Биби РОБИАЪ

МАЛИКАНИНГ
ҚАЙТИШИ

Ҳикоя

Ёнида дадаси билан онасининг йўқлигини кўргач, каравотдан эҳтиёткорлик билан тушиб, эшикка қараб юрди.
– Дадў-ў-в.
– Ия, дадиш қизи уйғонибди-ку. Қани, келсин-келсин. Энди битта оппа
қилайлик-чи.
Хадича отасининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Ота қизини ҳар бағрига босганида юраги жажжи юракнинг уришига қулоқ тутар ва завқланиб бутун вужудига айтиб берарди.
– Оҳ-оҳ-оҳ. Ҳар куни кузатиб қўядиган меҳрибоним мани, – бугун маош олиши ёдига тушиб, – хўш, сенга нима олиб келай? – деди. Аммо аёлининг ҳайрат қалққан нигоҳидан ижара пули ёдига тушди. Берган саволининг тирноғи бор эди, ичини тирнади.
Қиз онасига, гоҳ дадасига жовдираб боқди.
Ғашлик, барча кўч-кўронини олиб, Ибратнинг юрагига ўрнашиб олди. У борган сари оғирлашиб борарди. Бекатга базўр етиб олди. “Қизим бечора, бошқа болаларга ўхшаб, “Менга нима олиб келасиз?” демайди. Келганимда, кетаётганимда фақат бағримга отилади. Ҳаётни эркалашлару эртаклардан иборат деб ўйласа керак… Уҳ, қанақа ота бўлдим-а, қизимга бирор нарса олиб беролмасам. Фақат ижара пули,
ижара пули. Устига-устак у қурғур маошдан катта…” Осмоннинг кўз ёшларини темир қошлари билан артиб келаётган таниш автобусга чиқди. Кимга қарамасин ҳамманинг нигоҳида “нима олиб келай” деганида қизининг ҳайрат ила боққан нигоҳлари балқиб тургандек туюлаверарди. Ўзини жазога лойиқ инсондай ҳис этди. Кимдандир аччиқ-аччиқ гап эшитгиси келди. Топди: ишга кечикиброқ борса, иззатталаб бошлиғи бу хоҳишини рўёбга чиқаради. Талабалик пайтларидан кўнгил ёрадиган сирдоши бўлган бобоси ёдига тушди ва кейинги бекатда тушиб қолди.
Қўлини шаҳд билан кўтарган, юзида қатъият, ишонч балқиб турган бобосининг ҳайбатли жуссасига яқинлашди. Юзларига, қўлларига, минган отига узоқ тикилди.
– Эҳ, Темур бобо, дардлашгани яна келдим. Сиз бутун бир салтанатни
бошқаргансиз, мен эса битта оилани тебрата олмаяпман. Бечора аёлим ойлаб гўшт нима эканлигини билмайди, билмаганини билдирмайди ҳам. Юзидаги қон ҳам бу
йўқчиликка чидай олмай қочиб кетяпти. Эҳ, Гулюзим, гул юзим. Ҳеч қурса, менга уни олиб бермаяпсан, буни егим келяпти, қўлим пул кўрмаяпти деб таъна қилсанг, жанжал кўтарсанг бўлмайдими? Шунда сал енгил тортардим. Сен эса буюк азобни раво кўрасан – виждоним билан ёлғиз қолдирасан. Қизим ҳам сенга ўхшаб боряпти…
Уҳ, нима қилай, бобо? Сиз ҳам жимсиз…
Ишхонадан гап эшитишга етарлича фурсат ўтди. Пиёда етиб борса, яна нур устига нур.
– Э, қонунни бузса бўларкан-ку, мулла Ибратулло. Лекин хавотирланманг,
бошлиқ билганлари йўқ, – деб кутиб олди шериги.
Ибрат ҳамкасбининг кўзларига тикилди: “Менда ҳам қачонлардир шундай кайфият бўлармикан? Ҳам хаёл, ҳам кўнгил, ҳам қорин тўқ. Юз хотиржам, қувноқ, ташвиш йўқ”, деган ўй ўтди.
– Ҳа, мулла дўст, бугун сал ғалатироқмисиз? Менга уйингизни ўмарган ўғридай қараяпсиз?
Хуррамбек кўзларида маъюслик қалқиб тургувчи Ибратни доим кулдиришга ҳаракат қилар, унга ва ижодига ич-ичидан ҳурмати чексиз эди.
Ибрат саволга жавоб бермади. Унинг хаёл дарёсида бошқа фикрлар сузиб юрарди: “Оббо, ҳар эрталаб қўйларни санагандай ходимларини санаб кетадиган бошлиққа келиб-келиб бугун нима жин урди экан-а? Барибир бир иложини қилишим керак. Бўлмаса бу ғашлик мени адо қилади”. Хонасидан чиқиб тўғри бошлиқнинг олдига кирди.
– Хўш, нима гап? – деди бошлиқ кўзини уймаланиб ётган ҳужатлардан олмай.
– Нусрат Самадович, ҳалиги… ишга ҳозир келдим. Кечикиб қолдим-да.
– Хўш, бошқа такрорланмасин. Ишим кўп, яна гапингиз бўлмаса, рухсат. Бу суҳбатнинг гувоҳи бўлган ғашлик Ибратнинг устидан қаҳ-қаҳлаб кулди.
Кечикканларни соатлаб уришиб маъруза ўқийдигин хўжайиндан ҳам иш чиқмади.
Хонасига қайтди. Шеригининг юрагига тегадиган гап айтиб, ғижиллашмоқчи
бўлди-ю, аммо бировнинг дилини оғритмаслик керак, деб ўргатилган тарбия бунга йўл қўймади.
– Дарвоқе, мулла Ибратулло. Жиринг-жиринг, мулла жиринг беришяпти. Ҳисобчига учранг.
Эрталабдан бери юрагини исканжага олган душмани билан кўришадиган фурсат етди. Бориб маошини олди. На ўзига, на хотинига, на фарзандига татимайдиган
пулларни қаттиқ қисди ва уларга қашшоқлик тамғасини босаётган ҳам мана шу қоғозлар эканидан ғазабланиб столга улоқтириб юборди.
– Ибратилла, тузукмисиз? Нима бўлди? Бояги гапларимдан ранжидингизми, ё?
Биласиз-ку, сизга ҳурматим баланд. Ўткир қаламингиз бор. Бошингизни кўтариб юришга арзийди. Меникини қаранг, дум-дум, – деб хохолади. Ибратнинг ўйга чўмган нигоҳларида ўзгариш кўрмагач, ҳамдардлик билан деди: – Ёрдам керак бўлса айтаверинг, тортинманг.
Ибрат қилган қилиғини нима деб оқлашни билмай, “Шунчаки ўзим”, деб кулиб қўя қолди.
Вақт ҳам оғироёқ аёлдай имиллаб ўтди. Булутга ёнбошлаган қуёш уни қизига элтиш учун кута-кута кетиб қолди. Лаҳзалар бугунни симириб тугатди. Оёқлар мажолсиз танани таниш йўллар сари судради. Ўша кўчалар, ўша дарахтлар, ўша дўкон.
– Уф-ф, дадаси. Бунча зиқнасиз, бира тўласи беш кило гўшт олсак бўларди.
Биласиз-ку, ўғлингиз гўштхўр. Индинга яна дўконга чиқиб ўтирмасдик.
Қулоғига киришга улгурган бу тантиқ сўзлар Ибратни тўхтатди. Аравачадан тўрхалталарни мошина юкхонасига жойлаётган гавдали кишининг ёнида ёноқлари, лаблари, тирноқлари қип-қизил ёш жувон товуснинг овози билан жаврарди. Ибрат уларга бироз тикилиб турди, сўнг, “Э, жин урсин ижарасини ҳам”, деди-да, шаҳд
билан дўконга кирди. Кўп ўтмай қўлида учта тўрхалта, юзида табассум билан қайтиб чиқди. Энди қадамлари енгил, уйи томон парвоз этар, атрофни биринчи маротаба кўраётгандек завқланиб боқар, энг асосийси, юрагидаги ғашлик ғойиб бўлганди Қўнғироқ чалинди. Гулюз одатдагидай беғам аёл каби табассум билан эшикни очди.
– Мана сенга олам-олам гул. Буларни кўриб ҳушингдан кетиб қолма яна. Ойлик олгандим, – дея Ибрат бозорликларини намойиш қилиб турган икки қўлини баланд кўтарди.
Гулюз илон чаққандай чинқириб юборди ва боласи уйғонмаслиги учун йиғисини ҳовучлаганча ошхонага югургилади. Ибрат қўрқиб кетди:
– Нима гап? Қаеринг оғрияпти?
– Ахир… нималар қилиб қўйдингиз, дадаси?..
– Нима қилдим? Тушунтириброқ гапирсанг-чи?!
– Ахир… ахир шу ойлигингизни кутиб ўтиргандик-ку. Қизимизга дориларини
олишимиз керак эди. Аҳволи ёмонлашяпти. Бу ёқда ижарачи хотин… – деди йиғламсираб.
– Жин урсин, нима эсимдан чиқди дедим-а? Сен ҳам ҳар куни эслатиб турсанг бўлмайдими? Ахир калламда мингта хаёл. Майли, қолганига олиб келаман.
Рўйхатни бер. Эшикни қулфлаб қол, – деди-да, кўчага отилди.
Кўча бошидаги дорихона бахтига ҳали очиқ экан.
– Яхшимисиз, мана бу дорилар борми?
– Хўш, учтаси бор, қолган иккитаси йўқ. Биринчиси ампула, саксон олти минг
сўмдан. Битта қутида бешта бўлади. Кун ора бир ой олишингиз керак экан. Бунинг учун сизга учта қути етади.
– Ҳозирча битта қути ола қолай.
– Хўп, мана, – сотувчининг бармоқлари калкулятор тугмалари устида югурди, – Тўрт юз ўттиз минг сўм бўларкан. Иккинчиси…
– Шошманг-шошманг. Ҳозиргина саксон олти минг дедингиз-ку.
– Мен донасини айтдим, ака.
– Шу уч-тўрт томчи чиқадиган нарса шунчами?
– Хафа бўлманг-у, қолган дориларингиз бунданам қиммат.
Ибрат аламзадаликдан бозорлик қилгани учун, қизининг аҳволини унутгани учун ўзини лаънатлади. Сўнг вақтинча уч дона олиб туришга қарор қилди. Сотувчи йигит қолган яна иккита дорини ҳам хомчўт қилиб берди. Кутилмаган бу нархлар Ибратнинг юрагига тиғдек санчилди. Қўл-оёғи кесиб ташлангандек ҳис қилди ўзини. Пул бошқа дорилардан иккита донадан олишгагина етди. Чўнтаги дарров
ҳувуллаб қолганидан хўрсиниб қўйди.
– Ака, булар оғир касалликка қарши дорилар. Шунинг учун қимматроқ-да, – йигит рўпарасида кишини чорасиз аҳволга солгани учун ўзини айбдордек ҳис қилди. – Кимингиз касал эди?
Ибрат кўзларида инжиқлик қилиб ташқарига интилаётган ёшларини қошларини чимириб, орқага қайтарди. Бир ютиниб қўйди-да:
– Қизим, – деди оҳиста ва эшик томонга йўналди.
Йигит дориларнинг нархлари белгиланган қоғозга дарров бир нималар ёзди-да:
– Ака, ака. Тўхтанг. Мана бу юз мингизни олиб қўйинг, – деди шоша-пиша пулни
узатиб.
– Садақангизга зор эмасман, ука! – деди жаҳл билан Ибрат.
– Йўқ, тушунмадингиз, ака. Боя сизга эски нарх бўйича айтиб юборибман, мана
бу устидан чизиб ёзилганлари арзонлаштирилган янги нархлар. Ишонмасангиз,
мана кўринг.
Ибрат ишонқирамай яқинлашди. Гоҳ қоғозга, гоҳ йигитга қаради. Жойига қайтишга интилиб турган пулларни иккиланибгина олди.
– Айбга буюрмайсиз, ака. Эрталабдан буён одам. Бош ҳам шишган, адаштириб юборибман. Бу пулга бошқа дорисини сотиб олишингиз мумкин. Майли, Оллоҳ шифо берсин.
– Раҳмат, ука, – Ибрат ожизлигини судраганча чиқиб кетди.
“Энди қайси дорихонага борсам экан? Айтганча, уч бекатча нарида бор эди-я?
Ёпилиб қолмасидан улгурай”. У хаёлидан-да илдамроқ югургилаб кетди. Аҳён-
аҳёнда нафас ростламоқчи бўлар, аммо қулоғига қизалоғининг оғриқли йўтали
эшитилар ва яна югурарди. Бир алпозда дорихонага кирди.
– Мана бу дориларингиз борми?
– Рўйхатнинг охиридагиси бор, буниси йўқ. Бир юз йигирма минг сўм.
– Жон ака, юз мингга беринг. Кейинроқ қолганини ташлаб кетаман…
– Менга қара, ичволганмисан? Бу санга бозормас савдолашадиган. Ололмасанг туёғингни шиқиллат.
Ғурури Ибратни ташқарига итариб юборди. Тиши-тишига босилди… Ёнидан ўтиб кетаётган қиздан яна қаерда дорихона борлигини сўради. У сал наридаги кўча ичкарисини кўрсатди. Ибрат дарров нажот эшиги томон интилди. Кексаликни опичлаб олган кўзойнакли аёл изланган дори борлигини айтди. Ибрат ичида аввал
Худони ёрдамга чақирди-да, кейин нархини сўради.
– Тўқсон уч минг сўм.
Қулоқларига ишонмай қайта сўрамоқчи бўлдию, аммо нимадандир чўчиди.
– Болам, бунисини кўп қидирасизов. Интернетдан излаб кўринг. Ҳам қиммат, ҳам камёб дори, топилиши қийин.
“Ҳозир барибир етмайди. Эртага Хуррамбекка илтимос қиламан, интернетни яхши тушунади. Пул ҳам топарман. Ҳозирча шуларни тезроқ бериб турайлик”. У маликасининг олдига шамолдек елиб кетди.
Гулюз эшикни очди. Ибратнинг юзидаги тер томчилари ҳам ҳансираётгандек эди. У ичкари кириди:
– Дарров қўшнини чақир, уколини қилиб қўйсин. Шунча кун ютқазганимиз етади. Дориларини ҳам ичиришни бошла.
Отасининг овозини эшитиб, ичкари хонадан Хадича қичқирди:
– Дадў-ў-в, дадў-ў-в.
Уч-тўрт қадам ташладию мажоли етмай ўтириб қолди. Ибрат кириб қизини кўтариб олди. Бағрига маҳкам босди. Юзини юзига қўйиб, кўзларини юмди. Сўнг:
– Ия, маликам, бир қошиқ қонимдан кечинг. Тахтингизга чиқариш ёдимдан кўтарилибди, – деб елкасига миндириб, аёлининг олдига олиб борди. – Қани, тезда ҳазрати олияларига таъзим бажо келтир.
Хадича қиқирлаб кулар, йўтал эса шу ширин кулгидан айримларини
ўғирлаб оларди.
– Аввал бир шартим бор. Маликамиз мана бу доридан ичсинлар. Хоппа, мана бўлди, – деб астойидил таъзим қилди. – Ҳазрати олиялари ва қирол ҳазратлари,
энди дастурхонга марҳамат қилинглар.
Дастурхон аввалги кунларга нисбатан бағри тўлароқ бўлгани учун
керилиб ётарди.
– Дадў-ў-в, – Хадича тахтидан тушиб, столга яқинлашди, – бу нима? – Йўтал ҳам ўша нарсага қизиқиб яна келди. Ибрат қизини тиззасига олди-да пиёладаги сутни ўзи ичира бошлади.
– Бу банан, қизим. Маймунчаларнинг севимли меваси. Сут ичиб бўлгин, еб кўрамиз, хўпми?
– Йўқ, – бурнини жийриди қизи, – маймунлайни найсасини емайман. Бўмаса манам маймунга айланиб қояман.
Эр-хотин бир-бирларига қараб мириқиб кулишди.
– Маймунлар ҳам сут ичади, сен ҳам ичяпсан. Лекин мана ўзгарганинг йўқ-ку.
Кел, бўлмаса бундай қиламиз. Биринчи онангга едирамиз, агар маймунга айланмаса, кейин сен ейсан. Келишдикми? – деб бананнинг ярмини хотинига мажбурлаб едирди. Хадича онасини қутқариб қолмоқчи бўлгандай қаттиқ қучоқлаб олди.
Волидасининг кўзларига қараб-қараб турди. Ўзгариш йўқ. Қолган ярмини бурнига яқин келтириб ҳидлаб кўрди, тилини бир-икки теккизиб озгина тишлади. Секин- аста қолганини еб қўйди. Бирданига дадасига ялт этиб қаради:
– Дадў-ў-в, сизга қолмади-ку.
– Нималар деяпсиз, маликам? Мен ҳар куни ишхонада ейман, – деди дадаси маъюс жилмайиб турган хотинига қарамай.
Дастурхонга дуо қилишлари биланоқ, қўшни хотин чиқиб, эмлаб кетди. Бир умр кўтаришга тайёр қўллар Хадичани жойига оҳиста ётқизди.
– Дадў-ў-в, анави эйтакни айтиб бейинг, – деди Хадича соғинган инсонини кутгандай кўзлари ёниб.
Отаси қизи такрор эшитишни хоҳлайдиган эртагини бошлади:
– Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим эмас, яқин замонда ақлли, қувноқ бир қизча бўлган экан. У дадаси билан онасини жуда ҳам яхши кўрар, атрофидагиларга ҳам меҳрибон қиз экан. Онаси унга мазали овқатлар пишириб бераркан. Дадаси эса унга китоблар, ўйинчоқлар олиб келаркан, боғларда сайр қилдирар экан. Кунлардан
бир куни қизча кўчада ўйнаб уйига кирса, бурчакда дадаси билан онаси хафа бўлиб тиришган экан. Нима бўлганини сўраш учун ёнларига яқинлашибди. Қараса, уларнинг сочларига оқ тушган, юзларига ҳам ажин ўрмалаган экан.
– Дадў-ў-в, ажин мана буми? – Хадича юзларини буриштириб кўрсатди. Ибрат табассум билан унинг ялтираб турган пешонасидан ўпди.
– Ҳа, эсингда экан. Кейин қизча уларни юпатибди. Ёшликларини қайтариб олиб келишга ваъда бериб, уйидан чиқиб кетибди. Орадан кунлар, кунлар кетидан тунлар ўтиб ўша қизча гўзал маликага айланиб қайтиб келибди. Ёнида катта кўзгу ҳам бор экан. Кўзгуга аввал онасини, сўнг отасини қаратибди. Бирданига онаси
аввалги ёш, келишган ҳолатига, дадаси бақувват, кўркам қиёфага кирибди. Кейин улар узоқ йиллар бахтли-саодатли, шод-хуррам ҳаёт кечиришибди.
– Дадў-ў-в, Дадў-ў-в, – отасининг енгидан тортди Хадича. – Ўса қизчанинг оти нима?
Бу савол биринчи маротаба берилиши эди. Ибрат қизининг кулиб турган нигоҳларида катта бир илинж балқиб турганини кўрди.
– У қизчанинг исми Хадича эди. Ўша малика сенсан, қизим!
– Уййе! – қизча қувонганидан чапак чалиб юборди. Аммо чапакдан кўра йўтали баландроқ эшитилди. – Ойии, ойии, эситтизми? У мен эканман. Мунча катта бўяй, мен ҳам малика бўб қайтиб кеяман. Фақат кўжгу билан бийга кўпала банан ҳам опкеламан силайга.
– Ҳечам-да. Ҳеч қаерга кетмайсан. Чунки ҳозир ҳам маликасан, бизнинг маликамиз. Бизга ҳеч нарса керак эмас.
Айтилаётган сўзлар Хадичанинг қулоғига киролмай ҳалак бўлар, кўзлари шифтга қадалган, хаёллари эса уни аллақачон ўша эртак ичида сайр қилдириб юрганди. Ибрат ҳаммасини кўриб тургандай бошқа гапирмади. Қизининг майин сочларини силаркан, қўлининг дағаллашиб қолганини ҳис қилди. Малика уйқуга кетди. Хотини секингина уни ошхонага ундади:
– Дадаси, уй бекаси яна келди. Сизни кутиб-кутиб кетиб қолди. “Ибрат билан энди жиддий гаплашмасам бўлмайди”, деди.
– Қўявер, шунақа қилиб қўрқитмоқчи бўлади-да. Уйини кўтариб кетмаймиз-ку, тўлаймиз-да. Сен ҳеч нарсани ўйлама. Яна битта дориси қолди, эртага шуни ҳам топишга ҳаракат қиламан. Сен ҳам чарчагандирсан. Бориб дамингни ол. Менинг ёзадиган нарсам бор.
Гулюз жажжи ҳолига касалликнинг аёвсиз зарбаларига бардош бераётган дилбандининг олдига кетди. Ибрат даҳлиз деразасидан бошини чиқарди. Руҳи чиқиб кетгудек чуқур хўрсинди. Рўпарасидаги ўзига ўхшаб атрофни жим кузатиб турган дарахт ҳам болаларидан хавотирда. Чунки ёзнинг кузга шивирлаётганини эшитиб қолганди…
Тонг кўришиш учун қулочини кенг ёзиб келганида уйидан Ибратни топа олмади. Ибрат одам ва шовқин қайнаётган бозорда гоҳ унисининг юкини кўтариб мошинасига, гоҳ бунисининг юкини уйига олиб бориб берарди. Ўзидан аввал қорни кўзга ташланадиган, иккита енгил сумкани кўтаришни ўзига эп кўрмаган кишининг юкини машинасига элтиб берар экан, унинг телефондаги суҳбатини
эшитиб қолди:
– Ваннанинг кафелини олиб ташланглар. Нақши ёқмади, айт, бошқачасидан қўйишсин. Нима? Қаёққа кетиб қолишади? Инжиқмишман? Ёқса шу, ёқмаса катта кўча. Бошқа уста топаман, – деб кафтидан икки баробар келадиган телефонини ҳамёнига солди.
– Кечирасиз, гапларингизни эшитиб қолдим. Уста керакмиди? Шу ишингизни мен қилиб бера қолай. Сифатини кўрасиз, кейин пулини тўлайсиз. У Ибратни бошдан оёқ кўздан кечирди:
– Бўпти. Нархини келишиб олайлик, метр квадратига ўн мингдан бераман, – деди.
Ибрат бунақа ишнинг кўча баҳоси икки-уч баравар қиммат эканлигини билса ҳам рози бўлди.
– Ака, шошилинч бўлмаса олтидан кейин ишласам, бошқа ишим ҳам бор эди.
Қоринбой афтодаҳол бир йигитнинг шартига кўнишни ўзига ор деб билаётган бўлса-да, бунақа арзон нархга бошқа мардикор топа олмаслигини ўйлаб рози бўлди.
Ишда қоғоз унга, у қоғозга термилиб ўтирар, қўли қалам олишни истамас, калласи яна қандай қилиб қўшимча даромад топиш ўйлари билан ғужғон эди.
Орада шеригига интернетдан ўша дорини топиб беришини илтимос қилди. Тушлик вақти бўлгач, кўчага чиқиб дорихоналарни излай кетди. Ҳаммасида бир хил жавоб:
“Йўқ”. Қайтишда эшигининг жимжимадор чироқли ёзувлари ўзига имлаб турган, ойналари кўм-кўк, замонавий услубда қурилган янги дорихонага кўзи тушди.
Уларга ҳам қоғозни кўрсатди.
– Ҳа, бор. Ибрат ўзида йўқ қувониб, яратганга шукроналар айтди:
– Шундан бериб юборинг. Нархи қанча?
Жавобини кутаркан “Ишқилиб, пулим етсин-да, етмаса икки ё уч дона олиб турарман”, деган ўй иззилатди.
– Бир миллион уч юз минг сўм. Бир ойга иккита қути олишингиз керак экан.
Икки миллион олти юз минг сўм бўлади.
– Нима? Нималар деб алжираяпсан? Виждонинг борми?
– Қўлингизни олинг ёқамдан, менга нега бақирасиз? Бу ерда сотувчиман холос.
Қурбингиз етмаса менда нима айб?
Беихтиёр сотувчининг ёқасига қўл юборганидан уялиб қолди. Йигитдан кечирим
сўради. Уч донасини алоҳида ҳисоблаб айтишини илтимос қилди.
– Йўқ, бу дорини бўлиб сотишга рухсат берилмаган. Донага беролмайман.
Ибрат айланиб ҳам, ўргилиб ҳам сўради, иложини қила олмади. Бир қутисини олиши учун икки ой ишлаши керак. Тубсиз жарликка қулаб тушар экан, унинг дардли хайқириғини ҳеч ким эшитмади. Йўлда совуқ шамол одамларни ҳайдаб чиқарган хиёбонга кирди. Уйқуга кетган ўриндиққа ўтирди. Бошини оёқлари орасига олди. Унсизгина томаётган ёш томчиларидан ер яна ёмғир ёғишни бошлади, деган хаёлга борди…
Оғир қадамлар билан ишга қайтгач, тўғри бошлиқнинг олдига кирди.
– Нусрат Самадович, бир илтимос билан келгандим. Қизимнинг мазаси йўқ, даволаш учун пул керак бўляпти. Шунга, олдиндан икки ойлигимни бир қилиб берсангиз…
– Мени Алибобо деб ўйлаяпсиз, чоғи. Мен ҳам сизга ўхшаб ойликка яшайдиган инсонман. Давлатдан эса Ибратжонга икки ойлигини олдиндан тўлайлик, деб илтимос қилиб бўлмаса… Энди бу ёғи бир иложини қиларсиз..
Ибрат бошқа гапирмади. Ғурурига яна тош отилди. Эшикка яқинлашганида “Ибрат” деган чақириқ янгради. Юраги йилт этган умид билан ўгирилиб қаради.
– Бу сафар ҳам кечирдим. Бошқа кеч қолманг. Ҳаммамизда ҳам оила бор, ташвиш бор. Лекин давлатнинг иши – иш… Тушундингиз-а?
Ғазаб, алам ва чорасизликдан чора тополмай хонасига кирди. Шериги
интернетдан қидириб, фақатгина у дори Ибрат умидини қолдириб келган бояги дорихонада борлигини аниқлабди.
Иш вақти тугаши биланоқ ташқарига отилаётган Ибратни Хуррамбек тўхтатди, чўнтагига пул тиқди.
– Мулла Ибратилла, олинг. Ёнимда бори, бу ерда уч юз минг. Керак бўлиб қолар.
Ғурурининг рад этишга мажоли қолмаганди.
– Раҳмат дўстим, – деди-ю бағрига босди. – Албатта қайтараман.
Сўлиб бораётган умид гулига бу дўстликдан қайта жон кирди.
Бозорда келишган манзилига шоша-пиша йўл олди…
Кафел териш ишлари анча силжиди. Тун уйқуга кетганида уйига кириб келди.
Қизини соғинганини ҳис қилди. Кутилмаганда эшикни ижарачи кампир очди-да,
уни ташқарига судради:
– Сен бала миндан қачиб юрипсенми? Мана, ҳазиргача сени бикледим. Минга қара, йенди серёзний айтам. Уш кун ичинда пулимди бермесенг, вешлерингни чиғариб ташлиймен. Балангди дип шунча бикледим.
– Хоп, хола, ҳаракат қиламан.
Узоқ давом этган таҳдид ва ваъда баҳсидан икковлари ҳам чарчашди.
– Энди кеч бўлиб қолди, бугун шу ерда қолақолинг. Фарзандларингиз ҳам хавотирланишаётгандир, телефон қилиб қўямиз, – деди Ибрат.
– Йўқ, китамен, – кампир оғир хўрсинди. – Болаларимга мин эмас, пуллар керак. – Кампир “хайр”ни насия қилиб қоронғиликка сингиб кетди…
Қуёш силаб-сийпалаб Ибратни уйғотди. Эртароқ туриб бозорга бормагани учун ўзини койиди. Хотинига айтишдан фойда йўқ, ҳеч қачон унинг уйқусини бузмайди.
Нонушта қилаётиб кеча ҳеч нарса татимай қорнининг устидан ғалаба қозонганини ўйлаб, кулиб қўйди.
Яна ўша йўл, ўша бекат, ўша автобус, ўша иложсизлик билан ишга етиб борди.
Миясида бир-бирига навбат бермай қалашиб ётган ташвишлар ўзларига ўхшамаган бошқа фикр киришига йўл қўймаётган эди. Шу сабабли бўм-бўш дастурхондай оппоқ қоғоз ҳам бағри тўлишини кутиб ётарди.
Бошлиқ бугун кичик йиғилиш қилиб, юқорида, катта мажлисда иштирок этишини, у ерга ҳаммани ҳам айтмасликларини, иш вақти тугамагунча ҳеч ким кетиб қолмаслиги кераклигини қайта-қайта такрорлади. Ибрат тақдирнинг ёрдамидан миннатдор бўлди. Бошлиғи кетиши билан у ҳам жўнади. Бугун эртароқ бориб кафелнинг чаласини битириб, ҳақини олиш керак.
Қоринбой Ибрат билан келишганидан ҳам камроқ берди. Ой уни юпатиб уйига кузатиб борди. Бирга эканликларидан бахтиёрлик ва меҳр балқийдаган ўша табассум билан аёли эшикни очди.
– Дадаси, қишлоқдагилар қўнғироқ қилишганди. Сиз билан гаплашмоқчи эканлар.
Тирикчилик анча вақтдан бери яқинларидан узоқлаштириб қўйганди. Юз- қўлларини ювиб олгач, соғинган овозларни эшитиш учун ёдидан чиқиб кетай деган
рақамларни терди:
– Ассалому алайкум, дадажон. Яхшимисизлар? Соғ-саломат юрибсизларми?
Ҳа, раҳмат, биз ҳам шу шаҳарнинг шовқинида оқиб юрибмиз. Мен ҳам соғиндим сизларни…
– Болам, кеча онангнинг тушига кирган экансан. Ибратжонимга нимадир бўлди, деб йиғлаб юрибди. Қийналмаяпсанми? Яна “йўқ” дейсан-а? Шаҳарнинг юки, рўзғори оғир бўлишини кошки билмасам. Хуллас, болам, келин билан набирамизни қишлоққа жўнат. Яқинда амакинг сизларникига борганди-ку, ҳаммасини айтди. Сал оёққа туриб ол, кейин юборамиз уларни. Қишлоқда шаҳарингда йўқ тоза ҳаво бор. Хадичага фойдаси ҳам бўлар. Келин билан маслаҳатлаш. Пайсалга солма. Майли, ўғлим, тинч бўлинглар.
Гўшакни қўйгач, чуқур хўрсинди. Дардлари бир кўтарилиб тушди. Ошхонада куймаланиб юрган хотинини кузатди. Кейин аста бориб, лабларини чўччайтирганча ухлаётган қизчасига тикилди. Юзларига куз ўз япроқлари рангини чизаётган, кичикроқлигидаги лўппилигидан асар ҳам қолмаган маликасини ширин тушлар
аллалаётган эди. Ибрат бурнини яқинлаштирди-да, қизалоғининг юзларидан, бўйинларидан тўйиб-тўйиб ҳидлади. Беғуборликнинг сеҳрли ифори бутун вужудини тебратиб юборди.
Овқат сузилди. Эр-хотиннинг ўртасида сукунат сузди. Ибрат гап бошлади:
– Гулюз, сабринг, муҳаббатинг учун минг раҳмат сенга. Энг бахтли эр мен, энг бахтсиз хотин сен бўлсанг керак дунёда, – деб жилмаяркан томоғига нимадир келиб тиқилди. Бироз давом этган исмсиз сукутдан сўнг давом этди: – Эртага қишлоққа, ота-онамнинг олдиларига кетасизлар. Мендан кўра яхшироқ қарашади сизларга.
Сен ҳам ўзингни анча олдириб қўйдинг. Бир-икки кун ичида анови дорисини жўнатаман. Сал шароитни тўғирлаб, қўшимча иш топай, қайтиб келасизлар.
Маликамизни эҳтиёт қил. Гулюз йиғлаб юборди:
– Дадаси, жон дадаси, сиз ҳам биз билан кетинг. Юринг, бирга кетайлик.
Тошкентингизнинг тошлари оғир экан. Ахир сиз ҳам қийналиб кетдингиз-ку.
Бу йиғи Ибратнинг юрагига тўкилиб тушарди.
– Қизимга ишонаман, у менга ўхшаган иродали, сенга ўхшаб йиғлоқи эмас, –деб хотинининг бурнидан чимчилаб қўйди. – Кўрасан, албатта соғайиб кетади.
Ҳали бизни орқасидан югуртириб юради…
Истар-истамас тонг отди. Кетиш учун ҳозирлик кўрилган. Ҳали вақт
бўлса-да, Ибрат тўйиб олиш учун қизининг бошини силаб уйғотди. Нонушта қилишаётганда ҳам қучоғидан қўймай эркалаб ўтирди. Дийдор риштасини узгувчи фурсат яқинлашди. Бугуннинг лаҳзалари елдек учиб ўтар, Ибрат уларни ушлаб қолишни, тўхтатишни жуда истарди. Мана, соғинчлар туғилувчи вокзал.
Ибрат вагонга чиқиб, уларни жойлаштиргач, қизини қаттиқ бағрига босди. Юз-кўзларидан ўпди.
– Дадў-ў-в, нега йиғлаяпсиз? Йи-йи қилманг. – Дадў-ў-в, – деб Хадича жажжи қўлчалари билан отасининг юзларини артди. Дадў-ў-в, мен маликага айланиб қайтиб келаман, кўжгу обкеламан, – деб дадасининг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб олди.
“Кузатувчилар, вагонни тарк этинглар, поезд юряпти”, деган овоз юракларни ҳаприқтирди.
– Майли, Гулюзим. Тез орада кўришамиз. Ҳаммаси яхши бўлади. Маликам, онангга қараб юр, тўполон қилмасин. Сени жуда яхши кўраман, – деб Ибрат қайта-қайта қизини бағрига босди-ю югургилаб тушиб кетди. Гулюз қизини кўтариб деразадан қаради. Поезд бир уввос торди-ю секин жилди. Ибрат қўлини силкитганча, поезд билан бирга югурди. Хадича кўз олдида ғойиб бўлаётган отасини кўриб жажжи қўлларини узатганча “дадў-ў-в, дадў-ў-в” деб чинқираб,
йиғлаб кетди. Гулюз ҳам йиғлар, етиб олишга ҳаракат қилиб югураётган эри ҳам йиғлаётганини ҳис қилиб юраги баттар эзиларди. Поезд, Ибратнинг танидаги жонни, ҳаётидаги мазмунни олисларга олиб кетди…
Бирданига осмон йўқолди. Дарахтлар, одамлар, ер, бутун коинот кўздан ғойиб бўлди. Дунёда ёлғиз ўзи қолди. Ёнидан ўтиб кетаётган қариянинг йўталган овози эшитилди-ю, яна ҳаммаси жонланди.
“Нега бунчалар ожизман? Нега бу аҳволга тушяпман? Ахир оиламни урушга эмас, ота-онамнинг, қадрдон қишлоғимнинг бағрига жўнатдим-ку. Менга нималар бўляпти ўзи? Энди шалпайиб ўтирмасдан пул топиш керак”. Ўзи билан ўзи ҳасратлашиб, бозорга йўл олди.
Бозорда нонини яримта қилаётгани учун гоҳ аравакашларнинг қарғишига қолса, гоҳ иш талашиб мардикорлар билан муштлашишгача борди. Гоҳ бировнинг уйида ғишт териб, гоҳ кимларнингдир жўмрагини тузатиб, қўли пул кўра бошлади.
Тун тўшаган қора гилами узра судралиб уйига қайтаркан, пулларини хомчўт қилди: “Яна икки кун ишласам, етар экан. Кейин яна пул топиб, қолган дориларини жўнатаман”.
Кўзини очганида ҳаво шу қадар тунд эдики, тонг ёки кун эканлигининг фарқига бориб бўлмасди. Синган қопқоғи пул боғланадиган резинка билан маҳкамланган, овози базўр чиқадиган телефонининг соатига қаради, эндигина тонг пардасини кўтарган экан. Унга имкон эшигини очган бозор томон яна йўл олди. Шамол билан ҳаво қуёшни талашиб ўзаро жанжаллашиб қолишган, шу сабаб ҳар иккисининг ҳам авзойи бузуқ. Совуқнинг заҳи сочни ҳам қалтиратадиган даражада. Бугун мардикор “харидор”лари анчайин сийрак. Шомдан кейин ўзидан бошқа ҳеч ким қолмади. Эртага Хуррамбекдан қарз сўрашга қарор қилди. Аксира-аксира уйига қайтди. Бу сафар уни ташқарида уймаланиб ётган кўрпа-тўшаклари кутиб олди. Эшик эса оғзига қулф осилган бўлса ҳам бу ишни ким қилганини айтиб берди. Ниҳоят қатъий белгиланган муҳлат тугаганди. “Шунча кутганингиз учун ҳам раҳмат, Рая опа”, деб пичирлаб қўйди. Бу дунёда дуч бўлган ягона дўсти Хуррамбекка минг истиҳола билан қўнғироқ қилди:
– Алло, яхшимисиз? Бир илтимос билан қўнғироқ қилаётгандим. Ҳалиги…
кўчмоқчи эдим. Шунга вақтинчалик бошқа жой топгунимча, ҳалиги.. икки- уч кунча нарсаларим сизникида турса майлими? Раҳмат, дўстим, раҳмат. Нима, ўзингиз мошинада келасизми? Овора қилар эканман-да, – деб манзилини шоша- пиша тушунтирди.
Дўстини кутиб олиш учун кўча бошига чиқмоқчи бўлиб ўгирилганида оёғи қаттиқ нарсага қоқилиб кетди. Қараса, бешик. Ибрат қизини кўргандай қувониб кетди. Хадичани шу бешикда улғайган дамлари кино тасмасидай кўз олдидан ўта бошлади. Чўккалаб олиб, бешикни силади. Унда ҳали ҳам қизининг йиғилари,
кулгилари ётарди. Гулюз билан тунлари навбатма-навбат тебратганлари, боғлаб қўйилганда Хадичанинг ўзи ипларини ечиб, бешикдан осилиб тушганлари, унда ётиб мунчоқдай кўзлари билан атрофни ҳайратла кузатганлари, дадасига ғудраниб алланималар айтиб берганларини эслаб кулди. Анчадан бери хумори тутаётган
ифорни қидириб, бурнини бешикнинг тўшагига яқинлаштирди. Ҳаво етмаётган инсондай энтикиб-энтикиб нафас олди. Бошини қўйганча қизини кўриш учун кўзларини юмди. Шу пайт телефонидан хаста мусиқа овози янгради. Таниш рақамларни кўриб қувониб кетди. Ҳозир қизининг “Дадў-ў-в”сини эшитадию вужудини ёқаётган соғинч оловини бироз пасайтиргандек бўлади:
– Алло, алло… пуф-пуф. Гапиринглар… Онажон, сизмисиз?
– Болам, болажоооним… қизалоғингни бериб қўйдик…
Ибратнинг тили айланмай қолди, сезимлари уни тарк этди. Ерга юзтубан йиқилди.
Зулмат ичра саноқсиз юлдузлар атрофни ўраб олди. Улар секин-аста йиғилиб қизининг чеҳрасига айланди. Қизи, “Дадўв!” деб қўлларини чўзганча, қиқирлаб куларди. Бирданига кўзларидан ёш чиқиб кетгудек даражада йўтала бошлади. Шу заҳоти юлдузлар яна сочилиб, қизи кўзидан ғойиб бўлди. Бу манзарани кўргандек осмон, шамол, ой, дарахтлар – бари-бариси йиғлади. Руҳи бу изтиробга чидолмай танани тарк этмоқчи бўлдию отани бу аҳволда ташлаб кетишга кўзи қиймади. Бир муддат ўзини билмай ётди. Ҳушига келгач, бирданига, “Йўқ, йўқ”, деб қичқирганча нарсаларини улоқтира бошлади, ернинг бағрига муштлади. Сапчиб ўрнидан турди- да у ёқ, бу ёқда ётган тошларни олиб, осмонга қарата ота бошлади: “Нега? Нега?
Жавоб бер нега у? Кучинг шу кичкинагина қизчага, менинг хаста қизалоғимга етдими? Жон керак экан, меникини олмайсанми? Мана сенга, мана. Худо бўлсанг, шунчалик қудратли бўлсанг, кўрин кўзимга! Жавоб бер! Сенда юрак, виждон борми?! Мана сенга, мана, мана!” тошлари тугагач, бешикнинг олдига югуриб борди ва қаттиқ-қаттиқ тебрата бошлади:
– Алла, қизим, аллаё. Уйғон, қизим, аллаё. Жоним қизим, аллаё. Ёлвораман, қайтгин, қизим, аллаё, – деб бешикни қучоқлаганча ўкириб-ўкириб узоқ йиғлади.
Мажол уни тарк этган бўлса-да, ташқарига чиқмаган фарёдларига суяниб ўрнидан турди, юзини ёмғирга тутди. Худони қидирди. Тополмагач, кўча муюлишидаги
майхонага қараб йўл олди. Бор пулига тўйиб-тўйиб ичди. Сўнг ихтиёрини оёқлари измига ташлади. Осмонга қараб ҳайқирди:
– Кўрдингми, мен ичдим. Энди сендан қўрқмайман! Сен ҳеч ким эмассан менга! Эшитяпсанми?
Ибрат гандираклаганча унга ҳайрат билан боқиб турган йўлни босиб-босиб юрди. Тўсатдан тўхтади-да, қўлларини қовуштириб тиззалади. Жиққа ёшга тўлган кўзларини яна осмонга қадади ва йиғи аралаш илтижо қилди:
– Жон Художон! Эй Парвардигорим! Ёлвораман, маликамни қайтариб бер…
Кечир мени. Тавбамни қабул қил! Нима сўрасанг бераман, нима қил десанг қиламан.
Бошқа ичмайман. Ўзинг раҳмдилсан, қудратлисан. Ўтинаман, фақат қизалоғимни
қайтар менга… Мана қара, мени юрагим каттароқ, дуккилашини эшитяпсанми?
Художон, хўп де, қизимнинг юрагини ўрнига олақол!..
Садо бўлмади. Оёқлари ўрнидан турғазиб яна қаергадир олиб кета бошлади.
Мана, ниҳоят улар тўхтади. Андуҳдан хам бўлиб қолган бошини аранг кўтарди.
Рўпарасида бобоси – Амир Темур турарди.
– Бо-бо! – чинқириб ўзини ҳайкал томон отди. Тирмашиб-тирмашиб, осилиб- осилиб базўр отнинг устига чиқди. Амир Темурнинг белидан ушлаганча, оёқларини силкитиб ҳайқира бошлади. – Ҳайданг, бобо! Кетдик бу дунёсидан! Отга қамчи
уринг, бобо! Бу шавфқатсиз дунёнинг устидан босиб-босиб ўтинг, бобо! Янчиб- янчиб ўтинг, бобо! Қизимнинг олдига тезроқ борайлик, бобо! У қоронғиликдан қўрқади. Ҳайю-ҳуйт! Қани, кетдик, шамолдай учайлик, бобо!
Кўзини очганида ўзини маҳкамада, қўлларига кишан солинган ҳолда кўрди.
Биқини оғриқдан инграр, юзи кўкарганини яширишга ҳаракат қилар, қўлларининг шилинган жойлари зирқирар, боши мих қоқишаётгандай лўқилларди.
– Ҳа, чавандоз, ўзингга келдингми? Эпласанг ич-да, сўтак! Хуллас, жамоат тинчини бузганинг учун маъмурий жавобгарликка тортиласан. Мана телефон, у-бу яқинингга
хабар беришинг мумкин, – деди яшил формадаги киши кўзлари олайиб. Телефонни кўриб онасининг кечаги қўнғироғи ёдига тушди. Бирданига қичқира кетди:
– Қўйиб юборинг, мени тезда қўйиб юборинг. Қизим, қизалоғимни сўнгги йўлга кузатишим керак. У мени кутяпти. Илтимос. Албатта, қайтиб келаман, кейин нима қилсангиз қилинг.
– Кўп валдирама. Сенга ўхшаган пиёнисталар қизи у ёқда турсин, онасини ҳам сотишга тайёр.
– Ҳозир-ҳозир. Мана, ҳозир қўнғироқ қиламан, – деб рақамларни айлантирди.
Бутун вужуди қулоққа айланиб жавоб кута бошлади. – Ало, ало… Хуррамбек, мен Ибратман. Ҳозир сиздан бошқа нажоткорим йўқ. Қандай қилиб, билмадим
маҳкамага тушиб қолибман. Илтимос, жон дўстим. Мени шу ердан олиб кетинг. Тезда қишлоққа жўнашим керак. Қизим… қизим вафот этди, – Одам Атонинг томоғига буғдой тиқилиб қолгандай у ҳам ҳар қанча ютинмасин изтироб томоғидан ўтиб кетолмади. Бошқа гапира олмади. Гўшак ҳам Ибрат ҳам жойига қайтди.
Кўп ўтмай Хуррамбек отаси билан кириб келди. Ички ишлар ходимига алланималарни тушунтиришди. Боя пичинг отиб ўтирган ходим олдига югуриб келди-да, дарҳол кишанларини еча бошлади:
– Укажон, бунчалик камтар бўлманг. Эртароқ айтмайсизми Даврон аканинг жиянлариман деб. Узр, биздан ўтибди. Хуррамбек югуриб Ибратнинг бағрига отилди. Ҳамдардлигини айтиб, таъзия
билдирди. Ибрат ҳеч гапга тушунмас, тушунишни ҳам истамасди. Салом-алик қилишгач, дарров мошинага ўтиришди.
– Дўстим… ўзи сабр берсин. Кеча юкларингизни олиб кетдим. Сизни
тополмай, ҳайрон бўлгандим. Худонинг ишларини тушунишга биз бандалар ожизлик қиламиз…
Пора-пора бўлган юрак нидолари билан марака ўтди. Ибрат қизи билан бирга ўзини ҳам кўмиб келди. Энди унда фақатгина қиёфа қолганди, холос.
Бир неча кундан сўнг ўша руҳсиз тана яна шаҳарга қайтди. Хуррамбекникидан кўч-кўронини олиб, қадам қайтмас бўлиб қишлоққа кетишга аҳд қилганди. Ишхонасига кирди. Ҳамма Ибрат билан қуюқ кўришар, узундан-узоқ таъзия билдиришарди. Хуррамбек қучоқ очиб кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўралгач, шоша-пиша гап бошлади:
– Дўстим, Худонинг иродасига ожизмиз… Соғлигингизни асранг… Ҳалиги…
ҳозир бу гапни айтишнинг мавриди эмас. Хуллас, икки кундан бери бошлиқ оёғи куйган товуқдай питирлаб қолган. Ҳадеб сизни сўрайди. Олдига бир кириб чиқинг, йўқ деманг.
– Ишдан бошқа олинадиган нарсам қолмаган. Олса ишимни олар. Ўзимнинг ҳам ниятим шу, – дейиши биланоқ бошлиқнинг ўзи кириб келди.
– Ибратжон, бормисиз, укагинам? – деб Ибратни даст кўтариб туширди. – Айтганча, ҳамдардман. Эшитиб роса йиғладим. Янгангиз ҳам ҳозиргача йиғлаб юрибди. Ҳа, майли, Худонинг ишида. Кимдир ўлади, кимдир қолади. Тобингиз йўқ кўринади? Шифохонага олиб борайми?
– Тезроқ гапиринг. Нима демоқчисиз?
“Ҳо, ўдағайлашини қаранглар. Демак, эшитибди-да ”, бошлиқ ичидан зил кетди.
– Хўп-хўп, – бошлиқнинг овози майин тортди. – Хў-ў-ш, Ибратжон, сизнинг илмий ишингизни, мақолаларингизни Хуррамбек билдирмай интернетда эълон қилдириб юрган экан. Тепадагиларнинг назари тушиб, сизнинг ёндашувингиз маъқул бўлибди. Кечаги мажлисда мендан сизни обдон суриштиришди. Оғзим чарчагунча, сизни мақтадим. Хуллас, яқинда бўшаган вазир ўринбосари лавозимига сизни тайинлашмоқчи. Бошингизга ҳумо қуши қўнди, Ибратжон. Чин дилдан табриклайман! Энди сизнинг сояйи давлатингизда юрамиз-да. Ҳар замонда қўллаб турсангиз бўлди. Уларга шаҳарга қайтганингизни айтгандим. Эртага қабул белгилашди. Ҳалиги костюм-шим, галстук дегандай… Маошингиз ҳам анча юқори бўлади. Дарвоқе, мана бу сўраганизнинг икки баравари. Керак бўлиб қолар, – деб уч боғлам пулни Ибратнинг қўлига тутқазди.
У пулларга тикилди. Ичида олов қайнади, алам қайнади. Кўзларида ёш қайнади.
Ички бир нидо, “Қизимнинг қотили шулар”, деб ҳайқирди ва пулларни бор кучи билан улоқтириб юборди. Хонадан чиқиб зиналардан учиб тушаётганида ўша хаста ҳанг таралди… Ўша машъум хабарни етказган ўша рақамлар.
– Алло, болам, тузукмисан? Жонинг соғ бўлсин, ўғлим. Бир хабарни айтай дегандим. Яна ота бўлар экансан, болам. Келинимизнинг уч ойлик ҳомиласи бор экан. Олгувчи ҳам, бергувчи ҳам ўзи. Бардам бўл, ўғлим.
Ибрат қандай қилиб бобосининг рўпарасига келиб қолганини билмай қолди.
Амир Темурнинг кўзларига тикилганча ҳайқирди:
– Бобо! У сўзининг устидан чиқди. Маликам қайтиб келяпти!..У қайтяпти.
Она шамол чўккалаган кўйи елкалари силкина-силкина йиғлаётган йигитни бошларидан силаб овута бошлади.

_________________

Биби РОБИАЪ 1991 йилда туғилган. Ўзбекистон миллий университетининг филология
факулътетини битирган. “Парвоз”, “Ақл ва руҳ баҳси” номли китоблари чоп этилган.

__________________

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019 йил 2 сонидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *