Карим БАҲРИЕВ

 

* * *
Менинг ота, онам
Дунё – кенг.
Ҳув йўлнинг кунгай бетида
қўшни болаларни қошига йиғиб
достон айтар мўйсафид бир чол.
“Турналар негадир қайтмаётир…”, деб,
уфққа боқиб суради хаёл.

Ҳаводак кўлига шикорга чиқиб,
парига йўлиққан Авазхон каби
олисларда юрган ўғлини эслаб,
кекса Гўрўғлидек қимтинар лаби.

Ой ҳам йитар Ғўснинг тоғига ботиб,
кампир палак тикар “ёруғлик кунга”,
ориқ қўллар билан ип, қатим тортиб –
бир орзу асрайди дилида ширин,
қишлоқнинг бўй етган гўзалларига
гоҳо ошкор боқиб,
гоҳо яширин…

Дунё – кенг,
жуда кенг,
ота,
онажон.
Сайёҳми, сайёдми, саёқми – кимман?
Орзунгизни кўмдим кўнгил қаърига –
бунда икки дунё рози бир аёл
ўғлингизни осди ўз сочларига…

* * *
Тўсатдан –
тарсиллаб ёрилар куртак,
қизарар уятдан шафтоли гули,
қарсиллаб чақилар момогулдурак,
жарликлар хўрсинар бехос қайғули,

гувиллаб саҳрода кезар эпкинлар,
чакиллаб сув келар асрий қорлардан,
сопол хумларидан чиқажак жинлар,
девлар ёпирилиб чиқар ғорлардан,

эртаклардан чиқар қанотли отлар,
кулларни титкилаб китоблар чиқар,
беланчакка сиғмас гўдаклар туғар.
ойданда, кунданда ҳур паризодлар,

кўр кўзлар очилар – қамашар нурдан,
гунгларнинг оғзидан тушар сақичлар,
қулфин дарвозалар очилар бирдан,
музей деворидан кулар қиличлар…

Воҳ, охир тугайди минг йилдан буён
нафасини ютган ернинг жимлиги –
куртаклар ёрилган шу тонг, ногаҳон,
халқимнинг ёдига тушар кимлиги…

ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу саҳар тирил,
кўзим, тоза гулларга қара –
улар ҳозир байроқдай қизил,
юрагимдай бағриқон, яра.

Руҳим, энди шу тонгда қўлла,
ўтиб кетар бошимдаги ғам,
қара,
ўтиб кетмасдан гуллар,
учиб кетмай баргдаги шабнам.

Пок нурларни тўйиб симиргин,
ўтиб кетар дайди шаббода,
кўриб қолгин:
бир қатим ёғду
бир сен учун ўйнар ҳавода.

…Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,
учиб битма баргдаги шабнам –
ўтиб кетар, ахир,
сизларга боқиб
йиғлаётган ана шу одам.

ЭКОЛОГИЯ

Карвон ўтмас қақроқ саҳролар,
Нафаслари қисган ҳаволар.
Сувсираган сувларнинг ўзи –
Шўрлаб кетган шўрлик дарёлар…

Ай, дунёлар ювош, омонат,
Киприкдаги кўзёш омонат.
Гарчанд ҳали ялтираб турар,
Осмондаги қуёш омонат.

Олам маъсум, само бепоён,
Қоронғининг сўнгги, туби йўқ.
Ваҳимага тушади юрак,
Қовурғадан тер сизар совуқ.

Тентирайди маҳзун шаббода,
Бошин эгар майсалар ҳолсиз.
Минг йил, милён йиллик дунёга
Термиламан кечалар ёлғиз.

Кўзин очсин қадим булоқлар,
Йўллар кезиб оёқлар толсин.
Коинотда қолсин момо ер,
Ер юзида одамлар қолсин.

Ер қолмаса, одам қолмаса –
Гарчанд само бепоён, кўчкин –
Минг йил, милён йиллар фалакка
Қўрқув билан қарамас ҳеч ким.

ТИЛСИМЛИ ДУНЁ

Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.

Бунда сувлар шилдираб мангу
қучиб ётар тупроқни хушбахт;
бир тонг зангор гулбарг бўлару
шовуллайди шамолда дарахт.

Бунда бари дилбар ва ширин,
тирикликка тўймас – дил ярим.
Юртдошларнинг қалбига яқин
йўлни излаб ўтар кунларим.

ФАЛСАФАДАН КОНСПЕКТЛАР

Туркум

Вольтер

Албатта, сиз ҳақсиз ҳаммадан:
Илоҳининг борлиги – ёлғон.
Буни англаб етган лаҳзадан
Бўшаб қолди тепада осмон.

Сиз биласиз ҳаммасини, ҳа,
Мен бағриқон кўҳна сўроқдан –
Худо йўқдир, лекин бир зумда
Дунё пайдо бўлган қаёқдан?

Айтаяпсиз: молекула, атом,
Ҳужайралар, қон, энергия.
Ҳаммасини биласиз, айтинг –
Бу ақлни сизга ким берган?

Абу Али Ибн Сино

Яшил-яшил баргларга боқдим –
Кўзларимга хазон кўринди.
Метиндевор шаҳарга боқдим –
Ул ҳам бир кун вайрон кўринди.

Боқдим сумбул-сумбул толларга –
Тобут бўлар бир он, кўринди.
Боқдим шодмон юрган элларга –
Ич-ичида армон кўринди.

Одам танин англаб улгурдим,
Лекин қалби уммон кўринди.
Тирикликдан шартта юз бурдим –
Шунда ўлим осон кўринди.

Аҳмад Яссавий

Озодлик нимадир – у қувонч эмас,
Агар шодлик бўлса сен кўрган дамлар,
Демак, ростлаяпти ғаниминг нафас,
Бир зумга ториқмиш ғаюр одамлар.

Озодлик нимадир – қадим ер узра
Таралиб турибди ҳали овозинг
Ва, лекин, тепангда тинимсиз титраб,
Чайқалар минг йиллик кўҳна тарози.

Озодлик нимадир – тирикман дея,
Беҳуда севиндинг. Бор бўлса жонинг –
Бу сени Яратган унутди, демак,
Эсидан чиқибсан, демак, Худонинг.

Блез Паскал

Осмон – ернинг дўпписи, тубсиз,
Мангуликда тун – бир дақиқа.
Сиз ёр ила бахтли турибсиз,
Мен ўйларман ўлим ҳақида.

Толтобутни эсламайсиз ҳам,
Ўйламасанг, йўқ каби ажал.
Мен биламан – ғилофида ҳам
Хатарлидир, кескирдир ханжар.

Жаннатдасиз, сиз учун ўлим
Айиради сафоли бахтдан.
Мен дунёдан кетарман кулиб,
Кетаётган каби дўзахдан.

Сўнгги йўлни ёдламай, хушбахт,
Дилингизда на ғам, на титроқ.
Мен ўлимни ўйлаган сари
Ҳаётимни севдим қаттиқроқ.

 

________________________
Карим БАҲРИЕВ – 1962 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг
рус филологияси, Михаил Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг
журналистика факультетини битирган. “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил”
шеърий китоблари чоп этилган.

________________________

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019 йил 3 сонидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *