БАДИИЙ ТАРЖИМА – ДЎСТЛИК КЎПРИГИ

Суҳбат

Барно Бўронова: Адабиётшуносликда адабий алоқалар ва бадиий таржима
муаммоларини ўрганиш ва кузатиш ишлари назаримда, энг қизиқарли соҳалардан
бири ҳисобланади. Домла, сизнинг докторлик диссертация, монография ва юзлаб
мақолаларингиз бевосита адабий алоқалар муносабатини ўрганишга бағишланган.
Хусусан, бу сирада ўзбек-туркман, ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқаларини
ўрганишга бағишланган илмий ишларингизни эслашнинг ўзи кифоя. Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамкорлигида «Ўзбек мумтоз ва
замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб
масалалари» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Қолаверса, Ўзбекистон
Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
ташкилотчилигида «Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош
образи» мавзусидаги халқаро илмий конференциялар кетма-кет ўтказилди. Мазкур
илмий конференцияларга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан, АҚШ, Туркия,
Озарбайжон, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон каби
мамлакатлардан таниқли олимлар ташриф буюришди. Айтиш мумкинки, мазкур
анъанавий-ижодий учрашувлар халқаро адабий алоқаларни мустаҳкамлаш ва
ижодий-илмий фикр алмашувларга имкон яратади. Қайсидир маънода, анчадан
буён бундай қизғин ижодий учрашувларнинг камайиб қолгани жараёнда сезилиб
қолганди. Мазкур конференцияларнинг ташкил этилгани нур устига нур бўлди,
назаримда. Сизнингча, шу кеча-кундузда ўзбек-туркман, ўзбек-қорақалпоқ адабий
алоқаларини ўрганиш соҳасидаги ишлар кўнгилдагидек кечаяптими?
Каримбой Қурамбоев: Ҳақ гапни айтдингиз. Мен ҳам пойтахтимиз Тошкентда
ўтказилган ҳар икки халқаро конференциядан телевидение, радио сингари ахборот
воситалари орқали хабардор бўлдим. Ниҳоятда чиройли тадбирлар ўтказилди.
Бирор адабиёт йўқки, дунё адабиёти илғор анъаналарига мурожаат этмаган, ижодий
жараёни шу асосда шакллантириб, юксалтириб бормаган бўлсин. “Адабий алоқалар
– ижодий жараён кўзгуси” деган фикрда катта маъно бор.
Адабий алоқалар турли даврларда ҳар хил шакл ва мазмунда ривожланди. Бу
жараёнда юксалиш йиллари ҳам бўлди, адабий алоқаларнинг маълум даражада
унутилган даврларини ҳам кўрдик. Бу ҳақиқатдан кўз юмсак, адолатдан бўлмас.
Биргина мисол. Ғафур Ғуломнинг Қозоғистонда
бўлиши Собит Муқонов ва бошқа қозоқ адиблари билан
учрашувлари, мулоқотлари чинакам адабиёт байрамига
айланиб кетарди. Ёки Собит Муқоновнинг Ўзбекистонга
ташрифи ўзбек шоир ва ёзувчилари билан суҳбатлари,
тажриба алмашувларини ҳали ҳануз халқимиз илиқ
таассуротлар билан эслайди. Ҳатто, Собит Муқонов ва
Ғафур Ғуломнинг дўстлиги тўғрисида ўзбек адиблари
достон ҳам ёзганини биламиз. Мен фақат биргина мисол
келтирдим. Аслида ижодкорларимизнинг бундай дўстона
муносабатлари туркман, тожик, қирғиз, қорақалпоқ ва
бошқа миллатларнинг шоир ҳамда ёзувчилари билан
ҳам ўрнатилган эди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўшни
давлатлар билан муносабатларни яхшилаш, борди-
келдиларни йўлга қўйиш, чегараларни соддалаштириш
масалаларини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Ва қисқа муддатларда бу
саъй-ҳаракатлар яхши самара берди. Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон
давлатлари билан чегаралар очилди, халқларимизга барча соҳаларда ҳамкорлик
қилиш учун шароит яратилди. Қўшни давлатларга, уларнинг адабиёти ва
маданиятига ҳурмат кўрсатишнинг турли шакллари намоён бўлмоқда. Мисоллар
келтираман. Муҳтарам Президентимиз улуғ қозоқ адиби ва мутафаккири Абай
Қунонбоев ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш бўйича махсус қарор қабул қилди.
Бу қозоқ халқи ва адабиётига нисбатан ҳурматнинг бир рамзи эди. Ҳурматли
Президентимизнинг жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири, атоқли
қирғиз ёзувчиси, жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини
нишонлаш тўғрисидаги яна бир қарори шу йўналишдаги хайрли тадбирлардан
бўлди. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига улуғ туркман шоири ва
донишманди Махтумқули номи берилиб, шоирга ёдгорлик ўрнатилгани шаҳар
марказида “Ашхабод” номли махсус сайлгоҳ барпо этилгани ўзбек ва туркман
халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилгани ғоят мароқлидир. Келажакда
халқларимиз ва адабиётларимиз алоқаларини, ҳамкорликларини янада юксалтириш
учун бундан улуғ ишлар амалга оширилишига аминман. Чунки бугунги ҳаёт,
халқларимизнинг орзу-истаклари, адабий жараёнлар ҳам шуни тақозо этмоқда.
– Домла сир эмас, кадрлар тақчиллиги масаласи адабиётшуносликнинг
ҳамма соҳасида ҳам бор. Сизнингча, туркман-ўзбек, қорақалпоқ-ўзбек адабий
алоқаларини ўрганаётган кекса, ўрта, ёш авлод вакилларининг ижодий
фаолиятини бир хил баҳолаб бўладими?
– Энди ўзбек-туркман, ўзбек-қорақалпоқ адабиёти алоқаларининг ўрганилиши
масаласига тўхталсак. Мен салкам эллик йилдан бери адабий алоқалар ва
таъсирлар, бадиий таржима масалалари билан шуғулланиб келаман. Бу
жараённинг қонуниятларини озми-кўпми биламан, десам нокамтарлик бўлмас.
Шу йўналишда йигирмага яқин китоб, уч юздан ортиқ мақолалар эълон қилдим.
Тадқиқотларим ўзбек, туркман, қорақалпоқ ва рус тилларида шу давлатларда
босилган. Ҳар ҳолда адабиётшуносликнинг бу тармоғи, мазкур соҳа қалбимга
жуда яқин. Бу хусусда эмин-эркин сўзлай оламан. Бу ишларимни ҳозир ҳам имкон
қадар давом эттиряпман. Сизнинг саволингиз яъни туркман-ўзбек, қорақалпоқ-
ўзбек адабий алоқаларининг ўрганилиш ҳолатига келсак, очиғини айтсам, бу жараённинг тадқиқ этилиши ўрганилишидан кўнглим тўлади деб айтолмайман.
Назаримда, бунинг баъзи сабаблари бор. Биринчи сабаби, менимча, мустақиллик
йилларида адабий алоқаларнинг бирмунча сусайганида, қўшни адабиётларнинг
ютуқларидан баҳраманд бўлиш имкониятлари чекланиб, ўзаро таржима, ўзаро
мавзу алмашув анъаналарининг камайиб кетганида деб ўйлайман. Иккинчи
сабаби, фикримча, тил билиш билан боғлиқ. Айтайлик, ўзбек-туркман адабий
алоқалари билан шуғулланмоқчи бўлган тадқиқотчи ўзбек тилини қанчалик
мукаммал билса, туркман тилини ҳам шу даражада яхши ўзлаштирган бўлиши
шарт. Чунки адабий таъсир қиёсий таҳлил билан иш кўради. Типологик таҳлилга
тортилган асарни таржимадан эмас асл нусхасида тадқиқотчи ўқий олиши зарур.
Қорақалпоқ-ўзбек адабий алоқаларини ўрганмоқчи бўлганлар ҳам шу мезонга
амал қилиши, ҳар икки тилнинг аслиятини эмин-эркин ўқий олиши, тушуниши
керак. Шундагина тадқиқотидан кўзлаган мақсадига эришиши мумкин.
Таассуфки, бу соҳага қўл урган айрим тадқиқотчиларнинг у ёки бу тилни мукаммал
билмаслиги сезилиб қолмоқда. Натижада, адабий алоқа ва таъсир жараёнларини
юзаки, баъзида нотўғри талқин қилишига, нохолис хулосалар чиқаришига сабаб
бўляпти. Бу жараён ўта нозик, катта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.
Адабий алоқалар ва таъсирлар масаласининг етарли даражада ўрганилмаётгани
сабабини мен мана шу икки омил билан изоҳлайман.
– Бевосита бадиий таржима масаласига ўтсак, сизнингча, ўзбек адабиётидан
қайси адибларнинг асарлари муваффақиятли ўгирилди?
– Адабиёт тараққиётининг ҳамма босқичларида бадиий таржима ишларига
катта эътибор берилган ва салмоқли ютуқларга ҳам эришилган. Навоий ва Бобур
асарлари, Абдулла Қодирий, Ойбек, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров ва Худойберди
Тўхтабоев романлари, Ғафур Ғулом, Зулфия, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов
шеърияти, Тўлепберген Қайпбергенов, Иброҳим Юсупов асарлари, мен бу рўйхатни
истаганча давом эттиришим мумкин эди. Ўрни келганда бадиий таржима билан
боғлиқ таржимашунослик илмига ҳам қисман фикр билдириб ўтсам. Тадқиқотлар
яратиляпти, соҳага доир тўпламлар, китоблар нашр қилинмоқда, диссертациялар
ҳам ҳимоя қилинаётгани маълум. Лекин кузатишимча, бадиий таржимага доир
аксарият илмий изланишлар хориж адабиётидан – инглиз, немис, француз ва
ҳоказолардан ўзбек тилига қилинган таржималарни ўрганишга бағишлангандек
туюлади. Бу яхши, албатта. Лекин қўшни давлатлардаги адабиётлар (туркман,
қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ)дан қилинган таржима асарлари бўйича илмий
тадқиқотлар жуда кам ёзиляпти. Ваҳоланки, бу адабиётлардан ўзбек тилига
қилинган таржималар бир эмас, бир неча илмий тадқиқотларда ўрганилишини
истаган бўлардик.
– Билишимча, ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли ёзувчиси Абдулла
Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси туркман тилига “Жикижики” номи
билан ўгирилган экан. Бу асар жуда кўп тилларга, хорижий тилларга ҳам
ўгирилганидан хабардорсиз. “Синчалак” гарчанд шўро ҳаёти ва шўро
мафкураси билан суғорилган бўлса-да, ўзининг юксак бадиияти билан барибир
маҳорат мактаби бўлиб қолаверади. Шу қиссанинг туркманча таржимаси
қандай чиққан? Сиз мутахассис сифатида таржимага қандай баҳо берасиз?
– Дарҳақиқат, Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур “Синчалак” қиссаси 1962 йилда
Дайхон Акмаммедов томонидан туркман тилига ўгирилиб “Жикижики” номи
билан, кўп нусхада нашр этилган. Таржиманинг сифатига келсак, мен таржимани
аслиятга солиштириб ўқиб чиқдим. Таржима менда яхши таассурот қолдирди,
зерикмай ўқидим. Таржимада бирор жумла ҳам тушириб қолдирилмаган,
таржимон ўзидан ҳеч нарса қўшмаган ҳам. Катта-кичик образлар ҳам ўрни-
ўрнида берилган. Абдулла Қаҳҳорнинг услубий ўзига хослиги тўла сақланган.
Айниқса, таржимон диалогларни туркманчалаштиришда маҳоратини кўрсата олган. Таржимоннинг ўзбек тилини пухта билиши ҳар бир саҳифа, ҳатто ҳар
бир жумла таржимасида сезилиб туради.
– Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи ҳам туркман тилига
Шодурди Чориев томонидан ниҳоятда маҳорат билан ўгирилган. Сиз туркманча
таржимага қандай баҳо берасиз. Таржимон миллий реалиялар, тарихий фон ва
историзмлар, архаизмларни маҳорат билан ўгира билганми?
– Ўтган асарнинг эллигинчи йилларида (аниқроғи, 1955 йилда) Ойбекнинг
“Навоий” романини атоқли туркман ёзувчиси Берди Кербобоев туркман тилига
ўгириб, нашр қилдирган эди. Мана энди, туркман китобхонлари яна бир ўзбек
тарихий романи – “Юлдузли тунлар” билан танишиш имконига эга бўлди.
Навоий ҳам, Бобур ҳам ўзбек халқи, ўзбек адабиёти тарихида сўнмайдиган
юлдуз бўлиб қолган буюк сиймолардир. Икки роман ҳам, наинки бу тарихий
шахслар ҳаёти ижодий фаолияти балки ХV–XVI асрдаги ижтимоий-тарихий
шароит, одамларнинг яшаш тарзи, руҳий дунёси билан ҳам танишиш имконини
беради. Таржимон Шодурди Чориев “Юлдузли тунлар” таржимасида бу тарихий
ҳақиқатни бузмасдан ҳар томонлама тўғри, давр руҳини теран ҳис қилган ҳолда
бера олган деган фикрдаман.
– Сизнингча, бугунги ўзбек-туркман адабий алоқаларини янада мус-
таҳкамлаш ва бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш учун қандай ишларни
амалга ошириш керак? Илмий тадқиқотчиликда-чи?
– Бу икки қардош адабиёт алоқаларининг шакллари кўп ва турлича. Лекин
бу жараённинг кун тартибида турган айрим масалалар борки, улар бўйича шу
кунларда тадқиқотлар олиб бориш учун имконият ҳам, шароит ҳам етарли.
Айтайлик, Алишер Навоий асарларининг туркман ёки қорақалпоқ тилларига
таржималарини ўрганиш масаласи. Алишер Навоийнинг туркум ғазаллари,
алоҳида ҳам, китоб шаклида ҳам туркман тилида босилиб чиққан. Ҳатто
шоирнинг “Хамса”га кирган достонлари турли йилларда туркман тилига
ўгирилиб алоҳида-алоҳида нашр этилди. Ҳолбуки, бу асарларнинг туркман
тилига таржималари хусусида каттароқ ҳажмли мақола ҳам йўқ. Умуман,
“Алишер Навоий ва туркман адабиёти” деган мавзу тадқиқотчиларини кутиб
турган мавзулардан бири. Бу фикр қорақалпоқ адабиётига ҳам дахлдор.
Алишер Навоий ғазаллари ва достонларининг қорақалпоқ тилига ўгирилиб чоп
этилганига кўп йиллар бўлган. Лекин бу таржималарнинг бадиий савиясини
таҳлил қиладиган илмий ишлар ҳануз ёзилган эмас. Таржимашуносларимиз бу
масалаларга ҳам диққат қаратишлари лозим деб ҳисоблайман.
– Адабий алоқалар йўналиши танганинг икки томонига ўхшайди.
Назаримда, ўзбек-туркман адабий алоқалари йўналишини фақатгина
адабий анъана, таржима билангина баҳолаш ва ўрганиш эскича қолип.
Бу йўналишлардаги ўрганиш соҳаларини кенгайтириш керакка ўхшайди.
Қандайдир янгиликлар қилишимиз керакдек менинг назаримда. Нима деб
ўйлайсиз, домла, яна қандай йўналишларда иш олиб борса бўлади?
– Тўғри айтаяпсиз. Адабий алоқалар фақат бир томонлама ривожланмайди.
Ҳар икки томон, ҳар икки адабиёт вакиллари бу жараённи тенг даражада
ривожлантиришга масъул. Қардош адабиёт ҳафталиклари, адабиёт байрамлари
мунтазам ўтиб туриши керак. Ҳамкорликда адабий анжуманлар, шоир ва
ёзувчиларнинг юбилейларини бирга нишонлаш, адибларнинг борди-келдиларини
кучайтириш ҳам адабий алоқаларни ривожлантириш воситаларидан бири.
Адабий алоқаларга бағишланган мақолаларни матбуотда мунтазам бериб бориш
ҳам зарур. Радио-телевидениеда қардош адабиётлар вакиллари чиқишларини
ташкил этиш, асарларидан парчалар бериб бориш, адабий-бадиий эшиттириш
ва кўрсатувлар уюштириш ҳам бу жараён мундарижасини кенгайтиради,
асосийси халқларимиз дўстлигининг бир кўриниши адабиётлар дўстлигини
мустаҳкамланишига хизмат этади.

____

Каримбой ҚУРАМБОЕВфилология фанлари доктори, профессор. 1942 йилда
туғилган. Муаллифнинг “Ўзбек-туркман адабий алоқалари”, “Бердақ ва ўзбек адабиёти”,
“Адабий таъсирдан ижодий хосликка” каби ўнлаб монографиялари чоп этилган.

____

Барно БЎРОНОВА1984 йилда туғилган. Ўзбекистон миллий университетини
битирган. Бир қатор мақолалари вилоят ва республика газета-журналларида нашр
этилган.

№: 03, 2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *