Мацуо БАСЁ

Мацуо БАСЁ – 1644 йилда туғилган. Япон миллий хакку шеър жанрининг юқори мавқега эришиши, айнан унинг номи билан боғлиқ. Бошқача айтганда, унинг новаторлиги ҳаёт ҳақиқатини табиат билан уйғунликда акс эттира олганлигидадир. Мацуа Басё шеъриятининг асл моҳияти оз сўз билан кўп маъно ифодалашдир.


Куз одим отмоқда
Бошоқли дала ва денгиз –
Кўм-кўк рангда лек.


Сўқмоқ оралаб бораман,
Қувонч туяр бу юрак,
Бўй кўрсатар бинафша.


Қайда, қай бир дарахтда
У гуллар билмам,
Лек, хуш ифор таратар.


Мағрур турар
Кўзга илмай олча гулларин
Ёлғиз қайин.


Чексиз дала кенгликлари.
Кўз илғамас ҳеч нени
Сайрайди тўрғай.


Йўл усти баландликда
Сўнган камалак ўрнида –
Азалия гуллар оқшом.


Шамол тиниши билан
Шохдан-шохга қўнади
Капалак тол аро.


О, уйғон, уйғон!
Дўст бўлсанг агар
Кеча парвона.


Шитирлаб учар
Олтин рангли хазонлар
Шаршаранинг олис садоси.


Ҳатто тун шарпаси
Эшитилмас мен танҳога.
Хазонрез кеча.


Сукутдадир борлиқ.
Санчилар юракка аста
Чирилдоқнинг майин овози.


Зарпечак гули.
Ҳаттоки, у ҳам
Дўст эмас энди менга.


Маҳкам юмди оғзини
Денгиз чиғаноғи.
Чидаб бўлмас ҳарорат.


Тин олар бир зумгина тўлқин,
Чиғаноқлар орасида майин
Товланар хагу япроқлари.


Ёмғир ёғар майдалаб,
Хайригуллар ялтирар гўё
Улар учун ёруғ кун.


Одим отар Бон1 айёми.
Кеча қоронғи мудом
Чирилдоқлар садоси.


1 Бон – буддизм дини асосида Японияда VII асрдан бери нишонланадиган байрам.



Тун сукунати,
Девордаги суврат ортида
Сайрар чигиртка.


Тинмай айланади ниначи.
Хуноб бўлар қўнолмай сира
Эгилувчан ўт поясига.


Одим отар ой!
Собит буталар аро
Томчилар ёмғир.


Аввал кўзимга боқди –
Қора булутларга, сўнгра,
Учган қуш тўдасига.


Ким ҳам билибди,
Кўпга бормаслигин
Чирилдоқ сасин?..


Йўқ, кўринмас, асло,
Заррача ғубор
Хризантема оқида.


Эҳ, бу қандай йўл?
Қуюқлашар куз оқшоми
Ва чалинмас кўзга борлиқ.


Саллагул нектаридан
Ўрмалаб чиқар ари,
О, бу нақадар оғир.


Ҳа, бу чирилдоқ,
Нола қилган ҳар ерда
Қолдириб биргина бошоқ.


Шип-шийдам бутоқ,
Қарға қўнмиш ёлғиз
Куз оқшоми.


Ойсиз кеча қоронғилиги.
Минг йиллик алам билан
Қучгандек борлиқни қуюн.


Қайдадир қичқиради лойхўрак.
Йўлнинг нари бетида
Бош чайқайди бошоқлар.


Қиш тонги.
Эрийди соям
Отнинг елкасида.


Қадрдон қишлоқни соғиндим.
Киндик қоним тўкилган
Ва йиғладим йил адоғида.


Толиқдим йўлда,
Тушларим елар энди
Мен кечган далаларда.


Дарё узра туман.
Олислардан бир ғоз саси
Эшитилар аранг.


Тиниқ кўл суви,
Оппоқ нур сочар
Хира2 тоғларида қор.


1 Хира – тоғ номи



Ўчоқ бошида
Ҳеч ким кўзга илмаган
Чигиртка йиғлар.


Тоғ узра ой.
Этакларда булут.
Дала қораяр.


Ёлғизликнинг аёзли куни,
Суянаман тағин ўша
Кулбам устунига.


Кул тубида қўр
У ҳам сўнди, кўзёш
Томар, ҳали, бироқ.


О, муқаддас ҳайрат!
Яшил япроқлар узра
Ёғмоқда қуёш нури.


Рус тилидан Шермурод СУБҲОН таржимаси


Шермурод СУБҲОН – 1966 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да ҳамда Истанбул университетида таҳсил олган. «Ўзбек модерн шеърияти» баёзи (ҳаммуаллифликда), «Сокин сўз суврати» шеърий тўплами, «Шеърият иқлими» илмий мақолалар ва таржималар китоби чоп этилган.


2018 йил, 12 сондан олинди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *