Ваҳоб РАҲМОНОВ

«ҚОЛМАДИ ЧУН ЎЗГА МАНГА ЧОРАЕ…»
(ёки вирус неонеологизмлар)

Академик илмда мумтоз адабиётдан илмий тадқиқот олиб борувчилар одатда қўлёзмаларга кўпроқ мурожаат этадилар. Бироқ ҳозир навоийшунослик илми шундай бир чўққига етдики, энди илмий тадқиқот учун Алишер Навоий «Тўла асарлар тўплами» ўн жилдлигининг Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти белгиси билан нашр этилган шоҳона китобларни энг ишончли манба ҳисоблаб, улардан мисоллар, иқтибослар олавериш мумкин.
Неонеологизм – тилшуносликдаги унча янги истилоҳ эмаслиги навоий- шуносларга маълумдир. Ушбу атама «неологизм» – «янги сўз»дан ясалган бўлиб, энг янги сўз деган мазмунни тўлиқ ифодалайди. Бироқ, Навоий неонеологизмлари бу бошқа олам! Навоий китобларидаги неонеологизмлар шундай янги сўзлар- дирки, уларнинг изоҳ ва луғатлари жаҳон тиллари изоҳли луғатларида мавжуд эмас. Шу жумладан Алишер Навоий асарлари учун тузилган ХV – ХХI асрлардаги йирик луғатларда ҳам бундай сўзлар учрамайди. Чунки, улар ўз номи билан неонеологизмлардир. Айтмоқчимизки, биз иқтибосларда қайд этадиган Навоий неонеологизм сўзларининг маъносини жаҳон олимларидан бирорта тилшунос, навоийшунос, академик бўлса ҳам айтиб беролмайди. Бироқ, мен Навоий неонеологизм сўзларининг маъносини айтиб беришга ваъда бераман. Чунки, бу ҳодисада менинг ҳам билиб-билмай қилган «гуноҳим» бор.
Сўзни Навоий неонеологизми – «раҳлавон»идан бошлаймиз: ҳатто зукко навоийшунос бўлсангиз ҳам, сезиб, билиб турибсизки, бу сўзни сиз тушунмадингиз:

Кентнинг арбоби бир-икки авон,
Зулмда бу – хожа, алар – раҳлавон.

«Раҳлавон» – янги неонеологизм бўлиб, унинг луғавий маъноси: қудратли, полвон, паҳлавон демакдир. «Раҳлавон» сўзининг ўрнига «паҳлавон» сўзини қўйиб байтни ўқинг, навоиёна мазмун ярқ этиб юзага чиқади.

Кентнинг арбоби бир-икки авон,
Зулмда бу – хожа, алар – паҳлавон.

«Шапорат» неонеологизми луғатини ҳам ҳойнаҳой билмасангиз керак:

Сифла нишонаси шапорат дурур,
Шуълаға биттабъ ҳарорат дурур.

Мен ҳам бу сўз луғатини билолмай истихора (туш кўришдаги ният) қилиб, Ҳазрат Навоийнинг ўзларидан сўрадим. Ул Ҳазрат «шарорат» дедилар. «Навоий асарлари луғати»дан бу сўзни топдим: «шарорат» – ёмонлик, ярамаслик экан. (1972, 691-бет )

Сунбули речон бўлуб афъи мисол,
Ғунча анинг нишидин озурдаҳол.

«Речон» – неонеологизмининг луғати «ўралган, ўралувчи» бўлиб, йигирма жилдлининг 7-китобида бу сўз «бежон» сифатида қайд этилган:

Сунбули бежон бўлуб афъи мисол,
Ғунча анинг нишидин озурдаҳол.

Асл нусхадаги «печон» бунга «бежон» бўлиб матн бузилганига 7-том
«ноширлари айбдор эмас». Улар «Хамса» (1960)дан Порсо Шамсиев яратган адабий версияни шундоққина ўзлаштириб олганлар, холос. Бу «академия истеъмолчилари» айби эмас, меҳнаткаш устознинг хатосидир.
Камина бу мақолани ёзишда «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин»нинг 2011-йилги нашридан неонеологизм сўзларни катта дафтарга йиғиб олдим. Улар
293 та экан. Худди «шапорат», «речон», «раҳлавон» каби уларнинг ҳар бири олимга ҳам, элга ҳам маъноси номаълум сўзлардир. Мен яқинда «Тўла асарлар тўплами» ўн жилдлиги юзасидан «Навоий неонеологизмлари луғати» китобимни нашр эттирсам, иш жуда осон кўчади. «Рашша» сўзини ҳам янги тузилаётган луғатимнинг «р» ҳарфи сафидан олиб изоҳлайман:

Рашшадек ул дуддин итти малак,
Чархда фонусдек ўлди фалак.

Рашша – пашша, қора чивин. Байтдан соғлом мазмун чиқариш учун неонеологизм сўз ўрнига унинг луғатини қўйиб кўрамиз:

Пашшадек ул дуддин итти малак,
Чархда фонусдек ўлди фалак.

Яна шу ҳарфдан бир сўзни изоҳлайлик: «Ранд»:

Ранд эшитмас эди дуррожи маст,
Кизбдин этмас эди афғонни паст.


Мақоладаги неонеологизм сўзларга бериб борилаётган луғатлар маромидан сиз ҳойнаҳой «ранд» сўзи луғатини топаолдингиз-а? Ҳа-ҳа! Бу сўзнинг луғати «панд» эди.

Панд эшитмас эди дуррожи маст,
Кизбдин этмас эди афғонни паст.

Энди луғатнинг «м» ҳарфидан иқтибос келтирсам, «Мушаф» сўзининг луғати мавҳумлиги маълум бўлади, албатта:

Ёзиб жон мушафидин икки оят,
Дебон Фарҳоду Шириндин ҳикоят.

«Мушаф» ҳам неонеологизм бўлиб, гапдаги ўрнига кўра унинг маънолари китоб, саҳифалар, Қуръон сингари ҳар хилдир… Бу сўз изоҳида биз қийналмадик. Навоийнинг аввал нашр этилган куллиётига қиёслаш кифоя қилди:

Ёзиб жон мусҳафидин икки оят,
Дебон Фарҳоду Шириндин ҳикоят.

«Таронча!» Ушбу неонеологизм сўзнинг жарангига мен қойилман:

Пашшаки эл бўйнида бўлди мухил,
Бўлди таронча била-ўқ музмаҳил.

Байт мазмуни: Одам бўйнига қўниб халақит берувчи пашша битта таронча билан даф бўлди. Пашшани даф этадиган, унинг абжағини чиқарадиган «таронча» нима экан? Ушбу Навоий неонеологизмининг навоиёна шакли «тапонча» эмиш. Ҳай-ҳай! Сиз мабодо «таронча»ни тўппонча деб тўппонча билан пашшани отиб юрманг?!! «Тапонча» – шапати, шапалоқ дегани бўлади:

Пашшаки эл бўйнида бўлди мухил,
Бўлди тапонча била-ўқ музмаҳил.

Неонеологизм қўллашда «Тўла асарлар тўплами» жилдларидаги мисолларни биз уч хил тасниф қилдик. Биринчисида байтда биттадан неонеологизмлар қатнашади. Иккинчисида нашрга тайёрловчи «Бу ҳали ҳаммаси эмас!» дея бир байтда иккитадан неонеологизм сўзларни ишлатади:

Ҳусн доғи жилва қилиб дилрисанд,
Зулфға торшурди балодин каманд.

«Дилрисанд» ва «торшурди» неонеологизмларининг маъноларини кашф этиб берай. Менинг изоҳларим: дилрисанд – ёқимли, дилкаш; торшурди – топширди. Навоиёна луғатлари: дилписанд, топшурди.

Ҳусн доғи жилва қилиб дилписанд,
Зулфға топшурди балодин каманд.

Мабодо, нега «Мукаммал асарлар тўплами»даги бундай саҳиҳ байтлар «Тўла асарлар тўплами»да неонеологизмлар билан бойиган? – деб энсангиз қотмаяптими?
«Балки бошқа манбадан нашрга тайёрлангандир бу китоб?» деган хаёлларга бориб қолмаяпсизми? Бунга сизнинг тўла асосингиз бор…
Энди «ч» ва «х» ҳарфларидаги Навоий неонеологизмлари билан танишайлик. Китобда неонеологизмларнинг учинчи турига мансуб тубандаги бир байтда учта неонеологизм келтирилган: «чопа», «хопа» ва «торибон»:

Қолмади чун ўзга манга чопае,
Қалъа ясардек торибон хопае.

Учта неонеологизмлар луғати: «чопа» – чора, илож
«торибон» – топиб
«хопа» – хора, харсангтош.

Ана шу луғатларимга амал қилиб ўқисангиз байт мазмунини тўғри идрок этаоласиз.

Қолмади чун ўзга манга чораэ,
Қалъа ясардек топибон хораэ

«Чораэ, хораэ» сўзларининг имлоси сизнинг жиғингизга тегмаяптими? 7-жилд ноширлари «Хамса»нинг Порсо Шамсиев бир йил риёзат чекиб тайёрлаган 1960-йилги нашридан адабий версиясини шундоққина олақолганлар-да, ахир! (Қаранг, «Хамса» 36-бет). Ўзлари кўчирсалар «чорае», «хорае» деб тузатган бўлишарди, албатта…
Кўриниб турибдики, неонеологизм қатнашган байтларнинг барчаси мазмундан мосиводирлар. Демак 6-жилддаги 293 та байт мутлақо маъносизлантирилган.
Навоий неонеологизмлари орасида шаклдошликка асосланган қизиқ сўзлар ҳам учрайди. Чунончи, «арра» сўзини ҳамма тушунади. Аммо, қуйидаги «арра»ни алломаи замон ҳам тушунмайди. Ҳолбуки у ҳам аррага шаклдош:

Чаҳдағи тухм аррасини оти еб,
Уйда товуғларни сурук тоти еб.

Навоийнинг ушбу байтидаги «арра»нинг луғатимдаги мазмун изоҳи «арпа»дир.
Шу луғатни матнга қўйиб кўрилса, соғлом мазмунни идрок этиш оппа-осон.

Чаҳдағи тухм арпасини оти еб, Уйда товуғларни сурук тоти еб.

«Тухм арпа» (уруғлик арпа); арпани от ейиши тўғри, чунки у отнинг энг яхши емидир.
Шаклдош неонеологизмларнинг энг қизиқарли хиллари кўпроқ «е» ҳарфидаги сўзлар бўлиб, бу туркум сўзларни ҳам қўшсак Навоий неонеологизмлари саноғи беш юз атрофида бўлади.

Ел бошининг косасидин жом анга,
Май ерида қон бўлуб ошом анга.
Бўлса илик эгрилик ичра самар,
Ел ани кесмакка туз этгай магар.

Ушбу «Ҳайрат ул-аброр»дан олинган байтлар сизни ҳайратга солгaнига ишончим комил. Чунки «ел» қўлни кесганини биров эшитмаган. Навоий бу гапни айтганмикан? «Ел боши»га келсак, косадай эканлигини инобатга олсак, яна биринчи мисрадаги ғализлик бизни қийнайди. Чунки, Навоий неонеологизмига мансуб бўлган бу сўз икки достонда саккиз маротаба учрагани учун унинг луғатини беришим шартдир. Шаклдош «ел» неонеологизмининг луғати: «халқ, эл»дир.

Ел юрагин тиғи шикоф айласа,
Хасм бошин гурзи ғилоф айласа.

Юқорида «ел бошининг косаси»га дуч келган китобхон, энди «елнинг юраги»ни

кўриб юраги орқасига тортиб кетса керак!
Мен «е» (йе) ҳарфи билан алоқадор неонеологизмларга бежиз тўхталмадим. Чунки, Навоийнинг қуйидаги байтларини дастак қилиб бир қозоқ қўшним: «Наваий қазақ-ғу!» деб оёқ тираб олса бўладими:

Егнида гар хирқаси юз чок эрур,
Гулга тўни йиртуғи не бок эрур. (193-бет)
Ески дарахту гули навхиз анга,
Икки тегирмон суйи кориз анга. (277-бет)
Туз кўринур меҳр чу турған суда,
Егри бўлур уштурак урған суда. (181-бет)
Не эркин заъф ичинда ҳоли, ё Раб,
Бу иттекму екин аҳволи, ё Раб?! (697-бет)
Есим кетканда эъзоз айламишдур,
Тараҳҳумдин сарафроз айламишдур. (527-бет)

Ношир навоийшуносимизга айниқса «тормоқ» неонеологизми ўзаги ёқиб тушганидан, «Ҳайрат ул-аброр»да бу сўз 23 мартаба қатнашиб, 23 даҳо байтининг абжағини чиқарган, десам рост гапни айтган бўламан. Ҳа, дарвоқе, «тормоқ» неонеологизмининг луғати «топмоқ»дир!

Чун яна бир қуллаға айлаб қарор,
Ториб анинг даврини маҳкам ҳисор.
Киймак учун эгнига тормай палос,
Элга тилар берса, мунаққаш либос. (147-бет)
Тормай анинг махзаниға дастрас,
Базл ила исрофини айлар ҳавас. (147-бет)

Сезмоқдасизки, менинг янги тузаёган луғатим номининг остига қавсдаги қуйидаги сўзларни ёзишим лозим экан:
Алишер Навоий «Тўла асарлар тўплами» ўн жилдлигига илова-луғат.
Чунки, ўн жилдли Алишер Навоий «Тўла асарлар тўплами» уч минг нусхада бутун дунёга тарқатилган. Шу боис, неонеологизмлар луғатига жаҳон олимлари муҳтождирлар. Юқорида мен Навоий неонеологизмларининг нашрдаги ҳолатига ўзимни ҳам «гуноҳкор» деб айтдим. Бу рост гап, чин иқроримдир. Чунки:
– Агар мен беш йил заҳмат чекиб «Хамса» достонларини араб ёзувидан лотинга кўчириб, икки маротаба (2006, 2009) Ғафур Ғулом номидаги нашриётда нашр эттирмасам эди…
– Агар «Тўла асарлар тўплами»нинг нашрга тайёрловчиси менинг адабий версиям («Хамса» достонлари)ни лотиндан кириллга ўтказиб, ўмариб олмай, ўз версиясини тайёрлаб нашриётга берганида эди…
Ўн жилдлида Навоий неонеологизмлари – энг янги сўзлари пайдо бўлмаган бўларди ва мен гуноҳкор банда «Тўла асарлар тўплами»даги неонеологизмлар учун илова-луғат тузиб ўтирмаган бўлардим-а?..
Аммо энди кеч, ҳазрат айтганларидек «Қолмади чун ўзга манга чорае!»

_______________

Ваҳоб РАҲМОНОВ – 1940 йилда туғилган.
Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, халқаро Бобур мукофоти лауреати. Хўжанд давлат педагогика институтининг тарих- филология факультетини тугатган.
Унинг шеър санъатлари, таржимашунослик, мумтоз адабиётнинг турли соҳаларига бағишланган қатор китоблари ва юздан ортиқ мақолалари чоп этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *