Эгамберди МУСТАФОЕВ

ЮЗ ОЧИБ КЎКДА ҚАМАР, СОЧСА НУР ОЛАМ АРО

* * *

Ҳазратим, сиздан ҳимо,
Ёруғ жаҳонни менга денг,
Шул жаҳон васфин битар,
Котиби онни менга денг.
Ониким, тинмай жўшар,
Лол этгали ҳайрат элин,
Шаштидин бунёди кор –
Қутлуғ замонни менга денг.
Ул замон майдон тузар,
Касларни дол ўйнатмағо,
Ҳар ўйин долғасидан
Қолган омонни менга денг.
Ки, омонлар дардини
Ашъори ҳаққа ёрдиким,
Созини элга атанг,
Бари ёмонни менга денг.
Қайдасан, деб сўрсалар,
Дегим: Ватан пойидаман,
Унда мен топган маъво –
Азиз маконни менга денг.
Гуфтигў чоғи элим,
Мени: – Эгам бергин – деса,
– Ҳақ иши барҳақ – дея,
Ўшал забонни менга денг.

* * *
Тўлган ойни ҳуснига
Воҳ, маҳлиё қилди санам,
Шуъласидан ўқ ясаб,
Гардишин ё қилди санам.
Отди ёйдин ҳар томон,
Моҳи мунаввар нурларин,
Сутдай оқ бўлди кеча,
Тунни зиё қилди санам.
Мақсуд ўлди анга бо,
Ойдинда ўзни хушламоқ,
Даврага хушторларин
Биё-биё қилди санам.
Мутриби базм саналди,
Ул нозанин ўшал кеча,
Айши хониш савтини
Ажамга жо қилди санам.
Базмаро ишрат кўйи
Нашу намо топди ҳама,
Якка мен холис забон,
Биздан ҳаё қилди санам.
Сўнг, санам, қақнус мисол,
Жам қилди давра ашкини,
Бир нигоҳла ўт қўйиб,
Воҳ, мосуво қилди санам.
Куйди Эгамбердинг, сени
Нозу фироқингдан десам,
Икки қўли кўксида,
Таъзим бажо қилди санам.

* * *
Дўстларим, сиздан ўтар,
Демангиз давронга суф.
Муддао топмай камол,
Кечган, ул, ҳар онга суф.
Гар ҳаёт уммонида
Иштибоҳ унса, ғариб,
Ҳосили маҳол сиёҳ
Жой олар армонга суф.
Юз очиб кўкда қамар,
Сочса нур олам аро,
Нуқраси гул баргида
Бежило бўстонга суф.
Ҳар неча бордир ният,
Анваристон бўлмаса,
Қўш зиё айвонида
Тек турар ларзонга суф.
Сен – Эгамберди мудом
Қил тавоф назм уйин,
Ул бино пештоғига
Етмаган шеърхонга суф.

Юз очиб кўкда қамар, сочса нур олам аро

Навоий ғазалига мухаммас

Даҳрини тутмас дариғ, топмиш дарак боримдан эл,
Меҳри ёрким четламас, олмиш хабар ҳолимдан эл,
Мунғайиб турсам бесас, сўрмиш савол онимдан эл,
Мен жаҳондин кечдиму кечмас менинг жонимдан эл,
Мен илик жондин юдум, чекмас илик қонимдан эл.

Кечмаган жонимни эл, даврон ўти кўйга солар,
Ёлқини ўртар танамни, лов-лови бағрим тилар,
Лахта қоним мум мисол поралиғимга мухтасар,
Тўш-тўшимдан баски, расволиғ ўти лов-лов ёнар,
Ҳар тараф йўлдан чиқарлар ўтсалар ёнимдан эл.

Ёр элим бўлмас бутун мен каби каслар дастидин,
Бўлмадим халққа устун расволиғимнинг дардидин,
Оҳ, элим кўки қуюн айролиғимнинг ҳажридин,
Тонимаслар бир-бирин ёққон мазаллат гардидин,
Сўргали ҳолим кириб чиққунча вайронимдан эл.

Истарам Хизрим суви бўлса мудом умрима сарф,
Бўлса кўл халқим кўйига, жимири мисли садаф,
Мақсудим топсам калом, айтмоққа элга савти кайф,
Истарам, эй Хизр, келгаймен қилиб жон бирла тавф,
Каъбаи кўйин хабар топқунча боргонимдан эл.

Мен, Эгамберди анинг ҳижрон ўтида ёнамен,
Кўрмасам рухсорини шому саҳар тўлғонамен,
Шул сабаб, эл ичра номим: мардуми афсонамен,
Эй Навоий, қилмағайлар айб агар девонамен,
Ул пари васфин ўқуғон сойи девонимдан эл.

***
Фузулий ғазалига мухаммас

Сазойи нақд шарҳин эл ичра бозор ўландан сўр,
Авзойи кушо аслин улфати ҳазор ўландан сўр,
Давойи қаҳр қасдин кас хастаи мор ўландан сўр,
Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр,
Зулоли завқ шавқин ташнаи дийдор ўландан сўр.

Сўзинг имлосига таҳсин ман айтгум, ўзгадан сўрма,
Кўзинг сузу, таманносин ман айтгум, ўзгадан сўрма,
Дема тўти, лабинг шаҳдин ман айтгум, ўзгадан сўрма,
Лабинг сиррин келуб гуфтора мандан ўзгадан сўрма,
Бу пинҳон нуқтани бир воқифи асрор ўландан сўр.

Аҳли донишларинг золин на билсун мардуми ғофил,
Лабинг лаълиларин олин на билсун мардуми ғофил,
Ғаму андуҳларинг фолин на билсун мардуми ғофил,
Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун мардуми ғофил,
Кавокиб сайрини шаб, то саҳар бедор ўландан сўр.

Сўрмадинг оҳу ҳолин пойингда даврин чеканлардан,
Дуоси самар топмай, ижобат сабрин чеканлардан,
Қасти кор кўҳи янглиғ адоват абрин чеканлардан,
Хабарсиз ўлма фаттон кўзларинг жаврин чеканлардан,
Хабарсиз мастлар бедодини ҳушёр ўландан сўр.

Ҳажрингдин оғочдур мен, вабодин сўрма аҳволим,
Саиди қорадур мен, оббодин сўрма аҳволим,
Тутунсиз куядур мен, қабодин сўрма аҳволим,
Ғамингдин шаъмдек ёндим, сабодин сўрма аҳволим,
Бу аҳволи шаби ҳижрон манимла ёр ўландан сўр.

Ғорати этиб ашким, кўнглими заранг қилур золим,
Ақлу ҳушим елга элтиб, белимдин кеткурур долим,
Асири жом айлабон сармасти сарсон қилур қоним,
Хароби жоми ишқам, наргиси мастинг билур ҳолим,
Харобот аҳлининг аҳволини хуммор ўландан сўр.

Юсуф раддидин Зулайҳо айламиш ўзни жоҳил,
Зиндони этмиш Юсуфни, ишқи топмагач восил,
Ёд эт қиссани ҳар чоғ, Эгамберди, бўлма тағофил,
Муҳаббат лаззатидин бехабардур зоҳиди ғофил,
Фузулий, ишқ завқин завқи ишқи вор ўландан сўр.

Эгамберди МУСТАФОЕВ – иқтисод фанлари доктори, профессор. 1938 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган.
«Мен шеърият шайдосиман» шеърлар тўплами ва кўплаб илмий китоблар муаллифи.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *