Алишер НАВОИЙ

ХОСИЯТ МУНДОҒ ЭМИШ ҲАР КИМДА БЎЛСА ПОК ИШҚ

* * *

Латофатда юзунг ҳам гул эмиш, ҳам гулистон эрмиш,
Ҳаловатда лабинг ҳам жону ҳам оромижон эрмиш.

Бу маънидинки, доим чун ниҳондур ул пари кўздин,
Иши жону кўнгулга ўртамак доғи ниҳон эрмиш.

Шарарлар бирла оҳим дудини саҳрои ишқ ичра
Киши кўрса, гумон қилғай, минг ўтлуғ карвон эрмиш.

Чаманда ҳар сари қилдим гули раъно гумон, ул худ
Сариғ гул жомида гулгун сиришким бирла қон эрмиш.

Тўкуб май муҳтасиб, мен йиғладим, лекин ул усрукка
Су келтирмоқ ҳамону кўза синдирмоқ ҳамон эрмиш.

Фано дайрики, гардун ҳиснидин маҳкумдурур, билдим –
Ки, гардун зулмидин фақр аҳлиға дор ул амон эрмиш.

Навоийни, дедим, ишқ ичра сомоне топиб эркин
Вале, кўрдум – ҳамул девонаи бехонумон эрмиш.

* * *

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуғ дарё киби ошуфта кўнглум қўзғолур.

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб –
Ким, ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

Титрабон симобдек кўнглум, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки, дарё чайқолур

Сабр – кўнглумда, кўнгул – ул ойда, ул ой – кемада,
аҳки, бориб термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Дам тутулғандин ўлар элдек етиб мен ўлгали,
Сурмасун деб кемасин, баским, нафаслар асролур.

Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин, умр нақди сийғолур.

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур.

* * *

Кимса ҳаргиз кўрмади чун аҳли даврондин вафо,
Улки даврон офатидур, не тамаъ ондин вафо.

Жониму умрумдур ул ой, бевафо бўлса, не тонг,
Қайда кўрмиш кимса ҳаргиз умр ила жондин вафо.

Гар вафо қилсанг, эрур андинки, бордурсен пари,
Йўқса, ким оламда кўрмиш навъи инсондин вафо.

Ваҳки, даврон аҳлидин жуз бевалиғ келмади,
Ҳар нечаким, кўрдилар мен зори ҳайрондин вафо.

Чун вафо гулбарги даврон боғида очилмади,
Бежиҳатдур, кимки истар бу гулистондин вафо.

Кимса кўнглун кимсадин истаб вафо олдурмасун –
Ким, манга ҳуд етмади ул кўнглум олғондин вафо.

Эй Навоий, гар вафосиз чиқди ул султони ҳусн,
Топдинг элдинким, тиларсен эмди султондин вафо.

* * *

Эврулай бошингғау беҳушу ҳайронинг бўлай,
Бир замон садқанг бўлай, бир лаҳза қурбонинг бўлай.

Хони васлингдин агар қовса рақибинг, рағмига
Кўнглум истардек тахайюл бирла меҳмонинг бўлай.

Нетти жон топсам висолингдин лабингнинг холидек,
Кўзу зулфингдин неча масту паришонинг бўлай.

Хушурур васлинг майидин ҳар тараф хирқамда доғ,
Неча, жоно, мубталои доғи ҳижронинг бўлай.

Гарчи бандангмен, мени озод қилма лутфдин –
Ким, қуюндек садқаи сарви хиромонинг бўлай.

Танни жилванг вақти туфроғ айлай, эй чобуксувор,
То бошингға эврулурга гарди майдонинг бўлай.

Эй Навоий, гунгу лол истар эсам, тонг йўқ, сени,
Тобакай озурдаи фарёду афғонинг бўлай.

* * *

Ваъда айлаб васл, жисми нотавоним ўртама,
Келмагунгдур, интизор ўтиға жоним ўртама.

Ишқ ўтининг ўртари басдур, яна жоним аро
Доғи ҳижрон ҳар даме номеҳрибоним ўртама.

Жоним олдинг, солма охир нотавон жисмимға ўт,
Нақд чун яғмоға борди, хонумоним ўртама.

Новакингнинг касратиндинким, найистондур кўнгул,
Ўт олиб кирма қошимға, найситоним ўртама.

Жонима ўт солди ишқинг, бал жаҳоним ўртади,
Раҳм этиб мундин нари жону жаҳоним ўртама.

Ҳар нафас куйдурма ўт бирла, эй гардун, мени
Куйдурурга ҳар дам айлаб имтиҳоним ўртама.

Қилма нисбат хўблар сори Навоийдек мени,
Туҳмат айлаб ҳар замон, эй бадгумоним ўртама.

* * *

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,
Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.

Буки, анинг аҳду паймонимда мен ўлсам дағи
Яхши фурсат топсанг, ул бад аҳду паймонимға айт.

Буки, анинг зулфи зуннорида диним ҳосили
Куфр ила бўлмиш мубаддал, номусулмонимға айт.

Буки, қилмишмен жаҳону жонни онинг садқаси,
Юз туман жону жаҳондин яхши жононимға айт.

Буки, юз жон садқаси қилсам, пушаймон бўлмағум,
Васлиға бир ваъда қилғандин пушаймонимға айт.

Буки, юз минг фитнакўзлук бўлса пайдо, онсизин
Қилмағум наззора ҳаргиз, кўзи фаттонимға айт.

Буки, чок айлаб яқо, усрук чиқар эл қасдиға,
Мен ўлиб, эл жон топар, бебок нодонимға айт.

Даҳр боғи гуллари ҳуснин вафосиз эрканин
Юзи – гул, жисми – суман, кўйи – гулистонимға айт.

Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хушнаво
Булбули йўқ эрканин шоҳи сухандонимға айт.

* * *

Оҳким, ғам тиғидин кўксумни қил чок ишқ,
Дуди оҳимдин кўзимни айлади намнок ишқ.

Дард кирмак бирла жон чиқмоққа гар йўл қилмади,
Не учун ғам тиғидин кўксумни қилди чок ишқ?

Ул пари кўйидаким, ҳар лаҳза юз минг бош борур,
Судрабон элтур мени девонани бебок ишқ.

Кўзума ҳар дам ёруғроқдур юзингнинг кўзгуси,
Хосият мундоғ эмиш ҳар кимда бўлса пок ишқ.

Ошиқ ўлди хаста жон кўргач ул оташпорани,
Оллоҳ-оллоҳ, барқ ила ўйнайдурур хошок ишқ.

Ишқ водийсиға кирган ёнки, андин ҳар қуюн –
Ким, чиқар саргаштаедурким, қилибдур хок ишқ.

Эй Навоий, ошиқеким, сен каби истар фароғ,
Гар эрур Мажнунки, ул қилмайдурур идрок ишқ.

* * *

Ул ой қасдима тиғи буррон чекиб,
Мен оллида шукронаға жон чекиб.

Масиҳим чу фарёдима етмади,
Неча ўлтурай ўзни афғон чекиб.

Ҳамоно ёмон кўзга майл айладинг,
Алиф нил ила юзга ҳар ён чекиб.

Лабинг нўшдорусидин не осиғ,
Мен ўлдум чу хуноби ҳижрон чекиб.

Кетур, соқиё, давр аёғин тўла –
Ки, жон қолмади ранжи даврон чекиб.

Агар васли боқий керак, истагил
Фано кўйига рахти ҳирмон чекиб.

Навоий бериб жон ўқи тавқидин,
Анинг захмидин ёр пайкон чекиб.


Алишер НАВОИЙ – (1941–1501) буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *