Равшан ФАЙЗ

СЕНГА АТАЛГАН ГУЛЛАР

Туркум

1

Бўйладим, баҳодир бойчечак билан,
Чучмома йўл қараб сўлди, сарғайди.
Қизғалдоқ қувради – ўчирилди гулхан,
Сўнг яна турналар келдилар қайтиб.

Сен эса, қайдадир югуриб-елдинг,
Менинг ҳам бағримда кезди довуллар.
Лекин, сен билардим, барибир, келдинг,
Барибир, турибман – ҳамроҳим гуллар.

Сен келдинг – дўппимни ютди бу осмон
Ва олиб қолганим шу бўлди асраб.
Фақат гулдастам кўп рангсиз, сертикон,
Фақат гулларимнинг ҳаммаси ҳасрат

2

Кўнглимда ниш уриб, муқаддас бир гул
Шўх-шаън кўзларимда болалик тинди.
Мени учратганлар танимай буткул,
Юрагим тафтига қушлар исинди,
Ўн олти ёшимда сени ахтардим
Ва йилларим куйди келар йўлингда.
Сени кўргим келди.
Кутдим.
Келмадинг.
Бойчечак бойланиб, қолди қўлимда.
Кетмадим – болалик энди ёдимда,
Кутдим.
Кўзларимга соғинчлар инди.
Улкан бўшлик сезиб гул ҳаётимда,
Айниқса, тунлари ўрнинг билинди.

3

Шаҳарга тушганлар қайтдилар оғир,
Қуёш қонга ботиб кўксини тўкди.
Атрофга оҳиста тўшалди бир сир,
Атрофга тим қора сукунат чўкди.

Тунку – табиатнинг хаёлкаш қизи:
Кутди сочин ёйиб, кутди серғулув.
Мени қитиқлади сочлари узун,
Кутдим.
Сен тундан пок.
Сен тундан сулув.

Кутдилар қамишлар чалиб сивизға,
Ётмади, ётмади шамол – жунуним.
Кейин тоғлар ойни қилди исирға,
Келмадинг,
Сочлари оқариб кетса ҳам туннинг.

4

Сени кўргим келса, агар ҳар маҳал
Дийданг қаттиқ, дийдоринг сароб.
Қараб илғаёлмам – сен жаҳду жадал,
Сен шундай кўзларга кўринмас шитоб.

Ўтиб бораяпсан менинг умримдан
Сочларим оралаб бефарқ, бемалол.
Баъзан тегиб кетар юз-кўзларимга
Ипак кўйлагингнинг этаги шамол.

Сен менинг умримнинг ўзисан, асли,
Жони, офати ҳам ўзингсан яна.
Фақат васлинг эса, қилмайди насиб,
Яшаяпман сенда, сендан бегона.

Мен сени инсофга келар деб юрсам,
Олд-ортингга боқмай кетаяпсан сержаҳд.
Қачон меникига йўл топгайдурсан,
Айт, қачон кўриниш бергайдурсан вақт?

5

Бахтим, боролмадим ёнингга учиб,
Гарчи, чарх урмоққа қанотларим бор.
Учсам қанотимга бу дунё кичик,
Учсам шиддатимга осмон келди тор.

Ёмғирлар остида ивиб ичикдим,
Сен бунча кечикдинг, бунча кечикдинг?
Мен ҳалак, ер ҳалак яшадим аранг
Кичкина кимсасиз кўчага ўхшаб.

Чалдим, созим берди рангсиз бир жаранг,
Чалдим, оҳанг чиқди қалтираб қақшаб.
Йўқ эди ўзингдан ўзга ҳеч кимим,
Сен эса кечикдинг, сенчи кечикдинг?

6

Бир яшил ҳарорат эсар жанубдан,
Дунёни дафъатан бўлмайди таниб.
Баҳор, борлиқнику ўзгартдинг тубдан,
Лекин, менга тиккан либосинг қани?
Ўриклар, олмалар қиқир-қиқирлаб
Кийиб чиқмоқдалар гулдор кўйлагин.
Баҳор, ўтиб кетма менинг ёнимдан,
Менинг ҳам келмоқда гул-гул гуллагим.

7

Қирларда қўнғироқ чалди бойчечак,
Қўзигул овози тутди дунёни.
Ҳаммадан уятчан қизғалдоқ эса
Муҳаббат ҳақида шеър айтди ёниб.

Бошларга чамбарак бўлди қоқигул,
Пойондоз бўлдилар гиёҳу майса.
Кундай кўтарилиб кетарди кўнгил,
Фақат бир сен келсанг, фақат сен эса.

Шу тахлит, шу йўсин кечдилар мангу,
Не бахмал баҳорим, не йил – дулдулим?
Сен эса, барибир, келмаяпсанку,
Менинг қизғалдоғим, уятчан гулим.

8

Яна баҳор келди, алдади – кетди,
Ёз, кузлар ҳам қилмади шафқат.
Сўнг, қиш куни изиллаб етди,
Йил ўтди.
Сен келмадинг фақат.

Нафасимни ичимга ютдим
Ва айланиб тоқату тошга
Сени илҳақ, интизор кутдим:
Ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшда.

Бу далли дунёнинг дўнишларини
Битта ўсмирчалик тотдиму тўйдим.
Фарқламай кунларнинг бари-барини
Яшадим,
Негадир баҳорни соғинмай қўйдим.

Лекин,
Баҳор келди,
Алдади – кетди,
Ёз, куз, қишлар қилди хиёнат.
Сенга кўнглим очмоқчи эдим,
Кўчамдан ўтмадинг, муҳаббат.

Кўп кутдим.
Ич фикрим ичимда,
Кўнглимда энг ёруғ ҳасратим.
Мен уни тилимнинг учида
Йигирма олти йил асрадим.

Гул умрида бўлса ҳам ҳаққинг,
Кўкрагимни қийнади афғон.
Кел, кўкламлар этайин тақдим,
Кел, ҳеч қурса сўрагин аҳвол.

Мен умидлар бағрида мастман,
Мен орзулар қиламан такрор.
Фалон ёшга кирган эмасман,
Бекор, менинг йилларим бекор.

Нафасим ичимга ютаяпман,
Айланиб бир улкан бардошга.
Мен сени эринмай кутаяпман:
Ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшда…

_____

Равшан ФАЙЗ (1959-1995). Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган . “Ухлаётган одам”, “Ташриф” , “Кел, эй
кўнглим”, “Мен шамолни тутволдим” каби китоблари чоп этилган.

№: 03, 2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *