Анвар МУҚИМОВ

ҚЎҚОН ШАМОЛИ

Халқимизнинг бағрикенглиги, одамохунлигу меҳмондўстлик хислатлари улуғланган асарлар дарров тилга тушиб кетадиган даврлар эди. Аслида, ахлоқий-дидактик адабиёт ёхуд публицистикага тортиб турадиган бу йўналиш жуда харидоргир, элнинг бирон-бир фазилатини топиб қаламга олиш ижодкорман деганнинг орзуси эди. Аммо, «Ўзбегим» ва «Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?!» сингари манзумалар хийла йўл очган бўлса-да, ҳамон мазкур ташаббус қалтис саналарди.
Ана шундай муҳитда адабиётимизда «Қўқон шамоли» деган ҳикоя пайдо бўлиб, анча-мунча шов-шув қўзғагани ёдимда. Ҳикоянинг мазмуни шуки, қаҳратон қиш изғирини изиллаб турган кунда бир ўзбекнинг хонадонига олисдан меҳмон келади. Мезбон уларни очиқ чеҳра, очиқ дастурхон билан қарши олади. Обу ош, кулги-ҳангама дегандек. Ҳовлининг нариги четидаги уйчада эса оғир ётган кекса она жон таслим қилаётир. Бироқ мезбон йигит бу ҳолни зинҳор-базинҳор меҳмонларига сездирмаслик пайида бўлади. Ҳикоя эртаси куни меҳмонларнинг жанозада қатнашиши билан якун топади. Ана бизнинг ўзбегимиз қандай олижаноб! Тўғриси, ўзим ҳам бир-икки дафъа шундай вазиятга гувоҳ бўлганман. Мунозарали масала, албатта. Айниқса, худбинлашув жараёни авж олаётган бугунги кунда жуда эриш туюладиган ҳолат. Лекин саксонинчи йилларда бундай мавзуни кўтариш ҳам жасорат қатори эди.
Яна бир ажабланарли томони шундаки, ҳикоя муаллифи устоз Абдулла Қаҳҳор назарига тушган пешқадам ҳажвнавислардан Анвар Муқимов эди. Жамоатчилик у кишидан тоза-тоза кулги асарлари кутишга одатланган, бундай «жиддий» нарса билан чиқишини тасаввур қилолмас эди. Шунга кўрами, ҳикоя икки бора қизиқиш билан қарши олинди. Баҳс ҳам мўл бўлди, мунозара ҳам. Бари ўтди, асар адабий ҳаётда унутилмас бир воқеа бўлиб қолди.
Қиш кунлари қутуриб, турмуш маромини бузиб одамларни безовта қиладиган изғирин-ку вақти-соати билан хуруждан тўхтар, аммо жамият ҳаётини муттасил заҳарлаб турадиган тамагирлик, каззоблик, мансабпарастлик сингари балолар ҳеч барҳам топармикан? Анвар Муқимовнинг абжир қалами ана шу иллатларни қийратишдан чарчамади.
Камина адибнинг ҳажвий асарларини кўп ўқиганман, бироқ Анвар Муқимов деганда даставвал «Қўқон шамоли» эсга келади. Нега ажиб фарғонача лутфу қочиримларга бой шўх-шўх асарлари қолиб, айнан мана шу нарса ёдга тушди денг?
Бу ерда ҳикояни таърифлаш ниятим йўқ, ўша давр танқидчилиги унинг баҳосини берган. Асли менда ҳам бирмунча эътирозлар уйғотган у ҳикояни ўттиз йиллар бурун илк бор матбуотда ўқиб, эсимда қолганини юқорида узуқ-юлуқ баён қилдим. Кейин эса уни қайта кўздан кечириб, таажжубда қолдим: деярли адашмабман; тасвирланган вазият-ку майли, асар бошидаги изғирин шамол тасвирларигача хотирага маҳкам муҳрланган экан…
Пойтахтда камнамо Анвар акани мен тўрт-беш мартагина кўрганман. Ёзувчилар уюшмасининг катта-кичик йиғинларидаю «Муштум» журнали таҳририятида – ҳамкасб биродари Неъмат Аминовнинг ҳузурида.
Билишимча, Анвар ака шоир ва драматург Машраб Бобоев билан айниқса яқин эди. Машраб ака қўқонлик акасини айрича бир завқ билан суярди. У кишининг
«пойтахтга ташрифи» шарафига Машраб ака хонадонида бўлган ўтиришма ёдимда қолган. Қоп-қоп кулги-ҳажв эгаси Анвар ака ўша куни мен кутгандек сўзамол эмас, аксинча, жуда жиддий-сипо, ҳатто тундроқ кўринган кўзимга. Меҳмоннинг ўрнига ҳам мезбон ўзи гапирар, оралари яқинлигиданми, тап тортмай ҳазил қилаверар эди. Бир маҳал меҳмон уй эгасининг дастурхон четида турган сигаретига қўл чўзган эди, «Анвар акам Қўқонда нос отадилар, Тошкентга келганда устидан попирискаям чекаверадилар», дея кулгига олди Машраб ака. Шунда меҳмон бир ўқрайдики, капалагимиз учиб кетди: ҳозир бир кор-ҳол бўлмасин! Сўнг кутилмаганда оғзини қўшқўллаб чангаллаганча қаҳқаҳа отиб юборсами денг! Бояги сиполигу тундроқ ўтирганининг сабаби бу ёқда эди.
Қаранг, шу манзара худди кечагидек ёдда турибди-я!
Аммо Анвар ака барибир унчалик сўзамолу шўх-шалайим эмасди, ўша ичакузди ҳажвияларни шу одам ёзганига кўпда ишонолмас эдингиз. Ижодий ҳофиза ўринли иқтисод қилинган-да.
Ёзувчи аҳли кўпинча дилида борини охиригача қоғозга туширолмай кетади. Лекин раҳматли Анвар Муқимовни шу жиҳатдан беармон ўтди деса бўлади, унинг чўғли қалами эгасиз қолгани йўқ – отаўғил Саид Анвар янги замон шитобларига муносиб етук асарлар битаётир.
Ўқиб-билиб юрибмиз, бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, Анвар ака!

Эркин АЪЗАМ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Анвар МУҚИМОВ

ХАЙРИ ХОЛА ТИШ ҚЎЙДИРДИ

Икки ҳикоя

Ҳа, шундоқ бўлди. Неча йилдан бери қирғичга суяниб қолган Хайри холанинг оғзи бирваракайга кумуш тишга тўлди-қолди. Кўзининг оқу қораси – Шерқўзидан қорахат келган йили фақат учта курак тиши тушган эди, холос. У ҳам бўлса ўзича тушган эмас, ўша шум хабар келгани куни остонанинг қирига тегиб синиб тушганди. Бора-бора кампир қозиқ тишларидан ҳам ажралди. Норқўзи бува қайси бир йили шу хусусда сўз очди овқат маҳалида.
– Уч кунлик фурсату ярим қадоқ темир кетади ҳаммаси бўлиб, – деди. – Кел энди, бир шаҳарга тушайлик, сен ҳам қутуласан шу «чилп-чилп»дан, мен ҳам.
Хайри хола чолининг оппоқ соч-соқолига, қорамтир, қотма юзига бирпас тикилиб турди-да, йиғлаб юборди.
– Шерқўзим, оғзи тўла садаф тишли Шерқўзижоним қора ер бағрида ётганида мен ёруғ дунёда тишсиз юрсам нима бўпти?
Норқўзи бува ўрнидан туриб боққа кириб кетди. Шу-шу бу борада қайта оғиз очмади. Агар бир воқеа – икки йигитнинг тасодифан келиши ва меҳмон бўлиб қолиши сабаб бўлмаганда, эҳтимол, ҳануз «чилп-чилп»дан бўшамасди кампир.
Ёзнинг қайноқ кунларидан бирида Норқўзи бува бошида оқ дўппи, «Чоргоҳ»ни димоғида куйлаб, анжир оралаб юрарди. Шундоққина теппасида: «Ҳорманг, отахон», деди кимдир. Чол бир чўчиб тушди. Қайрилиб орқасига қаради. Беҳи соясида бири пакана, бири новча – чиройли-чиройли икки йигит сарғиш шляпаларини кўксига босиб, жилмайиб туришарди.
– Ассалому алайкум, отахон.
– Ваалайкум ассалом, – Норқўзи бува анжир баргларини шатирлатиб пешвоз чиқди. – Келинглар, меҳмонлар, келинглар.
Меҳмонлар шляпа ва кўзойнакларини жомадончалари устига қўйиб, чолга қўл узатишди. Қуюқ сўрашиб бўлгач, қўлларини яна кўкракларига қўйиб, хиёл энгашганларича орқага чекинишди.
– Қалай, тан-жонингиз соғми, отахон? – қайта сўради меҳмонларнинг новчаси. – Бардаммисиз?.. Анови йўлдан шундоқ ўтиб кетаётган эдик, жуда чўллаб кетдик. Кейин бирор пиёла муздек сув топилармикин, деб бу ёққа… Ҳе-ҳе…
– Жуда соз бўпти-да, – чол уларнинг қип-қизариб кетган гўштдор юзларини, енгсиз, йўл-йўл кўйлакларидан чиқиб турган йўғон билакларидаги мунчоқ- мунчоқ терларини кўриб ачинди. – Бай-бай-бай-бай! Бу иссиқда ўзларингни жуда уринтириб қўйибсизлар-ку, а? Қани, қани, шийпонга борайлик.
Меҳмонлар сиртдан хийла салобатли, маданий кўринсалар-да, ҳар қалай, кексалар таомилидан ҳам воқиф, тўпори йигитларга ўхшайди, айвонга ўтирибоқ юзларига фотиҳа тортишди. Норқўзи бува дарров дастурхон ёзиб, нон қўйди, қовун сўйди. Меҳмонлар роса чанқаб қолган эканлар, шийпонни кўмиб ётган толларни мақтаб ўтириб, иккита муздек «босволди»ни дам ўтмай тинчитиб қўйишди. Чойдан сўнг Норқўзи бува меҳмонларга юзланди.
– Хўш, йигитлар, қаерлардан сўрайлик? Йўл бўлсин?
– Ие, ўзимизни таништирмабмиз-ку… Кечирасиз, – деди новча йигит қўлини кўксига қўйиб. – Шаҳарданмиз, отахон, шаҳардан. Менинг исмим Шавкатжон, буёқники Низомжон. Бир идорада ишлаймиз. Яқинда отпускага чиққан эдик. Ҳадеб курортга чопавергандан кўра, бу йил қишлоқларда ўтказмаймизми отпускамизни, деб қолди Низомжон. Бу гaп менга ҳам маъқул тушди… Шунақа қилиб денг, уч-тўрт кундан бери юрибмиз-да, гўзал қишлоқларимизнинг ҳусни жамолига маҳлиё бўлиб.
– Эскичасига айтганда, сочилган ризқимизни териб еб, – қўшимча қилди Низомжон кулиб.
– Кўп яхши ният қилибсизлар, – деди чол. – Қишлоқ кезишнинг ҳам гашти бор. Низомжон билан Шавкатжон жуда кўп курорт ва дам олиш уйларида бўлган эканлар. У жойларда кўрган-билганлари, сайру саёҳатлари ҳақида узоқ гапиришди.
– Аммо ўзимизнинг чаманзорларимиздан мингта курорт ўтаверсин, – деди Шавкатжон қўли билан теваракка ишора қилиб. – Қаранг: бир томон кетгунча боғ, бир томон қовун, тарвуз, сабзи-пиёз… Ўртада мана бунақа шоҳона шийпон… Э, бу ернинг қаери кам Қримдан? Нима дединглар?
– Тўғри, – деди Норқўзи бува бир қимирлаб олиб, салдан кейин қўшиб қўйди. – Агар манзур кўрсаларинг, мана бугун бизнинг курортни томоша қилинглар бўлмаса… Чол Шавкатжонга, Шавкатжон Низомжонга қаради. Низомжон қулоғининг остини кафти билан силаб, бирпас ўйланиб қолди. Дарахтлар остидаги барра йўнғичқага, ариққа, ариқнинг нариги ёғидаги ям-яшил пахтазорга кўз ташлади.
Сўнг:
– Майли, агар оғир тушмаса… – деди.
– Б-е-е-е. Нима от билан туя сўярмидим оғир тушиб, – деди чол ва дастурхонини йиғиштира бошлади. – Авваламбор, меҳмон келса, ризқи-насибаси билан келади. Қолаверса, одам бор жойга одам келади…
Меҳмонлар ўринларидан туришди.
– Ҳақ гaп, отахон, ҳақ гaп.
Чол дастурхонини катта уйга ташлаб чиқди-да, тўрдаги уйчанинг эшигини очди.
– Йўл юриб чарчагандирсизлар, мана бунга кириб, кун оққунча пича чўзилиб олинглар, сув сепиб муздай қилиб қўйганман.
Йигитлар, «Раҳмат, раҳмат», дея уйчага кириб кетишди. Бироқ ота полизга ўтиб, энди беш-олтита картошка кавлаб туриб эди, йўл-йўл пижама ва оқ шиппакларини кийиб қайтиб чиқишди.
– Майли, майли, – деди чол меҳмонларнинг истагини фаҳмлаб. – Шўрва пишгунча боғ айланиб келинглар. Кампир шу ерда бўлганда ўзим айлантирардим.
– Ия, ҳали… ҳали кампир онамиз… бу ерда эмасмилар? – сўради Шавкатжон негадир кўзларини катта очиб. – Қаёқдалар?
– Қишлоққа кетган эди, – жавоб қилди ота.
Шерқўзининг ош-суви ўтганидан кейин чол-кампир жуда букчайиб қолишди.
Буларни кўриб, раис уларни қўярда-қўймай шу боққа олиб келиб қўйди.
– Боғни тиклаб берасизлар, – деди.
Боғдаги дарахтларнинг кўпи уруш йиллари синиб, кесилиб, яккам-дуккам бўлиб қолган эди. Ота боғни тўлдирди, кенгайтириб, салкам уч гектарга етказди. Ўшанда раис боғни тиклаб берасизлар, деганида икки мақсадни кўзлаган экан афтидан. Ўн йилга етмаёқ боғ ҳам қаддини ростлаб олди, чол-кампир ҳам. Ана шундан кейин чол-кампир кенгашиб, биратўла кўчиб келиб олишди. Шу-шу қимирлашмайди боғдан. Аммо Хайри хола ҳар пайшанба қишлоққа тушади. Ҳовлисини супуриб- сидириб, ўтган-кетганлар руҳига фотиҳа бағишлаб келади. Бугун ҳам шу ниятда кетган эди қишлоққа. Чол меҳмонларни боғ сайрига йўллади.
– Манави ариқ ёқалаб юрасизлар, – деди олчазор томонни кўрсатиб. – Локигин йўнғичқа билан тўкилган меваларга сал эҳтиёт бўласизлар-да.
Меҳмонлар боққа шу шўнғиб кетганларича зим-зиё бўлиб кетишди. Кеч пешинда ота колхоз боғчасининг бир гуруҳ дўмбоқчаларига қўли билан «хайр, хайр» қилиб турган эди, пижамаларини елкага ташлаб, олмазор томондан чиқиб келишди.
– Э, келдиларингми? – деди чол. – Намунча ҳаяллаб қолдиларинг?
– Кирса-чиқмас экан боғингиз, – деди Низомжон қарс-қарс олма тишлаб.
– Шоир тили билан айтганда: «Мевазор, соя-салқин жаннат мисол жойлар экан».
– Атрофи бутазору шарқироқ сойлар экан, – деди Шавкатжон икки қўлини ҳавода ўйнатиб.
– Яхши, яхши, – деди чол кулиб. – Шавкатжон, Низомжон, қани, чиқинглар.
Қоринларинг ҳам очқагандир роса.
Қуёш ботай деганда Хайри хола келди. Бу пайт меҳмонлар сўрида майкачан ёнбошлашиб карта ўйнашар, чол эса ариқда сабзи ювар эди. Кампир ким улар дегандай меҳмонларга ишора қилди.
– Меҳмонлар, ўғилларинг, – деди чол. Кампир англамади, ариқ ёқасига келди.
– Ким дедингиз?
– Ўғилларинг, деяпман, гаранг, – деди ота овозини кўтариб. Меҳмонлар ялт этиб шу ёққа қарашди ва шошилиб ўринларидан туришди.
– Ассалому алайкум, онажон, қалай, тан-жонингиз соғми?
Кампир, «Келинглар», деди-да, дарров ўтириб чолнинг ишини олди. Йигитлар кампирдан қуюқроқ мулозамат кутган бўлсалар керак, ўнғайсизланиб, тек туриб қолишди. Буни Норқўзи бува сезди-да, уларнинг олдига борди.
– Хафа бўлмайсизлар, – деди. – қулоғи оғирроқ. На гапни уддалаб гапиради, на эшитади. Тиш ҳам, қулоқ ҳам йўқ ҳисоби… Қани, ўтиринглар.
Дастурхонга ош келганда чол меҳмонларнинг олдига бир шиша коньяк қўйди.
– Энди, ўғилларим, Шерқўзим ҳаёт бўлганда ўшандан лозим эди бундоқ қилиш… Меҳмонлар, «Йўғ-е, йўғ-е», дейишди-ю, лекин шишанинг оғзини очишди.
Ошдан сўнг меҳмонлар жуда очилиб кетишди. Ҳатто Шавкатжон сакраб ўрнидан туриб, Норқўзи буванинг бўйнидан қучди.
– Сиз менинг ҳақиқий отам бўлдингиз, – деди меҳри жўшиб. – Рухсат этинг, сизни, сиз отажонимни бир ўпай.
Шавкатжондан кейин Низомжон ҳам ўпди чолни. Норқўзи бува қизариб кетган, кўзларидан ёш чиқиб, тинмай кулар, «Вой, сизлар-эй, вой, сизлар-эй», дер эди нуқул.
Шавкатжон бирдан Хайри холага ўгирилди.
– Бу киши – онамиз… Айтмоқчи, ота, нега бу кишининг, онажонимизнинг тишлари йўқ? Тиш қўйдирсангиз бўлмайдими шаҳарга олиб бориб?
Чол ҳаяллаб жавоб қилди.
– Бир ният қилган эдим, – деди тараддудланиб. – Лекин суриштириб боқсам, бир ҳафтасиз битмас экан бу иш. Шаҳарда қариндошимиз бўлмаса, танишимиз бўлмаса, қаерда турамиз бир ҳафтагача деб… кўнмайди кампир.
– Ие, вой, мана бизникида турасизлар-да, – деди ранжиб Шавкатжон. – Бир ҳафта эмас, бир ой турасизлар. Тиш докторлари оғайнимиз, кумушдан қўйдирамиз, ҳа…
– Тилло турганда кумушга бало борми? – эътироз билдирди Низомжон. – Аммо аввал бизникига тушасизлар, ҳа.
Тишни нимадан, қайси докторга қўйдириш тўғрисидаги суҳбат-мунозара саҳаргача давом этди.
– Кўп бамаъни, пойчўкир йигитлар экан-да, – деди кампир ўрнига кириб. – Аммо Шавкатжон сал шўхроққа ўхшайдими?
– Ҳм. Лекин боланинг шўхи яхши, – жавоб қилди чол. – Оббо, сен-е, шунақа қилиб фарзанд ҳам орттириб олдинг-а. Ҳасан-Ҳусан яна! Тишли ҳам бўласан энди. Эшитдингми, тиллодан қўйдирамиз, дейишди. Энди қайсарлик қилмассан?
– Одамларга эриш кўринмасмикан?
– Эриш кўрганлар берсин бўлмаса сенга тишини. Кампир индамади.
Хайри хола нонуштага мастава қилди. Чол-кампирнинг мўлжалича, «Ҳасан- Ҳусан»лар нонуштадан сўнг сафар тараддудига тушиб қолишлари лозим эди. Бироқ ундоқ қилишмади. Отанинг милтиғини олиб, боғнинг орқасига – анҳор томонга ўтиб кетишди.
– Майли, ўйнаб олишсин, – деди кампир. – Яна қачон келишади. Чол мийиғида кулди.
– Назаримда, кеча тўқайчани кўриб келишган, ўшаққа кетишди.
Меҳмонлар учинчи куни кетгани рухсат сўрашди. Ота уларни раиснинг машинасида туман марказигача обориб, кузатиб қайтди.
Шаҳар сафари қирчиллама қишга тўғри кеди. Чол-кампир поезддан кечки пайт тушишди. Шаҳарда ҳам қор бор экан. Кечки изғирин таъсирими ё шаҳар ўзи аёзроқми, Хайри хола бир дамда довдираб қолди. Аммо атрофга – лайлакқор остида югуриб-елиб кетаётган одамларга, автобусларга, қор қўнган яланғоч дарахтларга, оппоқ томларга қараб бирдай жилмаярди. Қор ёғиб турганда бирам чиройли кўринаркан шаҳар.
– Ҳозир, ҳозир, – деди Норқўзи бува кампирининг совқотганини пайқаб.
– Ҳозир иссиқ жойга кириб кетамиз. Чол бир аёлни тўхтатиб, манзил ёзилган қоғозини кўрсатди. Аёл қоғозга кўз югуртириб, «Кечирасиз, ота, мен ҳам қишлоқликман, бошқалардан сўраб кўринг», деди-да, ўтиб кетди. Қорни «ғарч- ғурч» қилиб у ёқ-бу ёққа ўтаётганларнинг ҳисоби йўқ. Бироқ булардан ким шаҳарлик, ким қишлоқлик – билиб бўлмаса. Норқўзи бува қўлида қоғоз, ўтган- кетганга тикилиб туриб эди, бир ўспирин келиб салом берди. Қоғозни олди. Сўнг ўткинчи таксилардан бирини тўхтатиб, эшигини очди.
– Марҳамат.
«Ҳасан-Ҳусан»ларнинг идораси анча олисда, тор кўчанинг муюлишидаги кўримсизгина бинода экан. Ўспирин суриштириб юриб, чол-кампирни каттагина хонага олиб кирди. Дераза остидаги столда қорача, ҳилва бир жувон танҳо ўзи хат ёзиб ўтирарди. Қолган уч стол эса бўш эди. Ўспирин жувонга нимадир деди-да, хайрлашиб чиқиб кетди. Жувон ўрнидан туриб, чол-кампирнинг олдига келди. Сўрашди. Оти Назирахон экан. Назирахон уларга печканинг яқинига стул қўйиб берди, бир пиёладан чой тутди.
– Шавкатжон акамлар бошлиғимизнинг олдиларига кириб кетишган эдилар, – деди сўнг. – Ҳозир чиқиб қолишади.
Назирахон ишга киришди. Бироқ сал ўтмай бошини кўтарди.
– Шавкатжон акамлар кимларинг бўладилар?
– Ўғлимиз, тутинган фарзандимиз бўлади, – жавоб берди ота. – Низомжон ҳам, иккови ҳам ўғлимиз бўлади.
Норқўзи бува стулини Назирахон томонга буриб олди. Сўнгра Шавкатжон билан Низомжоннинг ниҳоятда билимдон, ялхак, шалдир-шулдир, лекин қизлардай майин йигитлар эканини, шундай бебаҳо йигитлар уларнинг «ғарибона кулбалари»да уч кун меҳмон бўлганини қувона-қувона сўзлаб берди. Чол битта Шерқўзиси бирваракай иккита бўлиб қолганини энди гапириб бераётган эди, эшик очилиб Низомжон кириб келди. У чол-кампирни кўриб жуда суюниб кетди. Дарров чой қуйиб узатди.
– Оббо, сизлар-ей, – деди чолнинг ёнига ўтириб, – бир отамлашадиган бўлган эканмиз-у, шу… Бирдан командировкага кетадиган бўлиб қолдим эртага. Шунга шошиб юрибман-да… Қаранг-а, келиб-келиб… – Низомжон аста ўрнидан турди. Қўлини кўксига қўйиб илжайди. – Энди… хафа бўлмайсизлар-да. Хизматчилик экан… Бошқа бир келасизлар энди хотиржамликда…
– Майли, майли, – деди чол. – Ҳукуматнинг ишини ташлаб… Ахир…
Низомжон қўли кўксида: «Шундай бўлсин, шундай бўлсин, кутаман», дея юмшоқ-юмшоқ қадам босиб, остонадан ўтди. Чол Назирахонга пиёлани узатиб:
«Чойингиздан борми?» деб туриб эди, остонада Шавкатжон пайдо бўлди.
– Ие, ие, ўнгимми, тушимми? – Шавкатжон қучоғини очди. – Марҳабо, отахон, онажонларим, марҳабо. Бардаммисиз, отахон? Тан-жонингиз соғми, онажон? Қани, қани, ўтиринглар.
Шавкатжон Хайри холага дарров чой қуйиб берди.
– Оббо, сизларей, бир келибсизлар-да, биз томонларгаям? – Шавкатжон чол-кампирнинг рўпарасига стул қўйиб ўтирди. Қора шляпасини қўлида тез-тез айлантира бошлади. – Бизларни йўқлайдиган кунинглар ҳам бўлар экан-а. Қалай, яхши етиб келдиларингми?
– Келинлар, неваралар тинч-омонми? – сўради кампир тишсиз оғзини очиб.
Шавкатжон шляпасини тўп этказиб стол устига қўйди. Чуқур хўрсинди, афтини бужмайтирди.
– Асти сўраманг, онажон, – деди сўнг бошини оғир чайқаб. – Болалар каттаю кичик – ялписига грипп, касал. Кампир ҳам бетоблар бунинг устига. Уёққа қарасангиз «иҳ-иҳ», бу ёққа қарасангиз «иҳ-иҳ»… Тарс ёрилиб кетай дейман уйга борсам. Ўшанчун кўпинча меҳмонхоналарда қолиб кетаман… Кўргилик экан-да.
Шавкатжон бошини қуйи солиб, пешонасини ишқай кетди. Чол Шавкатжоннинг бежирим туфлиси учида ялтираб турган электр нурига тикилганча жим қолди. Кампир эса кўзлари алланечук безовта, дам чолга, дам Шавкатжонга, дам орқада стол четини тирнаб типа-тик турган Назирахонга жавдирарди. Ниҳоят чол қаддини ростлади.
– Ёмон бўпти, – деди бош тебратиб. – Кўп ёмон бўпти.
– Қарамайсизми: бориб-бориб сизлар келганда бир уй касал билан ўтирсак. – Шавкатжон тиззасига битта уриб, ўрнидан турди. – Э ҳ–ҳ… Менга қолса агар… – У шляпасини ғижимлаб бирпас тараддудланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Йўқ, бораверамиз десанглар, бош устига.
Чол сўзсиз бош чайқади. Шавкатжон қўлини кўксига қўйди, бошини бир томонга қийшайтириб, жилмайди.
– Хафа бўлмайсизлар-да, энди. Бирдан шундоқ… Ҳалиги… иссиқ жон экан-да.
Бошқа келасизлар энди. Бу ҳисобмас, шундоқ.
Чол индамади, пешонасини сиқиб, тек қолди. Шавкатжон «ҳе-ҳе, ҳў-ҳў-ҳў-ҳў»га ўхшаш овоз чиқариб, кулиб, ёнбош юрганича ташқарига чиқди.
Норқўзи бува сапчиб ўрнидан турди, совға-саломларини бир қўлтиғига урди.
– Тур, кетдик, – деди сўнг Хайри холага. Хайрли хола нима гaп эканини тушунмай:
– А? – деди оғиз ва кўзларини катта очиб.
– А-а-а! – қичқирди чол ер тепиб. – Бало «а», дард «а»! Тур деяпман сенга!
– Bo-ей, намунча жеркийсиз? – лабини бурди кампир тугунчасини бошига қўйиб. – Худо урди-кетди-ей…
Норқўзи бува Хайри холага ҳеч қачон бу қадар қаттиқ гапирган эмасди. Ачинди. Кампирнинг ранж тўла юзларига тикилди. Шу топда негадир унинг бошини силагиси келди. Аммо Назирахондан пича андиша қилиб қолди. Назирахон ранглари ажабтовур оқарган, чол-кампирга тикилганича шу томонга битта-битта босиб келарди.
«Бечорам, муштипарим, – дилидан ўтказди чол. – Қанотингни лаънати немис- фашистлар қайирмаганда, тишинг ҳам бут турмасмиди? Мана бунақа тентираб ҳам юрмасдик…»
Чолнинг ўпкаси тўлди. Дарров орқасига бурилди. Енгини кўзларига бир ишқаб олиб, эшикни очди. Назирахоннинг, «Шошманглар, шошманглар», деганига ҳам қарамай, кампирини етаклаб кўчага отилди.
Қор ҳамон шиддат билан ёғяпти. Лекин қош қорайиб қолганигами, атроф ҳалигидек файзли эмас эди. Оппоқ оқариб турган кўчаю дарахтлар ҳам, йўлкаларда
«шип-шип» ўтиб турган одамлар ҳам чолнинг кўзига аллақандай хунук кўринди. Чол йўлакда бир мўйсафидни тўхтатиб, вокзалга қайси автобус боришини сўраб турган эди, орқадан Назирахон етиб келди.
– Ҳозир қаёққа кетяпсизлар? – сўради Назирахон отага юзланиб. Ота жавоб бермади.
– Қаёққа кетяпсизлар? – Назирахон кампирга ўгирилди.
– Қаёққа бўларди, уйимизга-да, – тўнғиллади чол кампирининг қўлтиғидан олиб. – Юр.
Назирахон уларнинг ёнига кирди, узун киприкларини пирпиратиб, аянч билан кулди.
– Поезд эрталаб жўнайди, – деди у ёнбошдан чолга қараб. Чол йўлдан кўзини олмай жавоб қилди.
– Ташвиш қилманг, жа бўлмаса ўткинчи машиналарга осилиб кетармиз.
– Шундай совуқда-я. Қўйинглар-э, – Назирахон уларнинг олдига ўтиб, йўлларини тўсди. – Яхшиси бизникида тунайсизлар бу кеча.
Чол Назиранинг қўлларини ғазаб билан итариб ташлади.
– Э, қўйинг-э, ўшанақа гапларни, – деди титраб ва шахдам қадам ташлаб юришида давом қилди.
Назирахон гандираклаб кетди. Йўлка четига сургалиб чиқиб, ўзини зўрға тутиб қолди. Ҳайрат билан чол-кампирга тикилди, узоқ тикилди.
Норқўзи бува шундай тез юрардики, ҳамроҳини деярли судраб борарди. Улар автобус бекатига етай деганда Назирахон бир сесканиб тушди. Сўнг ўткинчиларни ҳайрон қолдириб, орқаларида югурди.
– Тўхтанглар, – деди бақириб. – Тўхтанглар, деяпман сизларга!
Чол-кампир тўхташмади. Назирахон шамолдай ғувуллаб олдиларига ўтди- да, икковини бараварига қучоқлаб олди. Ўрталарига бошини қўйди, чуқур-чуқур ҳансиради.
– Ҳеч қаёққа кетмайсизлар, – деди кейин овози қалтираб. – Милицияга хабар қиламан бўлмаса.
Чол ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам ғазабланиб, «Бор, бор, милисангдан қўрқаманми?» дейишга энди оғиз жуфтлаб туриб эди:
– Кетмайсизлар, – деди Назирахон бошини кўтариб тағин. Унинг шаҳло кўзлари жиққа ёш эди. – Сизларни шу алфозда жўнатмайман.
Назирахон уларнинг кўксидан шартта ажраб чиқди-да, ариқ лабига чўнқайиб ўтирди. Юзини кафтлари билан беркитиб, шилқ-шилқ йиғлай бошлади. …
Чол-кампирга эртаси куни рухсат бўлмади. Назирахоннинг қайнонаси Хайри холани тиш докторига олиб кетди. Олти кун деганда Назирахон, унинг эри, қайнонаси чол-кампирни поездга ўтқизиб, хайрлашиб қолишди. Норқўзи бува ўзида йўқ хурсанд,. «Ҳой, қизча», деб Хайри холага тегажоқлиқ қилади, чапак чалиб, қиқир-қиқир кулади. Хайри хола бўлса, ясама тишларини ялтиратиб тинмай илжаяди.

ҚЎҚОН ШАМОЛИ

1968 йил

Қўқон шамоли қишда қутуриб кетади. Томларда, дарахтларда, симёғочларда увиллайди, ўкиради, чийиллайди. Дарахтларни эгади, букади, «қарс-қурс» синдиради. Электр симларини узади, ўт чиқаради. Ҳаммаёққа даҳшат солади. Шивалаб ёғаётган қорни ўз майлига қўймай тўзғитади, олис-олисларга учириб бориб пастқамликларга, зовурларга, бурчак-бурчакларга тиқиб ташлайди…
Аёзли кун ўтади, тиғли тун ўтади, бироқ бу бешафқат шамолнинг адоғи кўринмайди.
Ўшанда ҳам қаҳратон қиш, қорли бўрон эди. Латифжоннинг онаси Жаннат хола бир ҳафтадан бери ана кетди-мана кетди бўлиб ётарди. Латифжон умрида биринчи марта ишга бормади. Сурункасига уч кун бормади. Синглиси Шарифа, хотини Зулайҳо билан бирга онасининг қошида бўлди. Колхоз ҳаётига доир баъзи зарур ишларни телефон ва ҳол сўраб келувчилар орқали битириб турди.
Жаннат хола кечга яқин тилдан қолди. Ўзининг пастак томли суюкли ҳужрасида сандалнинг тўр томонида қизил кўрпа орасида шипга қараб жим ётибди. Териси суягига бориб ёпишган, чакка суяклари бўртиб чиққан. Буришган юзлари, ориқ, кичкина қўллари қонсиз, оппоқ. Чўкиб кетган нурсиз кўзларини болаларига тикади. Чексиз меҳр билан, тенги йўқ бир қизғаниш ҳисси билан тикилади. Гўё Парвардигор булардан холани эмас, холадан буларни тортиб олаётгандай…
Жаннат хола эрталаб туппа-тузук эди. Дастлаб чорак пиёла сут ичди. Холанинг жондан азиз саккизта китоби бор эди. Варақлари сарғайган, жилдлари қайта-қайта ямалган китоблар. Ҳаммасини бир-бир ўпиб, пешонасига босди. Сўнгра Шарифа унинг буйруғи билан китобларни оқ, одми рўмолга тугди. Латифжон шоти келтирди. Тугунни шифтга – кампирнинг қоқ пешонасига осишди.
– Раҳмат, болаларим, раҳмат, – деди хола. – Умрларинг узоқ бўлсин.
Кейин Жаннат хола Бедилнинг бир байтини ёддан ўқиди, Навоийнинг «абадул- абад» эканлиги ҳақида гапирди. Сўнг зукко афанди ва нодон подшо ҳақида латифа айтиб, ҳаммани кулдирди. Магнитофондан Маъмуржон Узоқовинг лентасини қўйдириб эшитди. Маъмуржонни суйди, алқади. Тушга яқин тарвуз сўради.
– Аттанг, тугаган эди-ю , – деди Шарифа қўрқа-писа.
– Топамиз, топамиз, бувижон, – хитоб қилди Зулайҳо ва эрига қаради.
– Ҳа, тугаган экан, нега олдинроқ айтмайсизлар шуни, – жеркиди Латифжон ва ташқарига отилди. – Ҳозир…
– Қўяқол, болам, – зорланди бемор. – Шу заҳар аёзда…
Латифжон бир ярим соатларда иккита кўм-кўк тарвуз қўлтиқлаб кирди.
– Мана, бувижон, – деди-да этигининг қўнжидан пичоқ олиб, тарвузлардан бирини шартта иккига бўлди. Қондай қизил гўштини палахса-палахса қилиб ташлади. Кейин майин жилмайди. – Қумга кўмишган экан азаматлар, ёздагидек турипти.
Зулайҳо тарвуз этидан майдалаб, кампирнинг тишсиз оғзига солиб турди.
– Энди бас, – деди хола бироздан сўнг. – Баракалла, болаларим. Қолганини ўзларинг енглар, нариги уйга обкириб, болаларинг билан бирга енглар. Аёллар,
«Раҳмат», раҳмат, сизнинг еганингиз – бизнинг еганимиз», деб тек ўтиришаверди. Бунга кампирнинг жаҳли чиққан бўлди. – Гапим ўтмайдиган бўлиб қолибди-да, – деди.
Аёллар, «Кечирасиз, бувижон», дея ўринларидан туриб, бир палладан тарвузни кўтариб хонадан чиқишди. Латифжон эшикни зич ёпди-да, онасининг ёнига келиб ўтирди. «Амрингизга мунтазирман», дегандай унинг оғзига тикилди.
– Фурсат борида гапириб олай, болам, – деди хола узоқ ўйланиб ётгандан кейин.
– Э, унақа деманг, – чўчиб тушди Латифжон. – Соғайиб, отдай бўлиб кетасиз.
Ҳали сизни Кавказга олиб бораман деб юрибману.
Бу тасалли Жаннат холага ёқмади.
– Билиб туриб ёлғон гапирмагин-да унақа, – деди. – Ёлғончилик ёмон нарса. Кампир тез-тез киприк қоқиб, жим қолди. Сўнг:
– Ёшимни яшадим, ошимни ошадим, – деди заиф бир товушда. – Мана, етмиш еттига кирдим. Отанг ҳаёт бўлганда икки кам саксонга борарди. Уруш еди раҳматлининг бошини.
– Ҳа, шундай, бувижон, – паст товушда хитоб қилди ўғли. Хола пича дам олгач:
– «Эл-юртни яшнатаман деган одам, аввало, ўзи яшнайди», деган экан бир донишманд, – деди. – Мана, сен ҳам яшнаб, яшнатиб юрибсан. Бундан кейин ҳам яшнагин, илоҳим.
Латифжон қуллуқ қилди.
– Хўп, бувижон, хўп.
– Кейин синглинг билан хотинингни эъзоз қилгин. Аломат жувонлар, жаҳонга бергисиз жувонлар.
– Хўп, бувижон, ҳамма айтганларингизни қиламан.
Кампир жимиб қолди. Унинг икки кўзида икки дона ёш ялтиради.
– Қирқ олти йиллик қадрдоним эдинг, – деди она овози қалтираб. – Қирқ олти йил ҳидладим сени. Лекин… тўймадим, сира-сира тўймадим…
Латифжоннинг томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди.
– Бувижон! – деди қақшаб ва кампирга ташланди, юзларидан, пешонасидан
«чўлп-чўлп» ўпди.
Ҳалигина бўлиб ўтган эди бу суҳбат. Шундай бир яхши гапириб ўтирган одам тўсатдан тилдан ажраб ўтирса-я.
Ярим кечадан ўтди ҳамки, шамол қаҳридан тушмайди. Оч бўридай ҳамон увиллайди, эринмай қор тўзғитади. Кампир қизил кўрпа орасида кичкина бўлиб, гўё шу шамолдан бошқа ҳеч қандай воқеа рўй бермаётгандай осойишта ётибди… Бошида Шарифа, ўнг томонида Латифжон, чап томонида Зулайҳо, учовининг ҳам кўнгли вайрон. Шарифа билан Зулайҳо овоз чиқармай куюниб йиғлаяпти. Дам- бадам елкалари тикув машинасининг «боши»даги сакрагичдай «дик-дик» қилиб қолади. Латифжон жим, дам онасига, дам узлуксиз чайқалиб турган лампочкага қарайди. Чаккасига омбур солинган одамдай бетоқатланади, панжаларини қисиб эзади, қайиради… Бир пайт ташқарида нимадир тарақлагандай бўлди. Латифжон сергакланди. Нима экан? Нариги уйда болалар ётган эди, ўшалармикин? Латифжон ҳовлига чиқди. Тарақлаган дарвоза экан. Ана, тағин тарақлади.
Латифжон билқилдоқ қор уюмларини кечиб, дарвозахона томонга югурди.
Дарвозахонанинг чироғини ёқди.
– Ким? – деди бақириб.
– Мен, мен, Хурсанман, – гулдироқ овоз келди кўчадан. – Бемаҳалда сайёқ юрган Хурсан жиннингман.
Хурсанали пастроқ товушда кимгадир: «Ундай бўлса, майли, раҳмат, катта раҳмат», деди. Енгил машина гулдураб жўнаб кетди. Латифжон дарвозани очди. Ҳақиқатан Хурсанали экан. Шериги ҳам бор. Бўлагина йигит. Хурсанали Латифжоннинг қалин дўсти. Сайёр мухбир. Латифжон сингари хушчақчақ йигит. Марғилонлик. Улар узоқ вақт кўришмаган эдилар, қучоқлаша кетишди. Латифжон ҳайдовчини тутиб қолмагани учун Хурсаналидан ўпкаланди. Сўнгра дарвозани шамолга қарши зўр бериб итариб ёпди, шарақлатиб қулфлади. Бунгача Хурсанали Қўқон шамоли шаънига маломат ёғдириб ташлади.
– Бунча ҳам бурунга ўч экан Қўқоннинг шамоли, – деди сўнг. – Бир чақиб қўймайди, икки чақиб тўймайди… Бурунни суғурсанг чиқса экан, рўмолчага ўраб чўнтакка солиб қўйсанг, мана бўлмаса деб.
Латифжон самимий кулиб юборди. Кейин:
– Сеникидақа эллик олтинчи размерли бурун биз томонда камда, – деди ҳамон кулиб. – Ўшанинг учун салмоқдор бурун учраб қолганда, бир бурунхўрлик қилиб олай дейди-да.
– Шунақа, – деди Хурсанали кулгидан кейин жиддий. – Ёз бўлса чивин кўз очирмайди. Анови хартумли чақадиган бор-ку, ўша. – Энди ҳамроҳига қараб давом этди. – Буларнинг чивинлари кўп «одамохун» бўлади. Гулзор ёки бирор ариқ ёқасида ўтириб қолсангиз: «Қандайсиз, ин-и-и-мм…» деб келаверади бирин-кетин. Бепарво қолдингизми – тамом. «Ҳурматингизни ўрнига қўяди-да», қизил халтачани кўтариб жўнаб қолади хайр-маъзурни насия қилиб. Нечоғлиқ «иззат-икромга сазовор бўлганингизни» кейинроқ, баданингизнинг бирор пункти жизиллаганда биласиз…
Меҳмон билан Латифжон яна кулди. Хурсанали эса, тишининг оқини ҳам кўрсатмади.
– Э, юринглар-э, ичкарида гаплашайлик, – Латифжон уларни дарвозахонанинг шундоқ биқинидаги меҳмонхонасига бошлади. – Жуда совуқда қолибсизлар!
Меҳмонлар телпак, пальтоларидаги қорларни қоқиб, зинада тепина-тепина ичкарига киришди. Латифжон кундузи қуруқ ходачаларни майдалаб қўйган эди, дарров ўшани келтирди. Ҳол-аҳвол сўраб юриб, печкани ловуллатиб юборди. Печканинг ёнига стол қўйди. Ўтиришди.
– Бай, бай, бай, ўт-а, – Хурсанали кафтларини оловга тоблаб, бир-бирига ишқади. – Бўйларингдан аканг айлангур, ўт-а.
– Кўчада кўп туриб қолдиларингми? – сўради Латифжон.
– Уч зум. Шамолга беткай ўзи дарвозанг. Яна бир зум турганимизда, музлаб, ҳайкалдай ағанаб тушармидик. Яхши, уйғоқ экансан!
Латифжон кечикиброқ жавоб қилди.
– Идорадан ҳозир келдим.
– Раислик ҳам қийин-да! Шундай совуқ-да. Шамолни қара-я. – Хурсанали шеригига боқиб бошини ликиллатди. – Қўқон шамоли мана шунақа бўлади.
– Ёмон экан, – деб қўйди меҳмон йигит секин.
Хурсанали юрган йўлида латифа тўқиб, латифа айтиб юради. Латифа қаҳрамони кўпинча ўзи бўлади.
– Жуда ёмон, – деб у дарров лоф-латифа бошлади. – Бир куни болалар ҳовлида ўйнаб юришарди. Ҳа, у вақтларда Бешариқда турардик. (Бу гапи ғирт ёлғон эди). Мен сигирларга терт қораётган эдим. Шамол тўсатдан «ғув» этиб қолди. Югуриб бориб, уч болани икки қўлтиққа уриб, уйга чопдим. Остонадан ўтаётганимда «тарс- турс» этгандай бўлувди, ташқарига чиқсам, сигир ҳам йўқ, ғунажин ҳам. Шамол арқонларини «шарт-шурт» узиб, учириб кетипти икковини ҳам.
Меҳмон завқ қилиб кулди. Кулгига Латифжон қўшилди. Хурсанали жиддий, кўрсаткич бармоғи билан таъкидлаб ваҳима қилди.
– Бир ҳафта деганда аранг топдим. Қарангки, осмону фалакла учириб бориб, Хўжақишлоқнинг бақатерагига осиб кетибди, баттол. Борсам, сигирпошшо севимли қизи билан: «Не кунларга қолдик биз-е», деган ашулани ванг қўйиб, осилиб ётишибди бақатеракнинг устида! Пожарнийларга ялиниб юриб, аранг тушириб олибман бечораларни.
Яна кулги кўтарилди. Хурсанали «куюниб» кетди.
– Ҳе, ўл, бу кунингдан баттар бўл, шамол, дейман. Шу ҳам ишми? Хўп, ана, касбинг сигир учириш экан, қуриб кетганмиди меникидан бошқа сигир? Мана, ҳаромхўрларникини учир, порахўрларникини учир, чайқовчиларникини учир. Келиб-келиб меникини учирасанми? Қалам учини ялаб, зўрға тирикчилик қилаётган фақир бир газетачиникини учирасанми? Ё бўлмаса ҳамманикини баравар учир – осмон мол бозорига айланиб кетсин.
Хўп кулишди.
– Ҳа, айтмоқчи, сизларни бир-бирларингга таништирмабман-ку, – Хурсанали пешонасига «шақ-шақ» урди. – Калла йўқ-да менда, калла. Бу киши бухоролик дўстимиз бўлади. Исми шарифлари Аминжон Неъматов. Москвада танишганмиз. Қўли гул журналист.
Латифжон қўллари кўксида, лабида табассум, гавдасини олдинга ва орқага ташлаб уч-тўрт бор тебратди.
– Жуда яхши, жуда соз. Баҳонада яна бир дўст орттириб олдик.
Меҳмон ҳафсала билан таралган бўлиқ, қоп-қора сочини силаб: «Раҳмат, раҳмат» деб қўйди. Латифжон жилмайиб ўтирарди-ю, фикри-зикри ичкарида эди. Ров кириб чиқмоқчи бўлиб ўрнидан турди.
– Мен ҳозир…
– Нима «ҳозир», – Хурсанали унинг елкасидан босиб ўтқизиб қўйди. Унинг дурустгина кайфи бор эди. Бундай пайтларда айтганини қилдирмагунча қўймасди. Буни Латифжон яхши биларди. Шу туфайли ортиқча тирқишлик қилмади. – Олдин таништириш маросими тугасин, кейин кирасан дастурхонга. Хў-ўш… Аминжон бир иш билан келиб қолди. Бу ёқларда биринчи марта бўлиши экан. Ҳамзаободни, Сўхни томоша қилдирдим. Риштонни кўрсатдим. Риштонда яхшигина ўтирган эдик, бирдан сен эсимга тушиб қолдинг. Туман катталари кўп қаршилик қилишди.
«Йўқ», деб туриб олдим. «Латифжоннинг ишқи тушдими – тамом», дедим. Машина тўғрилаб беришди, мана, келдик. Бир томони шамолга ризқимиз тортиб турган экан. Эртага Қўқонни кўрсатамиз. Худоёрхоннинг саройи, адабиёт музейи, Муқимий, Фурқатнинг музейлари – ҳеч қайсиси қолмайди. Машина «гум»дир?
– Ҳа, «гум».
– Бирга борамиз-а?
Латифжон ҳаяллаб жавоб берди.
– Майли, бораверамиз.
– Маладес-с! Хўроз йигит менинг дўстим! – Хурсанали Латифжонни «чўлп» эткизиб ўпиб олди. Сўнг ўз пешонасига яна шапалоқ туширди. – Ҳақиқатан ҳам калла йўқ менда! Шишага яқинроқ юрамиз-да, ўша чирмовиқ қуритиб туради хотирани. Ҳали нима деётган эдим? Ҳа, таништириш маросими кетаётган эди. Бу – қадрдон дўстим Латифжон бўлади. Ҳақиқий латиф йигит. Шу колхозга раис, ўн тўққиз йилдан бери раис! Ўзи Меҳнат Қаҳрамони, орден-медалдан бир чойшабча бор. Унинг бувиси менинг ҳам бувим. «Бувижон», дейман уни. Айтмоқчи, бувижоним қандай? Кириб кўрмабман-а, дарров. Э, хомкалла! Аввал ўша кишини зиёрат қилиш керак эди-ку. Юринглар, кўриб чиқайлик.
Хурсандали ўрнидан турди. Латифжоннинг ранги оқариб кетди. Оташкуракни олиб «тупа-тузук» ёниб турган оловни тузатишга беҳуда уриниб, узоқ жим қолди. Нима қилиш керак? Бу таклифга кўнсинми? Кўнган тақдирда… Йўқ, бўлмайди. Йўқса, ҳақиқий аҳволни айтиб қўя қолсинми? Йўқ, йўқ. Шундай дилбар, шундай яйраб-яшнаб ўтирган йигитларнинг кўнглини вайрон қилмайди. Қаҳ-қаҳа тўла меҳмонхонани азахонага айлантирмайди…
Латифжоннинг ҳолатини кўриб, Хурсанали ташвишга тушиб қолди.
– Ҳа, рангинг ўчиб кетди? – деди. – Тинчликми?
– Астағфирилло, – Латифжон печканинг эшигини ёпиб, Хурсаналига астойдил тикилди. – Кампир Хонободга, Шарифаникига кетган. Борамиз десанг, машина чақираман, борамиз…
– Э, шундай демайсанми. Мен… Ҳа, майли, ундай бўлса, эртага Қўқонга кетатуриб тушиб ўтармиз.
Хурсандали кампирдан кўнгли тинчиб, яна гапга тушиб кетди.
– Ажойиб буви, – деди Аминжонга қараб. – Байт ҳам битади. Анча шеъри туман газетасида босилган ҳам. Дўппи тикишда унга тенг келадигани йўқ. Бир куни келсам, менга атаб дўппи тикиб қўйибди. Ловуллайди. Қарасам, иккита қалампирнусха гули устида арабча ёзув бор. Нозик пушти ипак билан тикиб ёзибди. Нима дебди денг? «Хурсан отамга, ширин бўтамга», дебди. Қойил қолдим.
Хурсанали завқ-шавқ билан гапиряпти. Латифжон Аминжон сингари «Ҳм, о-о», деб ўтирибди-ю, ич-ичи қақшаб кетяпти. Юрагининг қаъридан дард сизиб чиқиб, икки марта хуруж қилди. Икки марта томоғида тутиб қолди. Меҳмонларнинг пайқаб қолишидан қўрқиб, печканинг эшигини очди, чиройли ёниб турган оловни зўр бериб пуфлай кетди. Сўнг ўзини ўнглаб олди-да, кескин ҳаракат билан ўрнидан турди.
– Хўш, нима дейсизлар, ош қилдирайми, шавла? – деди. Хурсанали беш панжаси билан ўзини «сўйди».
– Мана шундай, – деди. – Ҳеч нарса керак эмас. Фақат «Она юраги» керак. Шуни бир айтиб берсанг бас. – Хурсандали меҳмонга боқди. – Арман шоири Исакяннинг
«Она юраги» шеърини эшитганмисиз? Бу шеърни Латифжондан эшитинг-қўйинг. Водийда йўқ бунақа ширин айтадигани.
Латифжоннинг юраги «шув» этиб кетди. У бу шеърни чиндан ҳам жуда ўрнига қўйиб ўқийди. Лекин ҳозир мутлақо ўқий олмайди. Шундай бўлса-да, қўлини кўксига қўйиб:
– Хўп, хўп, бажонидил, – деди зўр бериб илжайиб. – Аммо битта шартим бор. Шарти шуки, олдин чой дамлаб чиқаман. Томоқни «ёғ»лаб турмасам, шеър яхши чиқмайди.
– Майли, майли, – деб Хурсанали Аминжонга берилиб гaп уқтира кетди. – Ўзи бу болада туғма талант бор. Шода-шода талант бор! Гўё табиат фазилатлар сандиғини жаранглатиб очгану: «Ол, Латиф, ол, керагича олавер», деган. Бу ҳам мисқоллаб эмас, этак-этаклиб олаверган, очкўз. Жуссани қаранг, жуссани. Минораи Калондай келади. Шу жусса билан ўйинни шунақа эзадики! Мукаррамхон бўлиб кет-э, дейман. Колхозчиларнинг тўйида ўйинни ўзи бошлаб беради. Ҳар доим шундай қилади.
– Жуда маддоҳ бўлиб кетдинг-да, – деди Латифжон. – Бас энди. Хурсанали бунга эътибор ҳам бермади.
– Ашулани айтинг, ашулани, – деди Аминжонга қараб. – Танбурни йиғлатиб
«Сайдинг қўябер, сайёд» ёки «Чўли ироқ»ни олганида Ориф Алимаҳсумов ёқа ушлаб қолади.
Латифжон печкага иккита оғирроқ ўтин ташлади. Сўнгра рухсат текканига бир қоп семириб, ташқарига отилди. Эллик-олтмиш метрли масофани эллик-олтмиш қадам қилиб, қор уюмларини писанд қилмай, ҳовлини иккита учбурчакка тенг бўлиб кесиб ўтди. Оёғини «тап-туп» ерга урди. Юраги орзиқиб, ҳужра эшигини тез, лекин авайлаб очди. Унинг орқасидан шамол ҳам уриб кириб, ярақлаб турган чироқни олиб бориб шифтга қадади. Латифжон дарров эшикни ёпди. Кампир анча сўлиб қолибди. Шафқатсиз ўлим тобора яқинлашмоқда эди. Жаннат хола ўғлини кўриб, бошини сал қимирлатиб қўйди. Латифжон ҳеч нарса деёлмади, беихтиёр бошини қимирлатиб, тек туриб қолди.
Шарифа кампирнинг бошида, онасининг оппоқ сочини панжаларида майин тараяпти… Зулайҳо кампирнинг ёнида, қайнонасининг қоқсуяк қўлини чап қўли кафтига қўйиб олибди, ўнг қўли билан аста-аста силаяпти… Иккови ҳам тебраниб, унсиз фарёд чекяпти. Баъзан елкалари «дик-дик» қилиб қолади…
Латифжон онасининг ёнига тиз чўкди. Кампирнинг ўнг кўзидан бир томчи ёш сизиб чиқибди-ю, тўхтаб қолибди. Латифжон шошиб рўмолчасини олди-да, энгашиб ёшни авайлаб артди. Латифжон қаддини ростламоқчи эди, онаси ўнг қўлини аста кўтариб, унинг бўйнига ташлади. Чап қўлини кўтара олмади. Зулайҳо солиб қўйди уни эрининг бўйнига. Кампир юзига ўғлининг юзини узоқ босиб ётди.
«Бувижоним, – кўнглидан ўтказди Латифжон. – Мени кечиринг. Яхши эъзозлай олмадим… Эҳ, онам, ғанимат онам-а».
Латифжон «Она юраги» шеъридаги бир бемаъни қизнинг муҳаббатига сазовор бўламан, деб ўз онасининг кўксига ханжар санчган ва юрагини суғуриб олган йигитга лаънатлар ўқиди. Юракнинг йиқилган ўғилга айтган сўзларини дилида такрорлади. «Жоним болам, ёмон йиқилмадингми, соғми ўт-бўтинг?!»
Латифжоннинг кўзларидан ёш қуюлди. Елкалари «дик-дик» сакради. Ниҳоят, кампир қўлларини туширди. Латифжон бошини кўтариб ўтирди. Она-бола бир- бирига сўзсиз тикилиб қолишди. Кампирнинг юпқа, қуруқ лаблари хиёл қимирлади, лекин оғзидан ҳеч қандай товуш чиқмади. Латифжон оғир қўзғалди. Чойнакка термосдан чой қуйди.
– Ҳозир келаман, – деди хаста товушда. Жаннат хола «майли» дегандай билинар- билинмас бош қимирлатди. Латифжон ташқарига чиқиб, қор билан юзини ювди. Артди.
Латифжон кирганда, меҳмонлар грампластинкадан аския эшитиб, шарақлаб кулиб ўтиришарди. Латифжон ора-сира кулгига қўшилиб, чой қуйиб ўтирди. Хайрият, аскияга овуниб «Она юраги»ни унутишибди. Шеърни қайта тилга олишмади. Аския тугагач, Хурсанали ана шу аскиячиларнинг қайсиниси қаерлик эканини, уларнинг кимларни мот қилганликларини гапиришга тушиб кетди. Латифжон меҳмонларга жой қилди. Сўнгра:
– Сизлар бемалол гаплашиб ўтиринглар, – деди меҳмонларга. – Мен ўтин-пўтин тайёрлаб қўяйин. Башарти, дам олиш истаги туғилса, ана жой, марҳамат қилиб ёнбошлайверасизлар.
Меҳмонлар эрталаб уйғониб қарашса, қор тинибди-ю , шамол ҳануз қаҳридан тушмабди.
Улар чойдан сўнг Қўқонга отланишди. Булар чиққанда «Волга» машинаси дарвозахонада турарди. Латифжон ҳайдовчисини меҳмонларга таништирди.
– Мана, Одилжон, – деди, – кечгача хизматларингда бўлади. Хурсанали кўзларини катта очди.
– Ҳа, ўзинг, бормайсанми? – деди ниқтаб.
Латифжон сариқ этиги билан қорни аста текислаган ҳолда бир лаҳза сукут қилди. Сўнг қўлини кўксига қўйди.
– Кечирасизлар, – деди меҳмонларга гуноҳкорона боқиб, – боролмайдиган бўлиб қолдим. Кичкина узрли иш чиқиб қолди.
– Нима экан у «кичкина узрли иш»? – жеркиброқ сўради Хурсанали. Латифжон кўзларини уқалаб, анча жим қолди. Кейин:
– Шу, шу…. волидамиз… ҳалигидай бандалик қилди янгитда, – деди секин. – Омонатини топширди.
Хурсанали кўз ва оғзини катта очиб, тахта бўлиб қотиб қолди. Латифжон қалқиб чиққан кўзёшларини яшириш учун юзини четга бурди.
– Нега? Нега?! – овози борича қичқирди Хурсанали. Сўнг саволига жавоб ҳам кутмай, ҳайқириб Латифжонга ташланди. Қучоқлаб юз-кўзларидан ўпаверди, ўпаверди… Икки жуфт азамат елка тинимсиз силкинаверди, силкинаверди…
Шамол эса ҳануз дарғазаб: қор уюмларини беармон тўзғитади, дарахт шохларини хивич қилиб олиб, шифер ва тунука томларни аёвсиз савалайди, савалайди…

1985 йил

Анвар МУҚИМОВ – 1929 йилдатуғилган.
Ўрта Осиё педагогикаинститутинитамомлаган.
«Ғалати одамлар», «Пинҳона жанг қиссаси», «Хотинимдан ўргулай», «Сиз бир ёндан, биз бир ёндан», «Кичкина бола эмасман», «Қўқон шамоли», «Чуқур текшириш», «Эринсангиз, кулманг», «Бизнинг ташаббус» номли китоблари чоп этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *