Қўнғиртовнинг лоласи

Улуғбек БАХШИ

Термалар

Ойжана

Оймомонинг ўзисана, Ойжана,
Ё парининг ўзисана, Ойжана.
Ойжанажон, Ойжанажон, ҳойжона,
Сен қалбимнинг гулимисан, Ойжана.

Жигитмисан жигитдай,
Осмондаги бургутдай
Айланаман-ай уйингди,
Бир кўрай деб бўйингди.

Шамол бўлса шамолда,
Кўйлагинг ҳилпиллайди.
Нимага мени кўрганда,
Дугонанг қилпиллайди.

Ҳа, айтмоқчи, айтмоқчи,
Бир тоғам бор ямоқчи,
Энажонимни алдаб,
Қизини менга бермоқчи.

Эй тоғамнинг қизига уйланмайман
Ойжанажон, Ойжанажон, Ҳойжана,
Сен қалбимнинг гулимисан Ойжана.

Ҳар кун яхна жесаям
Тоғажоним тўймайди.
Учрашувга чиқ десам,
Энанг қурғур қўймайди.

Ўйлайман-о, ўйлайман
Шу термамди куйлайман.
Билиб қўйинг тоғажон,
Қизингизга уйланмайман.

Ойжанажон, Ойжанажон, Ойжана,
Сен қалбимнинг гулимисан, Ойжана.



Тўлғонойдинг тўйи


Тўйдан олдин куй чалиб,
Тандан кетди дармоним.
Тўлғонойдинг кўзлари
Энди менинг армоним.
Тўйдан қайтсанг тўйиб қайт,
Ёмонлигинг қўйиб қайт.
Бахши куйлаяпти деб,
Тўлғонойга бориб айт.
Тўлғонойдинг тўйида,
Тўйиб-тўйиб ўйнадим.
Уйга келиб айвонимда,
Куйиб-куйиб жиладим.
Чўпонди таёғидан,
Келинди оёғидан.
Юзларим қизардия
Ўша қизнинг қийноғидан.
Тўйдан олдин куй чалиб,
Тандан кетди дармоним.
Қўнғиртовнинг лоласи
Тўлғонойдинг кўзлари
Энди менинг армоним.
Бахши йиғлаяпти деб,
Бевафога бориб айт.


Ойбулоқ


Айналайин Ойбулоқ,
Ширин сувли бойбулоқ.
Ойгул сувга келдима,
Айтақолгин жоним булоқ.
Ёки совчи келдима,
Нима бўлди айт булоқ.
Ойгулим ўзи ойдайда,
Шўхликлари сойдайда.
Қайсарлигини айтсам,
Гижинглаган тойдайда.
Ойгул сувга келмадими
Ё севгини билмадими,
Муҳаббат осмонида,
Тўлин ойдай тўлмадими?
Ҳайдай-ҳайдай отимни,
Энди уйга қайтаман,
Ойгул бошқага тегса,
Дардим кимга айтаман.

_______________________
_______________________

Қашқадарё воҳасини бахшилар макони деб бежиз айтишмайди. Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир бахши Сафаров, Мардон, Тоғай, Азим, Зоҳир, Бозор бахшилар, Қодир бахши Раҳимов, Қаҳҳор бахши санаб адоғига етолмайсан. Уларни авлоддан-авлодга ўтиб келаётган достонларимиз ва термаларимиздаги миллий сўз санъатимизнинг чексиз жозибасининг, тароватининг хазинабони дейиш мумкин. Ана шу бахшилар силсиласининг бугунги давомчиларидан бири қамашилик Улуғбек бахши Абраевдир. У деҳқонободлик Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов ва Шербой бахшилардан бахшичиликнинг сир-асрорларини ўрганиб келмоқда. Айниқса, унинг Ватан, миллий қадриятларимиз, вафо ва садоқат, муҳаббат ҳақидаги халқ термалари кўнгиллардан жой олиб бормоқда. Термалардаги оҳангдорлик, самимийлик, юморга мойиллик каби фазилатлар туфайли мухлислари сафи кундан-кунга ортмоқда. Улуғбек бахши Абраевнинг янги термаларидан эътиборингизга ҳавола қилар эканмиз унга янги-янги илҳомлар ва жўшқин парвозлар тилаб қоламиз.

Норқизил КЕНГБОЕВ,
шоир

_______
_______

Улуғбек АБРАЕВ – 1978 йилда туғилган. Қарши санъат билим юртини (ҳозирги Қарши ихтисослаштирилган ссанъат мактаби) тамомлаган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *