Завқиддин СУВОНОВ

РОВИЙ ВА МУАЛЛИФ

Бадиий асарда воқеа-ҳодисалар баёни воситасида қаҳрамонлар фаолияти билан танишиб борамиз. Бу шакл мумтоз адабиётимиз намояндалари фаолиятида ҳам кўзга ташланади. Шу маънода образлар хатти-ҳаракати ва нутқий муносабатларини бошқариб турадиган кенг қамровли нутқ шакли аҳамиятли. У эпик асарларда ровий, ҳикоячи, баёнчи, муаллиф тарзида намоён бўлади. Бу айни пайтда китобхонда муаллиф образи ҳақидаги таассуротни пайдо қилиши табиий. Биз бадиий асар моҳиятига қанчалик чуқур кириб борганимиз сари тасаввуримизда муаллиф ҳақида умумий қарашлар мувофиқлашиб боради. Унда, биринчидан, муаллифнинг борлиққа субъектив муносабатини одамлар характери ҳақидаги таърифи орқали англаймиз. Яъни «…асар яхлит бадиий системасини ташкил этувчи барча услубий воситаларни ўзаро боғловчи, уларни маълум мақсадда уюштирувчи куч муаллиф образи саналади»1. Асарда ҳаракатлантирувчи куч баёнчи нутқи бўлиб, у ғоявий маъно ташишда ва муаллиф мақсадини рўёбга чиқаришда асосий таркибий қисм вазифасини ўтайди. Баёнчини муаллифдан ажратиб тасаввур қилиш мумкин эмас. Мақолада таҳлилга тортилган асосий муаммо ҳам шу билан боғлиқ.
Насрда муаллиф образини ўрганишда баён шакли муҳим ўрин тутади. Баён шаклини олимлар икки йўл билан ўрганади: «…шартли равишда эпик ва саҳнавий баён»2. Эпик баёнда муаллиф томонидан бошқарилаётган образлар унинг ўрнини билдириб туради. Бунда муаллиф китобхонни воқеалар юз бераётган макон ва унда ҳаракатланаётган шахслар билан таништиради. Уларнинг нафақат ташқи қиёфаси, балки маънавий дунёси, индивидуал қарашларини ҳам ойдинлаштира боради.
Саҳнавий баёнда муаллиф ҳикоя қилаётган воқеа ҳаракатлар ва баёнчи нутқи қоришуви орқали ремаркаларда акс этади. Бу услуб кўпроқ драматик асарларда учрайди. Бунда тавсифчилик асосий ўринни эгалламайди, унинг вазифасини имо- ишоралар бажаради.
Насрий асарларда эпик ва саҳнавий баёнларнинг қўшилуви натижасида тасвирнинг кучайиши эътиборни тортади. Шу ўринда адабиётшунос Ўрал Носиров кинематографик баён ҳам мавжудлигини қайд этади. Унга кўра воқелик қисқа- қисқа аммо ёрқин тасвирланади, муаллиф борлиги сезилмайди.
Асарнинг баён шаклини танлаш осон кечадиган ҳодиса эмас. Бунда муаллифнинг борлиқ тасвирига муносабати, сюжет йўналиши, образлар тизими, асар кульминациясида қаҳрамон тақдири, ёзувчи услуби, асар жанри ҳам муҳим. Баён шакли айни пайтда муаллифнинг тасвир объектига муносабатига боғлиқлигини кўрсатади. Шунга кўра баён шакли асар композицияси асосида туради. Баён услуби қаҳрамон нутқи билан бир мақсадда мувофиқлашади.
Рус олимлари3 эпик асарларда муаллиф ўрнини ўрганишга бағишланган тадқиқотларида баённи тўрт турга бўлиб, биринчи турга биринчи шахс томонидан олиб борилган баённи киритади ва уни «баёнчи – муаллиф (воқеаларнинг бевосита гувоҳи ёки иштирокчиси) амалга оширади, бу биринчи шахсдаги баёнчидир»4 дейишади. А. А. Нестеренко ўз тадқиқотида муаллиф образи ўрнига баёнчини тавсия этади. Бу борада эса у Л. И. Тимофеев қарашларига таянади. Л. И. Тимофеев эса В. В. Виноградовнинг «муаллиф образида бадиий асар услубининг барча белги ва хусусиятлари бирлашади»5 фикрига қарши. У баёнчи образини «… баёнчи образи автор нутқи ёрдамида асарда тасвирга тортилган баёнчи образига мос келиши ҳам, мос келмаслиги ҳам мумкин бўлган ёзувчининг индивидуаллиги билан бевосита боғлиқ бўлмаган шундай бир инсон типи тусида бўлади. Шунинг учун ҳам биз баёнчи образи тушунчасидан фойдаланамиз»6 деган фикрни илгари суради. Аслида муаллиф образининг реал инсон – ёзувчи билан айнан ўхшашлиги асосий масала эмас, балки асарнинг яхлитлигини таъминлаш асардаги барча образларни аниқ бир ғоявий-бадиий ният йўлида уюштирилиши, тасвир кўламининг бадиий қимматини юзага чиқариши ва ўзининг бадиий феномен сифатида қай даражада шаклланганлиги муҳимдир.
Умуман насрда авторнинг баён системаси асосан биринчи шахс бирлик формадаги ҳикоячи, ҳикоячи ва бош образ ҳамда учинчи шахс бирлик шаклидаги ровий композицион типларидан иборат бўлади. Масалан, «Отамдан қолган далалар» романида «…ўғлимизни бир ёнига ағдардим. Нима экан дея, бағрига қарадим.

Ўғлимиз бағрида икки дона хурмо бўлди.
Ўғлимиз хурмоларни тағин-да бағир босди.
Ер тепиб-ер тепиб йиғлади.
– Бермайман, йўқ, бермайман! – деди.
Ўғлимизни даст кўтариб қўлтиқлаб олдим.
Ўғлимиз қўлтиғимда тепкилаб йиғлади.
Билакларимни тишлаб йиғлади.
Ёш болани тиши ёмон-да – билакларим ачишиб оғриди.
Бир амаллаб ичкари олиб кирдим.
Оғзига тарс эткизиб бир урдим.
Жони ёмон-ёмон оғриди шекилли –
оғзини ушлаб-ушлаб йиғлади.

Ана шунда хурмолар ер тушди. Хурмолар юмалаб-юмалаб жўнади. Мен хурмоларни ушлаб-ушлаб келдим.
Ҳамсоя-қўлларникидан онамиз келди. Оғзини ушлаб ётмиш ўғлимизни ердан кўтариб олди.
Шунда, ўғлимизни оғиз-бурнида қип-қизил қон кўрдим.
Онамиз ўғлимизни ер энкайтирди. Кафти билан оғиз-бурнини артди.
– Ҳа, қўлинг синсин-а, шугина норасидани урган қўлгинанг синсин-а! – деди. Онамиз теварак аланглади. Тандир олдида ётмиш темир косовни олиб отди. Мен энкайиб қолдим – косов устимдан ўтиб кетди».

Носирнинг бунда баён йўли биринчи шахс тилидан етказилади. Асарда ҳикоя биринчи шахс тилидан сўзланса, унда тасвирнинг ишонч кучи ортади, ортиқча таъкид ва тавсифлардан йироқлашади. Муаллиф ровийнинг ишончли ахборотига аралашолмайди. Асар китобхонга қаҳрамоннинг ўзи гувоҳи бўлган воқеаларни айтиб бергани билан ишонч бағишлайди. Ўқувчи ишончи эса асарнинг бадиий қимматини оширади. Асардан келтирилган юқоридаги лавҳада отанинг ўғлидан меҳмонга аталган хурмони оламан деб уриниши анча жўн туюлса-да бизни бефарқ қолдирмайди. Ота ўғлининг меҳмонлар дастурхони учун олинган мевани айтмасдан олганига асабийлашади ва қизишиб кетади. Оқибатда ўғлининг бурни қонаб, шундан сўнг ота ачиниш ҳиссини туяди. Ушбу парчада «ер тепиб-ер тепиб»,
«ёмон-ёмон оғриди», «оғзини ушлаб-ушлаб йиғлади», «юмалаб-юмалаб жўнади» тарзидаги такрорлар ровийда чуқур ачиниш ҳисси борлигини англатади ва тасвирда маъно кучайишига олиб келган. Агар ровий бош образ бўлмаса, китобхон бу ҳисни туймайди. Насрдаги бу баён шакли биринчи шахс бош қаҳрамон бўлгани учун ҳам ҳеч қандай воқеа яширилмасдан айтилади. Агар воқеаларни муаллиф сўзласа анча андиша сақлаб, ўша жараённи шу даражада очиб беролмаган бўларди. Деҳқонқулни муаллиф рост сўзлашга ўргатади. У ўзини фош қилиш йўлидан борса-да, ўзидаги самимиятни сақлаб қолган.
Носир юқоридаги парча баёнини учинчи шахс тилидан берса, жараёнга муаллиф аралашади ва анъанавий баён услубидан чиқиб кетолмайди. Асарнинг ишонтириш қуввати сусаяди. Фикримизни исботлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
«Ўғлини бир ёнига ағдарди. Нима экан дея, бағрига қаради. Ўғлининг бағрида икки дона хурмо бўлди.
Ўғли хурмоларни тағин-да бағир босди. Ер тепиб-ер тепиб йиғлади.
– Бермайман, йўқ, бермайман! – деди. Ўғлини даст кўтариб қўлтиқлаб олди.
«Ўғли қўлтиғини тепкилаб йиғлади. Билакларини тишлаб йиғлади. Ёш болани тиши ёмон-да – билаклари ачишиб оғриди.
Бир амаллаб ичкари олиб кирди. Оғзига тарс эткизиб бир урди. Жони ёмон-ёмон оғриди шекилли – оғзини ушлаб-ушлаб йиғлади. Ана шунда хурмолар ер тушди. Хурмолар юмалаб-юмалаб жўнади. У хурмоларни ушлаб-ушлаб келди.
Ҳамсоя-қўлларникидан онаси келди. Оғзини ушлаб ётмиш ўғлини ердан кўтариб олди.
Шунда, ўғлининг оғиз бурнида қип-қизил қон кўрди.
Онаси ўғлини ер энкайтирди. Кафти билан оғиз-бурнини артди.
– Ҳа, қўлинг синсин-а, шугина норасидани урган қўлгинанг синсин-а! – деди. Онаси теварак аланглади. Тандир олдида ётмиш темир косовни олиб отди.
У энкайиб қолди – косов устидан ўтиб кетди».

Энди баён бевосита эмас билвосита учинчи шахс бирлик шаклида бериляпти. Ўқувчи ва бадиий асар ораси икки қадам узоқлашгандай бўлди. Ўз-ўзидан бу ҳолат асар бадииятига таъсир этади. Бундан ташқари, қаҳрамон нутқидаги юклама шаклларининг келиши чуқур таъкид маъносини ҳам англатган.
Биз юқорида айтмоқчи бўлган асарда ҳикоя биринчи шахс тилидан баён қилиниши классик адабиётимиз намояндалари ҳазрати Навоийнинг «Вақфия», Бобур Мирзонинг «Бобурнома», Муқимийнинг «Саёҳатнома»сида ҳам учрайди. Тоғай Мурод эса бу мумтоз анъанани, яъни бадиий асарни баён қилиш йўлини ўзлаштириб ўзбек насрида умуман ўзгача баён қилиш йўлини кашф қилди ва унинг ихтиро қилган йўли бошқа ижодкорларни такрорламади, аммо уларнинг тажрибаларини синкретик тарзда қўллаб ўзининг бетакрор қиёфасини акс эттирди. Ижодкор халқи ўзининг ёзиш услуби (йўли) билан ўзига хосликка ва ўзлигини намоён этишга интилиб яшайди.
Учинчи шахс бирлик шаклидаги ровий асарда тасвирланган оламдан ташқарида, ойна ортида бўлади. Асардаги воқеаларга аралашмайди. Уларни ташқаридан кузатади. Аммо муаллиф асарда бошдан охир иштирок этади. Иштирок этгандаям қаҳрамонлар ортига яширинган ҳолда иштирок этади. У ўзининг шахсий муносабатини, асар бадииятига сингдирган ҳолда баён қилади.
Жараёндаги кўпчилик ёзувчиларни ёзиш йўли (услуби)дан таниб олиш қийин. Аммо Тоғай Мурод адабиёт саҳнасида пайдо бўлгандан сўнг унинг ижодига муносабат билдирувчи олимлар кўпайди. Кўпчилик унинг ижод позициясини намуна сифатида кўрсатишга уринди. Адабиётшунос Нусратулла Жумахўжа адиб услубига тўхталиб шундай дейди: «ўйлаб кўринг, Тоғай Мурод ўз янги услубини шакллантирмагунча «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Отамдан қолган далалар» асарларини эълон қилмаган. Ушбу асарларини эълон қилганида у неча ёшда эди? Ўз бадиий услубини, адабий қиёфасини кашф этиш учун у кўп йиллар сарфлаб халқ ҳаётини, халқ тилини ўрганди, курашчилар билан бирга қишлоқма-қишлоқ юриб кураш майдонларини кузатди, улар билан кечалари тонготаргача гурунглашиб, руҳиятини, характер, тил ва терминларини ўрганди, улоқчи полвонлар билан бирга юриб кўпкариларда чавандоз сифатида қатнашди, полвонларнинг азоб-уқубатини, завқ-шавқини ўз танасида ҳис қилди, Москвага бориб давлат архивларини титкилади, фольклор архивларида ўтириб ишлаб илмий тадқиқотчилардек заҳмат чекди… Хўш ҳозир қайси ёзувчимиз шундай меҳнат қиляптики, биз унинг ижодий қиёфасини таниб олсак»7. Адабиётшунос адабиётимиз келажаги ҳақида ўйлаб, озроқ эмоцияга берилиб ёзади, талаб даражасини анча юқори қўяди. Тўғри, Тоғай Муроднинг ижодий услуби айнан баён тарзида ойдинлашади ва ўзини оқлайди. Баёнчи асарда тасвирланган дунёни бошқарувчи, яъни уюштирувчи образ. Баёнда ҳикоячи Деҳқонқул каби конкрет шахс тарзида намоён бўлади. У асардаги оламни муаллиф каби ичкаридан туриб, аниқ кузатувчи сифатида ёритади. Аммо романда муаллифнинг иштироки сезилмайди. Бу эса Тоғай Мурод маҳоратини кўрсатишда таянч манба вазифасини ўтаган.


1 Носиров Ў. Ижодкор, шахс, бадиий услуб, автор образи. Т.: Фан. 155-б.
2 Носиров Ў. Ижодкор, шахс, бадиий услуб, автор образи. Т.: Фан. 156-б.

_________

  1. Горький А. М. Адабиёт ҳақида. Т.: 1963. Нестеренко А. А. Авторская позиция в повествовательном произведении ( на материале творчества Л. Н. Толстого 1850-60-х годов). Автореф.дис. канд.филол.наук. М. 1970. Виноградов В. В. Проблема авторства и теория стилей. Художественний литература. М. 1961. 612 с. Виноградов В. В. О языке художественной литературы. М.: Гослитиздат. 1959. 656 с. Тимофеев Л. И. Советская литература. Метод, стиль, поэтика.М.: Советский писатель. 1964. 306. Гроссман Л. П. Достоевский. М.: Астрель. 2012. 544   с. Гуковский Г. А. Реализм Гоголя. Л.: М . Государсственное издательство художественной литературы.1959. 307 с. Белинский В. Г. Сочинения Александра Пушкина. М. 1961. 496 с. Кожевников В. В. Проблема автора и путь писателя. Контекст. М.1977. Козьмин В. Ф. Автор ва образ повествователя в романах и циклах. М. Е. Салтыкова- Щедрина. Филологические науки. 1977. № 4. с. 17.
  2. Нестеренко А. А. Авторская позиция в повествовательном произведении. АКД. М.1970. с 22
  3. Виноградов В. В. Проблема авторства и теория стилей. М. 1961. с 34
  4. Тимофеев Л. И. Советская литература. Метод, стиль, поэтика.М. 1964. с 227

________

7 Сарчашма мавжлари. Т.: Mashhur-press. 2016. 399-б.

Завқиддин СУВОНОВ – 1986 йилда туғилган. Термиз давлат университетини, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўзбек филологияси факультети магистратурасини тамомлаган. Республика матбуотида қатор илмий мақолалари эълон қилинган. «Поэтик образ табиати» номли илмий рисоласи нашрдан чиққан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *