Сенинг руҳинг шаффоф бағоят


Шаҳриёр ШАВКАТ

______________________________________

Шеър шундай ҳодисаки, бу ниманингдир дил имтиёзи, руҳ суврати. Худди шу мурувватда шеърнинг улуғ томири бунёдга келади, туйғуга макон тутади, ҳайрат мойиллигига ифода топади. Борлиқ таъсирида йўналадиган дил ҳодисасига айланади.
Ёш шоир Шаҳриёр Шавкат дилининг тубига мунис сезимни, ҳазин ҳолатни, мўъжиз рангини имкон қадар жойлаштиради.

Вазминлик ястаниқ вужудда, онгда.

Бу сатр сеҳр синоати. Дил саси. Изтироб шивири. Шаҳриёр Шавкат ана шу йўсинга йўналиб бораётир.

Икром ОТАМУРОД

______________________________________

* * *

Ичимда най инграр ғизолий,
Товуши илгакли, жолакор.
Астробот сургуни мисоли
Бир эзғин, бир ҳазин, нолавор.

Туркулар куйламоқ истарам,
Истамам бир ёлғон инграниш,
Руҳимдан сирғалиб, ложарам
Дошимни этсайди парвариш.

Истарам самовий тулпорда
Ҳайқириб чопмоқни истарам.
Елкамга етганда шунқорлар,
Чақмоқни ўпмоқни истарам.

Узилган тасбеҳдек тўкилса,
Томчилар такрорлаб исмимни.
Осмонга тутарман шу фурсат
Доира қорнидек кўксимни.

Чак-чаклаб, бағримга чак-чаклаб,
Қамчилаб ўтганча айни дам,
Суғириб олсайди илгакла
Ичимда инграган найни ҳам…

* * *

Бир тулпор жиловин сўрайди тинмай:
Бу тезоб, қизиққон, қашқача руҳим.
Осмонни кузатиб, оғир ютингай
Шамолни соғинган телба шукуҳим.

Бир тулпор жиловин сўрайди баттар,
Қани мард ҳиссамга муносиб рақиб?
Бир ёнда дарёю,
Бир томонда жар –
Ортимдан тоғларим этишса таъқиб.

«Ҳаҳ!» десам,
«Ҳайт!» десам, Қамчини босиб,
Бир асов кишнаса туёғи тошим.
Ўтсам ул сулувнинг йўлларин тўсиб,
Бостириб йўлласам кўнглига қўшин.

Шу асно, бепоён кенглик оралаб,
Серкашта тикилган ўтовга етсам.
Тун бўлса, ёр бўлса тишлари садаф,
Бир тортиб, қўйнимда ўғирлаб кетсам!

Кетсам.
Кетаверсам мардона, масрур,
Пурвиқор руҳимай, зулфиқор руҳим.
Дастурсиз яшамоқ – феълимга дастур,
Номуқим ғалаён шаштимга муҳим.

Бир тулпор жиловин сўрайди тинмай:
Бу тезоб, қизиққон, қашқача руҳим…

* * *

Сен – осмонсан, чашми чароғон.
Сен – иймонсан, далили иффат.
Сен – исёнсан феъли ноаён.
Сен – инсонсан фариштасифат!

Сенинг руҳинг шаффоф бағоят,
Муҳаббатинг муаззам сенинг.
Сен мутлақо бекамсан, фақат,
Фақат бекам эмассан менинг…

* * *

Тошкент билан ёлғиз
гаплашмоқчиман:
Хиёбон, фаввора, автобус, метро.
Куйлайверар қушлар, саҳарлар билан
Автолар зиқланар:
«Ўтсангчи четро(қ)!»

Ёмғир қуйиб турсин.
Елпинсин шамол.
Дарахтлар чайқалсин мастона, кўркам.
«Ўтиб кетасизми? Мана, бемалол,
Елкангизга халал бермайди елкам».

Тошкент билан ёлғиз
гаплашмоқчиман,
Йўлингизда давом этаверинг сиз.
Холи қолмоқчиман йўлаклар билан,
Ёлғиз қолмоқчиман,
У билан ёлғиз…

Ўзим кетмоқдаман қунишиб, яёв,
Изларга из босар шошқалоқ шаҳар.
Ортиқ сўз улашмас бировга-биров,
На фойда, на зарар, на зарра қадар.

Ерга қўнар-қўнмас чинор барглари
Юнус Ражабийнинг танбурин чалар.
Майин куйлаб қўяр Муҳаббат пари:
«Кўчалар, кўчалар, ойдин кўчалар…»

Кеча телефонда хабарлашган қиз,
Бугун учрашувга келма яхшиси.
Тошкент билан ёлғиз гаплашмоқчимиз,
Ортиқчадир ўткир атирнинг иси.

Юз бурдим, неки бор фитрати салбий,
Дунёни тушундим ва унга кўра:
Бу оламда фақат ҳисларим шахсий,
Бошқаси илтифот ёки ижара.

Ҳамонки, азалнинг шакли шу экан:
Баҳсимиз, рақсимиз – яккама-якка.
Бир қатор чинорлар, бир қатор эман,
Руҳимни ундади тинч яшамакка.

Олис Шаҳрисабз,
боргум яқинда,
Ранжиб қолма фақат, мен – алдоқчидан.
Бу дунё ҳақида, сенинг ҳақингда,
Тошкент билан ёлғиз гаплашмоқчиман…

* * *

Қидирмай қўйганман сабабга-сабаб.
Руҳим гўдак каби ўзидан мамнун.
Ҳар тонг Яратгандан кечирим сўраб,
Уйғониш одатим бўлгани учун.

Вазминлик ястаниқ вужудда, онгда.
Ноталарим шўхчан!
(Гарчи ясама.)
Фақатки, қўрқаман бир куни тонгда
Кечирим сўрашга улгурмасама?..

__________________________________
Шаҳриёр ШАВКАТ – 1998 йилда туғилган. Шеърлари «Жилғалар қўшиғи», «Ёшлик илҳомлари» жамоат тўпламларида ва Республика матбуотида эълон қилинган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *