Ойбарчин АБДУЛҲАКИМОВА

ИЖОД ОЛАМИНИНГ СИРЛАРИ

Адабиёт миллий шаклда намоён бўлиб, моҳиятида миллий руҳ тажассум топиши аён. Бироқ дунё адабиётида шундай ҳодисалар бўладики, баъзан бошқа-бошқа миллатларга мансуб, адабий-эстетик тафаккури ўзга-ўзга асосларга таянувчи буюк ижодкорларнинг бир-биридан таъсирланиши натижасида ҳам мутлақ мукаммал, оригинал асарлар дунёга келиши мумкин. Бундай асарларни қиёсий ўрганиш бадиий адабиёт сирларини, шунингдек, ижодкор руҳиятини англашда алоҳида аҳамиятга эга. Оврўпо Уйғониш адабиётининг асосчиси Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия» ва ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» драматик достонлари худди шундай асарлар сирасига киради. Аммо бу икки асардаги умумий ва хусусий жиҳатлар ижод оламининг тамомила ўзгача қонуниятлари маҳсулики, мақолада имкон қадар шу масалага диққат қаратишга уринамиз.
Қисқача мазкур асарларнинг ўрганилиш тарихи ҳақида тўхталсак. Профессор Нажмиддин Комилов «Тафаккур карвонлари» китобида Данте хусусида фикр юритиб, шундай ёзади: «У Шарқ ва Ғарб маданияти оқимини бирлаштирди, умумбашарий меросни қабул қилиб, уни янги юксак бадиий чўққига олиб чиқди». Абдулла Орипов Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия» асари «Дўзах» қисмини ўзбек тилига таржима қилди. Ушбу асарнинг ўзбек халқи маънавий мулкига айланишида ана шу таржиманинг ўрни беқиёс. Шоир «Дантенинг безовта руҳи» мақоласида улуғ италян адиби ватанига саёҳати натижасида одам ҳамма жойда ҳам одам экани, шафқатсиз тузум, бойликка ҳирс, шуҳратпарастлик ва қашшоқлик шундайлигича ҳам иллатлардан холи бўлмаган инсон руҳиятини вайрон қилиши, одам боласини ёвуз бўрига айлантириб қўйиши ҳақидаги хулосаларини изҳор этар экан, Дантени ҳам худди шу каби ўйлар қийнаганини ёзади.
Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия»си ва Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» достони жуда чуқур ўрганилмаган бўлса-да, бу асарлар ҳақида бир қанча мақолалар ёзилган, мулоҳазалар билдирилган. Акмал Саидовнинг «Данте – юрист», Улуғбек Саидовнинг «Шарқ ва Ғарб: маданиятлар туташган манзиллар» китоблари, Сирожиддин Саййиднинг «Ростини айтсам, кўксимдаги дилим янги», Узоқ Жўрақуловнинг «Армон талқинлари», Дониёр Бегимқуловнинг «Абдулла Орипов ҳақида» мақолаларини, Акрам Ҳамдамовнинг номзодлик диссертациясини мисол қилиб келтириш мумкин.
Бу сингари бир қанча тадқиқотлар, мақолалар эълон қилинган бўлишига қарамай, Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия» ва Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» достонлари ўзбек адабиётшунослигида тўлақонли ўрганилган эмас. Уларнинг қиёсий таҳлили эса мутлақо амалга оширилмаган.
«Илоҳий комедия» Данте Алигьери ижод этган асарларнинг бадиий ва ғоявий жиҳатдан энг юксаги ҳисобланади. Шоир бу асарини дастлаб «Комедия» деб атаган. Асар таржимони Абдулла Ориповнинг ёзишича: «…бу асар воқеалари кўринишдан «нариги дунё»да кечса ҳам, унинг марказида ҳақиқат ахтарган жафокаш инсон, иқболи нигун доҳий санъаткор образи турибди. Шунинг учун бўлса керак, бу асарни «Дантенома» деб ҳам аташади. «Илоҳий комедия» ёзилган даврларда, комедия ҳозиргидек кулги аралаш саҳна асарини эмас, балки умуман бадиий шаклни, хусусан, йирик шеърий лавҳаларни ҳам англатган. Кейинги асрлардагина Жованни Боккаччо уни қайта нашрга тайёрлаётиб, «Илоҳий комедия» деб атаган». Бундай номланишига сабаб, асарнинг бадиий жиҳатдан мукаммаллиги; инсонни ҳаёт ва ўлим, яъни охират ҳақида фикр юритишга ундашидир. Асар «Дўзах», «Аросат» ва «Жаннат» деб номланган уч қисмдан иборат. Ҳар бир қисм ўттиз учта қўшиқдан ташкил топган. Биринчи қисмдаги дебоча билан умумий 100 қўшиқдан иборат. Унда муаллифнинг устози Вергилий кўмагида охиратга қилган саёҳати тасвирланади. Дантенинг бундай асар яратишига сабаб севгилиси Беатриченинг бевақт ўлимидир. Бу йўқотишдан у қаттиқ таъсирланади, шундан сўнг ҳаёт ва ўлим тўғрисида фалсафий фикр юрита бошлайди ва «Илоҳий комедия» асарини дунёга келтиради.
«Илоҳий комедия»даги сингари «Жаннатга йўл» достонида ҳам воқеа-ҳодисалар охиратда содир бўлади. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов билан суҳбатда «Илоҳий комедия» қачон таржима қилингани ва «Жаннатга йўл»нинг ёзилиш санаси билан қизиққан эдик. Устоз шоир бу ижодий жараён деярли бир вақтда содир бўлганини айтгандилар. «Жаннатга йўл»ни ёзишда «Илоҳий комедия»дан таъсирланганмисиз?» деган саволимизга эса: «Илоҳий комедия» шундай буюк асарки, ундан таъсирланмаслик мумкин эмас», деб жавоб бергандилар. Шунинг баробарида, муаллиф «Жаннатга йўл»ни ёзишда муборак бир ҳадисдан таъсирланганликлари ҳақида сўзлаб бергандилар. Бу ҳадис мазмунига кўра, охиратдаги ҳисоб-китоб вақтида инсонга ота-онаси ҳам, бошқа қариндошлари ҳам ёрдам бера олмаслиги, фақат ҳақиқий дўстгина унинг оғирини енгил қилиши мумкинлиги зикр этилган экан. Бундан «Жаннатга йўл»нинг асосий ғояси ана шу муборак ҳадис таъсирида туғилгани маълум бўлади.
«Илоҳий комедия» Европа адабиётига хос ҳар бир банди уч мисрали анчайин мураккаб шеърий шакл – терцинада ижод қилинган. Абдулла Орипов эътирофича,
«…терцинада уч қатор баравар келаверади. Лекин уч қатор баравар бўлгани билан қофиялар занжир бўлиб, бир-бири билан боғланиб кетаверади. Шарқ мумтоз адабиётидаги аруз вазнининг бузилиши қанчалик сакта бўлса, бу ерда терцинанинг бузилиши ҳам шеърий жиноятга айланиб кетиши мумкин». Абдулла Ориповнинг қуйидагификри эса, таржимоннингқанчалик заҳматли меҳнатни амалга оширганини ҳис этиш имконини беради: «Асарда агар бир сатрнинг иккинчиси билан қофияси бузилса, шу иморат таг-туги билан нураб кетади. Занжир узилади! Мен бу билан катта бир ишни бажардим, деб айтишни хоҳламайман. Лекин воқеликка объектив баҳо беришим керак».
Бадиият – бу, биринчи навбатда, беқиёс рамз ва тимсоллар дунёси, оҳорли образлар олами демакдир. Ҳар икки асар рамз ва тимсолларга бой. Энг эътиборли жиҳати, улар бир-бирини зинҳор такрорламайди.

Ердаги умримнинг ярмини юриб,
Зулмат водийсида адашиб қолдим.
Боқсам, бир ўрмонга кетибман кириб.

«Илоҳий комедия» ана шу мисралар билан бошланади. Бу асарда бош образ Дантенинг ўзи. Унинг ўрмонда адашиб қолишида Италиянинг ўша давр ижтимоий- сиёсий муҳитига ишора бор. Умуман олганда, асарда ўрмон – бу биз яшаб турган ҳаёт, яъни фоний дунё рамзи ўлароқ намоён бўлади. Данте, ҳаётда шу қадар адашдимки, бундан кўра ажал ҳам яхши эди, дейди:

Даҳшатларга тўла ўрмон эди у,
Эсдан чиқаролмай неча йил толдим
Ҳатто ажал ундан туюлгай эзгу.

Баланд тоғдан тушиб келар экан, шоир олдидан қоплон, арслон ва қашқир чиқиб, йўлини тўсади. Бу уч ҳайвон – асарда нафс рамзи сифатида келган. Қоплон – сохтакорлик ва сотқинлик тимсоли бўлса, арслон – мағрурлик ва зўравонлик; қашқир эса, очкўзлик ва такаббурлик рамзларидир.
Зулматда қолган Дантенинг қаршисидан устози Вергилий чиқади ва уни бу қоронғиликдан олиб чиқажагини, Дўзах ва Аросатдан олиб ўтажагини, Жаннатга эса Беатриче орқали етишишини айтади.
Асарда Вергилий – йўлбошчи, пир тимсоли. У ўз шогирдини Жаннатга эришиши учун зарур бўлган босқичлардан олиб ўтишини таъкидлайди. Беатриче эса – илоҳий ишқ рамзи. Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонида Мажнун Лайлининг тимсолида Оллоҳнинг васлига интилади, бу йўлда турли босқичларни босиб ўтади. Шундан келиб чиқиб, Дантенинг муҳаббатини ҳам икки томонлама изоҳлаш мумкин. Биринчиси, мажозий ишқ бўлиб, Данте ҳаётда чиндан ҳам Беатричени севади ва унинг ўлимидан қаттиқ изтиробга тушади. Иккинчиси, илоҳий ишқ бўлиб, у Беатриче тимсолида Оллоҳнинг васлини мушоҳада этади. Асардаги доиралар рамзи эса, бизнингча, инсонларнинг дунё ҳаётида қилган ёмонликларига кўра жойлаштирилишини англатади. Яъни доиралар – бу даражалар кетма-кетлигидир.
«Жаннатга йўл» достонидагирамзларва тимсоллар, табиийки, ўзигахос;«Илоҳий комедия»дагига ўхшамайди. Асардаги Тарозибон – инсонларни эзгуликка чорлаш тимсоли. Диний-маърифий манбаларда охиратда гуноҳу савоблар мезонга, яъни тарозига солиниши зикр этилади, бироқ айнан тарозибон ҳақида сўз юритилмайди. Бадиий асар бўлгани учун ҳам «Жаннатга йўл»да бундай тимсолнинг қўлланиши ўринли. Асарда тарозибон ҳатто кимнинг жойи жаннатда, қай бириники дўзахда, яна қайсиси аросатда эканини ҳам эълон қилади. Жумладан, Ўзга одам Тарозибонга титраб яқинлашар экан, унга нисбатан мана бундай ҳукм янграйди:

Бу ёққа тур. Исминг нима? Ҳожати ҳам йўқ.
Тамға босиб қўйган экан сенга Оллоҳим
Сенинг жойинг аросатда. Кўнглинг бўлсин тўқ.

Ўзга одам – умрини бесамар ўтказаётган, на ўзига, на жамиятга наф етказадиган кимсалар тимсоли. Табиийки, унинг қилмиши одамийликка ёт. Асарда унга исм қўйилмагани сабаби ҳам шунда. Ўзга одам – ана шу номнинг ўзиёқ бу тоифадагилар устидан чиқарилган поэтик хулоса.
Ҳур қиз – вафосизлик тимсоли. У инсон нима учун яратилганини, аёл зотининг зиммасида қандай масъулият борлигини англамай ўтган. Она томонидан айтилган мана бу мисралар фикримизни тасдиқлайди:

Ҳа, Ҳур қизнинг у дунёси қорадир бутун,
У қисматга бўй бермаган, қисмат бунга ёв
Бегонадан хуфя совға олгани учун
Бўғиб кетган буни бир кун бўлажак куёв.

«Бегонадан хуфя совға олиш» – унаштирилган қизнинг бундай қилмиши шарқона удумга хилоф. Шунинг учун ҳам асарнинг бу қаҳрамонига мана бундай баҳо берилади: «у дунёси қора».
«Илоҳий комедия» ва «Жаннатга йўл» асарларида айрим муштарак жиҳатлар ҳам бор. Авваламбор, ҳар иккаласида воқеа-ҳодисалар охиратда юз беради. Данте ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, буюк шахсларнинг Дўзах, Аросат ёки Жаннатдаги ҳаётини тасвирлайди. У христианлик мезонларига таянган ҳолда Шарқ мутафаккирларидан Ибн Сино, Ибн Рушд каби буюк сиймолар ва яна Цезар, Афлотун, Суқрот, Демокрит, Гераклит, Гиппократ каби улуғ шахсларни Дўзахнинг биринчи доирасида яъни христиан динига мансуб бўлмаган шахслар жойлаштириладиган доирада тасвирлайди.
Абдулла Орипов эса Ўзга одамни Аросатда, йигитни Дўзахда, ота-онасини Жаннатда тасвирлайди. Бунда у мезон сифатида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга таянади. Икки ижодкор ёндашувидаги бу тафовут, биринчи навбатда, уларнинг дунёқараши, эътиқоди билан боғлиқ. Иккинчидан, Шарқ ва Ғарб менталитети ҳам бунда ўз сўзини айтган, дейиш мумкин.
Яна бир муштарак жиҳати, иккала асарнинг ҳам бош ғояси инсон ва унинг моҳиятини англаш экани билан белгиланади. Улардан келиб чиқадиган хулоса: одам болалари умрини беҳуда ишларга сарфламаслиги, дунё ва охиратини обод қилиш ҳақида қайғуриши зарур. «Жаннатга йўл» достонида ушбу муаммо талқини тамомила ўзига хос. Жумладан, асарда тасвирланишича, бир мўйсафид етти марта ҳажга борган, бор-йўғи бир мартагина отасини сансирагани учун унинг савоб амали қабул бўлмаган. Шоир бу орқали инсон ҳар қанча савоб ишларни қилмасин, ота- онасини ҳурмат қилиб, уларнинг розилигини топмаса, унинг амали беҳуда кетиши ҳақидаги машҳур ҳадиси шариф мазмунига ишора қилади. Асардаги Ўзга одам қисмати аянчли: у на гуноҳ ва на савобга қўл урган. Аросатга тушиши сабаби шунда. Зеро, одам болалари ўзга жонзотлардан ақлу тафаккури билан ажралиб туради. Шу боис у азиз умрини имкон даражасида эзгу амаллларга сарфламоғи керак – бу образ замирига сингдирилган маъно, муаллифнинг бадиий нияти – ана шу!
Жаннатга киришига икки пайса етмаган Йигит образида ҳам ибратли жиҳатлар талайгина. Жумладан, у бировга ёмонлик қилмаган бўлса ҳам, таъмагир, товламачи, текинхўр инсонларни кўра билиб туриб, уларни йўлдан қайтармаган. Бундай лоқайдлик, табиийки, жазосиз қолмаган. Инсон – яралмишлар афзали. Шу боис у умрнинг ҳар бир лаҳзасини эзгуликка сафарбар этиши зарур. Бу эса, ўз навбатида, уни икки дунёда азизу мукаррам этади – Йигит қисматидан муаллиф чиқарган поэтик хулоса ана шундай.

Бир қария ётар эди менинг ёнимда,
Ўғли унинг тепасига қўйди улкан тош.
Бироқ бир кун иблис кирди ўғил қонига,
Ўғил бир кун таъмасини айлаб қўйди фош:
Қабр тошда ўзин исми ёзилмай қолмиш,
Сангтарошни олиб келди бир кун у нокас
Ва ўз исмин ўйдирди ҳам, бу савоб эмиш,
Йўқ бу савоб аталмагай, манманлик, холос.

Ота қабрига тош қўйгач, сангтарошни олиб келиб, ўз исмини ўйиб ёздирган ўғил хусусида ёзар экан, муаллиф «унинг қонига иблис киргач, у таъмасини фош этгани; бу савоб эмас, манманлик» экани хусусидаги бадиий ҳукмни чиқаради. Унинг бу тошни кўрган инсонлар фалончи азамат қўйдирган экан дейишини исташи, отасини эмас, ўз обрўсини ўйлаши ҳақидаги мисралар ўқувчини чуқур мушоҳада юритишга чорлайди.
Юқоридаги мулоҳазалардан хулоса қилиш мумкинки, Данте Алигьерининг
«Илоҳий комедия» ва Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» асарлари том маънода мураккаб ва зиддиятли жараён – ўзликни англаш йўлининг ўзига хос бадиий талқини ўлароқ ижод этилган. Бадииятнинг бу икки буюк обидасини ҳар жиҳатдан мукаммал қиёсий ўрганиш, икки улуғ шоир адабий-эстетик оламидаги муштарак ва фарқли жиҳатларни аниқлаш юзасидан изчил тадқиқотлар олиб бориш адабиётшунослигимизнинг галдаги вазифаларидандир.

Ойбарчин АБДУЛҲАКИМОВА – 1993 йили туғилган. Ўзбекистон миллий университети Ўзбек филологияси факультетини битирган. Унинг «Бадиий тил ва тасвир», «Эпик тасвир қирралари» китоблари, илмий журнал ва тўпламларда 30 га яқин мақолалари чоп этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *