ажабланди.
– Бахайрликми, ишқилиб? Ҳеч кимга билдирмай йўлга отланяпсиз?
Бўриев кулди.
– Бир сафар сенсиз борай…
– Мендан безор бўлдингизми? – гапни ҳазилга бурди хотини.
– Бунақа гапларингни қўй, аяси. Ёлғиз ўзим би-ир хаёл суриб келмоқчиман.
Самарқанддагиларга ҳам айтмадим, ҳеч ким билмайди. Эрталаб поездга чиқаман.
Бошқа гап ортиқчалигини сезиб, хотини:
– Майли, эсон-омон бориб келинг… Ўзингизни эҳтиёт қилинг, – деди.
“Афросиёб” поезди соат саккизда қўзғалди. Поезд шаҳардан чиқиб, далалар
бошланиши билан Йўлдош Бўриев хаёлга чўмди. Лип-лип ўтаётган дарахтларга,
пахтазорларга қараб ёшлик йилларини, Тошкентга биринчи марта келганини эслади.
Ўшанда Самарқанддан эрталаб чиққан автобус қуёш парпара бўлганда Тошкентга
кириб келганди. Шундан бери Йўлдош Бўриев бу йўллардан қанча қатнади: гоҳ
автобусда, гоҳо машинада, самолёт ёхуд поездда. У пайтлардаги поездларни эслаб
кулгиси қистади, айни чоғда юраги эзилди. Тошкентдан Самарқандгача саккиз соат
юрарди-я. Яна денг, ётиш у ёқда турсин, ўтиришга ҳам жой топилмасди гоҳида.
Неча марта тик оёқда бориб-келган. Бугун манави поездда роҳат қилиб кетмоқда.
Бор-йўғи икки соат юради.
…Бўриев Самарқанддаги қариндошларию шогирдларига хабар бермагани учун
вокзалдан “такси”га ўтириб, тўғри қишлоғига жўнади. Сира бундай йўл тутмаган
эди, шу сабаб ҳозир ўзи ҳам ўзидан ҳайрон қолаётганди: “Нимага бундай қилдим?
Бу ердагилар эшитса хафа бўлмайдими?.. Йўқ, хафа бўлмайди. Ҳозир пахта
мавсуми. Уларни ишдан қолдириш яхши эмас… Биламан, юзимдан ўтолмай бирга
юради, хаёлида эса минг бир ташвиш бўлади.”
Отасидан қолган ҳовлида акасининг ўғли Тўрақул туради. Бўриев қачон
қишлоққа келса, аввал шу уйга киради. Бу ерда ота-онасининг руҳи кезиб юргандай
туюлаверади. Салом-аликдан сўнг ота-онасини эслаб, дуои фотиҳа ўқийди.
Бугун ҳам шундай қилди. Тўрақул ишда экан (у мактабда ўқитувчи). Тўрақулнинг
хотини Бўриевни кўриб ҳайрон қолди. Чунки домла (келин Бўриевни домла дерди)
ҳеч қачон ёлғиз ўзи кириб келмасди. Доимо уни Самарқандда кимлардир (бир
киши эмас, бир неча киши) кутиб олар, иззат-ҳурмат билан қишлоққа олиб келарди.
Табиийки, қишлоқдагилар ҳам хабардор бўлар, тайёргарлик қўриб қўйишарди.
Бугун уйда турли ўйинчоқлар тўзиб ётарди. Бундан келин хижолат тортди.
– Хижолат бўлманг, келин, – деди Бўриев. – Болали уй шундай бўлади… Яхши
ўтирибсизларми? Тўрақул яхшими?
– Мен у кишига телефон қилай?.. – деди келин.
Бўриев унга эътироз билдирди:
– Йўқ, келин, индаманг… Тўрақул дарс ўтаётган бўлса керак… Ишини тугатиб
келади. Мен дам олиб тураман… Ҳеч нарсага овора бўлманг, бир пиёла чой
берсангиз бас.
Келин бир дам шошиб, дарров дастурхон ёзди, нон, қанд-қурс олиб чиқди.
– Ҳовлимиздан, – деди келин узумни дастурхонга қўяркан.
Буни Бўриев билади. Ҳовлининг ярмидан кўпига ток экилган. Оқ, қора кишмиш,
султони, ҳусайни бор. Узумлар экилганда Йўлдош энди ўн ёшдан ошган, отасига
қарашганди. Шунинг учун ҳар гал токзордан узум олиб чиқишганда, буни отам
икковимиз экканмиз, деб мақтанарди. Ҳозир шу гаплари эсига тушиб, мийиғида
кулиб қўйди. Қора кишмишдан бир шингил олиб еди: шираси тилни ёргудек, гуё
асал. Кўкчойдан ҳўплаб, ёнбошлади.
Бу орада Тўрақул кириб келди.
– Келин барибир қўнғироқ қипти-да.
– Йўқ, – деди Тўрақул. – Дарсим тугади, бугун ўзи камроқ эди… Нимага хабар
бермадингиз, ака?
– Овора қилгим келмади.
– Ҳар кун келиб юрибсизми. Ойда-йилда бир келасиз-ку, овораси бораканми.
Бир дам ундан-бундан суҳбатлашишди. Келин овқат олиб келди.
– Оббо, келин-эй, ҳеч нарсага овора бўлманг, девдим-ку.
– Бу нима деганингиз, ака? – Тўрақул бироз ранжиган бўлди.
– Сен хафа бўлма, Тўрақул. Мен уйдан нонушта қилиб чиққанман, бунинг
устига поездда ҳам егулик берди…
Дастурхон йиғилгач, Бўриев деди:
– Энди гап бундай, Тўрақул. Сен юмушингни қилавер. Мени келганимни
ҳозирча ҳеч кимга айтма…
– Нега?
– Ёлғиз ўзим қишлоқни би-ир айланмоқчиман. Аввал қабристонга бораман.
Катта отанг, катта онанг қабрини зиёрат қиламан… Кейин…
– Пиёда юрасизми? Нима, ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлайсизми?
– Кўрса кўрар, мен бегонаманми? Пиёда юрсам нима бўпти?
– Одамлар кулади, ака…
– Профессор Бўриев пиёда юрипти, деб куладими? Ёки ишдан кетиб пиёда бўп
қопти, ҳатто қариндошлари ҳам қарамай қўйипти, дейдими? Ким нима деса деяверсин,
менга қизиғи йўқ. Ёки Сусловга ўхшаб иш кабинетида бу дунё билан хайрлашайми?..
– Унақа гапларни қўйинг, ака, – деди Тўрақул. – Худо асрасин.
– Мен пенсия ёшига етганимдан кейин ҳам салкам ўн беш йил ишладим. Бу
ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қарийб қирқ йил раҳбарлик лавозимларида
ишладим… Қирқ йил Йўлдош Бўриевич бўлдим… Шукур қиламан, беадад шукур,
дейман. Қолган умримни болалар, неваралар даврасида ўтказишни истайман. Чала
қолган ишларим бор, шуларни охирига етказсам, дейман…
Бир неча ойдирки, пенсиядаман, зиммамда ҳеч қандай масъулият йўқ. Бу ёғига
қўлимдан келганча илмий ишларимни қиламан, мақолалар, балки китоб ёзарман,
шогирдларимнинг ишини кўриб бераман… Хоҳлаган жойимга бораман… Хўш,
шундай экан, ким нима дейишининг нима аҳамияти бор менга, жиян?..
– Сиз шундай дейсизу одамлар буни тўғри тушинмайди-да, ака. Қаерга борсангиз
майли, мошинада олиб юрай, дейман-да.
Бўриев кулди:
– Парво қилма, Тўрақул, биронтаси гапирса ўзим жавобини бераман… Керак
бўлиб қолсанг, қўнғироқ қиламан… Фақат кийимларимни алмаштириб олай.
Бўриев эгнига спорт костюмини, оёғига кроссовка кийди.
Тўрақул домлага қараб кулди:
– Ўҳу, спортчи бўп кетибсиз-ку, ака.
– Нима, сен акангни қариб қолган чол, деб ўйловдингми? Ёки ярашмаптими? –
деди кийимига ишора қилиб.
– Йўқ, жуда ярашган… Телефоним ўчмайди. Чарчасангиз, қўнғироқ қилинг.
Қабристон қишлоқдан икки километрча нарида. Йўлдош Бўриев йўлга тушди.
Иш куни бўлгани учунми қишлоқдан чиққунча бир-икки болани демаса, ҳеч кимни
учратмади. Болаларнинг саломига алик олиб ўтиб кетаверди. Бир жиҳатдан яхши
бўлди. “Ие, пиёдалаб юрибсиз?” деб эзмаланади. Бу унга ёқмайди, ҳар бирига изоҳ
бериш, тушунтириш ундан ҳам ёқимсиз. Қишлоқ одамлари қизиқ, ўзи бир умр
пиёда юради, аммо кеча машинада кўрган кишини бугун пиёда кўрса, ажабланади,
ҳатто ўзича унга ачинган бўлади.
Ота-онасининг қабри бошига борди. Чўкалаб ўтирди-да, Қуръон тиловат қилди.
Сўнг, атрофга разм солди. Қабристон бироз тепароқда, бу ердан бутун қишлоқ, ҳатто
қўшни қишлоқлар ҳам яққол кўринади. Ҳаммаёқ ўзгариб кетган. Янги, замонавий
уйлар тушган, бир пайтлар тупроғи тўпиққача чиқадиган кўчаларга асфалът
ётқизилган. Болалик йилларида бу ерларга лалми буғдой экиларди. Қишлоқ ҳам,
қабристон ҳам ҳув пастда эди. Ҳозир у ерда сув омбори қурилган. У туғилган уй,
қишлоқ, болалиги ўтган танг-танқас кўчалар, бир қанча булоқлар сув омборининг
тагида қолиб кетди. Анави жарлик тагида чўмиладиган жой бўларди, Йўлдош
жўралари билан роса маза қилиб чўмиларди, қўйларини ҳам чўмилтирарди. Жарга
қушлар ин қўяр, болалар белига арқон боғлаб, қушларнинг полапонини олишарди.
Шулар хаёлига келганда Йўлдошнинг кулгиси қистади. Қабристонда ўтиргани
эсига тушиб, ўрнидан турди. Бир-бир босиб қабристон дарвозасидан чиқди-да,
сув омбори томон юрди. Қирғоққа яқин бориб, катта харсанг тош устига ўтирди.
Болалик йиллари худди кечагидай кўз ўнгидан ўта бошлади. Чайқалиб ётган сув
омборига термилиб ўтираркан, кўнгли бузилди, томоғига бир нарса тиқилгандай
туюлди, кўзига ёш келди. Атрофга аланглади. Яхшиям ҳеч ким йўқ. Қандай
беғубор дамлар эди. У вақтларда бу қишлоқларда электр йўқ, одамлар лампа чироқ
ёқар, қишда сандалда ўтирарди. Қиш кунлари одамлар бир хонадонга йиғилиб,
китобхонлик қилишарди. Йўлдош мактабда яхши ўқигани учун “Алпомиш”,
“Гурўғли”, “Ширин билан Шакар”, “Кунтуғмиш” каби достонларни унга ўқитишар,
аёл-эркак жим тинглар, кўплари, айниқса, аёллар пиқ-пиқ йиғларди. Ўйлаб қараса,
ўша пайтлар одамларда меҳр-оқибат кучли бўлган экан. Ҳамма бир-бириникига
бориб, томсувоқ бўладими, девор уришми, иморат солишми, ҳатто узум узишни
ҳам навбатма-навбат ҳашар қилиб бажаришарди. Балки замон зайли шундай
бўлгандир…
Телефон қўнғироғи хаёлини бўлди.
– Алло…
– Ассалому алайкум, дада, – деди ўғли. – Қаёққа кетдингиз?
– Маъруфжон айтмадими?
– Айтди, яқинда айтди. Нима учун кеча айтмадинг десам…
– Уни койима. Мен тайинлаган эдим.
– Кеча айтсангиз биз ушлаб қолармидик сизни ёки борманг дермидик?
– Бўлди-бўлди, кўп куюнаверма. Ишларинг кўп, чалғиманглар, дедим.
– Қайтишга билет олдирмабсиз, қачон келасиз?
– Бораман-да бирон кун, қолиб кетаётган ишим борми?..
– Шундай-куя, у ерда қийналиб қоласиз, дейман-да. Аям ҳам хавотир оляптилар…
– Ташвиш чекма, қийналмайман. Аянгга ҳам тушунтириб қўй. Ахир шу ерда
катта бўлганман-ку.
– Барибирда… Тезроқ қайтинг ёки машина юборайми?
– Қўй мени ўз ҳолимга. Ҳеч бўлмаса пенсияга чиққанимда ўзим истагандай
эмин-эркин юрай. Шунча йил дам олиш нималигини билмай, телефон жирингласа
юрагим зириллаб умрим ўтди. Энди бирпас эркин нафас олай, ўғлим.
– Дада, ихтиёр ўзингизда. Фақат хавотир оламиз, холос… Унинг устига
ёшингиз ҳам…
Бўриев ўғлининг гапини бўлди:
– Ёшингиз бир жойга бориб қолди, демоқчимисан. Хавотир олма, ҳозирча
ўзимни ўзим эплайман… Омон бўл, боришимдан олдин қўнғироқ қиламан… Хайр.
Ўғлининг телефони унинг хаёлларини шаҳарга кўчирди. Беихтиёр босиб ўтган
умр йўллари, турли лавозимларда ишлаган йиллари, раҳбарлардан эшитган яхши-
ёмон гаплар ҳақида ўйлай бошлади. Улардан баъзилари кўнглини равшан этса,
айримлари дилини хуфтон қилади. Айниқса, собиқ тузум даврида тарихимизга,
буюк аждодларимизга бўлган муносабат, атайлаб бузиб кўрсатишлар, нотўғри
талқинлар Бўриевнинг юрагини кўп эзди. Қилаётган ишлари, гапираётган гаплари,
ёзаётган маърузалари ёлғон, тарих ҳақиқатига зид эканини биларди, билгани учун
ҳам эзиларди. Бўриев бир-икки шу ҳақда гап очганда ёнидагилар дакки берди:
“Жонингдан тўйганмисан, бола-чақангни ўйласанг-чи”, дейишди. Нима қиларини
билмай қолди. Ўйлаб-ўйлаб ахийри бир кун бошлиғининг олдига кирди. “Менга
рухсат берсангиз, бориб ўқитувчилигимни қилай, бошлаган илмий ишларим қолиб
кетди”, деди. Бошлиғи анча сергак ва сезгир одам эди, унинг мақсадини тушунди:
“Нима, партиянинг сиёсати ёқмаяптими сизга? Бу ердан кетиб, қаерга борасиз? Шу
жамиятда яшайсизми? Ёки хорижга кетасизми?” деди. Бу гапдан Бўриев чўчиб кетди.
Чунки бошлиғининг гапида таҳдид бор эди. “Нималар деяпсиз? Қаерга кетаман?
Бундай гаплар хаёлимга ҳам келгани йўқ. Фақат докторлик ишимни ниҳоясига
етказиб, ёқлаб олсам, дегандим”. Бошлиқ ўша оҳангда давом этди: “Қилаверинг
докторлигингизни. Ким халақит беряпти?.. Ўйламанг, ука, бу ердан институтга
бориб ялло қилиб юролмайсиз. Хомхаёл бўлманг… Бу ерга ишга келишни орзу қилиб
юрганлар сон мингта… Сиз бўлсангиз… Боринг, айтилган топшириқларни бажаринг”.
Шундан кейин Бўриев бу ҳақда ҳеч кимга сўз очмади. Ишини қилиб юраверди.
Балки ўшанда фикримни дангал айтсам бўлармиди, деб ўзини ўзи койиди кейинчалик.
Ўзбекистон мустақилликка эришди-ю, кўнглига ёруғлик инди. Ўйлаган режалари,
дилидаги орзулари рўёбга чиқа бошлади. Энди чарчаш нималигини билмай, чин
дилдан қувониб ишлади. Кетма-кет мақолалар ёзди, китоблар чиқарди…
Бугун харсангтошга ўтириб, тоғ шабадасида тўлқинланаётган сувга
термилганча, ўз фаолиятини бирма-бир таҳлил қила бошлади. Нега? Нима учун,
ким учун бундай қиляпти? Ҳозир буларнинг кимга кераги бор?.. Лекин виждон-
чи? Одам боласи ҳаммадан қочиши мумкин, аммо ўзидан қочолмайди-ку… Бу
гаплардан ўзи ҳам ҳайрон. Қандайдир куч шунга ундаяпти, ўтган умрингни
сарҳисоб қил, кимлар учун савоб иш қилдинг, кимларнинг дилини ранжитдинг,
ўйлаб кўр. Қилган ишларингнинг қайси бири кўп – савобими ёки… Буларни
Йўлдош қаёқдан билсин? Уни ёлғиз Оллоҳ билади! Биргина У холис баҳо беради.
Йўлдош Бўриев чуқур ўйга чўмди. Эҳе-ҳе, хаёлидан нималар, кимлар ўтмади.
Қарийб саксон йиллик умр, қирқ йиллик раҳбарлик – осонми?! Қайси бири эсда
қолсин. “Оллоҳим, ўзинг махфират айла гуноҳларимни! Кимнингдир дилини ноҳақ
оғритган бўлсам кечир мени!..”
Профессор маҳзун кайфиятга тушди. Сувга термилди. Ҳозиргина гўзал бир
ҳолатда жимирлаб турган сув ҳам тинч эди. Сув омбори гўё қотиб қолгандай. “Нега
тинч сувга қарагинг келяпти? Оқар сувни, шиддат билан оқадиган тоғ дарёсини,
айниқса, шаршараларни яхши кўрар, завқланар эдинг. Бугун эса… Кўнгил ором
истаяптими? Умр поёнига етаяптими, Йўлдош?.. Ҳар бир нарсанинг ибтидоси
бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади-да. Балки умр интиҳоси яқинлашгандир.
Бўлмаса нега бу ерга келдинг? Киндик қонинг тўкилган тупроқ тортдими?”
Шунга ўхшаш саволлар бостириб келаверди, келаверди. Охирги савол хаёлига
келганда сув омбори ўрнида бўлган қишлоғини, ўзларининг уйи тахминан қаерда
жойлашганини чамалади. Ва ўша жойга узоқ термилди, гуё рўпарасида сув омбори
эмас, эски қишлоғи турарди. Ана, Бўри бобонинг уйи. Уйнинг олдидаги супа
молхона томига қўшилиб кетган. Йўлдош шу ерда ўйнарди. Жазирама ёзнинг илиқ
оқшомлари ана шу супада ётишарди. Юлдузлар чарақлаб турган осмонга термилиб
ётишни яхши кўрарди. Юлдузлар шунчалар кўп, шунчалар яқин эдики, худди қўл
чўзиб олиш мумкиндай…
У чуқур энтикди, оғир хўрсинди. Инсон зоти ёши ўтган сари болалигини
соғиниб бораверар экан-да. Нега шундай? Ҳаёт ташвишларидан чарчагани учун
ўша беғубор йилларини қумсармикан? Аксарият ёзувчилар болалиги ҳақидаги
асарларини ёши бир жойга борганда ёзганининг сабаби ҳам шундадир балки…
Кузнинг ёқимли офтоби елкасини қиздирди. Бўриевга жуда хуш ёқди. Куз… Ҳаёт
кузи бу… Балки умрининг ҳам кузидир… Майли, бир кунмас бир кун, эртами-кечми
келадиган кузда бу. Гап бу кузнинг қачон келишида эмас, қандай келишида: илиқ,
барокатли келадими ёки совуқ, қор-ёмғирли келадими?..
Бўриев ўзига ўзи гапирди:
– Қишлоқдан кетганимга олтмиш йил бўлибди. Роппа-роса олтмиш йил!
У ҳозир олтмиш йил давомида қишлоққа биринчи марта келгандай ҳис
этарди ўзини. Шу боис атрофга суқ билан термилаётир. Ўзгаришларни илк марта
кўраётгандай. Ҳолбуки, олтмиш йил ичида неча марта келганини ўзиям билмайди.
Дастлабки йиллар ҳар ойда келарди. Кейинчалик икки-уч ой, ярим йил, бир йилда,
гоҳо бир неча йилда бир келадиган бўлди. Айниқса, ота-онаси дунёдан ўтгандан
кейин қишлоққа келиши сийраклашди. Ўшанда ҳам бир кунга келиб, қариндош-
уруғларини кўриб, шошиб қайтиб кетарди. Бирон марта бафуржа айланиб юрганини
эслолмайди. Баҳона-сабаб – иш… Аслида ҳам унинг ишида дам олиш, байрам деган
нарса йўқ эди-да. Аксинча, байрам кунлари унинг иши яна ҳам кўпаярди.
– Ҳаёт, умр қизиқ экан, – деб ўйлади Бўриев. – Ҳозир ўзимни узоқ
командировкадан қайтган одамдай ҳис қилмоқдаман. Гўё ўзга юртларга бир неча
йиллик хизмат сафарига бориб келгандайман. Бу йиллар унча-мунча эмас, олтмиш
йил! Олтмиш йиллик командировкадан қайтдим! Хайрият, соғ-саломат келдим!
Қандай яхши!
“Она қишлоғим, ота юртим, мен келдим! Бағринга ол мени!” деб бақиргиси
келди…
Оиласи, фарзандлари, невараларини еру кўкка ишонмайдиган Бўриев ҳозир
негадир ҳеч кимни – хотини, ўғил-қизлари, ҳатто суюкли невараларини ҳам
ўйлагиси келмас, хаёлида фақат ўзи, ўзининг ўтган умри чарх урарди. “Сенга нима бўляпти, Йўлдош?” деб ўзини бир-икки силкиди. Барибир бу туйғудан чиқиб
кетолмади.
Беихтиёр ўрнидан турди. Қулочини кенг ёйди. Кўкрагини тўлдириб чуқур нафас
олди. Овозини борича бақириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди: “Жонажон
қишлоғим, Йўлдош боланг келди… Узоқ йиллик сафардан қайтди у… Кутиб ол…
Қабул қиласанми? Ота маконим, уни иссиқ бағрингга ол… Ол бағрингга!..”
Харсангтошга ўтирди. Икки кафтини юзига қўйди. Ич-ичидан ўкирик, йиғи
келди. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади, тўйиб-тўйиб йиғлади, маза қилиб
йиғлади. Йиғи бу қадар тотли, бу қадар роҳат эканини шу ёшга кириб биринчи
марта ҳис қилди…
Қишлоқ мачитидан азон эшитилиб, хаёли бўлинди. Рўмолчаси билан кўз
ёшларини артди. “Қоронғи тушиб қопти-ку. Шом бўпти… Шом бўлганини ҳам
билмай қопман-да… Шом… Бу нима? Умр шомими? Ким билсин?.. Инсон боласи
буни билармиди?.. Йўқ…”
Азон тугагач, юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди.
…Эртаси куни барвақт ўғли қўнғироқ қилди.
– Дада, яхшимисиз? Кеча бир-икки қўнғироқ қилдим, тушолмадим.
– Яхшиман, ўғлим. Биласан-ку, бу ерда алоқа унча яхши эмас, баъзи жойларда
олмайди.
– Қачон келасиз? Аям сўраяптилар.
Бўриев бироз жим қолди.
– Борарман… Шошилтирма мени. Борарман бир кун… Балки… Аянгни эҳтиёт
қилинглар… Унга қаранглар…
Ўғлининг овози хавотирли чиқди:
– Дада, мазангиз йўқми? Нима бўлди сизга? Овозингиз синиқ, хаста…
– Ҳаммаси жойида, ўғлим. Мендан хавотир олманглар… Мен жуда хурсандман.
Охирги қирқ йилда биринчи марта кечаси уйғонмай, мириқиб ухладим. Маза
қилдим. Қўй, ўғлим, тўрт-беш кун дам олай… Ўтган умримдан розиман…
Сизлардан ҳам, ҳаммаларингдан розиман, болам. Оллоҳга шукур, кўнглим тинч.
Ташвиш чекманглар, аянгга, акаларинг, опаларинга ҳам айт, мен яхшиман… Аянгни
асранглар, эҳтиёт қилинглар уни…
– Дада!..
Профессор Йўлдош Бўриев бошқа гапирмади. Телефон тугмасини босди, кейин умуман ўчириб қўйди…

________

Маматқул ХАЗРАТҚУЛОВ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
1947 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факулътетини тамомлаган. “Оққуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”,
“Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Чироқ
ўчмаган кеча”, “Кўккўл” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019 йил 4 сонидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *