Шавкат ҲАСАНОВ

ИСТЕЪДОДНИНГ РАНГИН ЖИЛОЛАРИ

Жамол Камол адабиётга ўтган асрнинг 60-йилларида ўзига хос иқтидор эгаси сифатида кириб келди.

Бу давр ўзбек шеърияти мафкурабозликдан, китобийликдан, баландпарвозликдан қутула бориб, эътиборини инсон қалбига, руҳиятига, унда кечаётган ҳис ва сезимлар таҳлилига, инсон умрининг моҳиятига қаратди.

Жамол Камол шеърияти туйғуга, хаёлотга, фикрга бой шеърият. Бу хусусият унинг ўз таъбири билан айтганда, «универсал» шеърларида, саккизликларида, аруз йўлидаги изланишларида, лиро-эпик асарларида бирдек намоён бўлади.

Кечинмага асосланган шеърлар ихчамликни, локонизмни талаб этади, ҳис- туйғу тасвирининг чўзиқлиги шеърнинг ички динамизмини сусайтиради. Бироқ шоир шеърларининг ўзагида лирик кечинма турса-да, уларнинг аксарияти ҳажман катта шеърлар. Лирик қаҳрамон монологидаги кўп овозлилик бу шеърларнинг кўламдорлигини, кечинма табиатининг қамровдорлигини таъминлайди. Ички диалог, суҳбат, тарихга мурожаат, воқеликка фалсафий ёндашув, объект сифатида кўпинча драматик авж нуқталарнинг танланиши ва бошқалар мазкур шеърлардаги кўп овозлиликни юзага келтиради.

«Ўзбекистон туни», «Отамга хат», «Она ўтмиш, она истиқбол», «Қора тош», «Файласуф билан суҳбат», «Сарфланмаган юрак», «Қалбдан садо», «Қасрлар» каби қатор шеърлар мисолида бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шоир поэтик услубига хос муҳим бир жиҳат – кўпгина шеърлари ибтидосида ҳаётий бир ҳодиса тасвирланади-да, ундан кучли умумлашма хулоса чиқарилади:

Кўл ётарди тоғларга туташ,
Мавжларига шамоллар шайдо.
Бир болакай, нигоҳи оташ,
Бўлди бир кун соҳилда пайдо.

Уфқларга талпинган зилол
Кўзларига бўларкан пайваст,
Бир зум қолди ҳайрат ичра лол,
Ҳаяжонда лол қолди бир пас.

Чинакам шоирлик деҳқоннинг меҳнатини эслатади. «Шеърият» аталган ушбу шеърнинг илк сатрларида сепилган уруғ – лирик тасвир аста-секин униб-ўсади, куртак ёзади, меваю япроқ тугади – поэтик ғояга айланади.

Энтикди-ю, ўзни серғулув
Тўлқинларга отди болажон.
Сузар бўлса, иқболга ёр у,
Чўкар бўлса, фидойи бир жон…

Болакайнинг юрагига ҳайрат, ҳаяжон, армон, кўзларига иштиёқ ва ҳавас уйғотган, мавжларига шамоллар шайдо бўлиб, тоғларга туташиб ётган бу кўл – ижод дунёси, унинг имо-ишоралар, рамзлар билан тилсимланган сирли олами эди. Инсон    умрининг    мазмун-моҳияти,    унинг    маънавий    қиёфаси,    бугунга жавобгарлик, келажакка масъуллик ҳисси Жамол Камол шеърларида такрор-такрор мурожаат қилинган ўзак масалалардан. Бу шеърларда лирик кечинма қаҳрамоннинг бугунини тарих билан, эртасини бугуни билан боғлайди.

Кечмишни унутган қолур бенаво,
Эртани унутган бўлади забун.
Ӯтмиш-истиқбол, деб аталган дарё –
Мени қаёқларга элтасан бугун?

Шу боис бу шеъриятдан эслатиб ўтиладиган тарихий шахслардан ташқари ўнлаб тарихий сиймоларга бағишланган асарлар қонуний жой олади.

«Қалбдан садо» шеъри бир инсоннинг вафоти туфайли шоир кўнглидан кечган изтироблар тасвири билан бошланади. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай инсоннинг ўлими қалбни ғам-ғуссага чулғайдиган, кўнгилга изтироб соладиган ҳаётий ҳодиса. Шеърнинг илк сатрлариданоқ лирик қаҳрамон мушоҳадалари ҳаёт ва ўлим қарама-қаршилиги фалсафаси доирасида ривожлантирилади. Муайян бир нуқтага етгач, лиро-фалсафий кечинма кутилмаган ўзанга бурилиб, янги бир ўй- мушоҳадалар занжирини ҳосил қилади.

Ҳей, шунча тоширма доғи ҳасратни,
Суриштирмай, ҳа деб ютаверма хун.
Ошкор сўйлай сенга бир ҳақиқатни,
Дўстинг ўлган эди, ўлмасдан бурун…

Шоир айтганидек, ҳою-ҳавасга қул, нафсига тобе, уяту ибосини, инсофу андишасини йўқотган инсоннинг ўликдан фарқи йўқ, бошқача қилиб айтганда, мазмунидан жудо бўлган шунчаки шакл… Албатта, бу мавзу ижод аҳли томонидан кўп бор талқин этилган. Бироқ шоирнинг маҳорати шундаки, у кундалик ҳаётий ҳодисадан инсон ҳаёти моҳияти хусусида ранг-баранг руҳий кайфият ва янгича поэтик мушоҳада юритишга йўл топа олган.

«Футбол» шеърини олайлик, футбол – навқиронлик, шижоат, эҳтирослар кураши. Бу ўйин шоир учун ҳаёт ва ўлим, инсон ва иблис, муҳаббат ва нафрат кураши каби адабий мавзулар баҳсида фикр-мулоҳазалар юритишга йўл очади.

Жамол Камол поэтик услубининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири, у хусусий, кундалик, маиший бирор ҳодиса, деталь, руҳий ҳолат, кечинма, воқеликдан олинган таассуротлардан кучли поэтик умумлашма, салмоқдор ижтимоий хулосалар чиқаришда кўринади. Бу унинг лиро-эпик асарлари, жумладан, «Армон», «Жамила» достонларида ҳам ўзининг яхши ифодасини топган.

Жамол Камол саккизлик шеър шаклида баракали ижод қилди. Албатта, унгача ҳам бу шаклда бир қатор шеърлар яратилган. Шоирнинг хизмати шундаки, мазкур кўринишни адабиётимизда алоҳида поэтик жанр даражасига кўтарди.

Саккизлик шеър шакли тўртлик каби фикрни ихчам, сиқиқ, бетакрор ва мазмундор ифода этишни талаб қилади. Поэтик ғоя ўзига яраша ва муносиб қиёфага эга бўлгандагина мазмун ва шакл уйғунлигига эришилади.

Кўзларингдан зарра ёғду,
Лабларингдан қатра нам –
Етмади васлинг аро
Кўнглимга ҳам, жонимга ҳам.

Кўзларинг ҳам, лабларинг ҳам
Менга оташ отдилар:
Қайта-қайта, лаҳза-лаҳза,
Дафъа-дафъа, дам-бадам…

Мавзу анъанавий, шакл анъанавий, мазмун эса тамомила янги, жозибадор, эстетик таъсирчан.

Шеър сўнггидаги икки мисрадан жой олган синонимик қатор – сўзлар такрори оҳангдорлиги билан ўқувчида завқ-шавқ уйғотади. Бу сўзлар қайтариқсиз ўз ҳолича алоҳида олинганда, унчалик ҳам лирик бўёқдорликка эга эмас. Бироқ, шеър ритмига мос равишда умумкомпозицияга сингиб, уйғунлашиб кетганлиги туфайли кўнгил кечинмаларини жонли, ёрқин, ҳаётий ифодалашга хизмат қилган.

Қанчалик қимматбаҳо, қанчалик чиройли бўлмасин, кўйлакнинг арзимасдек туюладиган оддий бир тугмаси тушиб қолган бўлса, кийим чиройли кўринмайди.

Шуниси борки, ўша тугманинг ўрнига тўғри келган ҳар қандай тугмани  ҳам қадаб бўлмайди. Бичимдаги недир кемтиклик барибир сезилиб туради. Чинакам композицион яхлит асарда сўз ҳам ана шундай ноёб «тугма»лик вазифасини ўтайди. Адабиётда  ошиқнинг  кўнгил  кечинмалари  акс  этган  минглаб  шеърлар бор. Ҳақиқий ижодкорнинг истеъдоди шунда кўринадики, у ана шу кўнгил кечинмаларини ҳар сафар янгилайди, унга янгича жило беради. Жамол Камол саккизликларида, ғазал ва мухаммасларида ана шундай оригинал шеърлар талайгина. «Ватан» шеърида шундай сатрлар бор:

Ул қуёшким, кечалар
Уфқинг уза қўйганда бош,
Бош қўярман мен оёғингга,
Севинчдан кўзда ёш…

Бобур бир ғазалида
«Муяссар бўлмаса бош қўймоқлик оёғингга //
Бошим олиб эй, Бобур оёқ етгунча кетгаймен», деб ёзган эди.

Ғазалдан олинган завқ-шавқ, арузий иборалар, ишоралар, рамзлардаги анъанавийлик, муаллиф шахсига руҳий яқинлик каби бир қатор омиллар мухаммас боғлашга асос бўлади. Мухаммас жанр сифатида саҳнада иккинчи ҳаётини бошлайдиган драматик асарларга ўхшайди. Мумтоз ва замонавий шоирларнинг ғазалларига Жамол Камол томонидан боғланган мухаммаслар ҳам ана шундай анъанавийликдаги новаторлик намуналаридир.

Бугунги кунда бармоқда ҳам, арузда ҳам ижод қиладиган шоирларимиз кўпайди. Лекин уларнинг аксарияти ё бармоққа ё арузга  «ихтисослашган» ҳар икковида  ҳам бирдек ижод қилиш камдан-кам шоирларга насиб қилмоқда. Жамол Камол шеърияти бу жиҳатдан ҳавас қилса, арзигуликдир. Аруз ва бармоқ баъзи илмий ишларда таъкидланганидек фақатгина ҳижоларнинг чўзиқ-қисқалиги, бўғинлар миқдорининг айнан такрорланиши билангина фарқланмайди. Аруздаги романтик кўтаринкилик, бармоқдаги реалистик услуб, сўз, ибора, мисра, банд қурилишига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Арузда китобий, бармоқда халқона оҳанг етакчи. Шу боис мумтоз вазнда келишик қўшимчаларининг шакли ҳам ўзгаради (жўналиш келишиги, «-га» ўрнида «-а», «-ға», чиқиш келишиги қўшимчаси «-дан» ўрнида «-дин» каби). Жамол Камолнинг бармоқ тизимидаги шеърларида учрайдиган «тасалло», «ағёр», «субҳидам», «сабо», «этмиш», «тимсол», «баногоҳ», «во ажаб», «хастаҳол», «доғи ҳасрат», «майи ноб», «зарраи хок», «кекса очун», «заҳри мор», «Ундан айру менга умри бақо йўқ //
Хуржунимда ундан ўзга вақо йўқ», «Мен омон истайман, топмайман омон», «дариғо», «вале», «ки» каби сўз, ибора, мисра, кўмакчи, боғловчилар аруз мулкидан «қарз»га олинган. Шоир бармоқ тизимидаги арузона оҳангни шеърларига моҳирона сингдирадики, бу ҳам индивидуал услубнинг ўзига хослигини кўрсатади.

Умуман, Жамол Камолнинг интим лирикасини мумтоз шеърият билан қиёслаб ўрганиш адабий маҳоратнинг янги қирраларини очган бўларди.

Ўтган асрнинг 60-70-йиллари адабиётида Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги мустамлака мамлакатларнинг озодлик учун курашаётган миллий қаҳрамонлари, ижодкорлари, саркардалари образини яратиш ўзига хос анъана тусини олди. Шу мавзу хусусида ёзилган қатор асарларда публицистиканинг мақоми ошганлиги кузатилади. Жамол Камол ҳам ўша давр руҳини яхши хис қилган, шу мавзуда («Жамила», «Лумумба қўшиғи») ижод қилган. Муҳими, унинг ижодида шунчаки, «хўжа кўрсин»га, номигагина ёзилган асарлар деярли учрамайди.

Унга юрак эди ва юрак доғи,
Боболардан мерос таланган тупроқ.
Термулса тунлари – умид чироғи,
Хўрсинса – ҳасрати, кўтарса – байроқ…

«Лумумба қўшиғи»дан олинган бу сатрларда бутун бир халқнинг асрлар давомидаги руҳий ҳолати, дарду алами, келажакка умидворлиги ўзининг ёрқин ифодасини топган. Бу фақатгина Лумумба ва унинг халқи фожиасига бағишланган шеър ёки ҳамдардлик изҳори эмас, балки лирик «мен» кўнгил изтироблари билан тўйинган воқеликнинг эҳтиросли лирик ифодасидир.

Шоирнинг 70-йиллар шеъриятида ижтимоий-фалсафий талқин кучайганлигини«Менга  оғир»,  «Хиёнат»,  «Гамлет»,  «Шоирга»,  «Сувайдо»,  «Узрлар»,  «Отам», «Нидо», «Улуғбек», «Ролми ёки ҳақиқий ўзи?» каби шеърлари мисолида кўриш мумкин. Бу шеъриятнинг лирик қаҳрамони инсон табиатидаги ҳар қандай қусурларга нисбатан муросасиз:

Мовий оқшом мовий кўзгуда
Кўринаркан жилвагар олам,
Қалби ёниб оташ орзуда,
Оловларга кираркан одам…

Қизалоғим сўрар ногаҳон,
Кўзларида – хаёл юлдузи:
Айтинг, дада., айтинг дадажон,
Ролми ёки ҳақиқий ўзи?..

Бу савол кишини дафъатан довдиратиб қўяди, кўнгилга шубҳаю гумонлар оралайди. Одам ўзини тафтиш қила бошлайди, сергак тортади. Теварак-атрофга теранроқ назар соласиз ва шунда қалбингизни ноаён ғуссалар чулғаб олади. Чиндан ҳам ҳаёт деганимиз турли-туман роллар бажарилаётган саҳна асари эмасмикан?! Вазиятга қараб, ҳар ким қўлидан келганча, гоҳ кулгили, гоҳ драматик, баъзан фожиавий эпизодларда иштирок этмаяптими?

Драматик асарлар илк саҳнага қўйилган антик даврда актёрлар кам бўлган. Шу боис кейинчалик ягона бир актёр ҳар хил ниқоблар билан чиқиб, турлича характер қиёфаларини ярата бошлаган. Бироқ одамзоднинг ҳаёт саҳнасига «ниқоб» билан чиқиши ундан-да аввалроқ, эҳтимолки, одамлар жамоа бўлиб яшай бошлаган илк даврларга бориб тақалар. Замонлар оша бу «санъат» шу қадар равнақ топдики, бугун рост билан ёлғонни, табиий билан сунъийни фарқлаш анчайин мушкул бўлиб қолди. Шу сабаб шоир эртага шеърини ўқиган шеърхон кўнглидан «Ролми ёки ҳақиқий ўзи?» деган иштибоҳ кечмасин дея тақдирга илтижо қилади, ўзлигини борича кўрсатишга куч беришини сўрайди.

Жамол Камолнинг ижодкор сифатида шаклланишида мумтоз шеъриятнинг таъсири кучли бўлганлигини эсладик. Шу боис бошқа шеърларида бўлгани каби бу шеърида ҳам асосий эътиборни ўзликни идрок этишга, тафтиш қилишга, англашга қаратади.

Шахсий сифатлари камолотга етган, эътиқоди мустаҳкам, характерда собит кишиларни шахс деймиз. Шахс дегани шамолнинг эсишига қараб турланиб, тусланавермайди. Унинг ҳар бир ҳодисотга ўз шахсий фикр-мулоҳазалари бўлади. Шоирнинг «Файласуф билан суҳбат» шеъри ана шундай оғриқли масалаларни талқин этади.

Омонсиз ва ғаддор душманни эмас,
Ношуд одамзодни кўрмасам дейман.

«Ношуд» деганда кўпинча бефарқ, лоқайд, куни минғирлаш билан ўтадиган одам тушунилади. «Ношуд» сўзининг луғавий маъноси «йўқолиб кетиш»дир, яъниким, жисм бору жон йўқ, тана бору руҳ йўқ, янада аниқлаштирсак: шахсиятини, ўзлигини йўқотиш демак. Шунчаликки, ҳар қанча омонсиз ва ғаддор бўлмасин душман ундан кўра авло, қиёфасизлик ва ношудлик – давр сиёсати ва мафкураси урчитган оммавий касаллик. Жони суғуриб олинсада, унинг ҳатто эътироз билдиришга ҳам қурби етмайди.

Юракдан чиқазиб «хўп»ку дея олмас,
«Йўқ» ҳам дея олмас юракдан…

Умуман қиёфасизликнинг турли-туман кўринишлари шоир шеъриятида алоҳида бир туркумни ташкил қилади. Жамол Камол шеърларида маълум бир туйғунинг, инсоний фазилат ва қусурнинг тафсилий тасвири лирик сўроқ, мурожаат, хитоблар билан қувватлантирилади ва муайян бир силсилавийликни ҳосил қилади. Адабиётимизда болалик самимияти билан йўғрилган кўплаб асарлар бор «Эски мактаб», «Шум бола», «Болалик», «Ўтмишдан эртаклар» сингари. Болалик олами – сиёсат, мафкурадан холи, ҳеч ким, ҳеч нарса дахл қила олмайдиган ўзга бир сайёра. Шу сабаб бўлса керакки, бу асарларни қайта-қайта ўқигингиз келади. Жамол Камолнинг ҳозиргача етарли баҳосини олмаган «Эшикда ой тўлқини» достони ҳам ана шундай асарлар сирасига киради. Санаб ўтилган асар муаллифларининг болалиги етимликда, мусофирликда кечган. Болалик саргузаштларига бағишланган бу асрларни биографик методда кузатсак, улараро жуда кўп ички яқинликлар мавжудлиги маълум бўлади. Характерларнинг шаклланиш жараёнлари, ночор турмуш тарзи, руҳий ҳолатлар ифодаси, сентименталликка мойиллик кабилар.

Жамол Камолнинг айрим шеърларида бўлажак достонининг эскизларини кўрамиз. «Эшикда ой тўлқини» достонининг муқаддимаси «Нақадар сирли кеча» шеърининг қайта ишланган варианти.

Асар сюжети бола тилидан ҳикоя қилинади. Иккинчи жаҳон урушида етим қолганлар қаторида Нина исмли поляк қизи қишлоқдаги бир хонадондан қўним топади. Буви, бола, яъни ҳикоячи ва Нина бир оила бўлиб яшайдилар. Кейинчалик Нина – бувининг урушдан қайтган ўғли Мансурни севиб қолади. Болакай Нинанинг қалбида, қиёфасида, юриш-туришида недир ўзгаришлар кечаётганлигини тушуна бошлайди.

Юзимга
Юзини қўяди секин,
Юзлари, юзлари… ёнади лов-лов.
«Совуққотдим», дейди қўнишиб,
лекин Ўзи шундай олов… шундай олов!

Кўп ўтмай, қизнинг онаси тирик эканлиги маълум бўлиб қолади. Нина икки ўт орасида қолади. Бола Нинага шунчалик боғланиб қолган эдики, кетганидан сўнг нафақат буви, Мансур тоға, унинг наздида ҳаттоки, қушлар ҳам, асаларилар ҳам йиғлаётгандек туюлади.

Чамамда унчалик куймади фақат
Қишлоқдаги бўйи етган қизлар…

Мана шу икки мисра давр руҳини бериш учун кифоя қилган.

Достонда ортиқча воқеанавислик йўқ. Ҳаётдан танлаб, саралаб олинган энг характерли ҳодисаларнинг штрихлари лирик ифодага тортилади. Қисқа сатрларда берилган қишлоқ, тегирмон, полиз манзаралари конкрет деталлар воситасида ёрқин тасвирланади. Портретларнинг аниқлиги, пейзаж манзараларининг тиниқлиги, тасвирий воситаларнинг қуюқлиги асар тилини жозибадор этган. Ҳикоячи нутқида реал воқелик ва хаёлот оламининг бирлашиб кетиши тасвир усулида лиро-эпизм бир бутунлигини юзага келтиради.

Шеър – шоир қалбининг биографиясидир. Одатда таржимаи ҳол хронологик баён этилади. Гарчи шеър инсон таржимаи ҳолидан фарқланса-да, лекин унга ҳам шу тарзда ёндашиш ижодкор поэтик маҳоратини ойдинлаштириш учун қулайлик яратади. Шунга кўра, йилдан-йилга, тўпламдан-тўпламга шоирнинг лирик қаҳрамони камол топиб борганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Жамол Камолнинг «Лирик шеъриятда композиция» тадқиқотида мазмуннинг, поэтик фикрнинг аниқлиги, таъсирдорлиги, поэтик ғояга нисбатан қисм ва образларнинг мувофиқлик даражаси, лирикада сюжет, ритм, илҳом каби қатор масалаларнинг шоирона талқин этилиши лирик композиция кўринишларининг бутун ранг-баранглигини акс эттира олган. Ушбу асар адабиётшунослигимизда ижод психологияси, жанр композицияси ва поэтикаси билан боғлиқ кемтикларни тўлдиргани билан аҳамиятлидир.

Фариддидин Аттор, Жалолиддин Румий асарларининг таржимаси шоирнинг кейинги йиллар шеъриятига сезиларли таъсир кўрсатди. Исломий мотивлардан фойдаланиш, шарқ ҳикмат, ривоят, ҳикоятларига мурожаат, тасвирда лиро-эпик кўламдорликка интилиш шоирнинг кейинги йиллар шеъриятига хос белгилар.

Шоирлик, олимлик, таржимонлик гарчи ижоднинг бир-бирига ўхшамаган турли соҳалари бўлсада, улар Жамол Камол ижодида уйғунлик касб этиб, бир-бирини тўлдириб, тўйинтириб келган поэтик услубининг рангин қирраларидир.

Замонавий шеъриятимизнинг етук вакили, адабиёт илмининг билимдони, сермаҳсул таржимон Жамол Камол ижодини монографик асосда тадқиқ этиш фурсати етди. Бу эса ўз навбатида шоир ижоди поэтикаси, яқин ўтмишимиз адабиёти тарихи ҳамда адабиётшунослигимизнинг бир қатор илмий-назарий масалаларини ёритишга хизмат қилган бўларди.

Шавкат ҲАСАНОВ – 1967 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Унинг «Ёмғир мавсуми», «Қайғудан кейинги кун», «Бухорои шариф дерлар» шеърий тўпламлари, «Достон ва лирика», «Замонавий достон поэтикаси», «Достон таркиби ва табиати» каби монографиялари нашр қилинган.

2019, 01-сон

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *