Тўлқин ЭШБЕК

СЎЗИДА СЕҲР, САНЪАТИДА ЖОЗИБА

Мамлакатимизда олтмиш йилдан буён телесухандонлик мактаби шаклланган. Ўнлаб машҳур телесухандонлар мухлисларининг қалбидан аллақачон жой олган. Улар қаторида таниқли сухандонимиз Муслимбек Йўлдошевнинг ўрни алоҳида. Қирқ йилдан буён шу соҳада самарали ижод қилиб келаётган бетакрор истеъдод соҳиби наинки тайёр матнни маҳорат билан ўқийди, шу билан бирга қаламидан ўт чақнаб, ўзи ҳам муттасил ижод қилади.
Муслимбек Йўлдошевнинг «Сухандонлар» китобида Ўзбекистон телеви- дениесида ёрқин из қолдирган соҳа мутахассислари ҳақида сўз юритилади. Китобдаги қайси бир мақолани мутолаа қилманг, унинг қаҳрамони кўз ўнгингизда гавдалангандек бўлади. 1956 йили Ўзбекистонда телевидение ўз фаолиятини бошлаган илк кундан сухандон сифатида экранга чиққан Иқболой Олимжоновадан тортиб бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган 54 нафар сўз соҳиблари ҳаёти ва ижоди билан ошно бўласиз.
Китобдан, шунингдек, узоқ йиллар радио, телеэкран ва саҳналарда фаолият кўрсатган Ўзбекистон халқ артисти Қодир Мақсумов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳсин Ҳамидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мурабийи, машҳур футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Дилфуза Ғуломова, сеҳрли овоз соҳиби, «Меҳнат шуҳрати» ордени нишондори Темурмалик Юнусов, эстрадамиз сухандони Ўткир Сиддиқов, телерадио бошловчиси «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Абдурасул Абдуллаев каби сўз усталари ҳақидаги мақолалар ва эсселар маънавий завқ бахш этади.
– Бу тўпламни тайёрлашга дўстим Абдумўмин Ўтбосаровнинг бевақт вафоти туртки бўлди,– дейди муаллиф.
– Инсон шундай навқирон ёшда ўтиб кетаверса, умр деганлари нақадар омонат экан, деган ўй тинчлик бермай қўйди. Унинг хотирасига ёзган мўъжазгина китобимни ўқиганлар бошқа сухандонлар ҳақида ҳам ёзишимни маслаҳат беришди. Энг қийини, раҳматли устозлар ҳақида маълумот тўплаш бўлди. Архивларда ҳис- туйғулар, меҳр билан ёзилган бирор тавсифнома, мақола ёки дилингга илиқлик бахш этадиган гап йўқ. Бори – ишга киргани тўғрисида ариза, диплом нусхаси, фаолияти ва ниҳоят ишдан бўшагани тўғрисида буйрукдан кўчирма, вассалом. Шу билан китоб ёзиш осонми? Газета-журналлар тахламларини титкиладим, қанча замондошлар ва уларни кўрган-билганлардан сўраб-суриштирдим. Битта янги ва яхши гап топсам севиниб юрган кунларим кўп бўлди. Ниҳоят, тўплам юзага келди.
– Телевидение сухандонлари ҳар бир оила учун қадрдон. Биз уларни ҳар сафар кўрганимизда ўз яқинларимизни кўргандек бўламиз. Муслимбек Йўлдошев
«Сухандонлар» китобида сухандонлар ҳақида батафсил, холис, меҳр билан мақолалар ёзиб, биз мухлисларга тақдим этди. Йиллар ўтиб яна кимдир шунақа китоб ёзар, аммо у бу асарнинг такрори бўлмайди. Чунки бу ерда муаллифнинг, аввало, ўз касбига ва қаламга олинган ҳар бир сухандонга бўлган муносабати, меҳри акс этиб турибди, – дейди таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев.
Муслимбек Йўлдошев зангори экран орқали сухандон сифатида ном қозонган бўлса, адабиёт ихлосмандлари уни «Сиз мени танийсиз», «Ёр кўчаси», «Бахт манзиллари», «Кўнглим кошонаси», «Мен интилган манзил», «Шажара»,
«Силсила», «Дийдор ширин», «Мўминга бегона баҳор» каби ўн бешдан ортиқ китоблари орқали яхши танийдилар.
Муслимбек Йўлдошев И.Калашниковнинг «Шафқатсиз аср» тарихий романини ўзбек тилига моҳирлик билан таржима қилган. Бу асарнинг биринчи жилди шу йил
«Ўзбекистон энциклопедияси» нашриётида чоп этилди.
Асалари гулдан гулга қўниб бол тўплагани каби ҳақиқий ижодкор ҳам ўз изланишлари давомида қатор ижодий жамоаларда қаламини қайраши мумкин. Ўткир қалам соҳиби бўлган ҳамкасбимиз айни пайтда «Миллий» телеканалда
«Дилкаш давралар» кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси сифатида жўшқин фаолиятини давом эттирмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муслимбек Йўлдошев фаол ва самарали меҳнатларига яраша Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, «Олтин қалам» Миллий мукофоти совриндори, Олий тоифали сухандон деган унвон-у шарафли номларга сазовор бўлган.
Сухандонликда устозлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш билан бир қаторда ижод бўстонида жавлон ураётган ноёб истеъдод соҳибидан мухлислари ҳали кўп сермазмун кўрсатувлар ва ранг-баранг мавзудаги асарлар кутиб қоладилар.

_________________

Тўлқин ЭШБЕК – филология фанлари номзоди, доцент. 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган.
«Жигарбандлар», «Шабада эсган кун», «Қишлоқлик бола қиссаси», «Жайдари ҳангомалар»,
«Адашган қиз қисмати», «Ҳаёт карвонлари», «Қутлуғ қадамлар» деб номланган қисса, ҳикоялар, эссе ва бадиа тўпламлари чоп этилган.


_________________
2018 йил, 12 сондан олинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *