Эркин АЪЗАМ

А Д А Ш Г А Н
МАЭСТРО
Жийдалига келмоқчи

Фестивалга тайёргарлик энди бошланган кунлар эди, Париждан мусиқашунос
профессор Лейла Назаровна қўнғироқ қилиб қолди. Одатдагидек, ўрисча-ўзбекчани
қориштириб наридан-бери ҳол сўраган бўлдию дарров муддаога кўчди.
Дўппингни осмонга отавер, Асад артист, бу ёғи нақд олчи! Опахон ҳаяжондан
энтика-энтика хабар қилишича, буюкларнинг буюги, машҳурларнинг машҳури,
мусиқа оламининг мутлоқ тождорларидан бўлмиш маэстро Ростислав Сусаневич
“Жийдали жамоли” фестивалида шахсан иштирок этиш истагини билдирибди!
– Э, зўр-ку, опажон, – деди Асад артист ҳовлиқиб, – шахсан Ростропович келса!..
– Ростропович эмас, Асаджон, Ростислав Сусаневич деяпман! Худ-дога шукр.
Сиз айтаётган Ростроповичнинг эса замони ўтган, на сегодня он музей, понимаете! А
Сусаневич – гений! Буюклардан буюк, машҳурлардан машҳур!
– На сегодня?
Асад артистнинг шаккоклигиданми, шошқалоқлигиданми, Лейла Назаровнанинг
энсаси қотгандек бўлди:
– Почему на сегодня? Навсегда! Вечно! Биласизми нима, унинг уч йиллик, йўқ, тўрт
йиллик ҳаёти олдиндан кунма-кун, соатма-соат белгилаб қўйилган! Бир минут бекор
вақти йўқ. Худ-дога шукр. Сегодня он в Африке, а завтра в Америке, представляете!
Унингдек арзандаи замонни кўндириш осон бўлмаган, албатта. Опанинг негадир
овозини пастлатиб айтишича, ўртада турган одам билан у нозикдан-нозик жойидан
боғланган экан-да. Ўртада турган эса – Лейла Назаровнанинг жонажон дугонаси.
– Фестивалга боради, кўрасиз – гордость Парижа она! Жийдалингиз энди тилларда
достон бўлади, Асаджон, поздравляю вас! Камида ўттиз-қирқта журналист! “Франс
Пресс”, “Ройтер”, “Би-би-си”! Яна тахминан шунча хизматкор: врач, массажчи, пардозчи,
ошпаз, сартарош и другие. Маэстронинг бўш вақтида гаплашиб ўтирадиган яқинлари,
қаерга борса изидан юрадиган фанат қизлар, хуллас, юздан кам бўлмайди ҳаммаси!
– Вой-бў-ў, бунча одам қандай келади, қандай кетади? – деб юборди шошиб қолган
Асад. – Уларни кутиб олиш бор, кузатиш бор…
– А вы не волнуйтесь, Асаджон, у него свой самолёт! Ўзининг самолётида боради,
билдиз! Худ-дога шукр.
– Қаерга қўнаркан-а? Бизда аэродром одамларга томорқа қилиб берилган.
– Это ихное дело, найдут куда. Жийдалингиз дунё санъати тарихига киради-ёв,
анча-мунча валютали ҳам бўлиб қолади. Худ-дога шукр. Этот визит великая честь не
только для вас, а для всей страны, понимаете!
– Раҳмат, опажон, раҳмат! Бу ҳаммаси сизнинг хизматингиз, биламиз. Сиз
бўлмаганингизда…
– Да ладно! Жийдали, жийдалинская культура и ваше искусство этого стоит!
Аммо бу тарихий ташрифнинг биттагина шарти бор экан: маэстрони шахсан
раҳбарият қабул қилмоғи лозим!
– Гап йўқ, опажон, Бобоқулов ўзимизнинг акамиз, айтамиз!
– Да оставьте вашего Бабакулова, кто он такой!
– Ҳа, бўлди, бўлди, вилоят ҳокими ҳам танийди мени. “Шуҳрат” медалини ўз
қўли билан топширган.
– Асаджон, сиз нима – шунчалик соддамисиз ё ҳазиллашяпсизми? Мен
энг катталарингни айтяпман, понимаете? Сусаневич ўшандан бошқаси билан
гаплашмайди!
– Энг каттамиз… Тошкентда-ку! Тошкент… узоқ…
– Каттангиз Тошкентда бўлса, маэстро Сусаневич Парижда! Дунёнинг маданий
марказида! Фарқи бордир? Майли, подумайте, хорошо? Бир ҳафтадан кейин звякну. Милой
супруге и Гулсанамке привет! – дея шоша-пиша телефонини ўчирди Лейла Назаровна.
Бу хотин доим шундай шошгани шошган. Қачон қараманг – сафарда; сандиқсимон
жомадонига созикорини жойлаб, мусиқий тадбиру анжуманлар уюштириш учун бирда
Истанбулга учса, бирда Уйғуристонга жўнаб туради. Камдан-кам уйда қолганида ана
шу таассуротлар асосида қалин-қалин китобу рисолалар битади: бири рус тилида,
бошқаси француз, инглиз тилларида. Хитойчаю карисчада ҳам китоблари чиққан.
Ўзи Тошкент консерваториясини битирган мусиқа назариётчиси бўлса-да, санъатда
қизиқмаган соҳаси йўқ. Бало хотин бу, бало!
Беш-олти йиллар бўлди, саратоннинг адоқларимиди, Тошкентдан депутат жўраси
Асад артистга қўнғироқ қилиб, нозик бир меҳмон юбораётганини, иззатини жойига
қўйиб кутмоқ лозимлигини айтди. Франциядаги элчихонамизда маслаҳатчилик
лавозимида ўтирган дипломат ошнасининг хотини экан, мусиқа соҳасида ўткир
профессор эмиш. (Буниси андак маҳобат бўлиб чиқди: меҳмон опамиз кейинроқ –
Жийдали маданий оламини (ўзининг ибораси) ағдар-тўнтар қилиб чиққачгина, шунинг
ҳисобигадир, бу мақомга эришди.) Уни айтган жойига олиб бориш, сўраган нарсасини
муҳайё этиш даркор экан.
– Есть, товариш командир! – деди Асад артист. – Бажарамиз!
– Бажаринг, кейин хурсанд бўласиз, – дейилди Тошкентдан.
Эртаси оқшом чоғи катта бекатга чиқиб пешвоз олинди. Меҳмонимиз бир ўзи бир
машинада келди. Жомадони ўртача сандиқдек бор. Кейин, сандиқ очилганда маълум
бўлдики, бунда йўқ нарса йўқ экан: ҳали ўзи кўрмаган-билмаган мезбонларга аталмиш
турли-туман совға-саломдан тортиб, мусиқий созикор ва фотокамераю видеокамера
деганларининг энг сўнгги “гажакдор” туригача!
Хушбичимгина, ҳатто нигоҳларидан ҳам тансиқ бўй таратиб тургандек ўрта
ёшлардаги ўриссифат аёлни кўриб, Асад артистимиз хийла довдираб қолди:
ҳазилми, тус Париждан келяпти-я! Одамнинг ўзига эмас, сўзига боқинг, дейдилар.
Лейла Назаровна муомалада шу қадар одми, киришимли эканки, ҳеч қанча ўтмай,
олисларга тушиб кетган опасидекми, холасининг қизидекми яқин бўлиб қолди.
Уйга келганларида сандиқ-жомадонини судраб ичкари кирдию бирпасда ҳозир
Жийдалининг кекса онахонлари ҳам эгнига илмайдиган узун, ҳалпиллаган қизил
кўйлакда, бошига фаранги рўмол ташлаб чиқиб кишини яна ҳайратга солди. Ҳамма
гапингизни тушунади-ю, ўрисчасига жавоб қайтараверади, лекин ҳар луқмасида
ширинроқ қилиб, “Худ-дога шукр, Худ-дога шукр”, деб қўяди.
Ўша кеча Асад артистнинг ота-бобосидан қолган соя-салқин чорбоғда, нашвати остидаги шоҳсупада Тошкенту Самарқандлардан эмас, олис Париждан ташриф
буюрган арзанда меҳмон шарафига шинамгина оилавий зиёфат бўлди.
Мезбон меҳмоннинг мақомига мослаб тайёрлаб қўйган қимматбаҳо коньягини
олиб чиққан эди, Лейла Назаровна қайрилиб ҳам қарамади. Умуман, бир-икки қошиқ
шўрва ҳўплаганини айтмаса, у дастурхонга қиё ҳам боқмади. Нонни-ку оғзига олмас
экан, хотиннинг минг ҳунар ишлатиб ёпган ёғлиқ қат-қат патирлари ушатилганича
қолди. Чорбоғнинг олис бурчакларидаги шохлари ой шуъласида мевадан бош эгиб
турган дарахтларга суқлангани суқланган: “Какая красота! Рай, настоящий рай!”
Дастурхондаги лаганга қуббасимон териб қўйилган сара нашватилар қолиб, дам-
бадам туриб ларзон шохлардан кўзига яхши кўринган мевани узади-да, нам патқоғоз
билан арта-арта ғарчиллатиб тишлайди: “Ах, как вкусно! Худ-дога шукр!”
– Дўстингиз сизни роса зўр қўшиқ айтади, деган эди, қани, эшитамизми, Асаджон? –
деб қолди бир вақт меҳмон.
Уй эгасининг имоси билан хотини ичкаридан чилдирмаю тандир-дутор кўтариб
чиқди. Укаси дуторга панжа сермаб, синглиси Гулсанам доирада усул бериб турди,
Асад артист танбурни нолага солиб, қўшиқ бошлади.
Лейла Назаровна худди ёш қизалоқдек супадан енгил сакраб тушди-да, уйдан
ажабтовур фотоаппарату видеокамераси билан чиқиб, “Семейный ансамбль!
Класс!” дея чақмоқ сочиб уларни ҳар ёндан суратга ола бошлади. Сўнг шиғиллаб
видеокамераси ишга тушди.
Асад артист “Эй, сарвиравон”, “Сарахбори оромижон”, “Сегоҳ” сингари суйган
қўшиқларини сел бўлиб куйлаб меҳмоннинг таҳсинини олмоқчи эди, Лейла Назаровна
азрўйи таомил, “Раҳмат, раҳмат” деб қўйди-ю, унчалик раъй билдирмади. Ҳофиз кейин
депутат жўрасининг жўқиёна сатрларини эпақага келтириб ўзича куй басталаган
қўлбола қўшиқларидан айтиб кўрди – эрининг ҳар ишда ҳаваскор ошнаси ҳурматига
бўлсин қулоқ тутмади опа. Бугун ҳар кўчада янграётган замонавий хиргойиларга эса,
батамом лоқайд бўлди.
Бир вақт, ҳофиз тин олганда, у дуторни олиб “Оразибон”ни, кетидан “Тўрғай”ни
шундай чечанлик билан чалиб бердики! Атлас кўйлагу ироқи дўппи кийган жайдари
қиз-жувон бундай ҳунар кўрсатса ҳеч ҳам ажабланмайсиз, аммо олис Парижларда нашъу
намо кўриб юрган ажабтовур хонимнинг торлар узра бундай эркин бармоқ ўйнатиши…
кичкина даврани тамом лол қилди. Кейин, гап орасида маълум бўлишича, меҳмонимиз
най билан ғижжакдан бошқа барча созга, гитараю пианинога қадар ана шундай моҳиру
чапдаст экан. Буни унинг ўзи саноққа солиб айтмаса-да, созлардан гурунг кетганда
Асад артистнинг ўзи билиб олди. Мақому мақом йўллари, кимлар қандай талқинда
ижро этганию қай бири мумтоз оҳангларга эшлиги борасида ҳам, сиртдан бўлса-да,
Маданият институтида таҳсил кўрган одам, опага тан бермай иложи қолмади.
– Жийдали оҳангларидан эшитайлик энди, – деди опа йўлдан ҳориб келганига
қарамай, чинакам шинавандалик иштиёқи билан.
Асад артист чилдирмани тиззасига тираб болалигида бобосидан эшитган эски
оҳангларга шўнғир экан, мусиқа билимдонининг назарида, булутлараро алланечук
ҳасратомуз мўралаб турган ой ҳам, жонсизгина шабадада сирли шитир-шитир
қилаётган дарахтлар ҳам, қайдадир оқаётган сувнинг жилдир-жилдири ҳам, бош
устиларидаги беҳишти нашватию кўҳна шоҳсупа ва давра аҳлигача айнан мана шу
тароналарга мос-монанддек, шуларнинг давомидек туюларди.
Хонандамиз шўх “Қизгина”га ўтганда давра бирдан жонланди. Акасининг имоси
билан Гулсанам турасолиб эрка муқомлар қилиб ўйнай кетди.
– Браво! Браво!

Кичкина боғ ичинда учрашайлик иккимиз,
Тоза навниҳол каби чирмашайлик иккимиз.

Ўлдироди мани қизгина, куйдироди мани қизгина,
Ноз ила, ишва ила жоним олодир қизгина.

Бу термани алоҳида завқ билан чапак чалиб олқишлаган Лейла Назаровна
сўраб қолди:
– А что такое “чирмашайлик”? Тушунмадим, Худ-дога шукр.
Хонандамиз нима дейишни билмай турганида, ҳайтовур, рус тили муаллимаси
бўлган хотини Салима ўзича изоҳ берган бўлди:
– Ну они там, в садике обнимаются…
– Свидание что ли? В маленьком садике, да? Значит, ещё тогда – сто лет, двести
лет назад наши предки, бобо-момолар тоже также встречались, да? – дерди Лейла
Назаровна чапак урганча чайқалиб куларкан. – Ажойиб, ажойиб! Вот это Жийдали!
Худ-дога шукр! Это терма да, народный фольклор?
– Йўқ, йўқ, мен буни бобомдан эшитганман, – деди Асад артист шоша-пиша.
– Худ-дога шукр. Бобо қўшиқ айтган, да?
– Ҳа, бунақа хиргойилари кўп эди у кишининг. Кейин шуларни сайқаллаб
“Бахшиёна”нинг репертуарига киритдик-да.
– Худ-дога шукр.
Асад артист бор-билганини айтмоқда, жийдалишунос олимлар бу термаларни
халқники деб даъво қилар, қизғанчиқ невара эса уларни халққа “бергиси” келмас эди.
Чиндан, буларни у илк бор бобосининг оғзидан эшитган. Бобоси бошини каштали
қийиқ билан танғиб, торқоронғи чиллахонасидан чиқмай, кўкнорнинг кайфи остида
ана шу айтимларни хиргойи қилгани қилган эди. Асад эсини таниб санъат кўчасига
киргач, бориб тўшакдан туролмай қолган бобосидан уларни ёзиб оладиган бўлди.
Кечагидек ёдида, терма айтар чоғи, ўламан деб ётган чол бирдан тетикланиб, кўзлари
алланечук чақнаб кетарди.
Эртаси эрталаб бошида фаранги дурра устидан сербар сомон шляпа, кифтида
созикори жойланган нафис тўрва, узун кўйлагини ҳалпиллатиб Лейла Назаровна,
ўзи айтмоқчи, “отар”га жўнади. Бирга бормоққа истиҳоласи қўймаган Асад артист
Термиз университетига ўқишга киролмай, эшикдан совчи пойлаб ўтирган синглисини
унга ҳамроҳ қилди.
Кечқурун Гулсанам ҳисоб беришича, бу опанинг жони тошдан экан, чарчаш нима,
ҳориш нима, билмайди, ўру қир демай чиқиб кетаверади. Авлод қишлоғи тарафларда
кирмаган-кўрмаган ҳовли-жойлари қолмабди. Уй эгалари билан зуд тил топишиб,
антиқа совғаларидан улашиб, уларни ҳар алвонда расмга туширадими-ей, ичкари
кириб сандиғу бўхчаларини очтириб, бобо-момоларидан мерос қадимги кийим-
бошларни кўрадими-ей, сўзанаю зардеворларни, зебигардону ҳапаматларни томоша
қиладими-ей, момоларнинг хиргойисини магнитофонига ёзиб оладими-ей… Ишқилиб
қизиқ, қизиқ!
(Кейинчалик шу қиёфа, шу манзаралар опанинг турли тилларда чиққан
китобларидан жой олганини кўрдик.)
Йўқ, ҳориган экан бечора меҳмон, ярим коса бадоғ – угра ошдан ичдию уйга
кириб аввали оқшомдаёқ қотиб қолди.
Ёш Гулсанам бу кеза-кезларга икки кунгина чидади, холос. Меҳмон опадан тансиқ
туҳфаларни олишга олди-ю, учинчи куни оёғи қақшаётганини баҳона қилиб, “отар”дан
қолди. Галдаги манзиллар ҳам яқин эмас эди, “жигули”сини қўшиб, меҳмонни узоқ
қишлоқларга Асад артистнинг ўзи олиб бора бошлади.
Бу юришларда у сиртдан ойимтилла кўринган Лейла Назаровнанинг нечоғли
заҳматкашлигига тан берди ва шу асно улар опа-укадан ҳам яқин қадрдон бўлиб кетдилар.
Кейинги йили опа учта фаранги дугонасини бошлаб келди. Ўзи кашф этган
Жийдалини кўз-кўз қилиш ва сўнгра аён бўлишича, шу баҳона кўнглидаги бир ниятни
рўёбга чиқариш учун.
Қишлоқи Асад фаранг аёлларини ўзича не бир париваши нозанин деб хаёл
қиларди, йўқ, меҳмон хонимлардан қаримсиқроғини маданият уйини супуриб
юрадиган тус ўзимизнинг Иқлим фаррошга ўхшатди; юз-кўзини бир чайдириб, қўлига супурги тутқазса бўлаверади гўё! Қолган икки хоним хийла рисолага яқин эди,
айниқса, ёшроғи… Бироқ кетар чоғлари бу “маччойи сайр”нинг барча сарф-харажатию
пировард натижаси анови “Иқлим фаррош”нинг қўлидалиги маълум бўлди. Ғалати,
буларда энг хунуги энг бадавлати бўлиб чиқаверар экан.
Меҳмонларни уч кун машинасига солиб юрган Асад артист шунга амин бўлдики,
дунёда бу қавм қизиқмайдиган нарса йўқ; жайдари сўзана ёки ойнахалтани соатлаб
кўздан кечириб, ўзларича муҳокама қилишади. Сойдаги оддий қайроқтош ҳам буларга
мўъжиза, қўлларида айлантира-айлантира, силай-силай, сиздан изн олиб, кифтаки
тўрвачаларига солиб қўйишади. “Яққу яқ” ва “Ум жақала” сингари томошаларни-ку
тамоми ҳайрат ила қайта-қайта кўриб тўйишмасди.
Асад артистнинг хаёлида, ўзи болаликдан тошини санаб катта бўлган Жийдали
депараси шу уч кун ичида аллақандай бошқача кўрк олгандек туюлди. Афтидан, уч
кунлик сафар меҳмонларнинг ҳам дунёсини ўзгартириб юборган эди; қолганини улар
фото ва видео тасмаларига жойлаб, блокнотларини тўлдириб-тўлдириб кетишди.
Ой қулунлаган бир кеча улар қир бошида мусалласхўрлик қилишди. “Уик-энд”га
жой ҳозирлаб бергач, Асад ўзи даврадан тортиниб, машинаси атрофида сигарет
тутатиб юрди. Бу ҳол – йигитнинг тортинчоқлиги “эркин дунё” аҳлини чандон
завқлантирарди. Улар гоҳ сигарет, гоҳ тутатқи сўраб, борганида оғзига шоколад тутиб
уни даврага олмоқчи бўлар, Асад бир нималарни важ қилиб, яна нари кетар эди.
– Асаджон, ҳов Асаджон, манови мадам Домитиллега ёқиб қолибсиз, Парижга
олиб кетмоқчи сизни, – дея шўхлик қиларди Лейла Назаровна ҳалиги ёшроқ хонимни
кўрсатиб. – Салимахон эшитса, сочларини юлиб ташласа кераг-а бунинг!
Сўнгра шу гапларини ажнабий дугоналарига ҳам маъни-дод қилиб бериб, этакдаги
дараларга қуш қанот қоққан мисол садо таратиб қаҳ-қаҳ отишарди.
Шунда ҳалиги мадам бошидан алланимани юлиб олиб Асад томон узатгани-чи!
Ма, элтиб хотинингга бер, дегандек. Теваракдаги тундек қоп-қора калавасимон бир
нима. Парик экан, сарпўш, ясамасоч!
Асад артист шу дара бўйлаб машинада ўтаркан, доим айни ҳолат кўз олдига келиб,
ўша шодон кулги-қаҳқаҳалар ҳали-ҳануз янграб тургандек туюлади.
Лейла Назаровна келиб-кетиб юриб, баайни Жийдали фуқаросига айланди,
ҳатто, унинг ҳеч биров кўрмаган-билмаган дипломат эрини асли жийдалиликка ҳам
чиқардилар. Келган-кетганларида “Лайло опа, Лайло опа” деб катта-кичикнинг эси
кетарди. Доимий қўноқгоҳи – Асад артистнинг хонадони билан-ку худди қариндош
бўлиб қолган.
– Ўзимизнинг қиз-жувонлардан зиёда бўлса зиёдаки, асти кам эмас. Ўрисрооқ
кўрингани билан ул ҳаё, ул сиполикларини кўрсангиз бу келинчакнинг! – дерди олқаб
Асад артистнинг кампир онаси. – Қаллиғи билан қўшақарисин илойим!
Лейла Назаровна ҳар келганида кампирнинг совға-саломи алоҳида бўларди-да.
Учинчи йили деганда, анови дугонлари орқалидир, жаҳон маданияти ташкилотини
ишга солиб – кейинчалик бу ишга Тошкентдан яна аллақандай чаққонлар ҳам бош
суқди – “Жийдали жамоли” анжуманини ўринлатмоққа эришди. Байрам кунлари
Жийдали эли бамисоли Алпомиш давридаги тўю томошалар ичида яшади. Ҳаммаёқ
озода, саранжом-саришта, бўялган-оқланган. Дунёнинг чор тарафидан одамзоднинг
ҳар тоифаси келган бу улкан тўйхонада еру кўкка сиғмас шодиёна!
Ўша тантаналарнинг барчасига шу аёлгина сабабчи, бу шоду хуррамликлар илк
бор шугинанинг дилида ниш урган эди деса, ишонаверинг.
Мана, бу йил “Жийдали жамоли”нинг тўртинчи намойиши. Унга денг, ҳазилакам
одамлар эмас, Ростроповичми, Сусаневичми деганлари келармиш! Э, ўлманг-э, Лейла
Назаровна! Бобоқулов иккаламиз ҳам юрибмиз-да ўзимизча Жийдали талашиб, унинг
асл фарзанди сиз экансиз, опажон!
Лейла Назаровнанинг қўнғироғидан сўнг Асад артист ўзини қўярга жой тополмай
қолди. Қувонч ва ҳаяжондан юраги гупуриб кетмоқда эди. Хўш, ишни нимадан бошламоқ даркор? Ҳар жойнинг бўриси бўлади, дейдилар. Жийдалининг бўриси ҳам,
арслони ҳам – Туя. Туянинг олдига бормоқ керак.
Улар болаликдан ўзаро қурдош-босилқа, қадрдон десаям бўлади. Туямиз тўрт-
беш ёш катта, лекин бир мактабда ўқишган, хор тўгарагида узун-қисқа бўлиб бирга
ҳайқириб, бирга чийиллашар эди. Ҳатто байрам кунлари клубда берилган концертда
бир-икки дафъа “Азиз ватаним” қўшиғини иккалови жўр бўлиб куйлаган. Шунданми,
аллақачон санъатдан узоқлашиб, аввал кўп йил катта-кичик мансабларда юриб, мана,
беш-олти йилдан бери ҳокимлик курсисида ўтирган бўлса-да, учрашган-нетган
жойларида Туя уни кенг бағрига босиб кўришади. Бошқалар билан ҳам шундай.
Ҳоким бўлса ҳам шу элнинг боласи-да, кеккайиб қаёққа борарди!
Баҳайбат бу одам (Туя лақаби шундан) қабулига келган бирор кимсани ноумид
қайтармас, тўн кийгизгандек кўнглини тўқлаб жўнатар, аммо ҳар доим ҳам
ваъдасининг устидан чиқавермас, юзига солгудек бўлсангиз, “Дунё кенгми, айтинг?
Сиз ҳам кўнгилни лўлининг иштонидай қилаверинг, бир кун битар-да, ака”, дея
қутулиб кетар эди. Лекин барибир ҳеч ким уни ёмон кўрмасди.
Ҳокимлик биносига қадам қўяркан, Лейла Назаровна айтган масала бу ерда ҳал
қилинмаслигига Асад артистнинг ақли етиб турар, бироқ Туянинг олдидан ўтмай,
унинг маслаҳатисиз бир иш битмоғи маҳол эди. Бир ёқлардан меҳмон келар экан-у, уй
эгаси бехабар қолсинми?!
– Э, келинг, ҳофиз ака! – дея столи ортидан айланиб чиқиб пешвоз олди Бобоқулов.
Қучоқлаганида бағрида йўқ бўлиб кетасиз, кетмондек кафти қўлингизни баайни икки
айланади. Лекин бармоқлари юмшоққина, мулойим. Шу гавдага денг овоз ингичка,
ёш боланикидай чийиллаган. – Қани, тайёргарликлар зўрми?
– Тайёргарликни ўзларидан сўраймиз-да, ҳоким бобо! – деди Асад артист
эрки сиғиб.
– Йў, йў, ака, биз сизга ёрдамчи, холос, – деди ҳоким. У катта-кичикни “ака”лаб
гапирарди. – Буюрасиз – бажарамиз. Адирнинг этагигача йўл қилиб берасан
дедингиз – мана, кеча асфальт ётқизиб бўлинди. Бугун-эрта чироқ ҳам боради.
Шаҳарга ҳам, қишлоқларга ҳам топшириқ кетган – ҳар бир маҳалла биттадан ўтов
тикиб, келинчакнинг уйидай жиҳозлаб чиқади. Қирқта ўтов! Алпомишники нечта
эди – шунча! Етами ахир? Қани, ака, гапиринг, яна қанақа топшириқ?
– Топшириқни сиз берасиз-да, Раҳмон ака!
– Бизнинг топшириқни бажармайсиз-ку, жўра…
Ҳокимнинг ҳазиломуз таънаси Асад артистни тиғлаб ўтди. Бултур уни туман
маданият бўлимига мудир қилиб ўтказмоқчи бўлганида, “Ўламан саттор, санъатдан
кетмайман, мажлисда ўтиришга тоқатим йўқ”, дея оёқ тираб туриб олган эди, ўшанга
ишора қиляпти ҳозир.
– Қўйинг эски гапларни, ҳоким бобо, зўр янгилик бор бу ёқда! – дея Асад артист
кечадан бери бўғзига тиқилиб турган шодлигини Бобоқуловга дастурхон қилди.
– Йўғ-э! Шахсий самолёти бор денг, оббо, уккағар-эй! – Ҳоким ростакам туя бўлиб
ҳаяжон билан ўрнидан туриб кетди. – Ростороп Сусанувич дедингизми? Эшитмаган
эканмиз, қаранг. Ўриснинг ҳам зўри кўп-да, ака! Айтинг, келаберсин! Юзта бўлса юзи
ҳам келсин! Жийдалининг бағри кенг, даласи кенг! Адирнинг қоқ теп-пасига чиқариб
шоҳчодирни тикиб берасиз, беш-ўн қўзини юмалатиб кабобни қиласиз – ётибди-
да ашуласини айтиб, тўғрими? Вай, энағар-эй, самолётни қаёқдан олди экан-а?!
Дирижурми, режиссурми деяпсиз, пули шунча кўп бўлама уларнинг, а?
– Ўша самолётни қаерга қўндиришни ўйлашимиз керак аввал, ҳоким бобо!
– Э, унисини ўйлаб нима қиласиз, ана – Чўллининг ҳавворидаги тақирга
келиб қўнаберади-да! Заранг ер, керак бўлса, бир икки километрини асфальтлаб
ҳам берамиз, нима дедингиз? Булари-ку ҳарна, анови масала оғир лекин. Вилоят-
пилоятда ҳал бўлмайди, ака! – Дўлворми, тўпорироқми, барибир ҳоким дегани
ҳоким экан-да. – Менга қаранг, ҳофиз, шуни депутат ошнангиз билан гаплашиб кўрсангиз-чи. Қўлидан келмайдиган бало йўқ. Тепада жўралари кўп унинг…
Дарвоқе! Кечадан бери хаёлига келмаганини қаранг. Йўқ – келди, келди, аммо
истиҳола қилди. Депутат акамизнинг озроқ арази бор. Қўликалталик важидан
Асад унинг туғилган кунига боролмади. Бунақа маросимларни у зўр тантана билан
ўтказади: депутат-да, боз устига, бундайроқ бўлса-да, шоир, қўшиқчи-шоир! Асад
артист узрини айтмоқ бўлиб қўнғироқ қилганида гапни эшитишни ҳам хоҳламади,
“Ҳай, майли, Шерали келди, Юлдуз келди!” деб осмонга сапчиб қўйди.
Ҳа, сўзида турсин-да! Бурчи, вазифаси. Жийдалининг довруғини дунёга ёямиз,
деб сайловолди йиғинларида ваъдани катта қилган эдилар. Жийдали биргина меники,
ё манови Туяникими? Қўшни тумандан бўлса ҳам барибир шу тупроқнинг фарзанди,
югуриб-елиб сайлаган депутатимиз-ку! Депутатлик виқори ўз йўлига, у Асадни
ўзидан қарздор санайди. Унақада ҳамма бир-биридан қарздор. У эмас, бу эмас, ўшанда
Асаднинг ошиғи олчи туришида жаноб Тасодифнинг хизматидан бошқаси бекор!
Ия, ҳисоб-китобга келсак, Асад артистнинг у кишимга ўтказиб қўйгани кам
эканми?! Жондек жўрасининг акаси, каттакон фабриканинг хўжайини Ғайратбекни
қўйиб, ҳарқалай, Тошкентда юрган бир мусофир, юртидан ноумид бўлиб кетмасин, боз
устига, яхшими-ёмонми, шоир экан, бу ҳам санъатчи ҳисоби, ўзимизнинг қавмдан деб,
уни сайлатиш учун ёнига тушиб, эртаю кеч тоғу даштда изғигани ҳисобга ўтмайдими?!
Ашула айтавериб томоқлари йиртилгудек бўларди. Халққа нима керак – бир қоп ун ёки
кулги-ашула-да! Гоҳо депутатликка даъвогар у ёқда қолиб, “Келинглар, Асад артистга
босамиз!” дея чувиллашиб кетарди ҳаммаси. Бу кишим сайланишга сайланди-ю, Асад
шўрлик балога қолди: “Сотқин! Ўзимизники туриб эрободликка ён босган!” Ғайрату
унинг етти бўғин нари қариндош-уруғигача ўшандан бери қўл узатмай қўйган.
Камига, қўшиқчи-шоирликка даъвогар бу арзандамизнинг бузоққа эшиттирса
бўйнини бурадиган алмойи-жалмойи сўзларидан ашула ясаб, тўй-томошаларда элга
таратган, радио-телевизорларда айтиб чиққан Асад артист эмасми?!
Йўқ, депутат билан баҳслашиб бўлмайди, у барибир ҳақ! Туямиз айтмоқчи, унинг
қўлидан келмайдиган бало йўқ.
Такрор-такрор занг урилганда ҳам депутат телефонни олмади. Кечқурун эса ўзи
қўнғироқ қилиб қолди. Ҳартугул, арази аригандек, нимадандир кайфи чоқ. Асад
артистнинг ахборотини эшитиб, янада жўшиб кетди:
– Зўр гап-ку! Бу янгамулломиз балонинг ўқи! Бир нимага киришса, тешиб чиқмай
қўймайди. Эри, Обиджон дўстимизнинг ўзи ҳам шундай, хўроз йигит. Яқинда менга
аломат бир коньяк жўнатибди, французский! Бу, Лейла Назаровна нега ўзимга
чиқмади экан? Ҳа-а, сизлар опа-ука бўлиб кетгансизлар-да, майли-майли. Қани, бир
ўрганиб кўрайлик-чи. Лекин, айтиб қўяй, нозик масала – жуд-да! Унақа зотларнинг
Жийдалингизга ташрифи, биласизми, нима? Тарихий воқеа! Шунга қараб шарт-
шароитини кўриш керак бўлади, ошнам. Биотуалет, санитария-гигиена дегандай, а!
Биласиз, улар гўшт емайди, сиз эса келган одамнинг оғзига гўшт тиқасиз, шундайми?
Тўхтатинг. Анов Туянгизга айтинг, тайёргарлик бошқача бўлиши керак! Ўзим ҳам
тайинлаб қўяман унга. Бу масалани шахсан ким ҳал қилишини биласиз-а, Асадбой?
У кишининг хотираси даҳшат, агар сизни эсласа, бўлди, ишимиз битди, деяверинг.
Ҳай, ўрганиб кўрайлик-чи. Менимча, битадиган. Ахир, ҳазил гапми – дунё бир ҳафта
“Ўзбекистон, Ўзбекистон” деб турса! Қисқаси, ҳаракатни бошлайверинг, дўстим. Бу
ёқдан ўзим ҳам бориб қоламан.
Бу жўшқин монологга бир луқма ҳам қўшолмаган бўлса-да (депутатимизнинг
одати шу – гапини гапириб олади-да, сизнинг савол-сўроғингизни эшитмаёқ
телефонини ўчиради), Асад артистнинг боши осмонда эди.
“У кишининг хотираси даҳшат, агар сизни эсласа…” Эслайди. Эслайдилар.
Хотиралари даҳшат-ку!
Эндигина депутатлик курсисини эгаллаган кезлари қўшиқчи-шоиримиз берган
ваъдаларининг устидан чиқиш йўлидами, анови олатасир сайлов кунлари алоҳида жонбозлик кўрсатгани эвазигами, ишқилиб, “Бахшиёна” ансамбли ва унинг раҳбари
ҳамда хушовоз хонандаси бўлмиш Асаджон Хурсандовни элга кенгроқ танитиш
мақсадида – телевидениенинг хўжайини билан сессияларда ёнма-ён ўтиравериб ош-
қатиқ бўлиб қолган экан чоғи – Жийдалига каттакон бир телегуруҳни йўллади.
Азаматлар чинор остидаги дилкушоликлардан зериккан чоғларида фольклор-
этнографик ансамблининг ажаб-ажаб куй-қўшиқларини, шунга қўшиб Жийдалининг
сўлим ўр-қирини ҳам тасвирга олиб кетишди. Ана шу ширингина ашула ва манзаралар
телевизор орқали кўрсатилдию “Бахшиёна”нинг омад эшиги ланг очилиб кетди.
Ғолиб даста Мустақиллик саҳнасига жалб этилиб, соя-салқин Дўрмондаги ёзувчилар
боғида икки ойча тайёргарлик кўриб ётди.
Ўша кунлари Асад артистнинг бир авлод нари жиянчалиши, телевидениеда режиссёр
бўлиб ишлайдиган Жамшид ҳамқишлоқларини янада машҳур қилгиси бор эканми,
якшанба куни бир гала тележўрасини бошлаб келди. Баҳайбат чинор остидаги (бу ерда
ҳам чинор!) зиёфатдан сўнг улар боя дастурхон устида эшитган қўшиқ-яллаларидан
мўъжазгина концерт ясамоқчи бўлишди. Дастанинг наъракор яккахони Чори Сайфий
андак “чарчаб қолгани” учун бор “юк” сипо бадиий раҳбар, ҳам дилкаш хонанда, ҳам
киройигина бастакор Асаджон Хурсандовнинг зиммасига тушди. Қўлидаги тайёр
фонограммага мослаб, боғнинг кўркам-кўркам жойларида уни тасвирга олдилар.
Тасвирга олинди-ю, шу билан бари зим-ғойиб! Орада бош саҳнадаги ғаройиб
томошалар ўтди, телевизор экранида қайта-қайта намойиш этилди, ярқ этиб
кўзга ташланганлар тақдирланиб улгурди ҳамки, интиқиб кутаётган мўъжаз
концертимиздан дарак йўқ! Жиянчалиш режиссёрдан гап сўрамоққа эса, бўйин ёр
бермайди. Сархушликда бўлган ишлар эди-да.
Иттифоқо, кеч кузак оқшомларидан бирида лоп этиб кўрсатиб қолди-ку!
Келинг, гапнинг қолганини бетоб момосидан хабар олгани икки кунга келиб
кетган Жамшидимиздан эшитайлик. Бу ёғи қизиқ.
– Кўрсатувнинг эртасига телевидениеда бўлган тўс-тўполонни айтсангиз, тоғажон!
“Адашганман” деган қўшиқни ким, қайси артист ижро этди? Қайси кўрсатувда
берилди, топинглар! Нега “адашганман” дейди? Нимадан адашибди? Шундай
замонда-я! Топасан, топ! Чопа-чоп, қидир-қидир. Раҳбарларнинг рангида ранг йўқ,
барининг қўлида ҳовуч-ҳовуч дори! Тепадан сўралибди, энг тепадан! Концертни
зуд кўчириб, жўнатиш керак! Ўша куниёқ топилди, қаранг. Бизнинг концерт экан!
Лекин қўшиқнинг номи “Адашганман” эмас, “Фиғон” бўлиб чиқди. Иккаловиям
Фурқат ғазали, биласиз. Тағин бошланди-ку! Нега фиғон қилади, нимадан норози?
Шундоқ замонда-я! Бу ёқда денг, биз бўшаш тўғрисида аризани тайёрлаб қўйганмиз!
Шу, катталаримиз телевизор кўрмайдими дейман-да. Икки кун ичида, лоф бўлсаям,
йигирматалар нусха кўчириб берилди. Кетини узмай сўрашади-я, тавба! Учинчи
кунимиди, хафагазак аҳволда уйда ётиб эдим, қидириб келишди-ку. Концертни
тайёрлаганларнинг барига бир ойликдан мукофот, бизга икки ойлик! “Адашган”ингиз
каттаконга ёқибди, жуда таъсирли айтар экан, “Ўртар”ни шу йигитга айттиринглар,
дебдилар. Бу ёғини ўзингиз биласиз, тоғабой!
Бу ёғи… Асад артист, бет-боши бир аҳвол, аравачада томорқасига гўнг ташиётувди,
дарвоза очилиб, ҳар хил лаш-луш кўтарган олтими-етти киши кириб келди.
Тошкентдан. Бири соқолли, бири бесоқол. Ораларида таранг шим кийган иккита
заифагина ҳам бор.
– Ҳофиз, сиз тўғрингизда махсус фильм-концерт қилгани келдик!
Ўша куни гўнг ташиб ерда юрган хокисору жайдари бир хонанда кўз очиб юмгунча
осмони фалакка чиқиб кетди дейилса, ҳеч иккиланмай ишонаверинг!
“Бахшиёна”нинг наъракори бу гал ҳам доғда қолгани-чи! Айтишларича, бир ҳафта
уйдан чиқмай… Сен ҳам томорқангга гўнг ташигин эди, манглайиқора!
Телевизорчилар уч кун Жийдалининг ҳар ёғини кезиб, тасвирга олишди. Шу
кунлар ичида Асад артист ўзи илгаридан хиргойи қилиб юрадиган “Ўртар”ни ва Тошкентдан олиб келинган матн асосида “Офарин” деган қўшиқ тайёрлаб, кўнглига
ётмайроқ бўлса-да, ижро этди. Сўнгра телевизорда қайта-қайта кўрсатилган
концерт унинг ўзи ўйлаган “бош қўшиқ” – “Адашганман”дан эмас, “Офарин”дан
бошланиши қизиқ эди.
Эсида, нимадандир кўнгли ўксиброқ юрибмиди, “Фиғон”ни у ўшанда ўзгача
бир дард билан селу себор бўлиб куйлаган. Устози Машрабжон Эрматов йўлида,
нолали ўринларини атай паст олиб, овозини майиндан-майин товлантириб, вужуд-
вужуди эриб-эзилиб бўзлаган ўшанда. Яна шуниси эсидаки, ўзини эркин, бемалол
қўйиб айтган қўшиқни. Э, бу қўшиқ эмас – ҳасрат, уни шунчаки ижро этиб
бўлмайди, юрак-юракдан тўлиб-тошиб фиғон этилмаса – бекор! Бу дили доғлининг
нолаи афғони, шунга ҳамдард кўнгилгина буни ҳис этгуси, буни англагуси!
Демак!..
Келгуси йили кўкракда “Шуҳрат” нишони ярқиллади. Насиб этса келар Шому
Ироқдин, демишлар. Мана, бу сафар Париж томонлардан келадиган кўринади. Худо
дегил, эй банда!
Асад артист санъатга қишлоқиларча бир беғубор меҳр билан боғланган эди.
Тўғри, у ҳам бошқалар қатори отарга, тўй-ҳашамларга борар, лекин охиридаги тушум
тақсимотида ўзини алланечук ноқулай сезиб, чекиш баҳона, ташқари чиқиб кетар эди;
ичида улушдан норози бўлганларида ҳам сиртига чиқармасликка тиришарди. Йўқ, у
пулдан сиполарча ҳазар қилмас, кўпда унга муҳтожлик ҳам сезар, аммо талашмоққа сира
бети чидамас эди. Шунгами, ўзининг куй-хонишини анчайин жўн-жайдари, ҳаттоки,
риёсимон бир юмуш санар, ҳақиқий санъат, санъаткор деганда ўша Ростроповичу
Сусаневичларни тушунар эди. Уларга дил-дилдан ҳавас қиларди. Ҳа, муқаддас соҳага
дахлдор улуғдан-улуғ зот улар! Турмуш икир-чикирларидан баланд-баландда, дунё бўйлаб
шахсий самолётларида эркин-эркин учиб юришади. Мақсадлари – мусиқа мўъжизасини
оламга ёймоқ, шу баробари кишилар кўнглида инсонийликни уйғотмоқ, уларни олижаноб
амалларга чорламоқ. Хўб улуғ омол! Э, бор бўлинглар-э, устоди бузруклар!
Бироқ содда-баёв ҳофизимизнинг хаёлига сира ўша миниб юрган самолётини улар
қаёқдан олди экан, деган ўй келмасди. Унинг назарида, гўёки бундай зотларда шахсий
самолёт бўлмоғи табиий, ҳатто муқаррар, унинг қаёқдан, нима эвазига келганининг эса
аҳамияти йўқ. Чунки улар одамиятнинг эркаси, арзандаси, Худонинг суйган бандаларидир!
“Жийдали жамоли” фестивалига тайёргарликнинг бориши, хусусан, сўнгги
қувончли хабар юзасидан ҳоким Бобоқулов туман казо-казоларини махсус машваратга
чорлади. (Депутатимизнинг турткиси билан, шекилли!)
Ҳокимнинг фармойишига кўра, биринчи навбатда туман бўйлаб ялпи ободончилик
ва озодалик ҳашари ўтказилади.
– Ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонни шахсан ўзим кириб кўраман! – деди Туя ўтирган
ҳар бир фаолнинг кўнглига ваҳима солиб. – У кишилар қаердан келяпти, биласан-а?
Тағин денг, ўзининг самолётида! Ўзи ҳайдаб! (Бу ёғи ошиб кетди-ёв! Майли,
ҳокимга ярашаверади.) Нима, сенинг Жийдалингдан бошқа жой йўқ деб ўйлайсанми
Ўзбекистонда?! – Ўзи ичида худди шундай деб ўйласа-да, сиёсий фаросат важидан
у гапнинг думини юмшатди: – Бор, бор, топилади. Унда нега айнан сенинг юртингга
келяпти – вот масала!
– Жийда егиси келгандир-да, – деди биттаси.
Фаоллардан уч-тўрттаси бу гапга пиқиллаб кулди. Туя таҳдидли назар ташлаб
уларнинг жонини олди-да, ўн кишига қарата, лекин худди бир кишига гапираётгандек
ҳокимона сиёқда сўзини давом эттирди:
– Асл жийдалиликман деган ҳар биринг буни билиб қўйишинг, фахрланишинг
даркор. Тушундинг? Дейлик, Кўчкак қишлоғидаги Ҳаким морбознинг ҳовлисини
кўрайлик деб қолса, айт, нима бўлади?!
– Ия, улар ҳам морбозми? – деб луқма солди бояги ҳазилкаш – солиқ идорасининг
хўжайини, асли Туямизнинг холаваччаси. – Жилонга бошқоронғимикан ё? Туя ҳокимона беписандлик билан бу қитмирона луқмани елкасидан ошириб
ташлаб, мавзуга якун ясади:
– Демак, ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир идора-ташкилот тўйдагидек
ярқираб туриши керак, билдинг?!
Бир бетамиз, бефаросат шунда гапга пона уриб қолди-ку:
– Ўзининг самолётида, боз денг, ўзи ҳайдаб келармиш, шундай меҳмонларнинг
оёғи остига туя-пуя сўйиш лозиммикан?..
Аслида ҳамма кулиб юбориши керак эди, аммо, лекин, бироқ…
– Қаердан оласиз уни? – деди бир лаганбардор маорифий эҳтиёткорлик билан
жониворнинг номини тутмай.
– Шомир бизнес косонлик араблардан биттасини сотиб олиб келиб, уйида
боқаётганмиш, – деди кимдир. – Хотини қандкасал-да.
– Ўлақолсаям бермас у, – деди бозорнинг каттаси. – Бошқа топилмасмикан дала-
даштларимизда?
Салом чўтир деганлари – мелисанинг сардори сафдан четда турмаслик мақсадида:
– Бир вақтлар бизнинг маҳалла туякашлар маҳалласи эди. Туянинг орасида катта
бўлганмиз, – деди дангал. – Ўттиз-қирқ йиллар бўлдимикан, барига қирғин келган.
– Яна биттаси бор-у, сўйиб бўлмайди-да уни, – деди тиржайиб Хонназар тикка –
Туямизнинг собиқ синфдоши.
Столнинг бошида ўтирган Бобоқулов илкис жойидан қўзғалиб, кетмонсимон
кафтларини икки ёнга ёйди – ҳайҳотдай хонани бургутнинг сояси босгандек, йўқ,
хонага ростакам туя кириб келгандек бўлди:
– Мана – сўй! Сўй, бир бутим сеники! – шундай дедию аслан тантию дўлвор одам бехосдан
хандон уриб кулиб юборди. Хона бирдан ёришиб кетгандек бўлди. Кулмаган қолмади.
Бунақа хушфеълу бунақа кенгфеъл ҳоким яна бормикан Ўзбекистонда? Жийдали
битта, унинг ҳокими ҳам ягона – Ўзбекистонда!
Умуммажлис қарорига кўра, туя жонивор камчиллиги сабаб, азиз меҳмонлар шарафига
ҳўкиз сўйиладиган бўлди. Бу вазифа ўзига юкланган бозор бошлиғи ичи оғриган бўлса-
да, миқ этмади: туя беозор махлуқ, аммо жиғига тегсангиз омон қолмайсиз. Буни бу ерда
ўтирганнинг бари билади.
Орада кимдир, “От сўйилса-чи, ҳўкиздан кўра обрўлироқ”, дегандек мулоҳаза
билдирган эди, Салом чўтир гапирганнинг оғзига урди:
– От гўштини емайди улар! Ҳув тоғда юрган тўнғиз гўшти бўлса бошқа гап!
Шундан сўнг “улар нима ейдию нима емайди” муҳокамасига ўтилди. Хулоса
қилинишича, бош меҳмоннинг ўзини демаса, қолган ҳаммаси ҳамма нарсани еяверар
экан. Бебилиска бўлса бас.
Азиз меҳмонга атаб қир бошида тикланажак шоҳўтов баҳси ҳам қизғин бўлди.
Унақаси ҳозир ҳеч қаерда йўқ экан. Бари чўпон-чўлиқнинг бошпанаси – оддий
чоркапаю саккиз қобирғали ола ўтовлар.
– Тўқсон увуқлиси каттагина бўлади, – деди кимдир.
– Саропарда бўлиши керак, унақа улуғларга саропарда ярашади, – дея билағонлик
қилди яна бири.
Саропарданинг нималигини кўпчилик билмас, ташаббускоримизнинг ўзи уни
аллақайси китобда ўқиган экан.
– Темур боболарга фақат саропарда тикилган, – деб изоҳ берди у.
– Темур бобо қайдаю бу саёқ машшоғинг қайда!
– Буям ўзининг соҳасида ҳеч бировдан кам эмас, ўв!
Маориф билан мелисанинг бу талашувига барча жимиб, халоскор Туяга тикилди: бу
ёғи қалтис, сиёсий хатога яқин бир ҳолат эди.
Туя ўзини эшитмаганга олиб, мавзуни бошқа ёққа буриб юборди. Тақирга асфальт
ётқизиш масаласи! Йўлчивой акамиз об-ҳавони англамайдиган тўнкароқ хилидан эди,
қорамой етишмайди, деб туриб олди.
– Топасан! – деб сиёсат қилди Туя ҳокимлигига бориб. – Йўқса, ўзингни йўлга
бостираман!
– Неча километр? – деб сўради ночор Йўлчивой минғирлаб.
– Самолёт қўнишига неча километр керак бўлса – шунча!
Йўлчивой миқ этмай, чўнтагидан дорисини олиб, тил тагига ташлади. Бечора стол
ўртасида турган сувга узалган эди, Туя бир қулоч отиб графинни чангаллади:
– Ўйин қилма, ўв! – Кейин касалхона бош ҳакимига юзланиб: – Ўлчаб кўрасан! Агар
шайтонлик бўлса!.. – деди-да, ёнма-ён ўтирган прокурор билан мелиса бошлиғи Салом
чўтирга юзланди: – У ёғи сизларники!
– Акажони, бир марта кечиринг, – деб илтимос қилди ҳокимнинг холаваччаси,
Йўлчивойнинг жон қўшниси бўлмиш солиқчи акамиз.
– Э, ўл-э ҳамманг! – деди Туя ноилож юмшаб, лекин барибир қайсарбой томонга
важоҳат билан қаради: – Қиласан, тамом!
Шу пайт, қўлида бир даста газета, “Жийдали тонги”нинг муҳаррири ҳаллослаб кирди.
– Мана, мана, – дея ўтирганларнинг олдига биттадан газета қўйиб чиқди-да, Туяга
хижолатли илжайди: – Ҳозиргина келди, ҳоким бобо, узр. Термиздан. Босмахона қуриб
бермасангиз бўлмайди.
– Фестивалдан кейин гаплашамиз.
Ҳамма баравар олдидаги газетани очди. Икки саҳифани энлаган шопдек мақола:
“Жийдалига Сусаневич келади!” Асад артистнинг ташаббуси билан бўлган иш.
Муҳаррир – собиқ синфдоши, санъатсевар мухлис. Қомусдан кўчириб, ўзи ҳам ул-бул
қўшиб, роса кўпиртирибди. Асад жўрасини эҳтиром-ла тилга олиб ўтган.
– Мана, ишласа бўлар экан-ку, – деди Туя газетадан бош кўтариб ва негадир
муҳаррирга эмас, бир бурчакка биқиниб ўтирган Асад артистга қаради. – Маладес!
Босмахонанг чўнтакда деявер. Хўш, тағин таклифлар?
– Меҳмон улуғ одам деяпсизлар, номларига бирор кўча-пўча қўйилса…
– Ўша кўчанинг бошига ҳайкаллари ўрнатилса…
Саналган тадбирларнинг барчасига “Бахшиёна” гуруҳининг раҳбари Асадулла
Хурсандов масъул этиб белгиланганида бунақа ишларга бош бўлмоққа ўрганиб
қолганлар ҳофизимизга ошкора ғашлик билан қаради.
Ана шундан кейин қаҳрамонимиз йигирма кечаю кундуз тиним билмади десак,
лоф эмас. Бирор муаммо билан ҳокимликка боргудек бўлса, “Агар мана шу йил сизга
“хизмат кўрсатган” олиб бермасам!..” дея пахтабанд қасам ичарди Туя.
Хўш, Асад артист унвон илинжида югуриб-елмоқдами? Йўқ, аввало, бу санъат
анжумани, дейлик, ёндош Юрчи ёки Эробод туманларида эмас, айнан жонажон
Жийдалисида бўлмоқда; ҳофизимиз шу афсона тупроқнинг фуқаросигина бўлмай, дили
дардли бир санъаткори, юрт номини ортмоқлаган аломат “Бахшиёна” дастасининг саркори
ҳамдир! Бу ёқда денг, шу тантаналарни бошлаб берган, олис Парижлардан туриб бугун ҳам
Жийдалининг шуҳрати ғамида юрган тиниб-тинчимас аёл – Лейла Назаровнанинг галдаги
ажаб ташаббуси! Жийдалининг жони бор одами қараб туриши керакми бундай чоғда?!
Яна ҳам айтар бўлсак, ҳофизимиз ўз-ўзидан фестиваль карвонининг сорбонларидан
бирига айланган, энди ортга қайтиш йўқ, олдинда – қўл етгудек манзилда аломат
бир воқеа кутилаётир! Шундай оламтатир воқеаки, унда қатнашмаслик, унга гувоҳ
бўлмаслик, қўлдан келганча кўшиш кўрсатмаслик Асад артистдек санъат шайдоси у
ёқда турсин, Жийдалининг оддий фуқароси учун ҳам айб, айб – гуноҳларнинг гуноҳи!
Шу ўтган кунлар ичида Париждан уч бора қўнғироқ бўлди. “Ну чё, Асаджон,
вопрос решён?” “Юқорида кўриляпти, опажон”. “Странно! Не поймёшь вас”.
Музокарага даллоллик қилаётган одам натижани билмоқ мақсадида Тошкентга занг
қоққан эди, депутатимиз парламент ҳайъати таркибида бир ҳафталик бўлиб, Хитойга кетибди.
Қайтгач эса, сафар таассуротлари оғушида берган ваъдаси ёдидан кўтарилганми,
бошида у андак каловланиброқ туриб, илтимос тушганда ишлатиладиган одатдаги
халоскор жумлани пеш қилди:
– Қийин бўляпти, оғам, қийин.
– Мана, ўзингиз ҳам қийин деяпсиз, нега шуни Лейла Назаровна эри орқали ҳал
қила қолмади экан? Эри дипломат, катта одам-ку! – деди Асад артист.
– Бу ўта нозик масала! – деди депутат сирли сўлиш олиб.
– А, нозик масалаларни депутатлару дипломатлар ҳал қилмайдими ахир? – деб
юборди Асад нимадир жин уриб.
Жавоб бундан баттар чиқди:
– Менга қаранг, оғам, сиз ўша Жийдалингизда “куйди жоним”ингизни айтиб
юраверинг, бунақа ишларга аралашманг!
Найза нишонга тегди: демак, номдор шоирнинг ҳам шеърини қўшиқ қилгани бу
кишимга малол келибди!
Булар ҳали шарпасигина экан, фалокатнинг ўзи фестиваль тадориклари битай
деганда – арзанда ўтовлар тикилиб, асфальтга қорамойлар топилиб, Жийдали тешик-
туйнугигача супуриб-сидирилиб, меҳмоннавозлик шиорлари ёзилиб-осилиб турганда
содир бўлди.
Рухсат берилмабди! Нега-а? Шунга-а! Очиқроқ билсак бўлмайдими сабабини? Бўл-
май-ди! Эл-юртга нима деймиз унда? Шу чоққача нима деб келган бўлсангиз ўшани
айтасиз! Ўзингиз келиб айтинг! Депутат, халқ вакили деганлари – сизсиз, мен эмас!
Шу гапдан кейин депутатимиз бироз бўшашди, муроса оҳангига ўтди:
– Ўша сиз айтган дайдивойни икки йилча бурун қўшни юртнинг эгаси қабул
қилган экан…
– Ҳа, яхши-да, бу сафар биз қабул қилайлик!
– Нега тушунмайсиз-а?! Бунинг иложи йўқ, оғам, катта сиёсат дейдилар буни!
– Сиёсат эмас – санъат, мусиқа-ку бу?!
– Ўв, Асад! – деди депутат илк бор бетакаллуфлик билан. – Отарчилик ақлинг
етмайдиган нарсаларга аралашиб нима қиласан?! Қаерда, қайси мамлакатда
яшаётганингни биласанми ўзи?! – Шу гапни айтишга айтди-ю, бирдан тилини
тишлади: ҳар маънога бурса бўларди-да буни.
– У киши мени билардилар-ку… Ўзлари менга… – дея хасга тармашгандек бўлди
дами ичига тушган Асад артист. – Эсламадилармикан ҳеч?
– Нима, ёш боламисиз, Асад! Ким у кишидан шу гапни сўрайди, сўрай олади?!
Аввали, илтимосингиз етиб бордими денг!
– Ия, ўзлари бехабарми ҳали?!
– У кишига ҳар қандай гап етказилмайди. Унча-мунчаси пастда ҳал бўлиб
кетаверади, билдингизми? Нима ёқадию нима ёқмайди – пастдагиларга маълум-да!
– Шунча тайёргарлик!.. – деди йиғлагудек бўлиб Асад. – Лейла Назаровнага нима
дейман энди?
– Нима десанг де! Мунча эзмаландинг! Ҳе, сениям, Жийдалингниям!..
Ду-у-уд, ду-у-уд…
Асад артист ўша куни туман марказидаги шароб дўконига бош суқиб чиқдию
ранг-баранг ўтовлар яшнаб турган фестиваль майдонига қараб “жигули”сини учириб
кетди. Қир белидаги “шоҳона” ўтовга етиб борганида кун бота бошлаган эди, қоровул-
поровулни демаса, бошқа одам қолмаган, бори ҳам пастда – адирлик этагида. Биров-
ярим кўргани эса Асад артистни танийди – бу ерларнинг кунда-шунда кайвонисига
ўхшаб қолган у.
Ўша кеча бу яқин атрофда ҳозир бўлган одам ўтов ичидан биров аввал мастона
ҳайқириб қўшиқ айтганини, кейин бўкириб йиғлаганини, охирида бўғила-бўғила
бўралаб сўкинганини эшитиши мумкин эди.
– Энағар Сусаневич! – деб ёзғирарди у. – Самолётинг бор экан, бу ёқларни
кўнглинг тусабди, ўзинг келиб кетавермайсанми, номард?! Санъатчи бўлсанг,
зўрларнинг зўри бўлсанг, сенга пошшо нима керак, қабул нима керак – мусиқангни
чалиб юравермайсанми, энағар?! Жийдалида пишириб қўйибдими сенга?! Боргинг келса, ана – Японга бор, Ҳиндистонга бор, гўристонга бор! Ҳе, самолётинггаям,
мусиқанггаям, ўзинггаям!..
Бу маст-аласт бақир-чақирни эшитадиган динг қулоқ бор экан. Ярим тунда бир тўда
мелиса бостириб келиб, “Шуҳрат” нишони соҳибини қўл-оёғини боғлаб олиб кетди.
Фестиваль тантаналари ўтгунча у жамоат тартибига хавф солувчи ашаддий безори
сифатида ҳибсда бўлди.
Айтишларича, қора ҳужрада ўтириб нуқул ўша, кечагина ўзига шараф келтирган
“Адашганман” қўшиғини бўзлаб хиргойи қилгани қилган эмиш.
Чекиб булбул киби афғон, саҳарлар йиғласам йўқ айб,
Баҳор айёми ўтти, бўстонидин адашганман…
Қолиб саргашталик саҳросида ҳайрону саргардон,
Улуғ даргоҳларнинг остонидин адашганман…
Тирикман эл кўзиға, шунчалик руҳи равоним бор,
Вагарна ҳоли сурат, танда жонидин адашганман…
Яна айтишларича, фестивалдан сўнг шахсан Туянинг ўзи бориб маҳбусни озод
қилибди, машинасида уйига ҳам келтириб қўйганмиш.
Бу ёғини ўзимиз кўрмадик, бир нима демоғимиз қийин.
Ҳарқалай, яқин атроф-жавонибда бундай ҳоким топилмаслиги аниқ.
Бироқ эл орасида шу иши учун ишдан олинаётганмиш, “кетди-кетди” дегандек
гаплар ҳам юрди-ю, тескариси бўлиб чиқди: “Жийдали жамоли” анжуманини
тинч-осойишта ва намунали ўтказишда бош-қош бўлган моҳир раҳбар Раҳмон
Бобоқулов вилоят ҳокимлигига ўринбосарларнинг серкаси бўлиб кетди денг!
Қойи-ил!
Бу ишларнинг сир-синоатини тушунтириб берадиган банда топилармикан?
Алқисса, фестиваль ўтди, аммо кечагина шу тарихий тадбирнинг бошида турган ёки
унга кўшиш кўрсатганлардан айримлари тантаналарда қатнашмади: на Жийдалининг
асл фарзанди Лейла Назаровна, на айнан ўша кунлари “маҳаллий безори” аталиб
ҳибсга тушган “Бахшиёна”нинг саркори Асад артист, на кейин Жийдалига оёқ босмай
кетган ҳурматли депутатимиз…
Дарвоқе, фестиваль ўтибоқ қаҳрамонимиз ансамблдан бўшаб, уйи яқинидаги
мактабга ишга борди, ашуладан дарс бера бошлади. Лекин ўзи хонандаликни бас
қилди, мактаб маъмуриятига кўз-кўзламайгина мачитга қатнайдиган бўлди. Чоғроқ
давраларда оят ҳам ўқиб турармиш, қироати бениҳоя таъсирли эмиш – собиқ бўлса-
да, хушовоз хонанда номи бор.


Ҳар йили ўтказиб келинаётган халқаро “Жийдали жамоли” фестивали номаълум
сабаблар билан нақд ўн икки йил танаффус қилди, аниқроғи, тўхтатиб қўйилди. Ўн
икки йил кам муддат эмас, бир мучал дегани. Мучал мобайнида яккашгина дунёга
келинмайди – дунёдан кетилади ҳам. Инчунин, мусиқа оламининг тождорлари
бўлмиш Мстислав Ростропович, унинг изидан Ростислав Сусаневич Жийдалига
келолмай, Жийдалини кўролмай мусиқасиз оламга равона бўлдилар. Уларнинг
бугунги издошлари эса, дунёда Жийдали деган жой борлигини ҳам, “Жийдали
жамоли” фестивалини ҳам эшитмаган бўлса керак.
Жийдалилардан иборат юртни билармикан денг улар?

АКМАЛ ПАХАННИНГ
ЖИЯНИ

– Сиз тошкентлик эмассиз-ку, ака, – деб қолди шеригим, – боя Тошкентданман
дедингиз?
– Нима дейишим керак эди? Бойсун, Сурхондарё деган жойларни билмайди-да булар.
– Барибир, тошкентликман дегандек бўлдингиз…
Бу машмаша олис мамлакатда бўлмоқда эди. Ҳозиргина биз матбуот жабҳасининг
йирик бир дўкайи ҳузурида бўлдик. Танишув чоғи у ҳар биримиздан қайси шаҳарда
истиқомат қилишимизни сўради. Шеригим тошкентлик эканини айтди. “Сиз ҳамми?”
дегандек мезбон менга ўгирилган эди, “ҳа” деб қўяқолдим.
Қабулдан чиққач, шеригим ўша гапни қўзғади.
– Неча ёшга кирдингиз, оғайни? – дедим энсам қотганини яширмай.
– Нимайди? Яқинда қирқ олтини тўлдираман.
– Мен келгуси йил элга ош бермоқчиман, – дедим ўзим ҳам кутмаганда. – Тошкентда
яшаётганимга эллик йил бўлади.
– Шунгаям ошми? Ақча кўпайиб қолибди-да!
– Мана, фуқароликка қўшмаяпсиз-ку? Ош бериб тошкентлик бўлмасам…
– Ҳазил, ака, ҳазиллашдим, – деди қирқ олти йиллик ҳамшаҳрим елкамдан
дўстона қучиб.


Неварамиз тўтиқушга ишқибоз. Яқинда туғилган куни, бувиси ваъдани катта
қилган: “Бобонгга айтаман, опкелади!” Фурсат топиб қушбозорга бордим. Бешоғочга.
Қадрдон Бешоғочимга. Бозорга кириб, дилим вайрон бўлди. Бир вақтлар бу ер
Тошкентнинг энг олди бозорларидан эди. Обод, серфайз, сербарака. Эскижўваю Олой
бозорларидан кейинги ўринларда турарди, чамамда. Бу шаҳри азимга келиб еган илк
нонимиз шу бозорники эди, татиган мева-чеваларимиз ҳам шу ердан эди. Эсимда,
ёз чилласи кунора жигарранг қоғоз халтачани тўлдириб шафтоли олардим. Ҳар
шафтолиларки, бир килоси саксон тийингина эди. Шу мевани хуш кўрганимдан эмас,
чанқоқбостига. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бор, ҳали айтарман. Бугун эса ҳаммаёқ
қафасу қафасчага тўлиб кетибди, турли-туман парранданинг чуғур-чуғури қулоқни
батанг қилади. Аллақандай нохуш ҳид! Седанали нонларнинг ул хушбўй тоти қани?
Шафтолининг бошқа ҳеч бир мевага қиёслаб бўлмас таъмлари-чи?
Тўтифуруш йигит жуда киришимли, сертавозе экан. Афтимга тикилиб турди-да:
– Тўғрисини айтсам, булари сизга тўғри келмайди, ока, – деди. – Хашаки,
дурагайсифат булар.
– Нега менга тўғри келмайди? – дедим “мен”ни бўрттириб.
– Сиз ўзимми окамсиз-ку, телевизорларда кўриб тураман. Агар хўп десангиз, зўр
бир лакаланги бор. Асл Ҳиндистонники. Бир ҳафтага қолмай бир неварангиз иккита
бўлади! Уйим кўп узоқ эмас, йигирма-йигирма беш минутда шўтда бўламан!
Вақтим етарли, боз устига, кўнгилда эски хотиралар ғимирлаб қолган эди.
Рози бўлдим.
…Тавба, тамоман ўзгариб кетган! У ён-бу ёнда янги тушган баланд, жимжимадор
иморатлар. Мўлжалимни тополмай аланглаб турганимда биров салом берди.
Оқ-сариқдан келган бўйчан бир аёл. Кўзларию даҳан атрофларида майда ажин
кўринса-да, ҳали тетиккина. Менга қараб жилмайиб турибди.
– Ҳа, уйингизни кўргани келдингизми? Юринг, эшиги энди бу ёқдан, – деди у
ҳовлининг нариги бошига йўл солиб. Ажабланиб эргашдим.
Ҳовлига киргач, бошим айланиб қолди. Тўрт томон уй. Суроби эскича пасқамроқ
иморатлар. Атрофда кўз танигулик ҳеч вақо йўқ. Йўлбошловчим шарҳ бера бошлади:
– Мана бўтдаги уйчада Мабрура опоқим ўзлари яшардилар. Ёнидагисида Акмал
акам билан Ҳамида кеннойим. Дарвозалари ҳув нариги бошда эди. Кирган жойда
каттакон ит боғлоқлиқ бўларди, эсингиздами?
Эсимда, эсимда, шуниси эсимда!
– Анови деворнинг биқинида кичкинароқ бир ҳужра бор эди, сизлар ўшанда
турардинглар, ўртоғингиз билан. Тўғрими?
Ўртадаги йўғон тут дарахтига кўзим тушдию ҳовли бирдан бошқача манзарага кирди.
Девор этагидаги тошйўлак бўйлаб ҳассасини дўқиллатиб серзарда кампир юрибди.
Ит бетўхтов вовуллаяпти. “Бас қиласанми-йўқми, ҳе онангни!..” Уй олдидаги омонат
шийпончадан отилган виношиша иткатакнинг томидаги шиферга урилиб, чил-чил
бўлади. Кампир ўшқиради: “Акма-а-ал! Жинни-и!” Сира кўзини ердан узмайдиган
Ҳамида кеннойи жимгина энгашиб, шиша синиқларини териб, эски челакка сола
бошлайди. Ит баттар қутуради…
Тўрт томондан уй эгалари чиқиб келди, негадир ҳаммаси аёл (эркаклари ишда
бўлса керак), “Келинглар, келинглар”, дея ичкарига ёки тут соясидаги сўрига
таклиф қилишди.
Йўлбошловчим мени уларга таништира кетди:
– Бу киши шу ҳовлида турганлар. Ҳув ёшликларида, ўқиганларида. Унда
Мабрура опоқим тирик эдилар, Акмал акам ҳам. Ўзлари режиссёр, кўп кинолари бор.
Телевизордаям чиқиб турадилар, кўргансизлар…
Ҳовлидан қайтиб чиқилгач, аёлдан сўрадим:
– Кечирасиз, сиз мени қаёқдан танийсиз? Бу ерда турганларимни, бошқани…
– Телевизорда гапирганингизда ўзингиз айтгансиз, бозорнинг орқасидаги
торкўчада яшаганман, дегансиз. – Аёл шунда алланечук хижолатомуз жилмайди: –
Кейин… Манга шафтоли берганингиз эсингиздами? Ҳув симёғочнинг тагида. Ман
кичкина қизалоқ эдим, ҳаккалак ўйнаётувдик, сиз бозордан шафтоли олиб келаётган
экансиз, манга иккита бергансиз. Кейинчалик, телевизорда кўриб, сизни таниганман.
Ҳарчанд уриниб эслаёлмадим. Кунора шафтоли кўтариб келардим-да, пахмоқ
қизалоқ ёдда қолибдими, ҳуш-хаёл каттароқларида бўлган…
Иккаламиз ҳам ғалати бўлиб хайрлашдик. Қирқ йил бурунги гаплар.
Қайтишда зеҳн солдим: бу кўчада деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Ўша баланд-
баланд завод деворлари, ўша пивоми-вино ҳиди, ўша кўҳна “дом”, аммо роса
тўкилган, хароб. Ана, бир йўлагигина обод, гулдек таъмирланган. Бадавлатроқ киши,
шекилли. Ўзимни ўша одам ўрнида хаёл қилдим. Рост, бадавлат бўлганимда бинони
бошдан-оёқ таъмирлатар, деворларига “Акмал пахан кўчаси” деб ёздириб қўяр эдим.
Ҳа-а, шундай.
Лекин нимадандир қочган каби қадамимни тезлатдим. Тўтифуруш йигит кутиб
қолмасин. Мени таниркан, ўзининг акаси эканман-ку!
Бунча машҳур бўлмасам!..


Бу ерлардан ҳар ўтганимда юрак зириллаб, орзиқиб кетади. Қани у гавжумлик,
ажиб шовқин-суронлар? Бу кўҳна даҳа шаҳарнинг нақд қайнаб турган қозони эди-ку!
Келинг, ўшал жонажон Бешоғочим бўйлаб сизни бир айлантирай.
Бозорини ҳали таърифладик. Йўлнинг нариёғида ҳайҳотдек гастроном, моли
серобмиди, шаҳарнинг тўрт тарафидан харидор келарди. Ҳали ҳам номдор дорихонани ёнлаб кўприкдан ўтсангиз – театр майдони: бир тарафда “Муқимий” театри, бир
тарафда “Навоий” кинотеатри. Театрда – “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, кинотеатрда –
“Рам ва Шам”; бир кунда беш марта қўйилади, одам тирбанд, тушлик қилиб олиб беш
мартасиниям кўрадиганлар бор.
Ашаддий киносеварлар қоринни анҳор ёқасидаги кирди-чиқди чучварахонада
тўйғизади. Бу ерда чучвара қўлда тугилмайди, машинадан чиқарилармиш. Талабанинг
қурсоғига барибир эмасми? Икки коса таому бир стаканни тўлдириб суюғидан
олинади, лекин кўрдим демайсиз! Деярли ҳар столдаги қип-қизил ичимликка
лиммо-лим қиррадор стаканларни мен дастлаб олча шарбати деб ўйлаганман, кейин
билсам!.. Кўлга кираверишдаги майдонда оқшомлари бўлиб турадиган муштлашув ва
пичоқбозликларга руҳлантирувчи нарса шу экан.
Кинотеатрнинг чап ёнбошига мўралай кўрманг. У ер вақти-замонида мачит
бўлган дейишади, ҳозир – ашаддий даҳрийлар жамияти ҳамда музей. Чархи даврон
бир айланиб каминангиз ушоқроқ амалдор бўлдиму ташкилотимизга ушбу гўшадан
ўрин берилди. Ўзини асраганни Худо асрайди, деганлари ҳақ гап экан, асради!..
Мана, машҳур Комсомол кўлига ҳам келиб қолдик. Бу ер айниқса кечки пайтлар
ёш-ялангга тўлиб кетарди. Турли сайилу дор ўйинлари, фестивалу карнаваллар шу
ерда бўларди – эски киноларда кўргансиз.
Бешоғочнинг шундай бир тоифа фуқароси бор эдики, улар майдон этагидаги
рассомлар мактабидан чиқарди. Елкасига ашқол-дашқолини осган пахмоқсоч
бўлажак мусаввирлар кечга томон ҳаммаёқни босиб кетарди: қорин ғамию бошқа
ёшлик ташвишлари. Барининг нажотгоҳи – ҳув бурчакда жойлашган почтахона,
бўлса-бўлмаса, унга бир мўралаб ўтилади.
Бироқ шундан нарига қадам босиш йўқ. Брр! Ўлгинг келса – марҳамат. У тараф
Тош ва унинг тўдасига тегишли. Улар газлама дўконлари қаршисидаги йўлка бўйида
панжарага тизилишиб ўтиради. Гирд атрофларини писта пўчоғи босиб кетган.
Олдиларида – ерда ўртасига чангал урилган бир палла тарвуз. Юрак ютиб бу томонга
йўлаган талабага даставвал “Тарвуздан олсанг-чи, ўртоқ!” дея тиржайиб мурувват
қилинади. Ҳар ёндан хитоб: “Ол! Ол!” Лақмароқ, боз устига мудом оч талаба тарвузга
энгашган заҳоти панжарада ўтирганлардан бирови қўшқўллаб гарданига солади.
Гандираклай-гандираклай базўр ўрнидан турган шўрликнинг юзига тарвуз – қопқоқ!
Чор-атрофда кулги, масхара: “Ваҳа-ҳа, ваҳа-ҳа!”
Таъзирини еган пандавақи яна шу тарафга йўлагудек бўлса, янги синовга дуч
келади. Синовни Полвон лақабли бир тирмизак бошлаб беради. Аслида у ҳеч қандай
полвон ҳам эмас, тирмизак ҳам эмас. Жуссаси ушоққина – болага ўхшашлигини
айтмаса, ёши анови панжарада ўтирганлардан катта бўлса каттадирки, кичик эмас.
Ана шу қаримсиқ қўққисдан йўлингизда пайдо бўлиб, ё қорнингизга калла қўяди, ё
оёғингизни чалиб юборади. Ғиринг деб кўринг-чи, бутун панжара аҳли устингизга
ёпирилади: “Нега ўзингдан кичкинага анақ қивоссан?!” Мушту тепкининг тагида
ётганингизда тасодифан мелиса ўтиб қолса, “Ўв, ўв, секинроқ, ўлиб қолса жавоб
берасанлар!” дея огоҳлантириб қўяди, холос. “Хо-оп, ока, хо-оп”, деб, янада қаттиқроқ
мушт солишади, янада қаттиқроқ тепкилашади.
Бешоғочнинг хўжайини ҳам, чин мелисаси ҳам шулар – Тош ва унинг
шотирлари. Тўдабоши – калласи хумдек, башараси қип-қизил бир махлуқ, ур-
йиқитга аралашмайди, чекаётган сигаретидан паға-паға тутун пуркаган кўйи
панжарада ўтириб амр қилади: “Солларинг!” ёки “Бўлди қилларинг, ўв!” Тапир-
тупур шу заҳоти тинади: демак, қон чиқди, қон!
Мен ўзимни ўша замоннинг қайноқ қозонида қайнаган Бешоғоч фарзанди деб биламан.
Энди худобезори Тош ҳам йўқ, унинг тўдаси ҳам гумдон бўлган. Нимани талашарди ўзи улар? Бугун нега шаҳарнинг бирон-бир гўшасида унақаларни учратмайсиз? Ёки ўртадаги
майда-катта ихтилофлар тамом барҳам топган дейсизми? Тўғри, ҳозир унақа уриш-
тепкилашлар йўқ… Бу донгдор даҳа бугун алланечук ҳувиллаб қолган, бефайз, беруҳ.
Ўша нобакор Тошу унинг тўдасидан жабр кўрганларнинг иши эмасмикан бу?..
Мен даҳанинг икки ерида ижара турганман. Биринчиси – бозор ортидаги нечундир
“тупик Аллея” дея дабдабали номланган кўчада. Кейин эса – катта шоирнинг театрга
ёндош ҳовлисидан нари Арпапоя кўчаси адоғида жойлашган бир яҳудийнинг диққинафас
ҳужрасида.
Амакимга қишлоқдан хат йўллаганимда доим “туп. Аллея” деб ёзардим. Шунда
ясан-тусан оломон саф тортиб сайр қиладиган икки чети гулзор обод шаҳар кўчаси
кўз олдимга келарди. “Ўқишга кирсанг, менинг квартирамда турасан”, дерди амаким
таътилга борганида. Демак, ўша гулзор кўчанинг бўйида “квартира” аталувчи шинам,
озода хоналар бор, шулардан бирида яшайман – маза!
Тошкентга келиб, тамоман ўзга манзарани кўрдим. Максим Горькийнинг “Она”
романида тасвирланмиш йўқсиллар истиқомат қиладиган хароб бир гўша! Гул-пул
йўқ, йўл ёқалари қоғоз парчаларию ҳар хил ташламалардан ивирсиб ётибди, ҳеч ким
сайр ҳам қилмаяпти, ўтган-кетганнинг бари, афт-ангори тунд, рўзғор ташвишлари
билан ғимирсиб юрибди. Кўчанинг чап тарафида мудом нимадир гувиллаб туради,
ўша ёқдан шиптир аралаш винонингми-пивонинг ҳиди келади. Аллея эмиш,
оддий бир халтакўча-ку бу. “Халта”нинг таги – адоғида пасқамгина уй-жойлардан
иборат маҳалла. Биз ана шу ҳовлилардан бирида, Акмал пахан деганнинг тор бир
ҳужрасида турамиз. Ўқишни битирган амаким университетга ҳужжат топширишга
кўмаклашди-ю, “Мен сенларга ишонаман, албатта ўқишга кирасанлар”, дея Усмон
иккаламизга ҳужрасини бериб, ўзи қишлоққа жўнаворди.
Ҳовлига қараган ягона туйнук – деразадан бир тутам ёруғ тушиб турувчи бу
каталакнинг орқа девори зилзиладан қийшайиб қолган – омонат, рахналарини амаким
амал-тақал суваб қўйган. Ҳар ер силкинганида югуриб ҳовлига чиқамиз, қайтиб
кирсак, деворнинг бошқа жойларида ҳам ёриқ пайдо бўлибди.
Шу кунда ҳовлида тўрт кишимиз: Изергиль кампирнинг ўзи (биринчи куниёқ
Усмон қўйган ярашиқли лақаб), келини Ҳамида кеннойи ва мен билан шеригим.
(Дарвоқе, бу кампирни мен кейинчалик театр саҳнасида учратганимни ҳам айтай.
Бошида ўша дакана рўмол, ўша қора бахмал нимча, ўша ҳассаю атрофга мудом норози
боқувчи ўша пистоқи кўзлар… Фармонбиби!)
Аммо ҳовлининг хўжайини – дарвоза тагида боғлоқлиқ эртаю кеч акиллаб
чарчамайдиган баҳайбат Сиртлон. У кампирдан бошқани яқинига йўлатмайди,
кампир узоқлашган заҳоти яна “ашуласи”ни бошлайди. Сираси, уларнинг тупроғи
бир лойхонадан олинган. Кампир ҳам кун бўйи ҳовлида ҳассасини дўқиллатиб,
кимларнидир қарғаб-саннаб юради. Йўлида одам учраса, овозини баландлатади:
“Балога йўлиққур! Ман кимсан – Акмал паханнинг онасиман-а?!”
Волиданинг бу қадар керилиб гапиришидан Акмал пахан деганлари сирли бир
паҳлавон ёхуд роса ном чиқарган валламат бўлиб гавдаланади хаёлимда. Лекин
қани у, қаерга кетган – бунисини сўраб бўлмайди. Кампир савол сўраган башарангга
бақрайиб қарайди-ю, миқ этмай нари кетади: дўқ-дўқ. Ердан кўз узмай шарпасиз
юрадиган Ҳамида кеннойи эса, ён-верига қараб олиб, кампир йўқлигига ишонч ҳосил
қилгачгина, “Келадилар. Келсалар керак”, дея пичирлаб қўяди.
Мана, орадан неча ўн йиллар ўтибдики, мен бундай ҳалим ва ҳуркак, бундайин
гавҳар аёлни кам учратдим. Ўзига яраша ҳусндоргина жувон қайси гуноҳига кўра шу
зиндонга келиб қолган, нима ушлаб турарди уни у ерда? – Ўша олис кечмишлардан
қолган яна бир жумбоқ бу менга. Ҳовлига кириб-чиқиш азоби!.. Итдан қўрқаман-да. Болаликда жонимни олган.
Аксига денг, анув жойга ҳам Сиртлоннинг дамидан ўтиб борилади. Сувдан парҳез
қилишиму шафтолихўрлигим сабабини энди англагандирсиз…
Унда-мунда йўқлаб келадиган ҳамқишлоқлар, “Бошқа жой қуриб қолганми
сизларга?” дейишади ҳолимизга ачиниб. Қуриб қолган, чунки амакимиз, “Шу ердан
жилмайсанлар, шу ер маъқул сенларга”, деб тайинлаб кетган. Сезишимча, ҳовли
аҳлининг амакимга муносабати бўлакча бўлган. “Аҳаджон, Аҳаджон” дея эслари
кетади. “Аҳаджоннинг жияни” сифатида менга ҳам муомалалари илиқроқ. Усмон
унча-мунчасига юзинг-кўзинг деб ўтирмайди-да.
Кундузлари Сиртлоннинг “наъма”си остида торқоронғи хонада терлаб ўтириш
ва чироқни ёқиб кампирнинг ғазабига учрашдан қочиб, Бешоғочга чиқамиз-да,
“еттинчи” ёки “ўн биринчи” трамвайга ўтириб Инқилоб хиёбони сари йўл оламиз.
Бориб, соя-салқин хиёбондаги майсалар узра чўзилиб имтиҳонга тайёрланамиз.
Тайёргарлик баҳона, баҳсу мунозара: фалончи шоир зўрми ёки писмадончи? Ҳали
ўтиб кетган қиз чиройлимиди ёки буниси?..


Ўша куни кечки пайт икки коса таом устидан бир стакан лойқасимон какаони
уриб, чучварахонадан чиқдиму балодан нари деб, одатдагидек майдонни айланиб
юрмай, таваккалига йўлни газламалар дўкони – балонинг уяси сари солдим денг!
Орқа-олдимга қарамай тезлаб ўтиб бораётган эдим, биқинимга бир нима гупиллаб
урилди. Полвон! У ёғини эсламоққа юрак йўқ!
Мана, жағим шишган, чап кўзимни очолмайман, таваккалчилик жабрини тортиб
ётибман. Бошимда, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, Изергиль кампир. Қовоқларимга
шўрпахта босиб, жаврагани жавраган, қарғагани қарғаган:
– Вой, балога йўлиққурлар! Вой, қўлинг сингурлар! Акмалимнинг йўғида анув
Тош ўлгур қутуриб қопти-да! Аҳаджоннинг жиянини-я! Санам мундоқ оғзингни
очиб, ман Акмал паханнинг уйида тураман, ҳей қопағонлар, демайсанми, латтавой!..
Усмон политехника институтида ўқийдиган тоғасининг олдига кетган эди, ўша
кеча келмади. Бир ўзим аламдан хўрланиб ётдим. Имтиҳонгача юзимнинг шиши
қайтармикан? Ҳали оқшом меҳрибон Ҳамида кеннойи бир коса овқат олиб чиқувди,
оғзимни очолмадим, сувини ичдим, холос.
Тун ярмидан оққанмиди, дарвоза қаттиқ тақиллаб, тарақлаб, Сиртлон вовуллаганча
маҳаллани бошига кўтарди. Аёлларнинг чув-чуви эшитилди. Аллаким қаттиқ
сўкиниб, Сиртлонни тепди шекилли, ит вангиллай-вангиллай ўчди. Ҳовлида тапир-
тупур бошланди. Тавба, томошанинг қизиғида кўзим кетиб қолибди. Тушимда яна
мушту тепкининг тагида ётганмишман.
Чошгоҳда кўзимни очдим. Эшик ғижирлаб, Ҳамида кеннойининг ташвишманд
юзи кўринди.
– Чақирвоттилар. Акмал акам. Келдилар.
Юз-кўзимни ҳовлидаги офтобада чайиб, артиндим-да, теварак-атроф алланечук
ўзгариб қолганини пайқадим.
Шийпондаги хонтахта ортида майкачан биров ёнбошлаб ётибди. Муштаккина одам.
Қоқсуяк, қоқичак. Баданининг соғ жойи йўқ, тиртиғу чандиққа тўла. Соғ жойларида
эса ватанга муҳаббату бевафо ёрдан ҳасрат сўзлари. Чап елкадан пастроқда бўйнини
илон чирмаган серкокил бевафонинг ўзи, ўнг елкада мўйловдор доҳий тасвири.
Соч ўсиб қолган калланинг ҳам уч-тўрт жойида тиғ излари оқариб кўринади. Ўша
тиғ чап чаккадан ияккача тилиб тушган. Ўнг бетдаги буришиқ жой кўз халтасини
тортиб турибди – пастки қовоқ йиртилгандек қонталаш. Булар бари бир тараф, бўйин аралаш чап қўлтиққа осиб олинган мусулмони
тумор бир тараф!
Акмал пахан! Акмал пахан!..
Мени кўриб, у ёстиқдан қўзғалди.
– Ке, ке, ўртоқ. Аҳаджоннинг жияниман дегин? Аммо-лекин Аҳаджон зўр бола!
Йигитнинг хўрози у! Жа қаттиқ ҳурмат қиламан-де окангни! Битириб жўнаворибди-я,
номард! Маминдан кетадими? – деб қолди бир пайт хонтахта устида турган қизил
мусалласни кўрсатиб. Ичмаслигимни эшитиб: – Тўғри қиласан, бола, – деди, –
оғзингга олма бу мағзавани! Ўша ёқдаям қутулолмадим ман бундан. Пайло! Ҳаётим
бузилган-де, укам! Манга қара, индамай қараб туравердингми? Шартта пичоқни
олиб қорнини тилиб ташламайсанми!.. – Акмал пахан бирдан тутақиб, ит катаги
олдида шиша синиқларини териб челакка солаётган хотинига қараб бақирди: – Ҳами!
Ҳамида! Ҳе, онангни сани!.. Чақир анув …ваччаларни!
Типирчилаб қолган шўрлик кеннойи қўлидаги челакни ташлаб, зувиллаганча
ўзини дарвозага урди.
Мен имтиҳонни баҳона қилиб, хонага қайтдим.
Орадан ярим соатлар ўтган бўлса ўтгандир, дераза оша кўриб турибман,
дарвозадан бирин-кетин кечаги жафокорларим кириб келса бўладими! Бирининг
қўлида тарвуз, бирининг қўлида қовун, шақир-шуқур шиша тўла қоғоз халта
кўтариб олганлари ҳам бор. Бари шумшайган, атрофга ўғри мушук мисол бўйнини
қисиб боқади.
Ҳовлида Акмал паханнинггина товуши эшитиларди. Оғизга олиб бўлмайдиган
шалоқ сўзлар. Дамим ичимда, ўтиравердим. Ҳамида кеннойи бош суққанини
сезмай қолибман.
– Чиқаркансиз.
Титраб-қалтираб ҳовлига қадам қўйдим. Айтса ишонмайсиз: Бешоғочнинг
зўравонлари, Тош бошлиқ бари шийпон этагида қаторлашганча чўкка тушиб ўтирибди.
Барининг боши хам, мендан баттар қалтирайди. Полвончалари кўринмайди.
– Бери ке, Аҳаджоннинг жияни, – деб амр қилди Акмал пахан. – Машилармиди?
Ке! Битта-битта башарасига тепиб чиқасан! Жонинг борича тепасан, тушундинг?
Агар тепмасанг, буларга айтаман, бола, кечагидан баттар қилишади, аммо!
“Кечагидан баттар қилишади!” Увв! Сафнинг олдига қандай борганимни билмай
қолдим. Лекин қани оёғимни ердан узолсам – зил, зил!
– Қани, бошла! Бошла девомман санга!
Қалтирай-қалтирай оёғимни кўтарганимни биламан, олтови ҳам увиллаб
тиззамга ёпишди:
– Кечиринг, окажон, кечиринг!..
Бу манзаранинг томошасига одам керак эди! Нима қиларимни билмай шошиб қолдим.
Елкам оша Акмал паханнинг ҳайқириғи қулоғимга аранг чалинади:
– Бу бола ўш-ша ёқлардан нима учун келган, биласанларми? Ўқишга! Ўқигани!
Сен ж…лар бўлса, сен к…лар бўлса!..
Ўша кундан бошлаб Бешоғочнинг кўча хўжайини ваҳший Тош эмас, камина бўлдим! У
менинг олдимда эмаклаган, кўзида ёш билан шафқат сўраб менга ёлворган эди-да. Энди мен
бир ёқларда биқиниб юрмай, газлама дўконлари олдидан ғоз бўлиб ўтаман. Кўринганим
ҳамоно Тош ва унинг шотирлари панжарани тарк этганча чопиб, олдимга келишади.
– Ўқишдан кевоссизми, ока? Раҳмат. Юрфакда ўқивоссиз-а? Раҳмат. Акмал акам
нима қивоттилар – ўтирибдиларми, ётибдиларми? Салом айтиб қўясиз-де, ока, хўпми?
Биза бўтда ҳали спорлашиб турувдик: окамиз тўрт марта ётиб чиққанларми ё беш
мартами деб. Сиз айтинг, жиянларисиз-ку, тўғрими? Оғзимга келганини айтаман: бир сафар тўрт марта десам, кейинги сафар – беш марта.
– Ва-ай, зўру! – дейишади ошкорасига ҳавас қилиб. – Беш марта-я? Қойи-и-ил!
Ҳозир-чи, уйдамилар? Ётибдиларми, ўтирибдиларми?
– Уйга борайлик-чи, биламиз-да, – дейман беписанд.
– Ўтирийнув мундоқ, дам олийнув? – дея такаллуф кўрсатмоқчи бўлади бирортаси.
– Вей-вей, келиб-келиб сан билан ўтирарканларми окам?! – дейди бошқа бирови
энсаси қотиб. – Юрфакларда ўқийдиган одам-а?! Кимсан – Акмал паханнинг жияни-я?!
Пучдан-пуч бу манзиратлар икки ойми-уч ой давом этди. Шу орада Усмон
иккаламиз ўқишга ҳам жойлашиб олдик; тўғри, ановилар кўпиртирганидек юрфакка
эмас, журфакка. Усмон Акмал паханнинг узоққа тушиб кетган катта опасининг, мен
кичигининг ўғли эдим. Бора-бора шу ўйинлардан чарчаб, уйга ё бозор оралаб, ё
илгаригидек майдонни айланиб қайтадиган бўлдим.
Куз ўрталаримиди, погонлиларнинг тазйиқи билан уйда чилла ўтирган “тоғамиз”
икки-уч дафъа кўчага чиқди-ю, кимнидир пичоқлаб қўйиб, тағин қамалди. Анови
безориларнинг олдида обрўйим яна бир қарич ўсганини айтсангиз! “Олти марта-я,
вей! Қойи-и-ил!”
Навбатдаги ер силкинишида ҳужрамизнинг майишиб турган омонат девори узил-
кесил ўпирилиб тушдию Арпапоядаги яҳудийникига кўчиб кетдик. Хайр, Акмал
пахан! Хайр, Акмал паханнинг жипириқ мухлислари!
Бу шаҳри азимда кечган эллик йиллик умр ана шундай ҳангомалар билан
бошланган эди. Шукрки, бу ёғига ҳам ҳаёт бизни зериктириб қўймади…


…Кейинги маҳкамада бизнинг ихчамгина сафар ҳайъатимизни қабул қилган жаноб
унча-мунча рус тилида сўзлашар экан. Ажабо, буниси ҳам ҳар биримизнинг айнан
қайси шаҳарданлигимизга қизиқди. Ўзбекистон ҳам катта юрт-да! Уч ҳамроҳимиз
айтарини айтиб, гал менга келганда, тошкентлик шеригимизнинг тунов кунги иддаоси
нашъа қилибми, туғилган жойимни баралла эълон қилдим: Сурхондарё вилоятининг
Бойсун тумани!
– О-о-о, Байсун, Байсун! – деб юборса бўладими ҳалиги одам қулоч кериб. –
Красота! Байсун баҳори!
Бошқаларни қўйиб бир ўзим билан сўзлаша кетди. “Бойсун баҳори” фестивалига
борган экан, таассуротларини айтиб, адо қилолмайди денг! Бир вақт ёнбошидаги
ғаладонни титкилаб, каттакон сарғиш конверт олди. Ичи тўла Бойсунда тушган
суратлари, эринмай ҳар бирини изоҳламоққа тушди. Серзавқ, одамохун киши экан-да.
Бу орада бошқа бир мезбон шерикларимни кўчага кузатиб улгурган эди.
– Ҳа, намунча қолиб кетдингиз? – деди тошкентлик шеригимиз ажабланиб.
– Бойсунда бўлган экан, шундан гапирди. Ташрифномасини берди, ранчосигаям
таклиф қилди, – дедим атай ачитиб.
– Бойсунга борган эканми, йўғ-э?!
Сезиб турибман, шу тобда жонажон шаҳрини қўйиб, бойсунлик бўлмоққа тайёр!
Шунақа тоифа бор ўзи, ҳар нарсага ҳавас қилаверади. Боғ десанг, боққа талпинади,
тоғ десанг – тоққа…

______________

Эркин АЪЗАМ Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург. 1950 йилда туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган.
“Отойининг туғилган йили”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Шоирнинг тўйи”, “Шовқин”,
“Кечикаётган одам” каби бир қатор китоблари чоп этилган. “Дилхирож”, “Эркак”, “Сув
ёқалаб”, “Паризод” ва бошқа кўплаб бадиий фильмларнинг сценарий муаллифи.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *