Салима ЖУМАЕВА

ИНСОН ҚАДРИ
ёхуд унинг ҳурлиги ва
қуллиги ўз қалбида

Болалар учун ҳам, катталар учун ҳам баравар ижод қилиб келаётган адиб
Абдусаид Кўчимовнинг сара асарлари китобхонни мустақил фикрлашга,
ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди. Қадриятлар деб аталган ҳодисаларни
қайта баҳолаб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишга ўргатади.
Навқирон авлод вакилларини оддий ўқувчидан китобхон ўқувчига айлантиради.
Ёзувчи ижодида давримиз қаҳрамонларининг маънавий қиёфасини тасвирлашда
руҳий таҳлил ва фалсафий теранликка интилишнинг ўзига хос мазмун ва моҳият
касб этаётганлигига гувоҳ бўламиз.Унинг “Пешона” номли қиссаси ана шу
тоифа асарлар жумласига киради.
Мазкур асар адибнинг кўп йиллик меҳнат самараси сифатида дунёга келган.
Қисса икки боб, ўн беш фаслдан иборат. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,
“Пешона” қиссасида тасвирланган воқелик ўзбек адабиётида деярли тилга
олинмаган мавзу – қариялар уйидаги ўзига хос ҳаёт тарзи ҳақида. Унда ёзувчи
асар бош қаҳрамони Расул Қодировнинг аччиқ қисмати, қалб кечинмалари
ҳамда руҳий изтиробларини очиб бериш асносида муҳим ҳаётий ва ижтимоий
масалани кўтаради. Шунингдек, асарда инсоннинг ижтимоий-маиший ҳаётдаги
таназзули жамиятга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаслиги ҳақида мушоҳада
юритилади. Қиссада бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири – инсон
қадри мавзуси қаламга олинган.
Инсон қадри, унинг манфаат ва эҳтиёжлари билан боғлиқ масалалар барча
даврларда долзарб бўлиб келган. Одам боласининг шахсга айланиши, ўз ва
ўзгалар қадрини англаш масаласи ҳамма вақт баҳс ва мунозараларга сабабдир.
Чунки тарих ҳам, тарихий тараққиёт ҳам инсон фаолиятга дахлдор. Барча жараён
– ўзгариш, яратиш, бунёдкорлик ишлари инсон саъй-ҳаракати, ғайрат-шижоати
ва дунёқарашига боғлиқ. Адабиётшунос Д.С.Лихачёв қайд этганидек, “…давр
инсонни четлаб ўтиб, ҳеч нарса ярата олмайди. Давр инсон ва унинг мақсади
орқали таъсир омилига айланади. Бунда у ҳар кимга ҳар хил таъсир кўрсатади.Чунки турли даврда инсонларнинг жамиятда тутган ўрни турличадир”1. Бу
жараёндаги ютуқ ва камчиликларни, ижтимоий-сиёсий қарашларни инсон қалб
туғёнисиз, изтиробисиз, маънавий дунёсисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
“Пешона” қиссасида кўтарилган муаммо майда эмас, умумаҳамиятга молик
бўлган масаладир. Асар заминида инсон қисмати ётади. Австриялик буюк адиб
ва мунаққид Стефан Цвейг эътироф этганидек, “… Санъатнинг боши ҳам, охири
ҳам ИНСОНдир”2. Демак, адабиёт – инсоншунослик экан, адабий асардаги
образлар ҳаётдаги кишиларнинг феъл-атворига – характерига мувофиқ келиши,
энг асосийси, ҳаётий бўлиши талаб қилинади.
Адабиётшуносликка оид асарларда характерлар оламини яратиш ёзувчининг
ўзлигини танишига, руҳияти қатламларидаги сирларни билишига, уни тадқиқ
ва таҳлил қила олишига ва ғоявий-бадиий ниятини очиб берадиган қилиб
тасвирлаш санъатига боғлиқ эканлиги қайд этилади. Айтмоқчи бўлганимиз,
ёзувчи асарнинг биринчи саҳифасидан бошлаб ўз олдига қўйган масалалар
моҳиятини қаҳрамонлари руҳий олами таҳлили орқали очиб беришга киришади.
“Пешона” қиссасида Расул Қодировнинг қариялар уйидаги турмуш тарзи дўсти
Элбек ва бошқалар атрофидаги хотираларга боғлиқ ҳолда баён этилади. Ёзувчи
воқеаларни шунчаки баён қилмайди, балки кенг кўламли ҳаётий лавҳаларда
жонлантиради. Мавзуга ёндашувда инсон қадри, мақсади хусусида тўхталар
экан, айни пайтда ҳаётдаги салбий ҳодисаларни юзага келтирган сабабият туб
илдизини ёритишга интилади.
Ёзувчи асар қаҳрамонини ўқувчига таништиришда унинг таржимаи ҳолини
баён этишдек анъанавий усулни қўлламайди. Билакс, Расулни дастлаб қариялар
уйида кўрамиз, унинг шу ердаги ҳаёти билан танишамиз. Воқеалар ривожида
Расулнинг ҳаёт мураккабликлари ва инсон қисмати ҳақидаги қарашлари,
фалсафий мушоҳадаларига қулоқ тутамиз.
Асар воқеалари Расулнинг ўғли Давроннинг телефон орқали билдирган нохуш
бир хабар билан бошланади:
“ – Адамла сизни сўравоттила. Бораркансиз. Зарур ишлари боракан, – деди
Даврон.
– Адангиз қаерда?
– Қариялар уйида.
– Қариялар уйида?! Нима қилади у ерда?
– Уч йилдан ошди. Ўшағдала…
– Нега шу пайтгача айтмадинглар?
– Адам ҳеч кимга билдирманглар, деб қаттиқ тайинлагандила.
– Адреси?!
У айтди.
– Битта илтимосим бор эди, – деди Расул ётган манзил-маконни тушунтириб
бергандан кейин Даврон. – Борганингизда адамлани бир амаллаб кўндиринг,
уйга қайтсинла…”
Бу кутилмаган совуқ хабар Элбекни тамомила гангитиб қўяди: “Қўлидаги
телефон гўшагини жойига қўйишниям-қўймасликниям билмай, нуқул: Расул
қариялар уйида. Қариялар уйида… Расул-а, Расул! Ё тавба!”, деб минғилларди. Расулдай одамни қариялар уйига бориб қолиши тасаввурига сиғмас,
сиғдиролмасди”3.
Қиссада воқеа ва характерлар шу даражада мураккаб ва чигалки, уни бир
хил қолип асосида баҳолаб бўлмайди. Жумладан, асар бош қаҳрамони Расул,
бир томондан, муҳтожлик исканжасида қолган муте, шахсий муаммолари билан
банд кимса сифатида намоён бўлса, иккинчи томондан, у ғоят сермулоҳаза,
қайноқ ҳаётга фаол муносабатда бўлувчи, илм ва ижодда катта тажрибага эга
бўлган мутахассис сифатида гавдаланади. Шунингдек, Расул образида инсоний
фазилатлар билан бирга инсоний заифликлар ҳам кўзга ташланади. Аслида
унинг қариялар уйига келиб қолиш сабаби ҳам ана шу жиҳатлар билан боғлиқ.
Бир вақтлар оила тўкис эди. Бир ўғил ва бир қизнинг отаси, севган касб-кори,
кеч кирганда, ҳориб-чарчаб ошиқадиган манзил-уйи бор эди, унинг. Хотини
Мадина “Медицина” нашриётида ишлаган кезлари бир қори билан танишиб,
мутаассиблик йўлига кириб қолади. Шундан сўнг Расулга тазйиқ ўтказадиган
одат чиқаради: “Бундан кейин олди-қочди фантастикангизни йиғиштирасиз,
мен диний китоблар олиб келаман, сиз таҳрир қиласиз, шу ерда – уйда ишлайсиз,
уйдан кўчага чиқмайсиз, деган таҳдидлару талаблар” қўя бошлайди… Хуллас,
оила парокандаликка юз тутди.
Ўғли-ку, йўлини топиб кетди. Ҳаммадан ҳам қизининг тақдирига куйинади.
Йигирма еттига чиқди қизи. “Нега ушлаб ўтиради бахтини тўсиб? Ўқишга
киролмаса, ишга киролмаса?! Нинза қилиб ўраб-чирмаб ташлаган, икки
кўзидан бошқаси кўринмайди. Тўй-томошадан маҳрум, бир жойга боролмайди,
дугонаси йўқ ўйнаб-кулай деса, бировга аралашолмайди”4.
Элбекнинг бошида ўнлаб саволлар айланади: “Айб ўзингизда экан, жўражон!
Хотин мутаассиблик кўчасида шу қадар ичкарилаб кетадию, эр билмайдими?
ёки бир уйда яшаб туриб сезмадингизми? деган саволига – “… Пайқаганман.
Лекин бу даражага етади, деган ўй етти ухлаб тушимга кирган эмас. Мусулмон
аёлнинг тоат-ибодатдан, исломий таълимотдан хабардор бўлиши хайрли, деб
ўйладим”5, дея мужмал жавоб беради.
Воқеалар давомида ёзувчи ўз ўқувчиларини ҳаёт зиддиятларини биргаликда
муҳокама қилишга чорлаётгандек бўлади. Чиндан ҳам шундай. Муаллиф талқини
китобхонларда жуда жонли мунозара уйғотади: юзага келган муаммоларни
“мазмуннинг шакли бўлган характер”6 ички дунёси орқали тадқиқ ва таҳлил қилади.
Шу ўринда Ғафур Ғуломнинг “Ёзувчи қаҳрамоннинг ички дунёсини тасвирлар
экан, ўз тажрибасига суянади. Зеро, бу тажриба қанчалик кенг бўлса, қаҳрамоннинг
ички дунёси ҳам шу қадар бой бўлади”, деган қайдларини эсга оламиз.
Абдусаид Кўчимовнинг бадиий маҳорати шунда кўринадики, асарда инсон
ички дунёси тасвирида реал ҳаётга ишора мавжуд. Асар моҳиятида ижодкор
дунёқараши, ижодкор ва муҳит, ҳаёт ҳақиқати ва бадиий ҳақиқат каби масалалар
ўзаро уйғунлашган.
Ҳаёт ҳақиқати асарда ҳар доим ҳам бадиий ҳақиқатга айланавермайди.
Чинакам бадиий ҳақиқат эса ҳамиша ҳаёт ҳақиқатига мос келади. Шу
маънода, бадиий ҳақиқат – ёзувчининг ижодий нияти асосида қайта ишланган,сараланган, сайқалланган ҳаётнинг ўзидир. Чунки ижодкор ҳаётдан тўғридан-
тўғри нусха кўчирмайди, балки унда ҳақиқатга яқин янги бир дунё яратади.
Бошқача айтганда, ҳаётий ҳақиқатдан бадиий ҳақиқат яратади. Ҳаётий факт
ва ҳодисаларни ўз тасаввури, тажрибаси, дунёқараши билан бойитади. Ҳаётни
айнан китобхон кўз ўнгида жонли ва реал, ишончли ва таъсирчан, мукаммал ва
яхлит қилиб гавдалантиришни мақсад қилади.
Расулни бу даргоҳга дўсти шоир Сайид Мурод жойлаштирган. “…Сиз уни
танирдингиз. Тилло одам эди. Икки ойча бўлди, кетди бу дунёга мени ёлғиз
ташлаб… Бу жойнинг аввалги директори Саид билан оғайни экан, келишим
билан Саид туфайли манга хонтахта беришди, эски бўлсаям холодильник
беришди, китобларимга жавон опкелишди… Фақат бюджетмас, платнийман.
Бу ердагиларнинг асосийлари бюджетниклар. Улар давлат қарамоғида
ҳисобланади, барча диққат-эътибор уларда. Озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-
дармон – ҳаммаси уларга текин, бепул. Биз – платнийлар еган-ичганимиз,
ётган-турганимиз учун ёнимиздан тўлаймиз”.
“Саид… буюртмачилар топиб келарди-ю: “ Мана сизга иш. Ҳар саҳифаси
ўн мингдан. Ярми сизга, ярми бизга”, дерди очиқ-ойдин. Рози бўлардим жон-
жон деб. Буюртмачи топиш, қўлёзмаларни компьютерда кўчиртириш, ўртадаги
борди-келдилар…Ўзи бўладими?
– Саид ишлар топиб берарди, деяпсиз. Қанақа ишлар?
– Сизга қандай тушунтирсам экан… – Расул чаккасини қашиди.
– Биринчидан, ўзим ёзганларимга харидор топиб, сотарди. Кейин, масалан,
битта олим. У вақти-вақти билан ўз соҳасига доир китобми, рисолами,
қўлланмами чиқариши, ҳеч бўлмаса, бир-иккита илмий мақола ёзиб туриши
керак. Лекин иши кўп, вақти йўқ. Ёки ёзишга эринади, ёзиш қўлидан
келмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Саид шунақаларни топарди. Буюртмачилардан
керакли адабиётларни опкеларди. Кейин, биргалашиб режа тузволганимиздан
кейин, мен ўтириб ёзардим. Топганимиз ўртада эди”.
Буни қарангки, китоб ўша буюртмачининг номидан чиқади. Чунки,
Расул учун кимнинг номидан чиқиши муҳим эмас. Уч ярим йил ичида ёзган
13та китобнинг барчаси буюртмачилар номидан чиққан. Унга пули керак.
Мардикорликнинг ўзгача шаклда кўриниши!
Эътиборли жиҳати шундаки, қисса шаҳар ҳаёти ва зиёлилар фаолияти ҳақида
ҳам муайян бир тушунча – тасаввур уйғотади…
Илм ва ижодда мукаммаликка эришган, аммо муҳтожлик исканжасига
тушиб қолган Расул тирикчилик илинжида риё ва қаллобликнинг ажабтовур
усулларини ўзлаштирган “дўст”лари учун тер тўкиб, ижод қилади.
Элбек туппа-тузук одамларни ҳам йўлдан оздирган, яна кўпгина ножўя,
тубан қилмишларни, одам билан одамнинг шунчалик тафовут қилиши
мумкинлигини ўзича аччиқ мушоҳада этиб, бу айнишларнинг туб сабабларини
ақлига сиғдиролмай хуноби ошади.
“Мени бу даргоҳга келишим ҳам тасодиф эмасга ўхшайди – тақдир битиги.
Биласизми, бу ердаги одамларнинг ҳар биттаси битта китоб. Ёзилмаган китоб.
Шу кунгача биронта ёзувчимиз бу дунёга қайрилиб қараган эмас…
Бу ҳаёт очилмаган қўриқ сингари ўз кашфиётчиларини – ёзувчиларини кутиб
ётибди. Мен бу ҳақиқатни шу ерга келгандан кейин англадим. Тақдир мени
шу қўриқни ўзлаштириш учун юборган кўринади. Кўнглимга келиб турибдики,
қариялар уйи ҳақидаги китобим ҳадемай қоғозга тушади.Эҳ, оғайни, билмас эканмиз, шунақа бойваччалар борки… Келаркан-да:
“Бир ойга тўрт юзми, мана сизга беш юз! Бир йилини олдиндан тўлайман,
фақат онамни эшикдан ташқарига чиқармайсиз, бормасин уйга!” деркан7.
“Рўпарамдаги хонада Марям хола деган ёши саксондан ошган кампир
яшайди. Болалиги болалар уйида ўтган экан, қарилиги бу ерда ўтяпти. Холанинг
қисматини билган заҳоти миямга урди. Оҳ, дедим. Болалиги у уйда, қарилиги
бу уйда ўтган бўлса, ўртада инсон умри қаерда қолди, қани у умр?!8
Қиссада Расулнинг аҳвол-руҳиясини тасвирловчи лавҳаларда унинг
характерида жамланган қаъиятсизлик ва бесаранжомлик, алам ва умид
қирралари очила боради. У ўзигагина аён бўлган маҳрумликлар ҳақида фалсафий
мушоҳадалар юритади. Хусусан, у бир ўринда ёлғизлик ҳақида сўзлай туриб,
ҳаётга чанқоқлик хусусида ўй суради.
“Ёлғизлик… Ёлғиз яшамоқ!.. Қандай азоб! Мен бу дўзах азоби нималигини
ижара уйларда ойлаб якка ўзим қолиб кетганда эмас, мана энди – ёшим
олтмишдан ошганда тушундим…
Ёлғизликни эсламаслик учун намозга ўтмоқчиман, тайёргарлик кўриб
қўйдим. Саид тасбеҳларгача келтириб берган. Фақат фикрларимни йиғиб
олай, ҳардамхаёлликдан қутулай, хотиржамроқ бўлай, кейин бошлайман, деб
турибман. Бунинг учун, биринчи навбатда қарзлардан қутулиб, бюджетга ўтиб
олишим керак. Қарзим уч миллиондан ошган, ҳайдаб юборишлари мумкин…
– Бундан ҳам тўғрироғи – уйга қайтиш! – Элбек бу гапни айтмоқчи эмасди.
Лекин беихтиёр оғзидан чиқиб кетди”9.
Элбекнинг барибир уйга қайтмасангиз бўлмайди, деган қистовига: “… ҳар
қанақа одамда одамгарчилик деган нарса бўлиши керак. Мен болаларимга айни
керак бўладиган пайтда – йигирма йил давомида кўчада юрдим. Уйдагиларга
бир тийинлик ёрдамим тегмади. Энди қайси юз билан бораман?”10 деб жавоб
беради.
Расулнинг бу ҳолатини — қалб изтиробини, ҳасрат, хўрлик, ҳақоратни
талабалик давридаги хотиралар жонлантиради.
Талабалик даври хотиралари… У беҳад самимий, қизиқувчан, ҳамма нарсадан
фазилат изловчи, ҳаммага ғамхўр, ҳавас қилмай бўлмасди унга. Курсдаги
қизларнинг деярли ҳаммаси унинг атрофида гиргиттон. Шу тарзда хотиралар
асар қисмларини, воқеаларини занжирдек бир-бирига боғлайди. Булар ўша
ёш Расул харак теридаги ҳаёт ҳақиқатига фавқулодда тийрак кўз ва куюнчак
муносабатидан далолат берувчи хотиралар эди.
Қиссанинг яна бир қаҳрамони Элбекнинг шахсий кечинмалари ҳам
эмоционаллик билан баён қилиниши ва мушоҳадага бойлиги билан китобхонга
кучли таъсир кўрсатади, ўзини ўраб турган муҳитга ўзгача кўз билан қарашга
ундайди. Хусусан, дўсти Расулнинг қариялар уйидалиги ҳақидаги хабар
туфайли унинг тасаввурида туғилган туғёнлар тасвири ниҳоятда ҳаяжонли:
“Элбек “Қариялар уйи” деганлари қанақа бўлар экан, деган қизиқиш билан
теваракка серсолиб-серсолиб борди… Панжара девор ёқалаб бориб, пештоқида
“Республика меҳнат ва уруш фахрийлари пансионати” деган пешлавҳа илинган дарвозага етди. Бунақа манзилларга қадами тегмаган барча сингари, қариялар
уйи ҳақидаги тасаввур унда ҳам бўлакча – ғамгин ва туманли эди. Ҳар қадамда
соқоли оқариб, сочлари тўзғиган кексаларга, ҳассага таяниб қалтираб турган
озғин, ночор, оч-наҳор, тузукроқ кийинмаган жулдурчопон, мунгли кўзлари
киртайган майиб-мажруҳ, қаровсиз, сил касалига чалингандай бемажол, зўрға
ҳаракат қилиб тишсиз оғзидан овқат оқиб кетаётган, бир оғиз илиқ сўзга муҳтож
қари-қартангларга рўпара келаман деган хаёлда эди. Аммо дарвоза биқинидаги
дарчадан ичкарига кирганидан сўнг, атрофдаги сокинлик, осойишталик ва
йўлак-майдон теварагида чамандай оппоқ бўлиб очилган қатор ўрикларга кўзи
тушганидан кейин ғариб ўйлар сал-пал чекингандай бўлди”.
Қиссанинг бадиий қиммати – образларнинг тўлақонлиги, конфлектнинг
ўткирлиги, композициянинг ихчам ва аниқлиги, боб ва фаслларнинг
мутаносиблиги, асар тилининг жонлилигида яққол намоён бўлади. Муаллиф
асар учун бош ғояни ифода этувчи образлар ва ситуацияларни топа билган
ҳамда ҳаётий лавҳаларда, ишончли ва таъсирчан тарзда гавдалантирган.
Асарнинг иккинчи бобида икки хил характердаги тоифани ифодаловчи
шахслар бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Бир томонда Янги бой, иккинчи
томонда Расул. Янги бой – жоҳил, тубан, нодон. У гарчи ўзини қобил фарзанд
деб билса-да, қаршисидаги отаси тенги инсон – Расулнинг устидан кулади,
масхаралайди. Уни киноя аралаш пичинг сўзлар билан ҳақоратлайди. Уни
руҳан эзиб, азоб беради.
Чингиз Айтматов “Оқ кема” қиссасида “…Ўрозқулдек кишиларни кечириш
керак эмас. У паст, ярамас одам. Бундай кишиларни аллақачон дарёга ташлаш
пайти келганлигини ҳеч ким пайқамайди”, деб афсусланади. Шунингдек, асарда
адиб Ўрозқулга ўхшаган ёвуз ниятли одамлар гўзал қалбли инсонлар устидан
ҳукмрон бўлганликлари учун уларни йўқотиш қийин, чунки, Ўрозқуллар
Мўмин бува каби яхши ниятли кишилар ҳали курашиш қобилиятига эга
эмасликларини яхши биладилар, деган хулосани илгари суради. Мўмин бува
сингари кишиларнинг ҳаддан ташқари мўминлигини алам билан тасвирлайди.
Қиссада Расул характеридаги ожизликни, беқарор ва оромсизликни, яхши-
ёмонни тезда ажратиб олмаслик каби хусусиятларини очишга қаратилган
лавҳалар талайгина. Унинг характерини янада кенгроқ, янада чуқурроқ очишга
дахлдор бундай эпизодларда ёзувчининг шахсий кузатишлари мужассамлашган.
Айни ўринларда ёзувчи Расулнинг тақдир кечмишларини ўз дунёқараши, ҳаётий
кузатишлари, тажрибасидан келиб чиқиб ҳикоя қилади. Китобхон эса қисмат
деган тушунчани Расулнинг қалб кўзгусидаги инъикосига қараб баҳолайди,
ўзича хулосалар чиқаради ва ёзувчи ниятини туяди.
“ – Китоб ёзадиган ошнам бор девдинг, қани ўша?! – одатдагидек салом-
аликни ярим-ёрти қилиб дарров мақсадга кўчди Тошхўжа. – Тирикми? Тирик
бўлса, тезда топиш керак. Зўр харидор бор…”
“Тошхўжа дазмол деган мукофот бекорга эмас – ҳамма муаммони тўғрилаб
ташлайди. Қаранг, Расулга жони ачиб, иш топибди. Эврилишлар жараёнида
бахти кулиб, номдор бизнесменга айланган Янги бой – Суннатилла шакарчининг
отаси 60 ёшга кирган экан, Суннатилла бой оқибатли фарзанд эмасми, отасининг
серқирра ҳаёт-фаолияти тўғрисида китоб чиқармоқчи.
Қисқа салом-аликдан сўнг Элбек зимдан Янги бойга разм солади. “…Тўғри
кўриниши жа қўрқинчли ёки кўримсиз эмас… ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги,
оқсариқдан келган, ўркач бурунли бир киши. Лекин кўзлари… Кўзлари иккита тубсиз қудуқдек чуқур ва совуқ… Элбекка барисидан кўпроқ ёқмагани – тақир
боши билан юзидаги беғам, бепарво нимтабассуми бўлди… атрофдагиларга
менсимай, осмондан қараб энсангни қотиради бу қавмга товун кимсалар…
– Аҳволингиз тушунарли, – деб дарҳол мақсадга кўчди Янги бой.
У Расулнинг ғарибона ҳужрасига қадам қўйган заҳоти ҳамма гапга
тушунган эди. – Сизга пул керак. Бизга – китоб. Шундайми? Зўр ёзсангиз,
айтганингизни бераман. Керак бўлса, манов етим кулбангизниям ремонт
қиламиз. Лекин, олдиндан айтиб қўяй, мен сичқон-пишак ўйнашни ёмон
кўраман. Айтилган иш – айтилган вақтда бўлиши керак, – деб спортча
шимининг пистон чўнтагидан бир даста юзталик доллар чиқарди, иккитасини
суғуриб олиб Расулга узатди. – Ушланг. Икки юз! – Роҳатланиб, завқ-шавқ
билан тантанали суратда хитоб қилди у. – Ҳозирча. Етадими?
Одамзодда ота битта бўлади домла, гапим тўғрими? – Ўша нописандлик
билан давом этди Суннатилла бой. – Отадан улуғ нима бор бу дунёда? Ота
бечора умрбод болам, дейди. Болам одам бўлсин, менга шон-шуҳрат опкелсин,
дейди, ўзи емай, боласига едиради, шундайми? Сиз ўқиган, олим одамсиз,
жуда яхши тушунасиз гапларимни. Отаки, бор-йўғини боласига сарфлагандан
кейин, болаям отаси олдидаги қарзини узиши керакми ё йўқми? Керак! – қўли
билан ҳавони кесиб-кесиб ақл суқди Суннатилла бой. – лекин-чи, ҳозир кўп
ёшлар ана шу бурчни эсидан чиқариб қўйган. Бунинг сабаблари бор, кўп.
Биринчи сабаб, ота-онанинг ўзи. Ота боласига қарамайди, тарбия бермайди.
Эсини еган оталар ҳам борки, улар ўз пушти камаридан бўлган болаларини
ташлаб, мегажинларга эргашиб кетади. Гапим ёлғонми? Сиз кўпни кўрган
одамсиз, билсангиз керак, а? – Найзадай нигоҳини Расулга санчгудай бўлиб
савол берди Бой. – Ёки нотўғри гапиряпманми?
Расул изиллаган қаҳратон кунида устига бир челак сув қуйилган одамдай
қунишиб, бир бурда бўлиб қолди. Оппоқ сочли калласи елкалари орасига
кириб кетди”11. Айни шу лавҳа асарнинг асосий ғоясини ифодалашга хизмат
қилади.
“Биззи бобой баланд идораларда, катта мансабларда ишлаган эмас.Олим ёки
ёзувчи-шоирликнинг кўчасидан ўтган жойиям йўқ. Почтачи бўлган. Авввал
эшак миниб, кейин валасапит ҳайдаб хат, газит-журнал ташиган.Унвон,
медал-седал олган эмас. Ҳештимани қотирган жойи йўқ мундай қараганда”12.
Шу ўринда Неъмат Аминовнинг “Ёлғончи фаришталар” қиссаси
қаҳрамонлари Баширжон Зайнишев ва Шамси Тўраевич образлари кўз ўнгимизга
келади. Шамси Тўраевич аслида саводсиз, киши кўзига ўзини билимдон қилиб
кўрсатади, вазиятни доим ҳисобга олиб жуда нозик ҳаракат қилади. У ҳатто
отасининг таъзиясида ҳам теварак-атрофдан ҳадиксираб ортиқча диний расм-
русмларга йўл қўймайди. У отаси қабрига Баширжон томонидан ёздирилган
ёдгорлик тошидаги диний ибораларни кўрганда қўрқиб кетади. Баширжон
обрў оламан, деб ишлаттирган ёдгорлик тоши Шамси Тўраевичнинг бир
ишорати билан йўққа чиқарилади. Баширжонга оғир бўлса ҳам, ёзувни
замонавийлаштириб келиш вазифаси турарди. У катта чиқим эвазига ёдгорлик
тошини қайта ёздиради. Бундан Шамси Тўраевич ичида жуда хурсанд бўлган
бўлса ҳам, сир бой бермай Баширжондан хийла нолиб қўяди. Бу шахслар руҳиятида уларни бир-бирлари билан яқинлаштирадиган, бирлаштирадиган
умумий иплар бор, назаримизда.
“Янги бойнинг овозидаги пўписа Расулни дарров ҳушига келтириб қўйди,
агар “ҳа” демаса, иш пачава бўлишини тушунди.
– Ёзамиз, ука, ёзамиз. Ҳар кун қилиб юрган ишимиз, – деди кўзларини
пирпиратиб ва худди Янги бой қўлидаги пулни тортиб оладигандай маҳкам
ғижимлаб”13.
Кекса Расулнинг имони тўлғаниб, виждони азобланиб, дилдан нидо қилиб
айтган – алам, пушаймон, исён, ўкинч, таажжуб, умидсизлик, чуқур нафрат,
айни чоғда, ички сабот, ғойибона илинж каби туйғулар мужассамлашган “Ҳаҳ…
Пешонам-а…” сўзи асар интиҳосига урғу бергандай бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, қиссада одамзод аталмиш мураккаб яратиқнинг
ички дунёси, унинг руҳий оламига хос бўлган рангин ҳис-туйғулар бадиий
бўёқларда тасвирланади. Оила қўрғонининг барқарорлиги ва мустаҳкамлигини
сақлашда ота-онанинг тутган ўрни, масъулияти, бурчи ва вазифалари яшаш
учун нақадар зарурлиги таъкидланади. Асарда софлик ва иллат, инсонийлик ва
носамимийлик, муҳаббат ва нафрат тўқнашади.
Яна бир хулоса – аслида инсон қадри, унинг ҳурлиги ва қуллиги ўз қалбида.
Ичида эрки йўқ кишининг ташқарида ҳам эркинлиги бўлмайди. Қадрсизлик эса
инсон эркини кишанлайди.
Мазкур асар китобхонга ўзлигини топиш, ҳаёт моҳиятидаги ҳақиқатни
аниқлашда, аниқроғи, сиз-у бизга ҳаёт ва инсон ҳақида сабоқ бериши билан
аҳамиятли.

___
1 Лихачёв Л. С. Текстология: На материалах литературы X–XVII веков. – Л. : Наука,
1983, С.37.
2 Саидмуродов С. Адибнинг сўнгги нуқтаси. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат
нашриёти.1979.55-бет.
3 Кўчимов А. Бинафша. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017, 100-бет.
4 Ўша манба, 155-бет.
5 Ўша манба, 163-бет.
6 Султон И. Адабиёт назарияси. – Т.: 1980. 180-бет.
7 Кўчимов А.Бинафша. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017, 173-бет.
8 Ўша манба, 173-бет.
9 Ўша манба, 181-бет.
10 Ўша манба, 189-бет.
11 Ўша манба, 345-бет.
12 Ўша манба, 345-бет.
13 Ўша манба, 347-бет.

___
Салима ЖУМАЕВА 1965 йилда туғилган. “Таълим жараёнида мифологик
образларни ўрганиш”, “Халқ эртакларига тарихий ёндашув”, “Халқ эртакларида
образлар талқини” номли ўқув-услубий қўлланмалари, юздан ортиқ илмий ва илмий-
методик ҳамда йигирмага яқин публицистик мақолалари хорижий ва республикамиздаги
журнал ва тўпламларда нашр этилган.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019, 04 сонидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *