Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА

ҲАЖВИЙ ҲИКОЯЛАР УСТАСИ

Ўтган асрнинг 30-йилларида юз берган маданий, иқтисодий, ғоявий ўзгаришлар адабиётга ҳам туб ўзгаришлар олиб келди. Бу даврда бутун республика адабиётида янги жанрларнинг шаклланиши, адабиётнинг шаклан ва мазмунан янгиланиши кўзга ташланади. Янги турмуш тарзининг тарғиботи ва ижтимоий ҳаётдаги иллат, камчиликларнинг танқидига кенг ўрин берилиши кўплаб ҳажвий асарларнинг яратилишига сабаб бўлди.
Қўқон шаҳрида нашр қилинган, «Янги Фарғона»нинг эски нашрларини кузатиш 1930-йиллардаги Қўқон адабий муҳити манзарасини яратишга ёрдам беради. Газетанинг айрим сонларидагина ҳикоя ва шеърларга кўзимиз тушади. Бу йилларда қалам тебратган адиблар ҳақида онда-сонда босилган адабий материаллар маълумот беради. Улар орасида Усмон Қўзи1, Ғулом Ғофур, Расул Муҳаммадий, Амин Умарий, Ҳусайн Шамс, Адҳам Раҳмат Наби Юсупов2, Карим Раҳимий номларига дуч келамиз.
Ушбу ёзувчилар ичида Ғулом Ғофур (Ғуломназир Ғофуров – 1909–1944)нинг ҳажвий ҳикоялар ривожидаги ўрни алоҳида салмоққа эгадир. У, асосан, фельетон ҳамда ҳажвий ҳикоялар устаси сифатида танилди. У «Қозихона комедияси», «Шўрва», «Йўл суҳбати», «Очилган сирлар» каби тўпламлар муаллифидир3.
«Очилган сирлар» ҳажвий ҳикоялар («кулги ҳикоялар») тўпламидан иборат4.
«Янги Фарғона» газетасида ёзувчининг кўплаб асарлари нашр қилинган, газетанинг «Чиғириқ» ҳажвий бўлимида тажриба орттирган, кейин эса Тошкентга «Муштум» журналига ишга таклиф қилинган. Унинг фельетон жанрида шуҳрат қозонгани ҳақида Ориф Саидовнинг китобида яхши маълумот берилганини К.Олимова таъкидлаб ўтади5. Ғулом Ғофур очиқ имзосидан ташқари, «Шалпангқулоқ», «Шапалоқ» каби тахаллуслардан фойдаланган. Унинг «Қўйинг энди имом бўлмайман», «Йўл суҳбати», «Кампир билан суҳбат», «Офарин сенга», «Озиб ёзиб кўришганда», «Қандай кўр бўлганлар», «Орзумиз ушалди», «Тўйхона муридхона» асарлари шулар жумласидандир6. Ёзувчининг фельетон, ҳажвий шеърлар, ҳажвий ҳикоялар ёзганлиги маълум.
«Очилган сирлар» тўпламига унинг «Сирли ўлик», «Айирбош», «Сайёҳ», «Пирзоданинг никоҳ тўйи», «Талваса» ҳикоялари киритилган. Бу ҳикоялар ҳаётнинг реал манзараларини акс эттиради. Ўша давр ҳаётига кириб келган янги тартиб- қоидалар ва эски турмуш ўртасидаги зиддиятлар фонида воқеаларни баён этади. Тўплам номи остида гарчи «Кулги ҳикоялар» деб ёзилган бўлса-да, аслида халқ бошига тушган фожиалардан ҳикоя қилади. «Сирли ўлик»да Суярқулбойнинг мол- мулкини шўродан яшириш учун ўғлини ўлдига чиқариб, уни мол-мулк билан четга чиқариб юборгани ва бу фош бўлгани тасвирланса, «Айирбош»да Жайноқбойнинг солиғини камбағал Жайноққа ўтказиб фирибгарлик қилган саркотибнинг фош бўлиши, Жайноқбойнинг камбағалнинг ҳўкизини ўғирлагани сири очилади. Шу билан бирга, ўша даврдаги шўро сиёсатининг қаттиқлиги, бировнинг мулкини бировга тортиб олиб бергани, солиқ сиёсати ҳам қаттиққўллик билан олиб борилганлиги ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ҳикояда акс этган.
«Сайёҳ» ҳикоясида эса Турон-Туркистон озодлиги ғоясини ҳам ўзи яратган Хўжазода тилидан айтади: «Миллатим урфони йўлида қон ағламишам, бироқ, кўрирсизки Туркистанин, Туранин, афъоли дейер кун ўлмиш…»7 Бу сўзларнинг 30-йиллар шароитида айтилиши катта жасорат эди.
Ғулом Ғофурнинг 1935 йилда «Янги Фарғона» газетасида нашр этилган «Отбоқар» ҳикояси8 30-йиллар ҳаётини акс эттирувчи замонавий асардир. Колхозлаштириш сиёсати олиб борилган, одамларнинг хусусий мулклари тортиб олинган бир давр учун бу ҳикоя ниҳоятда аҳамиятли ҳисобланади ва бу мавзудан сўзловчи бошқа ҳикоялари ичида ажралиб туради. Асар қаҳрамони Соли куюк образида бор-будини колхозга бериб юпун аҳволда қолган, ҳуррият деб алданган халқ образи ифодалаб берилган. Қаҳрамоннинг исми ҳам рамзий. Соли куюк гарчи ҳикояда қумғондаги доғ сувдан куйган деб айтилса-да, асли замона зайли билан ўзгарган тузумдан куйган кишиларнинг умумлашма образидир. Унинг пулига куйиб қолиши бозордан от сотиб олиш эпизоди билан жуда таъсирли берилади. Асарда от деталидан ўринли фойдаланилган9. Ҳикоянинг бошида берилган Соли куюкнинг умидлари ва бозордан от олиб алдангандаги ҳолати янги тузум ўзгаришларидан кўп нарса умид қилиб ҳеч нарсага эришмаган кишилар тақдирини билдиради. Ҳикоядан парча келтирамиз:
«Эри-хотин эрталаб чой устида, яна ўша эски баҳсдан сўз очдилар. Эр қўлидаги чойни пуфлаб бир ҳўпладида хотинига қаради:
– Минг қилса ҳам соддалигингга борасан, ахир, нон ёпиш нимаю, от боқиш нима?..
– Мен қайдан билай, нонга зувала ясаш билан, отга хашак солишнинг фарқи бор, дийманда.
– Хўш, нима қил дийсан энди?
– Колхозга чиққанингизда ҳам, мен от боқишдан кўра, нон ёпишни яхши биламан десангиз…
Ҳажвий ҳикоялар устаси
– Нима учун, тентак!
– Чунончи отни суғоришға уқувингиз йўқ…
– Нега, нега!
– Аввало шуки, отни суғорғанда, ҳуштак чалиш учун олдинғи тишларингиз йўқ ва…
Эрининг жаҳли чиқди, лаби пирпираб кетди:
– Ахир, нодон, колхозга кириб олсам, бирор ойда тўртала тишимни олтундан қиламанда!»
Бу парчадан кўринадики, Соли куюкнинг (умуман ўша даврдаги у каби тоифа кишиларининг) колхоздан умиди катта бўлган. Асарда берилган айрим ўринлар унинг тақдири аянчли эканидан далолат беради. Бу гаплардан ёзувчининг тузумга муносабати аниқ кўриниб туради: «…бундан 5 йил бурун ҳам девкор нонвой, шаҳарда кўзга кўринган катта бой эди»10. Демак, 5 йилнинг бадалида Соли куюк камбағаллашиб кетган. Янги тузум унинг мулкидан айрилишига сабаб бўлган. Бунгача бой бўлган Солининг отбоқарликка рози бўлиши унинг ноиложлигидандир. Буни ёзувчининг «нима қилсин, ўйлаб-ўйига етолмай юриб» деган сўзлари исботлаб турибди.
Хотини от ёнига бормагансиз, дея таъна қилаверганидан кейин бозордан от олгани воқеаси берилади. Уни алдаб пулига «на гўшти, на кучи» бўлмаган отни беришади. Бозордан уйга келгунича атайлаб шиширилган от ўлар ҳолатга келади. Буни ёзувчи таъкидлаганидек, «кўзидан олақароқ дардлари юзага чиққан» ҳолати айтиб туради. Бозордан яхши нарса олдим деб оқибатда пуч умидлар билан қолиши янги тузумга ишонч билдирган одамларнинг алданиб қўйни пуч ёнғоққа тўлишига ишорадир.
Колхозга келиб семиз отларни кўрганда уларни ҳам пуфлаб шиширилган деб ўйлайди. Яъни ҳамма нарса бу жамиятда пуфлаб шишириб кўрсатилишига ишора қилади. Соли куюк отларни яхши қарамай бир аҳволга солганидан кейин раис уни сўкиб судга бераман, деб дағдаға қилади.
Ҳикоя «Бироқ Соли бу ишларни жўртага қилганини ўз юрагида сақлаб қолишга тиришар эди» деган сўзлар билан якунланади. Ҳикоянинг бутун моҳияти, ғояси ана шу сўзлардан кейин очилади. Кўринадики, Соли образида шўролар тузумидан норози, мулкидан айрилган аламзада кишилар образи тасвирланган.
Умуман олганда, ҳикоя ўз даврининг манзарасини реал чизиб берганлиги билан аҳамиятга эга.
Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги каби ҳикоялар ўша даврда яратилган ҳамма асарлар ҳам янги турмушни мақтайвермаганлигини кўрсатиб берганлиги жиҳатидан, зимдан шўро даври мафкураси, сиёсатига қарши фикрни айта олганлиги билан ҳам қимматлидир. «Отбоқар» ҳикояси мазмун ва ғоя жиҳатидан 1930-йиллар ўзбек адабиётида кўрилмаган янги ҳодиса саналади, чунки у эски турмушни қоралаб, янги турмушни мақташ йўлидан борилмаганлиги билан, ўша давр кишиларининг дардини ифода этганлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
1930-йиллар Қўқон адабий муҳити ижодкорлари ўзбек адабиёти ривожини белгилаган ижодкорлар деб бемалол айтиш мумкин. Чунки «Янги Фарғона» газетасида марказда яшовчи ижодкорлар ҳам асарларини нашр қилдирганлар, шунингдек, Қўқондан етишиб чиққан кўплаб ижодкорлар республика марказига кўчганлар. Ўша йиллари Қўқон адабий муҳитида кузатилган барча ўзгаришлар ўзбек адабиётининг белгиловчи хусусиятлари эди.

Изоҳлар:

1 Газета саҳифаларида жуда кўп ўринларда У. Қўзи тарзида ёзилган.
2 Наби Юсуфий 1908 йилда туғилган. 1929 йилда Қўқонга келиб 4 йил яшаган. Газетанинг маданият бўлимида Усмон Ёдгор ва Усмон Қўзилар билан бирга ишлаган. Унинг очерк, лавҳа, ҳикоялари газетада босилган.
3 Коммуна Олимова. «Ўзбек совет адабиёти тараққиёти илк даврининг баъзи хусусиятлари» («Янги Фарғона» газетаси материаллари асосида). – филол.фан ном.дисс… Тошкент: 1977. – Б.106.
4 Бу тўпламнинг 1932 йилда Бокуда нашр этилган нусхаси Қўқон Адабиёт музейи фондида сақланади.
5 Ўша жойда.

6 Ўша жойда бу ҳақда маълумот берилган.
7 Ғулом Ғофур. Очилган сирлар. – Тошкент–Боку: Ўзнашр, 1932. – Б.36. 8 Ғулом Ғофур. Отбоқар. – Янги Фарғона, Қўқон: 1935 йил, 10 август.
9 Коммуна Олимованинг диссертациясига кўра, Муқимий «от» образи орқали ўз давридаги социал тенгсизликлар ҳақида фикр юритса, Ғафур Ғулом «от» образида мамлакатни қўриқлашга қодир катта кучни кўради. Бизнингча эса Ғулом Ғафур ҳам шу образдан фойдаланган, аммо ундан асар ғоясини очишда бечора халқ образи сифатида фойдаланган.

10 Ғулом Ғофур. Отбоқар. – Қўқон: Янги Фарғона. – 1935 йил, 10 август.

____________

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА – 1969 йилда туғилган. Филология фанлари номзоди. Қўқон давлат педагогика институтини тугаллаган. Унинг «Ёввойи ушшоқ», «Барибир бахтлиман», «Қўшиғимни кутмоқда дунё» номли шеърий тўпламлари нашр қилинган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *