Абдусаттор СОДИҚОВ

ТУРНАЛАР
ҚАЙТГАН КУН

БОЛАЛИГИМГА ҚАЙТГАНДАЙ БЎЛДИМ


Уруш орти воқеалари ҳақида адабиётимизда анчагина асрлар ёзилган. Улар
орасида бевосита болалар ҳаёти ҳақидаги китоблар ҳам бор. Абдусаттор
Содиқовнинг “Турналар қайтган кун” ҳикояси ҳам шу мавзуда. Ҳикояда қишлоқ
воқеалари, болалар ҳаёти қаламга олинган. Муаллиф уруш азоб-уқубатлари
ҳақида қатъий хулоса чиқармайди, аксинча воқеалар ривожи орқали ўқувчининг
ўзини бу ҳақда мулоҳаза қилишга, хулоса чиқаришга ундайди. Асар қаҳрамонлари
ёшига нисбатан анча улғайиб қолган, катталардек мулоҳаза юритади. Шунинг
ўзиёқ урушнинг нима эканлигига етарли ишора, менимча.
Болалигим уруш йилларига тўғри келган. Уруш орти воқеалари менга
жуда таниш. Ҳикояни ўқиб болалигимга қайтгандай бўлдим. Асар сюжети
мустаҳкам. Воқеалар содда, равон ифода этилган (Асар мазмунига тўхталиб
ўтирмайман). Қишлоқ одамларининг кундалик турмуши, рўзғор юмуши, ўй-
ташвиши бирма-бир кўз олдингиздан ўтади. Воқеаларга миллий руҳ ва анъаналар
сингдирилган. Қишлоқда юргандек, болалар билан суҳбатлашгандек бўласиз.
Қаҳрамонларнинг ҳаракати, гап-сўзига ишонасиз. Ишонтириш эса адабиётнинг
муҳим вазифалардан бири. Шу боис асарни болалар ҳам, катталар ҳам қизиқиб
ўқишига, ўқиб бўлгач яна қайта қўлга олишига ишонаман. Асарнинг ютуғи ҳам
шунда. Болалар адабиёти яна бир яхши ҳикоя билан бойиди, деб айтоламан.


Худойберди ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Ҳикоя

Оч қоринга уйқу келмас экан. Кўзимни юмиб ётаман, қани кела қолса. Хосият
эса, аллақачон пишиллаб маза қилиб ухлаяпти. Кимдир кўзинг илинмаса, юзгача
сана, тошдек қотасан, деган эди. Бир эмас, ўн марта, ундан ҳам кўпроқ юзгача
санадим, барибир, ухлаш қийин бўлаяпти. Ейдиган овқатимизнинг тайини йўқ.
Мен териб келган машоқни ойим келида чала туйиб, патир қилади. Баъзи кунлари
тоғамлар бир коса, ярим коса айрон бериб туради.
Қоронғи хона жимжит. Қаердадир ит чўзиб-чўзиб увиллайди. Ўрин биқинга
ботади. У ёндан-бу ёнга ағанай бериш жонга тегди. Тезроқ тонг ота қолса эди…
Юрагим ғашланади.
– Шодиёржон, уйқунг келмаяптими? – онам иссиқ кафтини пешонамга қўйди.
Онам қоронғида туртина-туртина халтадан бир дона қурт олиб берди. – Қорнинг
очгандир, бўтам, ма, сўриб ёт, ҳадемай тонг отиб қолар.
Қурутни шима бошладим. Қани энди ҳар доим ухлашдан олдин шундай қурут
шимиб ётсанг. Қурутинг кўп бўлса, ҳеч адо бўлмаса. Оғзимдаги қурут тез тугаб
қолмасин, деб уни у лунжимдан бу лунжимга алиштиргим ҳам келмайди.
– Шоди, Шодижон, тура қол, қувватим, тонг отиб кетибди, – бош томонимда
муштдеккина бўлиб ўтирган онам сочимни силарди.
Кейинги пайтда ойимнинг пешонасидаги чизиқлар кўпайиб қолди. Сўлғин
юзлари оқариб, бир ҳолда юради. Нима бўлса ҳам ойим касал бўлиб ётиб қолмасин-
да. Ахир, Хосият иккимизнинг ҳолимиз нима бўлади? Ойимга ҳам осон тутиб
бўлмайди. Уйда эркак киши бўлмаса қийин экан. Дадам бўлганда-ку…
Сапчиб ўрнимдан турдим. Тонг аллақачон ёришганди. Апил-тапил кийиниб, бет-
қўлимни ювдиму бир бурда нонни қўлтиғимга қистириб йўлга тушдим. Қўлимда
ҳар кунги халта. Болалар аллақачон машоқ териш учун далага чиқиб кетган эди.
Куз охирлаб қолган. Кунда ёмғир шиғалаб ўтади. Йўлда қолган унча-мунча буғдой
донларини ҳам қўй-эчкиларнинг туёғи лойга қориштириб кетган. Туёқ изларидаги
донни эринмай тирноғим билан кўчириб оламан. Кун бўйи эгилиб ўтираверганимдан
белим қотиб қолади. Тупроққа тўлиб қолган тирноқларим орасидан гоҳо қон сизиб
чиқади. Совуқдан тарам-тарам ёрилиб кетган панжаларим лўқиллаб оғрийди.
Халтани кун бўйи тўлдириш қайда, уни ярим қила олсам ҳам кошки…
– Болалар, ўйинга! – қўлини оғзига карнай қилиб бақирди Ашир лайлак. Орамизда
ёши каттамиз шу. Оёқлари, бўйни узунлигидан лайлак лақабини олган. У ҳар куни
уйга қайтишда ўйин бошлайди. Ўйинга қўшилмаганни уради. Рости, мен уни жуда
ёмон кўраман. Бургутнинг тумшуғидек қирғий бурни, ёниб турадиган кўзларини
кўрмасам дейман. Ҳеч ким унга қарши гапиришга ботинолмайди.
– Бо-олл-лар, олдин қулоқ чўзма ўйнаймиз, – деди қўлидаги қурутларни кўз-
кўз қилиб. Сўнгра у кимдандир ўрганган, ҳар куни эшитавериб чаккамизга тегиб
кетган шеърни такрорлади:
Оқ тош, кўк тош, сариқ тош,
Айтсин, кимнинг қорни оч.
Мен отаман қурутни
Чаққон бўлсанг, олиб қоч!
У шундай деб қурутни узоққа улоқтирди. Ҳамма қурут тушган томонга чопди.
Ким қурутни олса, ҳаммамиз унинг қулоғига тармашамиз. Оғриққа чидай олмаган
болаллар жаҳл билан қурутни дуч келган томонга улоқтиради. Бунгача уларнинг
қулоғи шолғомдек қизариб кетади. Бир пайт қурут оёғим тагига келиб тушди.
Олдиму Ашир лайлакни қувлаб кетдим. Қани энди унга етиб бўлса. Кимдир
қулоғимга осилди. Қулоғим чимиллагандек бўлди. Бу қулоғим ҳам чимиллай
бошлади. Кўз очиб юмгунча қулоқларимни саноқсиз қўллар тортқилай бошлади.
Бураб тортаётганидан қулоғим пайлари синиб кетгудек бўлади. Оғриқнинг зўридан
кўзларимдан ўт чиқиб кетди. Қулоқларим шанғиллаб, гувиллаб оғриётган бўлса
ҳам ўлжани кўзим қиймайди. Ахийри нима бўлса бўлар деб қурутни оғзимга
солдим-у, ерга юз тубан ётиб олдим.
– И-е, қурут йўқ-ку! – деди кимдир кафтларимни очиб кўриб. Қулоғим саноқсиз
қўллар исканжасидан қутулди. Секин ўрнимдан турдиму яқинда турган Ашир
лайлакни ушлаб олдим.
– Қой-елл! – елкамга урди у. – Қурутни ҳалоллаб олдинг. Энди пойга ўйнаймиз.
Ҳамма халтасини мана бу ерга тизиб қўйсин. Чопишда олдин келганга бир ҳовуч
дон мукофот.
Болалар халталарини ташлаб, белги қўйилган томон чопишди. Қулоғим гувиллаб
ачиётгани учун чопгим келмади. Бир четга чиқиб ўйинни кузата бошладим. Болалар
белгига етиб боришгунча, Ашир лайлак уларнинг халтасидан бир қисм-бир қисм
донни олиб, ўз халтасига солиб қўйди. Шунда мен лайлак ҳар куни бизларни
чоптириб, машоғимизни шилаётганини билдим. Ўзимиз терган машоқдан бир
қисм оламиз, деб бекорга ола ўпка бўлиб чопиб юрган эканмиз-а, эссиз.
– Бо-лл-ллар! – Ашир лайлак қўлини ҳавога кўтарди.

Бир, икки, уч,
Шамол бўлиб уч.
Тезда келмасанг,
Югурганинг пуч-ч-ч-ч! –


деб қўл силташи билан ҳамма болалар ортга қараб чопди. Бир-бирининг оёғига
чалишиб йиқилган ким, суринган ким. Маррага биринчи бўлиб етиб келган
Жалилга Ашир лайлак бир ҳовуч буғдой берди.
Эртаси куни мен ўртоқларимга Ашир лайлакнинг қилиғини айтиб бердим.
Шундан кейин биз Ашир лайлак ҳақида қўшиқ тўқидик:

Ашир лайлак қизғанчиқ,
Ҳар ўйинда ғирромчи.
Ишонмаймиз гапига,
Бориб турган ёлғончи…


Аввалига у қўшиқ тўқиган болаларни қувлаб урди. Аста-секин кўникиб кетди,
шекилли, индамай қўйди. Шу-шу уни Ашир ғирромчи деб атайдиган бўлдик.


..Мазам қочиб, машоқдан эртароқ қайтдим. Уйда ойим кўрпага ўраниб ётибди.
Хосият мунғайиб ўтирар, қўғирчоқдек миқ этмасди. Ойим келганимни сезиши
билан апил-тапил ўрнидан турди.
– Келдингми, Шодижон? – рўмоли билан бошини тортиб боғлади. – Чарчаганман
шекилли, нафасимни ростлай деб энди чўзилгандим.
Бу шунчаки чарчашга ўхшамасди. Ойимнинг бетоблиги менга аён эди. Кундан-
кун кўзлари ичига тортиб, қовоқлари осилиб борарди. Бунинг устига Хосиятнинг
ҳам аҳволи яхши эмас. Очликдан Хосиятнинг оёқ-қўллари, қорни шишиб кетди.
Қовоқлари шишгандан юрадиган йўлини кўрмасди. У деярли гапирмасди.
Қуёш чиққанда мен уни қўлидан етаклаб офтобрўйга ўтқазиб қўяман, жойидан
қимирламай ўтираверади. Минғирлаб гапирганида ҳам овозини эшитиб бўлмайди.
– Қанд деяпти, – деди ойим менга.
Эртаси куни қанд олиб келиш учун бозорга бордим.
Ойим рўмолчага тугилган пулга ярим кило қанд келишини қайта-қайта
тайинлади. Қанд сотилаётган раста одамлар билан тирбанд. Навбатга турдим.
Қўлим чўнтагимда, пулни маҳкам ушлаб олганман.Навбатда бир неча одамдан олдин турган узун бўй, олакўз киши менга тез-тез
қараб қўярди. Ҳудди уккиникидек кўзлари бежо.
– Ёш бола экан, тезроқ кета қолсин, нима дейсизлар, – юзланди у атрофдагиларга.
– Майли, уни олдинга ўтказиб юборақолайлик, – чуғурлашди одамлар.
Мен бу нотаниш одамнинг яхшилигидан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Энди
мен билан ёнма-ён туриб қолган бу киши у ёқ, бу ёқдан гап ташлаб турди. Ниҳоят
навбатим келди.
– Менга ярим кило беринг, – дедим сотувчига. Тортилган қандни халтамга
солдим. Чўнтагимдан рўмолчани олиб ҳақини берай десам, пул йўқ. Рўмолчанинг
ўзи қолибди.
– Пулини бермайсанми, бунча анқаясан! – ўшқирди сотувчи.
– Пулим… пулимни йўқотиб қўйдим, – дедим нафасим ичимга тушиб.
– Ҳали пулсиз қанд олмоқчимидинг? – сотувчи қўлимдан халтани юлиб олди.
Қантни ағдариб, халтани юзимга отди.
– Ма. Ушла!
– Қайси имонсиз гўдакнинг пулини ўғирладийкин? – куйиб-пишиб жавради
навбатда турган аёл. Менга навбат берган одам қанд олмай қаёққадир ғойиб
бўлганди. Кўзимда ёш билан четга чиқдим. Эгилган бошимни ердан кўтара
олмасдим. Хосиятнинг олдимга қўлини чўзиб чиқиши кўз олдимдан нари кетмасди.
– Ма, болам, сен ҳам умид билан келгансан, қуруқ кетма, – боя жавраган аёл
қўлимга тўрт дона қанд берди. – Пулингга кўз ола қилган ноумид шайтоннинг кўзи
ўйилсин!
Бозордан қайтиб келсам, ҳовлимизда тоғам юрибди. Онам ётиб қолибди.
– Хосиятни эргаштириб бизникига ўтинглар, – деди тоғам. – Сайфиддин билан
ўйнайсанлар.
Юрагим ниманидир сезган бўлса ҳам, тоғамдан нега деб сўрамадим. Шу кеча
биз тоғамникида тунаб қолдик.
Эрта билан уйғонсам, ҳовлимизда йиғи овози келди. Янгам менга чопон
кийгазиб, белимга белбоғ боғлади. Бошимга дўппи кийгизди.
– Бу дўппи, чопонни тўйларингда кийгазсам бўлмасмиди, жон болам, жон бола-а-ам !
Онангдан ажралиб қолдик, Шодиёржон! – у вазмин овоз билан шундай деди-ю бошини
елкамга қўйганича йиғлаб юборди. – Бўзтўрғайнинг болаларидек чирқираб қолдиларинг,
жигарларим. Онангни айтиб йиғлагин, энди у қайтиб келмайди.
Негадир менинг кўзимга ёш келмади. Кўзларим ҳеч нарсани кўрмас, қулоғим
эшитмас эди. Атрофга бефарқ, гарангсиб қарайман. Тоғам, Сайфиддин, яна бир
неча киши эшик олдида таёқ ушлаб турдик. Ҳамма йиғлади.
Одамлар онамни елкаларида кўтариб, қишлоғимиз четидаги қабристон томон
юришди. Мен ҳам эргашдим.
– Шодиёр ҳам тупроқ ташласин, – деди тоғам билан ёнма-ён турган
Худойберди бобо.
Кимдир қўлимга кетмон тутқазди. Онам қўйилган жойда бир зумда тупроқ
уюми пайдо бўлди. Худойберди бобо овозини баланд қўйиб дуо ўқиди. Қўлларини
юзига олиб бораётган одамларнинг кўзидан ёш оқди. Одамлар аста-секин тарқала
бошлашди. Кимдир қўлимдан ушлаб мени етаклади. Мен энди онамнинг тупроқ
тагидан чиқа олмаслигини англадим. Онам тупроқ тагида ёлғиз қоладими? Энди
кечалари бизни ким қучоқлаб ётади? Мен териб келган машоқлардан ким патир
қилиб беради? Мазаси кетмайдиган қурутларни кимдан оламан? Шунда беихтиёр
кўзимдан ёш қуйилиб келди.
– Кетмайман, ойижонимни ташлаб кетмайман! – ўзимни қабр устидаги тупроққа
ташладим. – Ойижон, Хосият иккимиз ёлғиз уйда ётишга қўрқамиз, – панжаларим билан тупроқни ковлай бошладим. Мени кимдир даст кўтариб олди.
– Худо сабр-бардош берсин, йиғлама, бўтам, – бошимни силади Худойберди
бобо. – Банда ҳаммасига кўникади. Бошинг омон бўлсин, Худо онангнинг умрини
ҳам сенларга қўшиб берган бўлсин. Онанг жаннати аёл эди, унинг тинчини бузма
энди.


Хосият иккимиз тоғамникида яшай бошладик. Тоғамнинг кичик ўғли Сайфиддин
мен билан тенгдош. Унинг қора кўзлари ҳамиша чақнаб туради. Шундан бўлса
керак, қўшни аёллар уни “Қоракўз” деб эркалашади. Иккимиз уй ишларида тоғамга
ёрдамлашамиз.
Уч-тўрт кун ўтиб тоғам эшагига миниб, азонлаб туз конига кетди. Туз кони
қишлоғимиздан анча олис эди. Тоғам хуфтонда эшагига қопларни ортиб қайтди.
Эртаси эрталаб тоғам қўшниларимизга бир косадан туз улашди. “Туз берган савоб
бўлади, ҳеч ким қолмасин”, деди. Анча вақтдан бери тузга зор бўлиб ўтирган хотин-
халажлар бизга қайта-қайта раҳмат айтишди. Қишлоғимиздаги магазинчи Жалил
исқирт қўярда қўймай ярим қопча туз олди.
Кечга бориб тоғам негадир тажанг бўлиб, ўзича алланималарни вайсай бошлади.
– Бунча куйиб-пишасиз, уни энди кўрибсизми, исқиртнинг турган-битгани
шу! – деди янгам. (Гап магазинчи Жалил ҳақида борарди. Усти-боши доим
кир-чир бўлиб юргани учун ҳамма уни исқирт деб атарди). – Кошки куйиб-
пишганингизга арзиса ўша исқирт!
– Одамда инсоф бўлиши керакда, – фиғони кўкка чиқди тоғамнинг. – Ахир мен
унга тузни сотсин деб берганим йўқ-ку! Топганинг буюрмагур, тузни уялмай дўконда
сотиб ўтирибди-я. Одамга алам қилади. Мана бу еримда нимадир ёнаётгандай
бўлаяпти! – тоғам кўкрагига муштлар эди.
Жалил исқиртни қишлоғимиздаги катта-кичик ёмон кўради. Айтишларича,
Муқаддам опанинг эрини ўзининг ўрнига урушга жўнатиб юборган экан. Унинг
олдинги хотини жуда яхши аёл бўлган экан. Биз билан бирга ўқийдиган Хушвақтни
кўрганида тоғам ҳар гал, “Раҳматли Қорасочнинг ўзгинаси-я, умринг ўхшамагур, онаси
болажон аёл эди-да, эҳ аттанг”, дерди. Хушвақтнинг ўгай онаси Худбинисо ўлгудай
вайсақи хотин. Болаларни ҳовлисига йўлатмайди. Ўйнаб бориб қолгудай бўлсак тош
отиб қувлайди. Унинг арзандаси Алмат эса ҳеч ким билан чиқиша олмайди.
Хушвақт билан баъзида уларникига ўйнаб бориб қолар эдик. Бир куни токчада
яғири чиқиб кетган эски кир-чир дафтарни кўриб қолдик.
– Қарзи борларни шунга ёзиб боради, – тушунтирди Хушвақт. – Йиртиб
қўйманглар, нақд сочимни юлади.
Сайфиддин иккимиз дафтарни қизиқиб ўқий бошладик:
– “Эгамберди тўкар 10 сўм, Қодқул жиян – 5 сўм, Пўлат – 7, Қумри – 8, муддат
мойгачан…”
– Даданг саводсизми? – қизиқиб сўради Сайфиддин. – Вой-бўй, ёзувидаги
хатоларни.
– Саводсиз бўлса ҳам пул санашда адашмайди, – бошини ердан кўтармай
тўнғиллади Хушвақт. Гарчи ўз дадаси бўлса-да, Жалил исқиртниям, ўгай онаси
Худбинисониям, Алматниям хушламасди у. Алмат сал нарсага ҳам кўзёши қилиб
уни онасига урдиргани-урдирган эди. Шунинг учун ҳам ўгай онасини кўрганда
Хушвақтнинг юраги безилларди.
Хушвақт бир куни мактабдан барвақт қайтибди. Уйга келса, дадаси, онаси ва
Алмат овқатланишаётган экан. Худбинисо дарҳол товоқдаги овқатни беркитибди.
Шу-шу Хушвақтнинг кўнгли улардан совиб кетибди.


Мактабимизнинг ҳамма ўқувчилари билан ўтин териш учун далага чиқдик.
Қиш буткул чиқиб кетган бўлса-да, кунлар совуқ. Мактабда ўтиннинг тайини йўқ.
Ўқитувчимиз – оқсоқланиб юрадиган Соли ака урушдан ярадор бўлиб қайтган –
бизларга йўл бошлади.
Соли муаллимнинг дарс ўтиши жуда қизиқ. Доскага чиққан ўқувчи гапираётганда
у мудраб ўтиради. Ўқувчига вақт ўтиши ҳисоб – оғзига келганини гапираверади.
Қачон болалар, “Муаллим, дарсни айтиб бўлди”, деганда, у чўчиб кўзини очади.
Кейин биздан, “Хўш, болалар, унга неча баҳо қўямиз?” деб сўрайди. Биз ўзимизга
қадрдон болаларга “тўрт”, “беш”, бошқаларга “уч”, “икки” қўйдирамиз.
Болалар билан қоп, этак, челакларга тезак, оққурай, янтоқ ва уларнинг илдизини
йиға бошладик. Биздан икки синф пастда ўқийдиган Алмат янги уст-бошини
кўз-кўз қилиб, қўлини чўнтагидан чиқаргиси келмасди. Унинг қоққан қозиқдек
безрайиб туриши бизга ёқмади. Болалар ўзаро кўз уриштириб олишди. Сўнгра
ҳаммамиз Алматга ташландик. Уни йиқитиб, оёғидан судрай бошладик. Бир зумда
унинг янги уст-боши эшакнинг тўқимидай бўлиб қолди. Соли муаллим бизларга
бақириб-чақирар, лекин оқсоқланиб ета олмасди. Кийимига қараб бўлмайдиган
аҳволга тушган Алмат йиғлаб, йўлга тушди. Ҳеч ким уни йўлдан қайтармади.


Бугун офтоб чарақлаб, Хосиятни ҳовлига етаклаб чиқдик. Қиш бўйи у деярли
уйдан чиқмаган эди. Унинг қўли, қовоғидаги шишлар бироз қайтиб қолган. Барибир
нимжон, карахт эди. Қорни билан бошидаги шишлар ҳали қайтгани йўқ.
– А-а-акааа, уйимизни кияйлик, – деди зўрга.
Шу тобда ўзимнинг ҳам уйимизни кўргим келиб турган эди. Мен уни ҳовлимизга
етаклаб ўтдим. Бир неча йилдан бери туширилмаган узум новдалари ишкомларда
осилиб ётибди. Ишкомлар ҳам ҳар томонга қийшайиб, қулай-қулай деб турибди.
Иккимиз етаклашиб уйга кирдик. Қишда томдан роса чакка ўтибди. Мана бу ерда,
токча олдида мен ётардим, ўртада Хосият. Дераза олдида ойимнинг ўрни бўларди.
Энди эса ойим йўқ. У киши ана шу токчада турадиган халтадан қурут олиб берарди.
Қурут бирам ширин эди-ки…
Захлаб кетган шифтдан лой парчалари кўчиб тушибди. Нимагадир юрагим
ғашланиб, кўнглим бузилди. Эҳтимол, дадам бўлганда бундай бўлмасмиди? Дадам
ҳар йили томни сувар эди. Уни бирам соғиндимки. Айтишларича, у узоққа кетган
экан. Хат ҳам ёзмайди.
– Ойим қани? – Хосиятнинг овози хаёлимни бўлди.
– Сенга аввал ҳам айтган эдим-ку, ҳадеб сўрайверма, деб. Ойимнинг тоблари
йўқ. Даволаниш учун узоққа кетган.
– Биз ҳам узоққа бойайлик, ойимни кўямиз. Ойим ҳам бизни соғиниб йўлимизга
қайаб ўтийгандий. Ахий, у кела олмайди дейсиз-ку. Ойимни соғиндим, оббойинг,
ака, жуда кўйгим келаяпти.
– Хўп, обораман, тоғам келса сўрайлик-чи, нима деркин, – шундай деб Хосиятни
чалғитмоқчи бўлдим. Бироқ кўнглим бузилиб, кўзимдан ёш қуйилиб келаверди.
Мен кўзёшларимни Хосиятдан яширмоқчи бўлардим. Сезиб қолса, у ҳам менга
қўшилиб йиғлайди-да.
Синглимни етаклаб, ҳовлига олиб чиқдим. Иккимиз ҳам онасидан адашган
қўзичоқлардек атрофга олазарак кўз ташлардик. Худди ҳовлининг бир бурчидан
ойим чиқиб келадигандек…
Тоғам билан Сайфиддин келиб қолди. Йиғлаганимни сездириб қўймаслик учун
ерга қараб олдим.


Мактабдан келсам, тоғам бузоққа нўхта тикаётган экан. Янгам урчуқ йигириш
билан овора. Думини аранг судраб юрадиган бароқ мушук ерда у ёқдан бу ёққа
думалаётган калавани эринибгина оёғи билан туртиб-туртиб қўяди.
– Ҳа, савил, озгина қолганда ипи узилиб кетди-я, – тоғам хира кўзлари билан
сақичга бўялган ипни игна кўзидан ўтказа олмай хуноб бўлди.
– Менга беринг ўтказиб бераман, – тоғамнинг қўлидан ипни олиб бир зумда
ўтказиб бердим.
– Яша бўтам, омон бўл. Мен ҳам сендек пайтимда ойнинг ёруғида игнага ип
ўтказардим. Ёшлик ана шундай мўъжиза-да, –- бошини ирғаб нўхта тикишда давом
этди, тоғам. – Кеча Олим тегирмончининг қизи Муқаддамни кўрган эдим, бечора
турнадек озиб кетибди. Кўзлари менда-ю, хаёли бошқа ёқда.
– Ахир у шўрликка ҳам осон эмас-да, нақ уч кунлик келинлигида эрини урушга
кузатди-я, беозоргина, – гапга қўшилди янгам. – Бош қаттиқми, тош қаттиқ деганда,
бош қаттиқ дегани ҳақ экан. Инсон боласини сабрига Эгамнинг ўзи тўзим бермаса,
биз бандаларни қўлидан нима ҳам келарди.
– Муқаддам кунига неча-неча одамга хат элтиб беради. Лекин ўзига салкам
бир ярим йилдан бери хат келмайди, – ипнинг тугунини тиши билан узиб, тоғам
гапида давом этди. –Ўзи мўмингина қиз. Хат ташувчиликни ҳар ким қилавермайди,
жонингга тўзим бергур на қишнинг совуғини, на ёзнинг иссиғини писанд қилади-я.
Уни устида қора хат деган бало бор! Нима бўлса ҳам эри омон бўлсин-да. Эй,
Парвардигори Эгам, бу қандай кундир-ки, бир парча қоғозга неча-неча кўзлар зор-
интизор қиласан!
– Ҳа, айтгандай эшитдингизми, отаси, Жалил исқирт Муқаддамга кўз олайтирган
эмиш. Магазинга чақириб, суйкалмоқчи бўлибди. Муқаддам ориятли эмасми, нақ
таъзирини берибди-да, азамат. Оғзи-бурни қонга бўялган Жалил исқирт хотинига
тап тортмай, йиқилиб тушдим, деган эмиш. Бу исқиртни охирати қолмади.
Бева-бечораларнинг ҳақи кўзини кўр қилгур, исқирт, энди қасамхўрликни ҳам
ўрганибди-я!
Муқаддам опани биз яхши биламиз. Унинг эри Элдор урушга кетгунча темир йўлда
ишларди. Ҳайҳотдек ҳовлида қайнота-қайнона билан Муқаддамнинг ўзи қолди.
Тоғам иккимиз бузоққа нўхта ўтказаётганимизда, кимдир чақираётгандек бўлди.
Айвонга чиқсак, ҳовлига Муқаддам опа кириб келди.
– Шодиёржон, суянчи бер! – у қулочини кенг очиб, мени бағрига босди. –
Суюнчисига битта ўпай, – хат ташувчи опа бетимдан тинмай ўпарди. – Мана дадангдан
хат! – Унинг овози қалтираб чиқар, хат ушлаган бармоқлари дилдирарди. – Ойингга
қорахатни мана шу қўлларим билан келтириб берган эдим, – Муқаддам пиқирлаб
йиғлаб юборди. – Хайрият даданг тирик экан, мана хат келди, хат!
У жавдираб турган кўзлари билан менга термилди. Хатни қўлидан олдим-у,
нима қиларимни билмай қолдим. Бир зумда дадам кўз олдимга келди. Ойим тандир
қураётганда лой кечиб, кетмонга суяниб турган қиёфасини элас-элас кўз олдимдан
ўтди. Эҳ-ҳе, унга қанча вақт бўлди…
– Тоға, янга, Хосият! Дадамдан хат келди! – овозимнинг борича қичқирдим.
Назаримда хатни очсам, ичидан дадам чиқиб мени бағрига босаётгандек бўларди.
Севинчдан нафасим бўғзимга тиқилиб, энтикаман. Қанот чиқариб осмонга учгим
келади. Осмоннинг бир четида паға-паға оқ булут сузиб юрибди. Шундоқ тепамизда
арғимчоқ солиб турналар учарди.
– Турналар пастлаб учаётибди, – деди тоғам осмонга боқиб. – Бу яхшилик
аломати. Келаётган йилимиз хайрли бўлади.
Турналар ҳовлимизнинг устидан учиб ўтди. Уларнинг “қур-эй, қур-эй” деган
овози қулоғимга “ур-эй-й, ур-эй-й” деб кирарди.


Абдусаттор СОДИҚОВ 1953 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент
давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган. “Орият”, “Болалигим –
беғуборлигим”, “Тушларимга киринг, онажон”, “Тарбиявий соат”, “Яхшидан боғ қолади”
каби китоблари чоп этилган.

№: 04, 2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *