Ғайрат АБДУЛЛА

ҚАЙЧИ

Ҳажвия

Cиз ирим-сиримларга ишонасизми? Мен ҳам ишонмасдим. Қўшнимиз Ғурбаталиникида бўлиб ўтган ишдан кейин ўйланиб қолдим…
Бу оила азалдан иримларга қаттиқ риоя қилади. Масалан, бемаҳалда хакка сайраса, калишларини пойма-пой кийиб сакрашади. Агар ҳовлида думи узилган калтакесак кўринса борми, буни биринчи илғаган одам иссиғида уч кўчага чиқиб, уч мартта думалаб келади. Бир пастда фалокат арийди. Хуллас, Ғурбаталининг онаси Туморхола раҳматли Ғофил фолбинни «ўн бир»идан келиб, не кўз билан кўрсинки, сўрида қайчи очилиб ётибди. Ана халос, бундан ёмони борми, унинг устига шанбада-я! Туморхола олдин томоғини икки марта қириб овозини созлаб олди-да, жаврай кетди:
– Вой, бу палакат келиннинг дастидан дод! Бу мени тамом қилади, вой мусулмонлар, энди бунисиям бормиди? Боламнинг бирини икки қилмайди бу бепоросат!..
Хуллас қайнона бор сўз бойлигини ишлатиб келинини қарғай кетди. Нима бало бўлдийкин деб, бирпасда маҳалланинг бекорчилари тўпланишди.
– Вой, қўшни, нима гап?
– Вой, келиннинг дастидан дод, ўзи шу зиқна носпуришнинг қизини обермай мен ўлай…
– Яна нима бало қилди?
– Вой, сўраманг, қўшни, дард бўлди, бало бўлди. Мана аҳвол, кўриб қўйинглар, – деб сўрида очилиб ётган қайчини кўрсатди.
– Вой ая, шунга шунчами, – ўзини оқлашга уринди келин, – невараларингиз ўйнаб ўтиришовди….
– Ҳа болаларга қайчи бермай ҳар бало бўлинг, уйларингда қайчи ўйнармидингиз? Вой, қўшнилар, бу аҳмоқ келиннинг дастидан нима бўлсам бўлдим! Шаппиллатиб гап қайтарганига ўласанми, тарбиясиз. Ўтган йили шолчани тескари солгандаям чолим икки шапалоқ уриб кечирворовди, ўшандаёқ йўқотиш керагийди бу ишкални…
Шу пайт Шашварали келиб қолди. Бу йигит Туморхоланинг ўғли. Онасининг мақтанишича, шаҳарда каттакон ҳаммомда бош лунгичи бўлиб ишлайди. Топиш- тутиши ёмонмас: йиртилган лунги, тешилган тоғора, айниқса олқинди совунларни қайта ишлашдан тузуккина даромади бор. Туморхола шу ўғлига ҳомиладорлигида шанба куни тўлғоқ тутиб қопти. Қайнотаси шанба бехосият кун, бир кунга сабр қил, деб уришиб берсаям, бу бесабр келин ўша куни оғилда шу шашқалоқ болани туғиб қўйган экан. Кейин қайнота аччиқ устида неварасига Шашварали деб от қўйган. Она ўғлини кўриб, баттар кучайди.
– Вой, шундай ақлли, уддабурон йигитнинг пешанаси шўракан.
– Ҳа, буви, яна нима бало бўлди?
Кампир арзидод орасида келиннинг «жинояти»ни айтиб бергач, Шашваралиям ўзини босолмади.
– Гапирсам қулоқ сомайди, ҳамма ишимни чала деббошимгасолади. Тоғораларни қаторлаштириб ташласам, уйдан совун узилмаса!.. Бунингиз бўса, – бошқа ҳунар қилинг, дейди. Онаси, опаси ҳаммомга кеп қолса ярим пулига қўйсам-у бунга ишим ёқмайди, менам шунча йил ғинг демадим энди айтаман…
Шунгача жим турган келин хам қўлидаги пақирни тарақлатиб ерга қўйди-да, саннай кетди. Бақир-чақир даҳанаки жангга айланди:
– Тўйдим, томда мусича уришсаям мен айбдор, ит улисаям гуноҳкор мен! Ўлсин шу қайчи, очилса нима бўпти? Зерикдим, жонимдан тўйдим. Кетаман! – дедию болаларини йиғиштириб жўнаворди. Болаларам бу уйдан безиб турган шекилли онасини орқасидан чопқиллаб кетишди.
Ана кўрдингизми оқибатини… Иннайкийин-чи, дейсизми? Кейин Туморхола
«Сафар ойида кўчини кўтариб кетса ёмон бўлади», деб келинини қайтариб келиб, чумчуқинини ёқиб чалпак пишириб сувга оқизди. Зора келин «ўнгланиб» кетса.

ТЕНГСИЗ ЭДИ ТЕША ҚИЗИҚ

Ҳамқишлоқларим, «Теша қизиқ Комиловнинг юрган йўли ҳангома эди. Ҳангомаларни ёзиб оладиган мард чиққанда, қизиқдан аломат китоб қолган бўларди», деб қолишди. Қарасам, бу гапни айтган ҳам, уни маъқуллаганлар ҳам ёшлари бир жойга бориб қолган… «Булар ҳам ўтиб кетса, қизиқнинг ҳангомалари ҳам ўлади», деган гап хаёлимда айланди. Теша қизиқ Комиловнинг ҳангомаларини тўплаб, китоб бошлашга жазм қилдим. Укишининг«теша теккан» ҳангомалиридан бир туркумини «Гулқайчи» мухлисларига илиндим.

ШУ ЕРГА КЕЛМАСА…

Теша қизиқ бозорга кириб чиқса, велосипедини ўғри уриб кетганмиш. Роса бир ой мелисахонага қатнабди, ўғри топилмабди. Бир куни қарашса, Теша қизиқ йўл бўйидаги қабристонда ўтирганмиш.
– Ҳа, Тешавой, тинчликми? – сўрашибди одамлар.
– Велосипед ўғрисини ушлашларини кўрмоқчиман, – жавоб берибди қизиқ.
– Ие? – Ўткинчилар ҳайрон бўлибди. – Ўғрини мозорда ушлашадими?
– Ўғри ўлиб шу ерга келганда ушлашмаса, бошқа пайтда ушлашолмайди, бу мелисаларинг! – дермиш қизиқ.

КУТИШНИЯМ ЧЕГАРАСИ БОР

Бир ичувчи Теша қизиқдан кечирим сўраб қолибди:
– Айбга буюрмайсиз энди, Тешавой ака, оз-моз ичиб қўяман, бизгаям Худо инсоф бериб қолар…
– Ёшинг неччида? – сўрабди қизиқ.
– Икки кам олтмиш-да!
– Унда сен инсоф беришини кутмай тўхтатмай ичавер! – дебди Теша қизиқ.
– Нега энди? – пиёниста ҳайрон бўлиб сўрабди.
– Олтмишга киргунча ўзингга инсоф бермабди, энди сендан Худонинг ҳам ҳафсаласи пир бўлган, инсоф бермайди! Кутишниям чегараси бор!

БОРИНИ ДАСТУРХОНГА ҚЎЯРДИ

Теша қизиқ ўғиллари – Эгамназар билан Маманазарга тўй қиладиган бўлиб қолибди. Бу хабарни эшитган туман каттаси қизиқникига ҳовлиқиб келибди.
– Уйингда бир қоп пиёз ёки йиғиб қўйган бир сўм пулинг йўқ, ҳаммани тўйга айтиб юрганмишсан?.. Тайёргарлигинг йўқ-ку, сенинг! – дебди қизиққа.
– Бу ёғи Жўрахон Султоновдан бошлаб Маъмуржон Узоқовгача, Юсуфжон қизиқдан тортиб Охунжон қизиққача ҳаммасини тўйга айтиб келдим – таёргарлик шунчалик-да! – дебди Теша қизиқ кулимсираб.
– Уларнинг олдига дастурхон солишни ҳам ўйлаяпсанми?
– Энди, – қизиқ чаккасини қашлабди, – одам орттирганини дастурхонга қўяди. Мени орттирганим қўшиқчи биродарларим, қизиқчи ошналарим. Шуларни дастурхонга қўяман, халқ еб кетаверади-да!
Катта беихтиёр кулиб юбориди-да, қўл силтаб:
– Э, барибир қизиқчи одам бўлмас экан! – деб тўйнинг ҳамма харажатларини қилиб берибди.

ИТ ТЕГМАСИН…

Йиғим-терим авжида. Нафас олган одам борки, ҳамма пахтада. Катталарга кунда йиғилиш, бюро… Ҳамма зада.
– Сизларга топшириқ битта: ернинг тагидан бўлсаям топасизлар, пахтани кўпайтирасизлар, бошқа нарсани мен билмайман! – деб райком секретари навбатдаги йиғилишни якунлай бошлабди. – Эртанги йиғилишга пахтани кўпайтирганларинг тўғрисидаги маълумот билан келасизлар. Бугунги бюромиз очиқ қолади. Обкеган маълумотларингга қараб, бюрони ёпамиз! Топшириқлар тушунарли бўлса, ҳаммага рухсат!
Жамики одам ўрнидан қўзғалибди, Теша қизиқ ўтирганмиш.
– Ҳа, шу ерда ётиб қолмоқчимисан? – дебди унга кўзи тушган райком.
– Шу бюрони ёпиб қўявермадингизда, райком бува, – дебди Теша қизиқ салмоқлаб. Қизиқнинг бу гапидан кейин бирорта одамнинг товуши чиқмай қолибди.
– Нимага энди? – райком ғижиниб сўрабди.
– Ҳа, энди, бюромиз очиқ қолса, ит-пит тегиб кетадими, деб қўрқаман-да! Райком секретари бошлаб берган кулгидан хона титраб кетибди.

«ТЕША КЕРАК ЭМАСМИ?»

Уруш йиллари Теша қизиққа ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келибди. Қизиқ уни олиб, тўғри ўша пайтдаги райком секретари Ўрмон Аҳмедовнинг олдига борибди.
– Ўрмонга болта, арра, омбур, искани керакми? – деб сўрабди ундан.
– Керак.
– Шунча нарса керак бўлган ўрмонга битта теша ортиқчалик қилиб қолдими? Ўрмон Аҳмедов Теша қизиқ столига ташлаган «Чақирув қоғози»ни қўлига олиб,
масаланинг мағзига тушуниб, кулиб юборибди.

«СЕНИ ЭЧКИНГ ГАПИРЯПТИ»

Теша қизиқ бригадир бўлиб ишларкан. Қизиқнинг ишлари расво бўлса ҳам, раисдан доимо мақтов эшитаркан. Қўшни бригадир — Тошматнинг ишлари яхши экан. Аммо ҳамма йиғилишларда сўкишлар фақат
Тошматга қаратиларкан:
— Тошматвой режани дўндириб қўйдим деб ғўдайиб юраверади. Бу на борди- келдини билади, на одамгарчиликни. Одам дегани бунақа бўлмайди-да, энди!
Охири Тошматнинг тоқати тоқ бўлиб, Теша қизиққа кўнглини очибди:
— Жуда бу раис эзворди-ку, Тешавой ака, бирон чораси бўлса айтинг.
— Раиснинг уйига ҳеч дастурхон қилиб борганмисан? — сўрабди қизиқ.
— Йўқ!
— Унда бирорта қўй олиб бориб, раиснинг оғилига боғлаб кел. Тошмат раиснинг уйига қўй тополмай, эчки боғлаб келибди.
Эртасига раис дермиш:
— Мана, Тошматжон ҳам танқиддан тўғри ҳулоса чиқариб, ишларини анча ўнглаб олди. Кундан-кунга ўсяпти у!
Теша қизиқ Тошматни туртиб, луқма ташлабди:
— Эшит, эшит, сенинг эчкинг гапиряпти!

Ғайрат АБДУЛЛА – 1971 йилда туғилган.
Қўқон давлат педадгогика институтини тамомлаган.
Ҳикоялари вилоят ва республика матбуотида эълон қилинган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *