Хайриддин СУЛТОНОВ

ДЎСТЛАР

Бугуннинг ҳикоялари

Байрам арафасида бир киши анчадан буён кўрмаган дўстининг ҳузурига борди.
Дўсти янги, яп-янги ўзбек бўлиб, у эса эски, ҳаддан ташқари эски ўзбек эди.
Ҳол-аҳвол сўрашилгач, дўстлар ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Мана, Латипжонип, бу йилнинг ҳам бошига етдик, – деди Янги ўзбек ноутбукида ўйин ўйнар экан.
Эски ўзбек дўстининг янги одат чиқарганини, яъни, унинг исми қолиб, фамилиясини оҳанжама қилиб чақиришга ўтганини пайқади. Лекин ичидаги туйғуни қулт этиб ютиб, унинг гапини маъқуллаган бўлди.
– Ўтганиям бор бўлсин, одамни чарчатди.
– Нега чарчатади? – деб сўради Янги ўзбек.
Эски ўзбек шу саволни кутиб турган эди, ҳасратидан чанг чиқди.
– Нарх-навони кўрмайсанми, осмонга сапчийди, ўғилга пальто оберай деб кеча Ипподромга борсам, эчкининг думидек калта бир матоҳни эллик минг, дейди.
Янги ўзбек дўстига ҳамдардлик билан боқди:
– Тўғри айтасан. Мен ҳам байрамга майда-чуйда олиб қўяй деб, «Дюти-фри»га кирган эдим. Сингапурдан келган оддий виски саккиз юз доллар! Илож қанча, мажбур бўлиб икки яшик олдим.
– Яшиги саккиз юзми? – деди Эски ўзбек анграйиб.
– Қанақа яшиги, бир шишаси! – деди дўсти жаҳл билан, худдики бунга у айбдордек.
Эски ўзбек бош ирғади.
– Одамларда ҳам инсоф қолмади. Ишхонамизда туппа-тузук ошхона бор эди, хўжайинлар шуни ёпиб ресторан очган, туркларга ижарага бериб. Уйдан егулик опкелиб овқатланяпмиз. Шунақаям бўладими, ахир!
Янги ўзбек сигарет тутатди, қўлларини ёзиб керишди:
– Гапирма. Инсофнинг «и» ҳарфи қолмади. Э, итга овқат берадиган вақт бўпти- ку… Зўр ит, аммо-лекин. Ньюфауленд. Лондондан опкелганман. – У шундай деб қўл телефонини олиб рақам терди. – Алё! Ким бу? Ҳа, ўтирибсизларми? Устакелдими? Қайси бўларди, учинчи қаватга эшик қўядигани! Паркетчилар кеча кетди- ку, шуниям билмадингизми!.. Бўпти, ишлайверсин. Графга овқат бердингларми? Йўқ, холодильникдагини берманг, музлаган гўшт кучукнинг ошқозонини бузади. Ҳозир шопир свежий гўшт оборади, ўшандан берасиз. Мени ҳеч ким сўрамадими? Бўпти. – Телефонни ўчираркан, «Дура!» деб ўзича ғудраниб қўйди. Сўнг дўстига юзланиб, изоҳ берди. – Ҳеч домработницага ёлчимаяпман. Аввалгиси ўғри эди, бунисининг томи кетган. Ҳайдасаммикан, деб турибман.
– Хотининг қаёқда, Санобар?
– Санами? Болалар билан курортда-ку.
– Қаерда?
– Антальяда.
– Антальянг қаер?
– Антальяниям билмайсанми? Турцияда-да.
– Туркия дегин.
– Ҳа, Турция деяпман-ку… Яхши эсимга солдинг, телефон қиладиган пайтим бўлиб қопти. Санадан нақ балога қоламан-а! Йўқ, ҳали ярим соат бор экан, Сана ҳозир ухлаяпти.
– Қачон келишади? – деб сўради Эски ўзбек.
– Икки ҳафтадан кейин. Ўтган ҳафта бориб келдим, уч кунга. Жаннатнинг ўзи.
Хўш, Латипжонип, ўзинг қалайсан? Мундоқ хабар олай ҳам демайсан.
Эски ўзбек ўнғайсизланиб, кулимсиради.
– Энди… Безовта қилмай дейман, ишинг кўп. Вақтинг ҳам йўқ, биламан.
– Тўғри айтасан, вақт умуман йўқ. Тунов куни тоғам телефон қилиб келмоқчи бўлган эди, қабул қилмадим.
– Нега?
– Э, мени бекорга йўқлармиди! Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур!
Биламан-ку, буларнинг дардини!
– Тоғанг… Ҳайдар аками?
– Ўша-да, тоғам ўнтами мени!
– Бечора, сени яхши кўради. Сен туфайли биз ҳам қанча зиёфатини еганмиз. Қай бир йили операция бўлганингда тепангда икки ҳафта турган эди, эсингдадир.
– Эсимда, – деди Янги ўзбек. – Лекин энди бир замонда яхшилик қилганман, деб одамни миниб олиш шарт эмас… Хўш, курсдошларни кўриб турасанми? Мен, масалан, минг йил бўлди, бирортасини кўрмайман.
– Биз ҳам камроқ кўришамиз. Яқинда Баҳромжонни кўрдим. Сенга салом деди.
– Ҳа, қалай у дарвеш? Ҳалиям уйланмадими?
– Э, нега уйланмасин? Ўшлик бир қизга уйланган, иккита қизчаси бор.
Айтгандек, Шаҳрихонга тўйига бирга борувдик-ку, эсингдан чиқдими?
– Қайдам, – деб елка қисди Янги ўзбек.
– Баҳромнинг иши ёмон эмас, бош технолог эди. Фақат… икки ойча бўлди, хотини вафот этди.
– А, ўлдими?
– Рак, ўпкасидан… Жўрамиз иккита бола билан қолди.
– Да-а… ужас, – деди Янги ўзбек. – Нима-чи, ҳалиги… ҳаҳ, отинг қурғур бор эди-ку, чироқчилик?..
– Шойимқулми? – деб эслатди Эски ўзбек.
– Ҳа-ҳа, ўша.

– Шойимқул шу ерда, юрибди. Ишхонасидан қисқартиришга тушибди, деб эшитаман.
– Уй-пуй олганмиди, ишқилиб?
– Йўқ, мени билишимча, ижарада яшарди.
– Шунча йил Тошкентда лайлак ҳайдаб юрган экан-да, битта кулба орттирмаган бўлса!
– Чилонзорда квартираси бор эди, хотини билан ажрашгандан кейин уйни болаларига ташлаб кетди-да.
– Э, бўшашган! – деб астойдил ачинди Янги ўзбек. – Бировга ялиниб юргунча ер-пер олиб, боплаб участка қурволмайдими?
Эски ўзбек дўстига ажабланиб қаради.
– Участка қуриш осонми?
– Тўғри, осонмас, – деди Янги ўзбек. – Лекин қуриш керак. Мана, мен қурдим- ку, кўриб турганингдек, ўлиб қолганим йўқ.
– Сенинг йўлинг бошқа, – деб жилмайди Эски ўзбек.
– Нега бошқа бўлар экан? Сен бунақа большевикча гап қилма, хўпми?
Инсониятнинг йўли битта – бозор йўли.
– Тўғри, лекин…
– Лекин-пекини йўқ! Ўйлайсанки, ё менга осонми? Мана! Ўлганда осон бўлади! – деди Янги ўзбек тўсатдан қизишиб.
– Сенга осон деяётганим йўқ.
– Демасанг ҳам… ичингда шундоқ деб турибсан! Ё нотўғрими? Қани, нотўғри дегин-чи! – Телефон жиринглади. – Да! – Янги ўзбек русча гапиришга ўтди: – Лара, сенмисан? Ҳа, асал, нима дейсан?.. Мен ҳам соғиндим. Йўқ, қуёнчам, ҳозир боролмайман. Кечқурун… кечқурун деяпман-ку. Мен сенга кейинроқ қўнғироқ қиламан. Кечирасан, ҳозир олдимда чет эллик партнерлар бор, переговордаман. Бўпти! – Телефонни қўйиб, Эски ўзбекка қараб кўз қисди. – Зўр нарса! Энди ўн еттига кирган. «Ц-1»дан жой қилиб берганман. «Управляющи»м Пётр Моисеевични танийсан-ку, Ваксманни, холаси Израилга кўчиб кетаётган эди, уч хонали квартирасини обердим. Бир юз олтмиштага тушди ўзиям.
– Бир юз олтмиштанг… бу қанча бўлади? – деб сўради Эски ўзбек, нега сўраётганини ўзи ҳам тушунмай.
Янги ўзбек унга тикилиб, уф тортди:
– Латипжони-и-ип! Нимага довдирайсан? Гапниям белига тепдинг… Ҳа, сал қимматроқ бўлди-ю, ну, ничево, бир кеча қилган роҳатингга арзийди. Сен, албатта, мени пулни ердан супуриб олади, деб ўйласанг керак?
– Нега энди? – деди Эски ўзбек ва дилидаги фикри фош бўлганидан беихтиёр қизариб кетди.
– Ҳамманг шундай деб ўйлайсан, – деб илжайди Янги ўзбек. – Мана, мисол учун сени олайлик: сен қанча ойлик оласан?
– Ну, ўзимга етади.
– Йўқ, ростини айтавер, қўрқма, мен налоговой инспектор эмасман.
– Нега қўрқар эканман, ўттиз саккиз минг сўм оламан.
– Хўш, шу ўттиз саккиз мингнинг ҳаммасини уйингга опкетасанми, ахир? Эски ўзбек унга ҳайрон бўлиб қаради.
– Нима деганинг бу? Албатта уйимга опкетаман, мени бошқа хотиним йўқ-ки…
– Ана, кўрдингми! Мен ойига, грубо олганда, бир миллион атрофида топаман.

Лекин топганимнинг ҳаммасини уйга опкетмайман. Опкетолмайман. Бизнинг ишимизда арифметика чўткий – фақат олиш, қўшиш, кўпайтириш эмас, бўлиш биринчи ўринда туради, билдингми? Бўлишиш керак. Бу ёқда кўча бор, «крыша» бор, керак одамлар бор. Хуллас, шу миллиондан ўзимга қолса, юз минг сўм қолади, тушундингми? Яъни, юз минг уйга опкетиш учун миллион топишим керак. Миллион топиш учун ҳар куни минг ўлиб, минг тирилишим керак, Латипжонип! Масалан, сен неча соат ухлайсан?
– Тўйгунимча.
– Ана, кўрдингми? Мен бўлса, суткасига бор-йўғи тўрт соат ухлайман.
– Нега, уйқусизлик дардинг борми? – деб сўради Эски ўзбек ачиниб.
– Вақтим йўқ ухлашга! – деб бақириб юборди Янги ўзбек. – Бир соат ортиқча мизғиб қолсанг – тамом, ҳаммасидан айриласан! – Яна телефон жиринглади. – Алё? Ҳа, Норникель, сенмисан? Хўш, бордингми? Нима деяпти? Йўқ, алюминни нархи тушиб кетяпти, тезда акцияларни сотиш керак. Бугуноқ учиб кет Красноярга. Билмадим, бу сенинг проблеманг. Таможняга кимни юбординг? Эплайдими у латтачайнаринг? Бўпти, мен Пётр Моисеевични юбораман. Менга қара, никель бўйича «провал» бўлса, калланг кетади, тушундингми, калланг! Ўша идиотни тиқиштирмай тур ҳозир, кейин гаплашамиз! – Телефонни ўчираркан, Эски ўзбекка тушунтирди. – Менеджерим. Оти Норқобил, лекин биз «Норникель» деймиз. Полвон ўзи, каратэдан чўрний пояс. Лекин сал эси камроқ, иш буюриб, орқасидан ўзинг югуриб юришинг керак.
Эски ўзбек ҳорғин бош ирғади. Шу билан дўстлар суҳбати (агар уни суҳбат деб бўлса) поёнига етгандек бўлди. Буни биринчи бўлиб Эски ўзбек сезди.
– Мен борай энди, – деди у ниҳоят. – Байраминг муборак бўлсин, бола-чақанг билан омон бўл.
– Бўпти, – деди Янги ўзбек. – Ҳа, айтмоқчи, гапингни айтмадинг-ку?
– Қайси гапни?
– Тортинмасдан айтавер, мени биласан-ку…
– Гапим шу… сени табриклашга келувдим, – деди Эски ўзбек баттар ажабланиб.
– Уни-ку, эшитдим, ахир, бирор хизмат бордир бизга?
– Хизмат йўқ, – деди Эски ўзбек, – қандай хизмат бўлсин…
Янги ўзбек бу ташриф сабабини ҳануз англаб етмасдан ҳайрон эди.
– Менга қара, ёрдам-пордам керак бўлса, айтавер, уялишнинг ҳожати йўқ.
– Худога шукур, – деди Эски ўзбек. – Худога шукурки, ҳеч нарса керак эмас.
– Ўзинг биласан, – деди Янги ўзбек елка қисиб.
– Хўп, майли, бўлмаса, – деди Эски ўзбек ва ўрнидан туриб, унга қўл чўзди.
Янги ўзбек уни эшиккача кузатиб қўяр экан, ҳамон боши қотиб ўйлар эди: «Нима илтимоси бор экан-а?».
Остонада хўшлашдилар:
– Хайр.
– Хайр.
Сизга ҳам хайр, ўқувчим. Дўстларингиз билан кўришиб туринг.
1999

ШЛЯПА


Ҳамма гап шляпадан бошланди. Йўғ-э, жудаям шляпадан эмас, аталадан бошланди, шекилли.
Бузрукхўжаев диққати ошиб, токчадан «Прима» қутисини олди, тамакидан сарғайиб кетган бармоқлари титраб, лабига папирос қистирди. Аччиқ тутун димоғига ўрмалаб, хаёли чувалашди.
Аниқ эсида, якшанба куни, ғира-шира тонг қоронғусида, ҳали сўфи обдастасини қўлига олмасидан, Бузрукхўжаев уйқудан турди, ҳовлига тушиб, яккам-дуккам юлдузлар милтираб турган осмонга қаради. Юз-қўлини ювиб, ҳовлининг этагидаги айвон лабига борди, томоқ қириб йўталди, бир зум ўйланиб тургач, келинини чақирди:
– Орзи, тур, бозор тарқаб кетмасин тағин… Рўпарадаги кунгай уйда чироқ ёнди, дераза қия очилиб, Орзибунинг уйқусираган,
норози овози эшитилди:
– Вой, ота, нима бало, бозор тушингизга кириб чиқдими, ҳали эрта, беш ҳам бўлмабди-ку?
– Ҳа-а, сенга бешни боғлаб қўйганми, ётаверасанларми ғафлат босиб, бўл тезроқ. Бузрукхўжаев хонасига қайтиб кирди, электр чойгумни токка улаб, сув қайнатди, кейин токчага суяб қўйилган эски тошойна орқасидан кўҳна чарм ғилофли «Жилет» устарасини олди. Обдан ҳафсала билан юзига кўпик суртиб, соқол-мўйловини эринмай қиртишлади. Бу устарани эллик биринчи йили Москвада, раҳбар ходимларнинг уч ойлик малака ошириш курсига борганида олган эди, немиснинг моли асл бўларкан, мана, эллик йилдан буён қилт этмасдан, садоқат билан хизмат
қилиб ётибди.
Бу орада тонг ёришди, Орзибу ҳам эран-қаран ўрнидан туриб ҳовлига тушди, челакнинг даранглагани, сигирнинг мўрагани эшитилди.
Бузрукхўжаев эгнига кишилик кийимини – йўл-йўл чизиқли енги узун кўйлак, унинг устидан носранг френч ва шимни, оёғига қийналиб бўлса-да, ялтироқ хром этигини кийди. Чап оёқ ўлгурнинг тиззадан пасти аранг букилади – эски осколканинг асорати. Қирқ тўртинчи йили Будапешт остонасида мина портлаб, парчалари ўнг елкаси билан чап сонини мажақлаб юборган, бошига ҳам темир зарралари қадалиб қолган эди.
Бундай вазиятда ҳар қандай одам тил тортмай ўлиши муқаррар эди, аммо нима учундир Бузрукхўжаев ўлмади, жони қаттиқ экан, госпиталда олти ой ётиб, баданидаги темир-терсаклари билан уйга қайтди.
Кейинчалик райкомда, облисполкомда ишлаганида, ҳукумат касалхоналарига аъзо бўлган вақтларида қанча-қанча дўхтирлар осколкаларни олиб ташлаш керак, деб туриб олишди, аммо Бузрукхўжаев кўнмади, қўрқдими, ирим қилдими – буниси фақат ўзига аён. Қачонки, шу тўғрида сўз очилса, «Булар менинг ичимдаги орден- медалларим», деб гапни ҳазилга буриб қўя қоладиган бўлди. У баданидаги мина парчалари билан тинч-тотув, аҳил-иттифоқ бўлиб яшашга, бир-бирининг ички ишларига аралашмасликка келишиб олгандек эди гўё: улар буни безовта қилмасди, бу – уларни.
Кийиниб бўлгач, Бузрукхўжаев дераза олдидаги лиқиллаб қолган эски стулга ўтирди, кўзойнагини бурни устига қўндириб, френчининг кўкрак чўнтагидан занжирли соатини олди, қопқоғини очиб қаради: беш ярим. Бу, Орзибу хамири ачимаган хотин экан, қачон тайёр бўлади-ю, қачон йўлга тушишади! Ҳали чой ҳам дамламаган бўлса керак.
Худди шу вақт бирданига, ҳеч кутилмаганда унинг атала ичгиси келиб қолди.

Кўз ўнгида ҳиди бурқираб турган, қайноқ атала қуйилган катта сопол коса намоён бўлди, ҳатто коса ичидаги гулдор ёғоч қошиқни ҳам аниқ-тиниқ кўрди, иштаҳаси билан бирга беихтиёр чиройи ҳам очилиб кетди. Раҳматли Зулайҳо аталани қандоқ зўр пиширар эди, Бузрукхўжаевнинг уйига Тошкентдан келадиган казо-казо меҳмонлар ҳам атай шу овқатни буюриб ичишар эди. Бир марта шахсан ўртоқ Камоловнинг ўзлари ҳам бошқа бирорта овқатга қўл урмасдан бир коса аталани пок-покиза тушириб, «Жаннатнинг таоми бўпти, лекин», деб мақтаган эдилар.
Ниҳоят, ҳовлида Орзибу кўринди, атрофга кўлоблатиб сув сепиб, супуришга тушди. Бузрукхўжаев деразани қия очиб сўради:
– Завтракка нима қиляпсан?
Умр бўйи шу «нонушта», «эрталабки чой» деган сўзларга ҳеч ўрганолмади. Ўттизинчи йилларда, рабфакда ўқиб, ётоқхонада турган пайтидан бошлаб «завтрак» деган сўз унинг тилига бамисоли елимдек ёпишиб қолган эди.
– Ҳали ҳеч нарса қилганим йўқ, – деди Орзибу чимирилиб.
– Юмшоққина атала қилиб берсанг-чи? Қўй гўшти борми? Орзибу қўлидаги супургини тап этиб ерга ташлади.
– Вой, аталангиз нимаси, шу замонда биров атала ичадими? Қай бир йили роддомда ётганимда онам бир товоқ қилиб пишириб оборибди, бир қошиқ ҳам оғзимга олмаганман.
Бузрукхўжаев индамади-ю, лекин дарҳол ўйлади: бечора, атала пиширишни билмаса керак.
– Онанг ўргатмаган экан-да, – деди жаҳл билан.
– Ўргатган, нимага ўргатмас экан, – деди Орзибу тилини бермай. – Шу тобда бу атала ўлгурни қачон пишираман-у…
– Ҳа, бўпти, нима бор завтракка?
– Кечаги мошкичиридан қолгани бор, ўшани иситарман.
Бузрукхўжаев индамади. Лекин ич-ичидан қўзғалиб келган тўфонни бостириш осон кечмади.
«Шу замонда биров атала ичадими?» эмиш! Эй, одамзод, нега замонга тирғаласан, замонда нима айб?
Бир куни таомлар ўзаро баҳслашиб қолишибди. «Мен ҳаммангдан зўрман, – деб мақтанибди норин, – энг азиз меҳмонга мени тортишади». «Йўқ, мен ҳаммангдан зўрман, – дебди палов, – бежиз мени паловхонтўра дейишмайди». Бир чеккада мунғайиб ўтирган аталанинг жаҳли чиқиб кетибди. «Бекор айтибсанлар, – дебди у, – ҳаммангдан ҳам мен зўрман – уруш пайти ҳамманг қочиб кетиб, дастурхонда битта ўзим қолганман».
Бузрукхўжаев бу ривоятми, нақлми – нима бўлсаям, доно гапни келинига айтиб ўтирмади – атала-умоч қадрини билмаган нодон кимсага ҳайф, деб билди.
Дейдиларки, инсон у дунёга ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмас эмиш. Лекин Бузрукхўжаев аниқ биладики, раҳматли Зулайҳо унинг ҳаётига маъно бериб турган жуда кўп нарсани ўзи билан олиб кетди.
Раҳматли уни Худо деб биларди – сажда қилиб сиғинмасди, холос. Эрининг сўзи унинг учун ҳукм, ҳукми – қонун эди.
Зулайҳонинг оламдан ўтганига ҳам, мана, йигирма йилдан ошди. Орада Бузрукхўжаевнинг бошига яна талай мусибатлар тушди – тўрт ака-ука, икки қизи, бир ўғлидан жудо бўлди. Бу айрилиқлар наинки инсон, туяни ҳам, филни ҳам букиб ташларди, лекин Бузрукхўжаев синмади, тўкилмади – тақдир ишига кўнди. Кўнмаганида не иложи бор эди? Жонни Оллоҳ берар экан, олиш ҳам ўзининг қўлида. Шундай жўн, жайдари фалсафа билан ўзини овутиб, Бузрукхўжаев мана энди салкам юз ёшга яқинлашди. У таниган-билган қанча-қанча қариндош, дўсту бегоналар, ёшу қари инсонлар аллақачон бу ёруғ дунёни тарк этиб, абадий масканларидан жой олдилар. У эса… Кўз – бутун, қулоқ – соғ, ақл-ҳуши жойида,йиллар ўтган сари хотираси ўткирлашса ўткирлашдики, сусайгани йўқ. Нафақат шу қишлоқ, шу туманнинг, балки бутун вилоятнинг тирик афсонаси, тирик тарихига айланиб қолган Бузрукхўжаев ҳаётидан нолимас, лекин гоҳо-гоҳо тобора зерикиб бораётганини сезар эди. У ўзининг инсоний ўлчовлардаги ниҳоятда узун умри давомида онгли яшаб келаётганининг сир-асрори ҳақида ортиқча бош қотириб ақлини чарчатмас, ҳар бир кун, ҳар бир соатни шукроналик билан кутиб олса-да, бари бир ич-ичидан ўлимнинг совуқ нафасини яққол сезиб, ҳис қилиб турар эди. Ўлим ўзининг йўқликдан иборат моҳияти билан, яъни, «Кейин нима бўлади?» деган бешафқат, жавобсиз саволи билан унинг қалбини ваҳимага соларди.
Бузрукхўжаев хўрсиниб ўрнидан турди, оч қоринга яна папирос тутатди. Бермаснинг оши – пишмас. Бировнинг, ҳатто ўз зурёдларинг қўлига қарам, боқиманда бўлиб қолишдан оғир азоб йўқ экан бу дунёда.
Ваҳоланки, бир пайтлар, минг-минглаб одамлар унинг бир оғиз сўзига мунтазир бўлиб, амрига сўзсиз итоатда турган дамларда бундай гаплар қаёқда эди? Бугунгидек эсида, Фарҳод канали қурилишида у ишбошилардан бири эди, қўл остида беш минг одам бор эди. Қайнаб-тошган, чарчаш нима, шубҳа, иккиланиш нима – мутлақо билмайдиган ўт-олов чоғлари эди. Ҳафта-ўн кунда бўлиб турадиган митингларда баланд трибунага чиқиб ваъз айтганида, «Жонажон юртимиз учун, отамиз Сталин учун…» деб гулдураган товуш билан ҳайқирганида, ўзига тикилиб турган тумонат оломонни кўрганида беихтиёр бутун вужуди титраб, руҳи бамисоли арши аълога кўтарилиб кетгандек туюлар эди.
Ниҳоят, етти яшар эвараси Ортиқхўжа эшикдан бош суқиб, уни чойга чақирди. Бир уй бўлиб, гангир-гунгур чой ичишар экан, Бузрукхўжаев ўғли Ботирга шикоят қилди:
– Чап кўзимга парда тушган, ўрисчасига катаракта дейди, ўзим биламан. Кеча Азиз дўхтирга оборди. Катта бир кабинетда бир малакасос ўтирган экан, дардимни топиш ўрнига, энди, қаричилик, ота, дейди. Мана, сен ўқиган одамсан, айт, қаричилик деган диагноз борми?.. Ҳе, ўша сенга диплом бериб дўхтир қилиб қўйганнинг…
– Майли, ота, қўлим бўшаса, Тошкентдаги катта дўхтирларга оборарман, – деди Ботир бепарво чой ҳўплаб.
Бузрукхўжаев ҳафсаласи пир бўлиб қўл силтади. Билмади, бу бола кимга ўхшади! Бўшашган, латтачайнар – ҳўкиз туққанида оборасан!
Икки пиёла чойни қуруқ ичиб, Бузрукхўжаев ўрнидан қўзғалди, дарвоза олдида турган набираси Азиз «Нексия»нинг эшигини очиб, уни орқа ўриндиққа ўтқазди. Орзибу олдинга ўтирди.
Жўналди.
Орзибу йўл бўйи чакаги-чакагига тегмай, ўғлига нималарнидир жавраб борар, Бузрукхўжаев эса ойнадан ташқарига тикилганча лип-лип ўзгариб бораётган манзаралардан кўз узмасдан ўтирар эди.
Машина ўнг томондаги икки қаватли мактаб биноси олдидан ўтиб, шаҳарга кетадиган катта йўлга қараб бурилди.
Бу мактабни бир вақтлар Бузрукхўжаев қурдирган. Бунга кўп замонлар бўлди. Пенсияга чиққанидан кейин бундоқ қараса, шу туманда ўнлаб мактаб қурдирибди-ю, ўзининг маҳалласида мактаб йўқ, невара-чеваралари қишин-ёзин лой кечиб, ўн чақирим нарига қатнар экан. Унинг маҳалласига ваъда қилинган мактаб эса пойдевори қўйилганича туя гўшти еб ётарди.
Бузрукхўжаев чидаб туролмади, умри бино бўлиб тақмаган орден-медалларини тақиб, райкомга, райисполкомга борди, обкомга, облисполкомга кирди. Ҳамма жойда уни иззат-икром билан кутиб олишар, қуюқ чойга қўшиб қуюқ ваъдалар билан сийлашар, аммо ой ўтар, йил ўтар – мактабнинг битишидан дарак бўлмас эди. Чолнинг орден-медалларини шалдиратиб келавериши жонига тегди шекилли,

охири облисполком раиси Қамбаров онт ичиб, уни ишонтирди: «Қулмат ака, агар ўлмасам, шу ёзга мактаб албатта битади, лентасини иккаламиз бирга қирқамиз», деди.
Бузрукхўжаев унинг гапига ишонмаса-да, чиқмаган жондан умид, сабр қилишга қарор қилди. Бу орада баҳор ўтди, ёз, кейин куз ўтди, мактабга бирорта ғишт қўйилмади, аксинча, пойдевори нурай бошлади.
Бир куни Бузрукхўжаев унинг даврида бош врач бўлиб ишлаган Холматовнинг невара тўйига борди. Дарвоза олдидаги ясоғлик стол ортида савлат тўкиб папирос тутатиб ўтираркан, юзига қайғули тус бериб: «Қамбаров ҳам бандаликни бажо келтирибди, эрталаб жанозаси экан», деди. Бу гапни эшитиб, кўпчилик ачиниб юзига фотиҳа тортди, бировлар, Қамбаровнинг куни кеча отдек юрганини эслаб ҳайрон бўлди, баъзилар умрнинг омонатлиги, бандасининг ҳоли шу эканини айтиб, марҳумнинг адресини суриштиришга, шошилиб бошқаларга хабар қилишга тутинди.
Бузрукхўжаев «положенний» уч пиёла арман коньягини нўш айлаб, ошни еб, тўйдан иззат-икром билан қайтди. Шляпасини, кителини ечиб, дам олгани ичкарига кирди. Бирор соатлар чамаси мизғиган бўлса керак, туйқус ёнбошидаги қизил телефон қаттиқ жиринглади.
– Бузрукхаджаев эшитади, – деди у. У етмиш йилдан буён эски амалдорлик одатига кўра, телефон қўнғироқларига шундай деб жавоб қайтарарди.
Трубка бирдан «портлади».
– Эй, сиз қанақа бемаъни одамсиз ўзи?! Нима деб ёлғон тарқатиб юрибсиз?!
Бировга ўлим тилагунча ўзингизга умр тиланг!
Бузрукхўжаев сочининг учидан товонигача яйраб, товуш чиқармасдан кулди:
– Ким бу? – деб сўради атай уйқусираган овозда.
– Ким дейди-я яна! Сиз ўлдига чиқарган Қамбаровман.
– Ие! Астағфирулло, ё қудратингдан! – деди Бузрукхўжаев ростакамига ажабланиб. – Нима бало, у дунёдаям телефон бор эканми?
– Менга қаранг, ўртоқ Бузрукхўжаев, – деди Қамбаров «ўртоқ» деган сўзга важоҳат билан урғу бериб, – бу қилмишингиз учун ҳали тегишли жойда жавоб берасиз!
– Э, аввал сиз менга қаранг, ўртоқ Қамбаров, – деди Бузрукхўжаев айни оҳангда, – осмонга сапчимасдан ўпкани босиб олинг! Мен инсоннинг лафзига ишонадиган одамман. Бундан саккиз ой бурун олдингизга борганимда, ўлмасам, мактаб ёзга битади, деганмидингиз-йўқми? А?
Трубкадан Қамбаровнинг нимадир деб ғудрангани эшитилди.
– Мактаб битмаганидан кейин сизни ўлди, деб ўйлабман-да, мен нодон.
Ўлмаганингизни қайдан билай, мен бир қари пенсионер бўлсам… Қамбаров ортиқ чидолмади, шарақ этиб трубкани қўйиб қўйди.
Бечора орадан уч ой ўтиб, ҳақиқатан ҳам ўлди. Ўлимига эса ишдан кетиши сабаб бўлди. Бундай амалдорларнинг жон томири тагидаги креслосига боғланган бўладими, ким билсин… Майли, Худо раҳмат қилган бўлсин, боқибеғам бўлса ҳам, ёмон одам эмас эди.
Машина дўқ этиб чуқурга тушиб, қаттиқ силкинди.
– Вой, единг-ку мошинани, кўзингга қарасанг ўласанми?! – деб жаврашга тушди Орзибу.
– Э, йўлни қаранг, ойи, абжағи чиқиб ётибди. – Азиз норози тўнғиллади.
– Қаерга келдик, «Северний маяк»ками? – деб сўради Бузрукхўжаев ойнадан ташқарига тикилиб.
– Нима у «Северний маяк»?
– Э, «Северний маяк»ниям билмайсанми? Карисларнинг колхози-чи? Раиси Дмитрий Пак ошнам эди-ку, уйимизга ҳам минг марта келган? – деди Бузрукхўжаев ажабланиб.
– Вой, ота, қай замондаги гапларни айтасиз-а. Карис ошнангизнинг ўлиб кетганига… ўттиз йилдан ошиб кетди-ю! Азиз у пайтда туғилмаган бўлса… У колхоз ҳам аллақачон йўқ бўлиб кетган. Бу жойни ҳозир Саид Ваққос ота қишлоқ фуқаролар йиғини дейди, – Орзибу яна тўнғиллашга тушди.
– Кўп жаврама. Ошнам ўлиб кетганини билмай ўлибманми? Ўтган куни таклифнома олдим, мана. – Бузрукхўжаев кителининг чўнтагидан шапалоқдек ялтироқ қоғоз олиб, келинига кўрсатди. – Дмитрий Тимофеевичнинг юз йиллиги бўлар экан… Бугун ўн тўққизми? Ҳа, индинга. Бориш керак.
– Ҳа-а, шунинг учун бозорга отланиб қолибсиз-да. Ўзим ҳам айтдим, – Орзибунинг қошлари чимирилиб, тор пешонасида чуқур ажинлар пайдо бўлди. – Пул ўлгурнинг чўғи камроқ эди-да.
Бузрукхўжаев таклифномани чўнтагига жойлаб, Орзибуга синчиклаб тикилди.
– Қўрқма, шляпага етадиган пул бор ўзимда. Ўтган куни Нормат чўлоқ пенсиямни бериб кетган.
– Ота… – Орзибу бир зум тараддудланиб қолди. – Ота, энди шу шляпа ўлгурни қўйиб, ўзимизнинг бахмал дўппилардан кийсангиз нима қилади, а? Сизнинг ёшингизда…
– Бахмал дўппини миллионерлар кияди, биласанми?
– Вой, сизнинг миллионердан қаерингиз кам? Пенсиянгизнинг ўзи салкам миллион сўм бўлса, – деди Орзибу.
– Гапни кўпайтирма, шляпани қаерда сотади? – деб сўради Бузрукхўжаев унинг гапини эшитмагандек.
– Мен қайдан билай, манов қоқвошингиз билмаса… Ҳой, Азиз, сен шаҳарда юрасан-ку, қаерда шляпа сотади?
– Шляпа… «Мама, папа, шляпа!» – деб ҳиринглаб кулди Азиз. – Ҳозир ҳеч ким шляпа киймайди.
– ЦУМда сотармикан? – деди Бузрукхўжаев ўйланиб.
– Вой, ҳозир «цум-гум»лар қолмаган, ота, ҳаммаси аллақайси гўрга гум бўлиб кетган, – деди Орзибу. – Агар Кадишев бозорида бўлмаса…
– Ҳайда Кадишевга! – деб амр қилди Бузрукхўжаев.
Кадишев бозорини бошдан-оёқ кезиб чиқдилар. Кепка, шапка беретка, фуражка, бейсболканинг минг бир тури қалашиб ётибди, аммо шляпа – анқонинг уруғи экан.
– Мана шу бейсболка сизга ўлиб қолади, – деди Азиз илжайиб, пешонасига
«Манчестер Юнайтед» деб ёзилган шапкани бобосига узатар экан. – Битта кийиб кўринг.
– Аҳмоқ бўлма, – деди Бузрукхўжаев аччиқланиб. – Кетдик бошқа дўконга.
– Эсиз. Лекин ниҳоятда «крутой» бўлиб қолардингиз-да.
Бузрукхўжаевнинг жаҳли қўзиб келаётганини сезган Орзибу билдирмасдан ўғлининг билагини чимчилади.
Кадишев бозоридан кейин Чорсуга борилди, ундан чиқиб ТТЗ бозорига йўл олишди. Қанча-қанча дўкон, «бутик», «маркет»ларга бош суқишди. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ эди шляпа деган матоҳ.
– Вой, ордона, арзанда бўлмай ўлсин! – деб чакаги тинмасди Орзибунинг. – Ота, чарчаб ҳам кетгандирсиз, нима қилдик, қайтамизми, а?
– Тўхта, ана, «Головной убор» деб ёзиб қўйибди, шу магазинга ҳам бир кирайлик. – Бузрукхўжаев зирқираб оғриётган оёқларини аранг судраб, ўн беш метрлар наридаги дўконга қараб юрди.
Ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги, оқ-сариқдан келган хушрўй сотувчи жувон уларнинг илтимосини эшитиб, таассуф билдирди:
– Ҳозир бунақа молларга умуман харидор йўқ. – У шундай деб Бузрукхўжаевга курси қўйиб берди. – Ўтиринг, отахон, дам олволинг. Мана, бир пиёла чой ичинг.

Бузрукхўжаев иссиқ чой ҳўплаб, аъзойи бадани яйраб кетди.
– Умрингдан барака топ, қизим. Илоё, касбу корингга барака берсин, – деб дуо қилди.
– Айтганингиз келсин, – деди жувон фотиҳага қўл очиб, Орзибуга юзланди. – Опа, сиз ҳам ўтиринг. Энди… бизада шляпа йўғ-у, лекин яхши ондатра, норка телпаклар бор. «Обманка»сиям бор, «ушанка»сиям. Қоракўл кубанкаларимиз бор, жуда чиройли…
– Вой, отажонимда унақа қалпоқлари тиқилиб ётибди, – деди Орзибу тантиқланиб, – тўқсон ёшлик юбилейларида роса падаркага келган.
«Э, ўл, тилёғлама бўлмай!» деди Бузрукхўжаев ичида ва қовоғини солиб олди. Жувон уларга ишонқирамай қаради.
– Отахоннинг ёшлари… нечада?
– Худо умр берса, янаги йил юзга кирадилар отажоним, – деди Орзибу гердайиб.
– Юзга?! – Жувон беихтиёр қалқиб кетди, лекин дарҳол ўзини қўлга олиб, Бузрукхўжаевнинг кифтларига қўлини тегизиб тавоф қилган бўлди. – Табаррук инсон экансиз, илоё, бизлар ҳам сизнинг ёшингизга етайлик.
– Омин! – деб гапни қисқа қилди Бузрукхўжаев. – Энди, қизим, сизнинг таниш- билишларингиз кўп, ўзингизда бўлмаса, уларда бордир, бизга битта шляпа топиб бермасангиз бўлмайди. Узоқ жойдан келдик.
– Вой, жоним билан, отахон! Ҳозир… ҳозир… Марғубахон опадан сўрайлик-чи, балки у киши билар. – У қўл телефонини олиб рақам тера бошлади. – Тўғри айтасиз, илгари бу шляпа ўлгур ҳамма дўконда босилиб ётарди… Алё? Жавоб бермаяптилар- ку. Балки мол опкелгани Туркияга кетгандирлар. Опажон, Ипподромдаги карис бозорига бормадингларми?
– Бордик, карис бозор ҳам, ўрис бозор ҳам қолмади. Нимага бу зорманда дефицит бўлиб кетдийкин, а? – Орзибу сумкасини титкилаб, шоҳи рўмолчасини олиб, ўзини елпий бошлади. – Отажоним бир умр амалдор бўлиб ўтганлар, шунинг учун шляпага ўрганиб қолганлар-да.
– Тўғри, илгари ҳамма шляпа киярди. Менинг раҳматли адам ҳам заводда оддий ишчи эдилар, лекин шляпа кийиб юрардилар. Алё, Кларахон, салом, ўртоқжон, бормисиз? Нима, беш юзталик еврога ўхшаб кўринмай кетдингиз? А, тушунарли, майли, ўртоқжон, кейин бемалол гаплашамиз, ҳозир битта шляпа ниҳоятда зарур бўлиб қолди… Жуда нозик бир клиентим илтимос қиляптилар-да. А, тушунарли, кимда бўлиши мумкин, а? Изабеллада бормикин? А, у фақат женский шляпкалар… Тушунарли, ўртоқжон. Сардорчикка салом. Хўп, хўп… Аксига олиб, Кларада ҳам йўқ экан.
– Айтдим-ку, заводига ўт тушган бу матоҳнинг! – деб гап маъқуллади Орзибу. – Эсизгина, шунча овора бўлдиг-а!
Бузрукхўжаев муроди ҳосил бўлмасидан туриб бу ердан чиқиб кетишни ўйлар экан, яна танига оғриқ кирди.
– Битта-яримта шляпа сўраб келадими ўзи? Жувон бош чайқади.
– Мен ўн беш йилдан буён шу бозорда савдо қиламан, эслолмайман биров шляпа сўраганини…
– Нега, қизим? – Бузрукхўжаев бу масаланинг сабабига қаттиқ қизиқиб қолди.
– Ким билади дейсиз, – деди сотувчи жувон елка қисиб, – балки шляпа киядиган одамлар қолмагандир, балки… шляпага лойиқ бошлар қолмагандир. – У шундай деб ўзи пиқирлаб кулиб юборди.
Бузрукхўжаев ҳам илжайди, Орзибунинг ёрдами билан амаллаб ўрнидан туриб олди.
– Ҳа, қизим, сиз ҳам кўрган экансиз-да, андижонлик бир қора бола бўларди, телевизорга чиқиб дўппи тўғрисида шунақа шеър ўқирди. У бечораям раҳматлибўлиб кетибди.
– Жойи жаннатдан бўлсин, – деди жувон ва узр айтди: – Отахон, кечирасиз, сизга ёрдамим тегмади-я…
– Вой, сингилжон, қайтага биз сизни шунча овора қилдик, савдодан қолдирдик, кечирасиз, – деди Орзибу.
Бозордан чиқиб, машинага ўтиргач, Бузрукхўжаев қисқа буйруқ қилди:
– Ҳайда. Уйга.
Она-бола енгил тортиб, бозордан олган нарсаларини юкхонага жойладилар. Шаҳардан чиқиб олгач, Бузрукхўжаев хотиржам тортиб, кўзини юмди. Бу ёғига
Азизнинг ўзи олиб кетаверади, минг марта ўтилган йўл – аввал Сариқишлоқ келади, кейин Қизилсой, Баландқия, Жўраовул, Кўкмачит…
Чарчаган экан, иссиқ элитиб, бирпасда мизғиб қолибди. Бир маҳал Орзибунинг шанғиллаган овозидан уйғониб кетди:
– Вой, ота, туринг, шляпа ўлгурингиз мана шу магазинда бор экан.
– Қаерга келдик? – деб сўради Бузрукхўжаев машинадан тушаркан.
– Билмадим, қоронғи тушиб қолибди. Азиз сув оламан, деб шу магазинга кирувди, кўриб қопти.
Хира чироқ шуъласи аранг ёритиб турган, зинасига қопланган мармар плиткалар кўчиб ётган бу кўримсиз қишлоқ дўконида вақт гўё тўхтаб қолгандек – ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан буён ҳеч нарса ўзгармаган эди.
Бузрукхўжаев бундаги муҳитни дарров таниди. Сельпога қарашли, «Аралаш моллар магазини» деб аталадиган бундай савдо дўконларини… ўҳ-ҳў, унинг ўзи қанчасини қурган! Уларда нон, макарон, туз, консерва, кир совун билан бирга фуфайкаю этиклар, пақир ва белкураклардан тортиб эгар-жабдуқ, арқон ва михгача аралаш-қуралаш сотиларди. Ажабо, бу магазин замон эврилишларидан, хусусийлаштириш жараёнларидан қандай омон қолди экан? Худдики, кимдир биров, ақлли бир одам бу дўконни социализм даврининг музейи сифатида сақлаб қолгандек.
Не кўз билан кўрсинки, тўрдаги пештахтада ўнтача шляпа қалашиб ётибди!
Юзига ҳуснбузар тошган, қулоғига қулоқчин тақиб олган йигирма ёшлар чамасидаги йигит уларга парво ҳам қилмасдан, телефонда гап сотишни давом эттирарди. Лекин Бузрукхўжаев унга важоҳат билан бир тикилган эди, шошиб- пишиб салом берди.
– Шляпани ол, – деб амр қилди Бузрукхўжаев. – Ҳаммасини кўрсат.
Шляпалар, гарчи бир энлик чанг босиб ётган, бу ерга келганига йигирма- ўттиз йил бўлган бўлса-да, бус-бутун, энг муҳими, куя емаган эди. Ўша – нафақат Бузрукхўжаев, балки Политбюро аъзоларию артистлардан тортиб раисларгача, экспедиторлардан тортиб қишлоқ ўқитувчиларигача савлат тўкиб киядиган фетр шляпалар шундоқ кўз олдида қаторлашиб турибди.
Бузрукхўжаев биттасини олиб Орзибуга узатди. Орзибу сумкасидан рўмолча чиқариб, шляпанинг ич-ташини артар экан, димоғига чанг кириб, акса урди.
Бузрукхўжаев шляпани шошилмасдан кийиб кўрди. Эллик еттинчи, ўзининг размери, лоппа-лойиқ келди. Бояги сотувчи жувон бекор айтибди – шляпага лойиқ бош, мана, бор экан-ку! Ҳа, бош омон бўлса, шляпа топилади.
Шляпани кийиб олгач, Бузрукхўжаев бутун вужудида қадимий бир куч ва иштиёқ сезди.
– Қанча нархи бунинг? Магазинчи йигит ўйланиб қолди:
– Билмадим, нархини онам билмаса… Бу ўзи «уценка» бўлган мол, кўнглингиздан чиқариб бериб кетаверасиз.
Орзибу шляпани ва ташаббусни ўз қўлига олиб, савдолашишга киришди:
– Энди, ука, бунингиз эскириб, чириб кетибди-ю… Пуф деса тўзиб кетади. Унинг устига, «уценка» бўлган экан, икки-уч минг сўм берсак, етар?
Бузрукхўжаев ҳайрон бўлиб, Орзибуга тикилди. Эси жойидами бу хотиннинг? Икки-уч минг сўмга ҳозир гугурт ҳам бермайди-ку? Ё берармикан? Ҳа, мана бу ичидаги ёрлиғига нархини ёзиб қўйибди-ку: «Шляпа чешская, фетровая, цена – 27 р. 55 коп.» деб! Ўша замонда 60 копеек – 1 доллар турарди, демак, бу пулни долларга чақадиган бўлса, тахминан, 45 доллар бўлади. 45 долларни бугунги сўмга ҳисобласа, буям тахминан 366 минг сўм бўлади.
Бузрукхўжаев ёши бир асрга қараб бораётган бўлса ҳам, ҳисоб-китобга ҳалиям зўр эди, бекорга йигирма икки йил молияни бошқармаган, ахир.
Шунинг учун Орзибунинг қитмирлиги, қинғирлигига чидаб туролмади.
– Орзи! – деди зарда билан, ҳамон чакаги тинмасдан жавраётган келинига қараб. – Гапни кўпайтирма! Мана, ўғлим, юз минг, розимисан?
– Раҳмат, отахон, – деди йигит ишшайиб, қўлини кўксига қўйганича.
– Вой, нима қиляпсиз, ота, шу арзимаган ўлгурга бир дунё пул берасизми, сиз машинага бориб ўтираверсангиз-у, ўзим битириб чиқардим-а. Энди савдоимиз пишиб қолган эди-я, эсизгина…
Бузрукхўжаев унинг аҳамиятсиз гапларига қўл силтаб, ташқарига чиқди.
Машина ёнида турган Азиз югуриб келиб, унинг қўлтиғидан олди.
– Муборак бўлсин, бобо! – деди жилмайиб.
– Қуллуқ. Онангни чақир, кетдик.
Бузрукхўжаев машинага кириб ўтиргач, шляпасини ечиб, қўлига олди, оҳиста айлантириб, кўздан кечирди.
«Яна битта олиш керак! – деган фикр келди хаёлига. – Бунисини икки йил кийсам, кейин яна қидириб юраманми? Қидирганда топиладими-йўқми?»
Ичкаридан Азиз билан жавраб-саннаганча Орзибу чиқиб келди.
– Вой, бу бобонг бир шошадики, бир шошади. Кошки, пул ўлгурни супуриб олаётган бўлсак…
– Эй, менга қара, – деди Бузрукхўжаев, – яна битта оламан, кириб эллик еттинчи размеридан олиб чиқ.
Орзибу ҳанг-манг бўлиб қолди ва довдираб:
– Э, ота, нима қиласиз иккитани? Олдин мана шуни кийиб… – деб юборди. Бузрукхўжаев, ер тагида илон тугул, чувалчанг қимирласа сезадиган одам,
унинг фикрини дарҳол тушунди ва дарҳол «портлади»:
– Ҳа-а, нима мени икки йилда ўлиб кетади, деб ўйлаяпсанми?
– Вой, мен нима дедим, отажон, бор-йўғи…
– Хомтама бўпсан! Э, нодон аёл, ҳали мени қиладиган ишим кўп бу дунёда! Мана бу Азизнинг тўйини ўзим қилиб бермасам, сен бу ношуд эринг билан икки дунёда ҳам уйлантиролмайсан!
– Илоё, юзга киринг, ота, бизларга доим бош бўлиб юринг, – деди Орзибу баттар довдираб.
Бузрукхўжаев қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:
– Ҳой, Орзи, ростдан ҳам эсинг йўқ экан! Агар сенинг дуоинг ижобат бўлса, бир йилдан кейин ўлиб кетишим керак экан-да? Эй, Азиз, эшитдингми, нима деяпти бу онанг, а? – Бузрукхўжаев шундай деб сохта пўписа қилар экан, неварасига қараб кўз қисди: – Шу деганига бор, битта қишлик, иккита ёзлик шляпа олиб чиқ, мана пули. Размерим эллик етти, эсингдан чиқмасин!
Азиз хурсанд илжайиб, кўҳна дўкон сари югуриб кетди.


2017–2018

МИЛЛАТЧИНИНГ ЖАЗОСИ

«Исмимдаги бир ҳарфнинг қурбониман…»
Асқад МУХТОР

Ҳуррият бўлиб, коммунистлар демократларга, атеистлар диндорларга айланган, миллий ўзликни англаш сиёсат даражасига кўтарилган дориломон кунлар эди.
Ўроқ-болғали, чўғдай қип-қизил совет паспортини алмаштиришнинг тарихий фурсати етиб, тегишли идорага бош уриб бордим. Халқимизнинг хат-ҳужжат ишига одатий ҳафсаласизлиги туфайли, паспорт алмаштириш муддатига кечиккан мен каби масъулиятсиз фуқаролар маҳкама эшиги олдида маржондек тизилиб туришарди.
Шўро давлати билан бирга унинг қадрдон «очирит»лари ҳам йўқолиб кетган, шу сабабли бу ҳол бироз эриш туюлса-да, сабр-тоқат билан навбат кутиб, ниҳоят ичкарига кирдим. Эшигига «Подполковник Назымов Батыр Юлдашевич» деган лавҳа осиғлик каттакон хонанинг тўрида ўтирган қиёфасиз кишига рўпара бўлиб, арзим баён айладим.
– Акажон, – дедим кичкина укамдан ҳам кичкина бу одамни улуғлаб, – шу… бир масалада ёрдам берсангиз…
Подполковник «Назымов Б.Ю.» сийрак қошларини чимириб, менга сўзсиз тикилди.
– Биласизми… шу мустабид тузум даврида менинг исмим паспортга нотўғри ёзилиб қолган. Йигирма йил шу хато ном билан юрдим, энди шуни тузатиб олмоқчи эдим…
– Қандай хато? – Агар подполковник «Назымов Б.Ю.»нинг ўрнида ўзим бўлганимда, ҳеч шубҳасиз, бундай бошоғриқдан менинг ҳам энсам қотиши тайин эди.
– Отим Жамолиддин, иккита «д» бўлади, лекин бу паспортда «Жамолитдин» деб «т» билан хато ёзилган…
– Метрика, – деди подполковник «Назымов Б.Ю.»
– Мана, акажон, – деб таъзим-тавозе билан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни қўшқўллаб узатдим. У метрикани қўлига олиб, обдан синчиклаб кўздан кечирди, ҳатто ёзувларини пичирлаб ўқиб ҳам чиқди.
– Ҳаммаси тўғри, – деб ниҳоят ҳукм чиқарди у ва ҳужжатларимни тап этказиб, олдимга ташлади.
– Нимаси тўғри?
– Ҳеч қанақа хатоси йўқ, метрикада қандоқ ёзилган бўлса, шундоқ ёзилган.
– Нега тўғри бўларкан, ўзбек тилида…
– Давлат тилида, – деб тузатди у.
– Ҳа, сизларнинг таъбирингиз билан айтганда, давлат тилида «Жамолиддин» деган исм «т» билан ёзилмайди, иккита «д» билан ёзилади.
– Лекин, – деди у чертиб-чертиб, – метрикада «т» билан ёзилган, шу асосда сизга совет паспорти берилган, янги паспортда ҳам шундай деб ёзилади.
– Э, ака, қўйинг, «т» билан ёзганда исмим «итдин» бўлиб қоляпти-ку!
– Бунинг бизга алоқаси йўқ, – деди у. – Бу сизнинг проблемангиз.
Бу гапни эшитиб, агар менинг ўрнимда подполковник «Назымов Б.Ю.»нинг ўзи бўлганида ҳам, шайтонга ҳай беролмай қолиши муқаррар эди.
– Э, сиз қанақа одамсиз?! – дедим тутақиб, – шу битта ҳарф ўлгурни тўғри ёзиб берсангиз, нима, ҳақингиз кетиб қоладими?
– Ҳақим кетиб қолмайди, – деди у пинагини бузмасдан, – лекин ҳақим йўқ.

– Нега?
– Чунки, асос йўқ.
– Қандай асос керак сизга?
– Метрика.
– Метрика қўлингизда турибди-ю?
– Метрикада «т» билан ёзилган.
– Ҳа, бу метрикани… бундан қирқ йил бурун бир чаласавод татар кампир ёзиб берган-да.
– Бизга бунинг дахли йўқ, – деди подполковник «Назымов Б.Ю.». – Агар метрикани ўзгартириб келсангиз, хоҳлаганингиздек қилиб, иккита «д» билан, керак бўлса, учта «д» билан ҳам ёзиб беришимиз мумкин.
– Учта «д» керак эмас, – дедим мен жон ҳолатда, – бу… метрикани қаерда, қандай ўзгартираман?
– Берилган жойида, – деди у, – қайси райондан олган бўлсангиз, ўша ернинг ЗАГСига ёзма мурожаат қиласиз. ЗАГС архивга запрос беради, архив роддомдан олинган справка асосида справка беради, ЗАГС шу справка асосида сизга иккита
«д» билан янги метрика беради, шу метрика асосида биз сизга янги паспорт берамиз. Шу.
Оббо! Ахир, мен туғилиб ўсган, тупканинг тагидаги бу туман ўтган қирқ йил мобайнида тўрт марта – Сталин номидан Маленков номига, ундан Коммунизм номига, ундан кейин Тўқсонота номига ўзгарган бўлса… Хўп, дейлик, ана Тошкентдан минг километр йўл босиб, она қишлоғимга борсам. Борсам-у, менга метрика берган ЗАГС аллақачон ёпилиб, ФҲДЁга айланиб кетган бўлса. ФҲДЁ дийдиёмни эшитиб, архивга запрос берса-ю, архив аллақайси гўрга кўчиб кетган бўлса. Борингки, архив топилса-ю, у ердаги роддомдан берилган справкани йигирма йил олдин сичқон кемириб кетган бўлса…
Истиқболимда кутиб турган бундай ажиб, муқаррар келажакни бир зумгина тасаввур қилиб, вужудимни ғам босди.
Шу пайт денг, минг йиллар давомида ота-боболаримнинг қонида мудраб ётган қандайдир бир ғалати туйғу… билмадим, отини «миллатчилик» деса бўлармикан, лоп этиб жунбишга келиб қолди-ю!
– Мен буни, – дедим, – шу аҳволда қолдирмайман! Етар шунча йил чидаганимиз!
Мен… миллий ўзлигимни тиклашингизни талаб қиламан!!!
Қаттиқроқ бақириб юбордим шекилли, эшик қия очилиб, ёшгина лейтенант бош суқди: «Тинчликми?»
Подполковник «Назымов Б.Ю.» хира пашшани ҳайдагандек унга қараб беҳафсала қўл силкиди: «Бор, ишингни қил!»
– Марҳамат, – деди яна деразага тикилиб, – миллий ўзлигингизни тиклашингиз мумкин. Фақат асос керак. Метрикани ўзгартириб келинг.
Бу гапдан кейин ҳар қандай ақли расо киши кабинетни тарк этиши керак эди, албатта. Аммо миллий уйғониш туйғуси қўзиб, жазавага тушган одамни ақли расолар қаторига қўшиб бўлмаслиги ҳам ҳар бир ақли расо одамга аёндир.
– Сизга, – дедим тутақиб, – сизга асос керакми? Мана асос!
Худонинг марҳамати билан денг, ўша йилларда раҳматли Юртбошимизнинг фармонига биноан мен кичикроқ бир давлат нишони билан тақдирланган эдим. Шу нишоннинг гувоҳномаси лоп этиб сумкамдан чиқиб қолса бўладими! Бахтимни қарангки, гувоҳномада исми фамилиям ўзбек… йўғ-э, давлат тили қоидасига мослаб, яъни, иккита «д» билан, «Жалолиддин» деб ёзилган экан!
– Мана сизга асос, – дедим ғолиб жангчининг важоҳати билан.
Подполковник «Назымов Б.Ю.» гувоҳномамни эриниб қўлига олди, синчиклаб кўздан кечирди, ҳатто ёзувларини пичирлаб ўқиб ҳам чиқди. Кейин афсус-надомат билан бош чайқаб, гувоҳномани қайтариб берди.

– Бу асос бўлолмайди, – деди.
– Нега асос бўлолмас экан?
– Чунки инструкцияда фақат метрика асос бўлади, деб ёзилган…
Энди шу ерга келганда миллатчилигим нақ Эльбрус чўққисига чиқдию!
– Кечирасиз, – дедим жуда секин, одамни қўрқитадиган даражада секин оҳангда, – кечирасиз, давлат раҳбарининг шахсан ўзи қўл қўйган ҳужжат сизга асос бўлмайди-ю, бундан қирқ йил бурун, совет даврида, Сталин районининг ЗАГСида ўтирган бир чаласавод кампир ёзиб берган метрика асос бўладими? А?!
Агар подполковник «Назымов Б.Ю.»нинг ўрнида ўзим бўлганимда, менинг ҳам бундай қўрқинчли саволдан капалагим учиб кетган бўларди.
Табиийки, у чурқ этмай қолди, стол устидаги графиндан қиррадор стаканга тўлдириб сув қуйди, ютоқиб симирди.
Қарасам, вазиятни юмшатмасам бўлмайдиган.
– Мана, – дедим девордаги портретга ишора қилиб, – суратларини столингиз тепасига осиб қўйибсиз, у кишининг даврида полковник бўлибсиз…
– Мен подполковникман, – деди у ўкиниб.
– Полковник ҳам бўласиз, – дедим уни овутиб, – миллий ўзликни тиклаш руҳида ишласангиз, албатта…
Подполковник «Назымов Б.Ю.» оғир уҳ тортди, бир менга, бир девордаги портретга қаради, кейин чуқур хўрсиниб:
– Ҳамманглар шунақа қиласизлар, – деди ва олдидаги бир варақ қоғозга менинг исми фамилиямни тўғрилаб, яъни, давлат тилига мослаб, иккита «д» билан ёзиб, стол тагидаги кнопкасини босди. Остонада пайдо бўлган бояги лейтенантга буюрди: – Бу кишининг паспортини мана шундай қилиб расмийлаштиринг.
– Раҳмат, акажон, минг раҳмат сизга, – дедим қуллуқ қилиб.
Маҳкамадан қалбимдаги миллий ўзликни англаш туйғуси юксалиб, учиб чиқар эканман, беихтиёр «Ҳақ берилмас – ҳақ олинур!» дея биз каби гумроҳларнинг кўзини очиб кетган Беҳбудий бобонинг руҳи покларига дуо ҳам ўқиб қўйдим.
Бюрократик идора устидан қозонилган зафар сурури, афсуски, жудаям узоқ давом этмади.
Худойимнинг марҳаматини қарангки, шунча жафо чекиб, тошбағир бюрократия устидан ғалаба қозониб, қўлга киритган янги паспортим орадан кўп ўтмай менга янги имкониятлар эшигини очиб берди: камина қулингизни янги ишга – нуфузли бир идоранинг бўлим бошлиғи лавозимига таклиф қилишди. Тартиб-таомилга кўра, суҳбатга чорландим. Эшигига «Топ-менеджер Р.Дж.Халтураев» деб ёзилган кабинетга олиб киришди. «Чой, кофе, виски»га тобим бор-йўқлигини сўрашди. Рад жавобимни эшитиб, назаримда, бироз енгил тортишди.
– Мен резюмеингиз билан танишдим, – деди суҳбатдошим – бўлғуси раҳбарим, ўзбекча сўзларни инглизча талаффузда чертиб-чертиб. – Резюмеингиз менга ёқди. Менежмент, консальтинг, аутсорсинг сферасида тажрибангиз бор экан. Кроудсорсингни аста-секин ўрганасиз. Кастинг ишлари сизга танишми?
– Танловни айтяпсизми? Ҳа, мен умрбод шу иш билан шуғулланганман-да.
– О, кэй, – деди суҳбатдошим ва қабул тугаганини билдириб, ўрнидан турди. – Дипломангизни офис-менежерига берасиз.
Суриштириб билсам, «офис-менежери» дегани – ўша ўзимизнинг эски қадрдонимиз – кадрлар бўлими бошлиғи, исми фамилияси, дейлик, тахминан, Фая Ренатовна Зинатуллина экан.
У киши ҳужжатларимни, яъни, «резюме ва диплома»мни синчиклаб кўздан кечирди, кейин паспортимни сўради. Мен мағрурланиб, худди Маяковский айтганидек, кенг-мўл шимимнинг чўнтагидан «ўроқ-болғаси бор, чўғдай қип- қизил»… э, кечирасиз, ям-яшил муқовали, миллий паспортимни олиб столга қўйдим. Офис-менежер олдин паспортимни, кейин «диплома»мни қўлига олиб, улардаги

ёзувларга узоқ тикилиб қолди. Ранги ўзгарганини юзидаги гўзал ва мукаммал макияж ҳам яширолмади. Орага жуда сирли, худди Шекспир трагедияларидаги каби, чуқур маъноли сукунат чўкди.
– Диплом ўзингизникими? – деб сўради ниҳоят Фая Ренатовна қалам билан чизилган қошларини чимириб. Очиғини айтсам, нафасим ичимга тушиб кетди. Чунки, ҳаётимда уч нарсадан – дайди итдан, уколдан ва кадрлар бўлимидан қаттиқ қўрқаман.
– Ўзимники, ўзимники бўлмай кимники бўларди, – дедим шоша-пиша, – фақат шу … мустабид тузум даврида берилган, холос.
Офис-менежер буюк бир шубҳа ва тантана билан «диплома»мни, айни вақтда паттамни қўлимга тутқазди.
– Паспорт ва дипломдаги маълумотлар бир-бирига тўғри келмайди, – деди у ҳамон чимирилиб. Шу чимирилиш бечоранинг пешонасига чуқур ажин бўлиб тушиб қолса, ажаб эмас. – Паспортда исм иккита «д» билан ёзилган, дипломда эса «тд» деб ёзилган. Демак, буларнинг биттаси қалбаки. Ҳужжатларни қалбакилаштириш эса, сизга маълум бўлиши керакки, қонун йўли билан таъқиб қилинади.
– Нега қалбаки бўлар экан, сираям қалбаки эмас! – дедим мен, лекин негадир овозим қалтираб, мунофиқона чийиллаб чиқди. – Фақат паспортдаги исмим ўзбек тилининг, сизларнинг тилингиз билан айтганда, давлат тилининг қоидасига мувофиқ қилиб ёзилган. Фарқи шу. Мана, суратим ҳам турибди-ку, яхшилаб қаранг.
– Дипломда умуман сурат бўлмайди, шуниям билмас экансиз-да, – деди Фая Ренатовна, – кечирасиз, лекин сизни бу диплом билан ишга қабул қилиб бўлмайди. Подполковник «Назымов Б.Ю.»ни қандай қилиб енгган бўлсам, ушбу офис- менеджерни ҳам шундай усулда бир зарб билан тор-мор қилмоққа чоғландим-у, лекин Худо бирдан ақл бериб, эсим борида этагимни ёпдим. Ким билади, агар оёғимни тираб талашиб-тортишадиган бўлсам, кадрлар бўлими паспорт столига
«запрос» берса, паспортдаги исм ноқонуний асосда тузатилгани ошкор эмас, фош бўлиб қолса… арбоб кейин ҳар боб билан урмайдими?!
– Ҳай, наилож, – дедим ўзимни қувноқликка солиб, – сизлар билан бирга ишлаш насиб қилмаган экан-да. Ўзимнинг ҳам кўзим учиб тургани йўқ эди. Хайр.
– Хайр.
Орадан бир ҳафта ўтди.
Шанба куни нонушта қилиб, эр-хотин энди бозорга жўнамоқчи бўлиб турган эдик, эшик қўнғироғи жиринглади. Салом бериб, бир ёш йигит кириб келди,
«Кадастр хизматиданмиз», деб гувоҳномасини кўрсатди. Ошхонага таклиф қилдик.
– Эрталабдан безовта қилганимиз учун узр, окахон, хизматчилик, – деб гап бошлади у катта папкасини очар экан, – уй, адашмасам, сизнинг номингизда, шундайми?
– Шундай, – дедим мен бамайлихотир, – ҳозир ҳамма ҳужжатларни кўрсатамиз… Мана, квартира бериш ҳақидаги ордер, мана бу хусусийлаштириш тўғрисидаги далолатнома, буниси БТИдан олинган справкалар, мана бу кадастр қоғозлари, бу бўлса, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи гувоҳномаси.
– Жуда яхши, – деди кадастр ходими мамнун бўлиб, – дакументга пухта экансиз, ока, гап йўқ сизга. Қани эди, бошқалар ҳам сизга ўхшаган бўлса. Бир хиллар бор, уйига кирсанг, биронта дакументини топиб беролмайди. Топиб берсаям, ҳаммаси чалкаш бўлади. Мана, яқинда учинчи кварталдаги бир хонадонга кирдик, ишонасизми, уй ўтган асрда ўлиб кетган бувисининг номида қолиб кетган. Бўтта яшаётган набирасининг ўзи қариб, кампир буви бўлиб қолган. Ҳужжатларининг на боши, на кети бор. Раҳмат сизга, ока. Шу паспортни берсангиз, мен «данныйлар»ини шундоқ ёзволсам бўлди, кейин сизни вақтингизни олмайман.
«Паспорт» деган гапни эшитиб, юрагим шув этиб кетди. Лекин, сир бермай, сипогина бўлиб паспортимни узатдим.

– Жуда яхши, – деди ходим, – демак, отлари Жамолиддин ака… фамилиялари… Э, бу қанақаси? Ока, кечирасиз, кадастрдаги от билан паспортдаги от мутлақо бошқа-бошқа-ю!
– Мутлақо эмас, укажон, мутлақо эмас, – дедим ҳовлиқиб, – яхшилаб қаранг, кўрмаяпсизми, фақат битта ҳарфда фарқ бор. Ўтта «итдин» деб нотўғри ёзилган, бўтта «иддин» деб тўғри ёзилган. Шу, холос.
– Ока, бу дакумент, «битта ҳарф», «иккита ҳарф» деган гап бўтда кетмайди, – деди кадастр ходими қовоғини солиб, – дакумент «точный» бўлиши керак, билдингизми? Сизда бўлса, ё паспорт, ё кадастр сохта. Агар паспортдаги от тўғри бўлса, бу уй-жой сизники эмас, бошқа одамники, яъни, Жамолитдин аканики эмас, Жамолиддин аканики бўлиб чиқади. Умрингиз узоқ бўлсин-у, агар ўлиб- нетиб қолсангиз бу мол-мулкингиз бола-чақангизга мерос бўлиб ўтмайди, чунки у бутунлай бошқа одамнинг номига расмийлаштирилган, тушундингизми?
Шундагина, қандай катта, айтиш мумкинки, даҳшатли бир хатога йўл қўйганимни тушундим. Бўшашиб кетдим, ҳол-жоним қолмай…
– Нима қилса бўлади? – деб пичирладим ўзимга ўзим.
– Нервичит қилманг, ока, тўғриласа бўлади. Бунинг учун сиз паспортдаги отингиз ўзгарганини билдириб кадастр хизматига ариза ёзасиз, биз кейин паспорт столига запрос берамиз, запрос тасдиқланса, кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Лекин бунинг учун аввал кадастр гувоҳномасига асос бўлган ҳужжатларни, яъни, квартира бериш ҳақидаги ордерни, хусусийлаштириш ҳақидаги далолатномани, БТИ справкаларини, квартира планини, тўловлар квитанцияларини, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган шаҳодатномани ўзгартириш керак бўлади.
Кадастр ходими хайрлашиб кетдими, хайрлашмасдан чиқиб кетдими – билолмай қолдим, чунки ғам-ташвиш денгизига чўкиб, ғарқ бўлиб кетган эдим.
Э, миллатчи бўлмай, ҳар бало бўлай мен!
Бир маҳал ҳушим ўзимга келиб, энди нима қилишни мулоҳаза этишга уриндим. Лекин бу мулоҳазанинг натижаси менинг ҳолимни баттар хароб айлайдиган хулоса бўлиб чиқди.
Сиз ўртамиёна бир одамда қанча ҳужжат бўлишини ҳеч ҳисоб-китоб қилиб кўрганмисиз? Мен, бошимга миллатчилик савдоси тушиб, кечаси ухламасдан, одамга умр бўйи ҳамроҳ бўладиган, керак бўлса, унинг инсон, фуқаро, ҳатто шахс эканини тасдиқлайдиган ва мен албатта ўзгартиришим зарур бўлган бир дунё ҳужжатларнинг қисқача рўйхатини тузиб чиқдим.
Ушбу рўйхат бу турур:

  1. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома. Метрика. (Инсоннинг бутун тақдирини ҳал қиладиган энг асосий, бош ҳужжат).
  2. Паспорт (Ҳамма ғурбат шундан бошланган).
  3. Ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат.
  4. Ҳарбий билет (ҳали ҳарбий мажбурият ёшидан ўтмаганман, ҳар қачон хизматга чақирилишим мумкин).
  5. Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома (Бусиз ўттиз йил бирга яшаган аёлим менинг хотиним бўлмай чиқади, яъни, хотинсиз қолиб кетиш эҳтимоли юз фоиз).
  6. Диплом, топ-менежерлар тили билан айтганда, «диплома» (Бусиз мени ҳеч қаерга ишга олмайди, ҳужжатни сохталаштирганликда айблаб, жавобгарликка тортишмаса, шукур қилишим керак).
  7. Ҳайдовчилик гувоҳномаси (Бусиз ДАН ходими исталган чорраҳада машинамни «арест» қилиб, жарима майдончасига тиқиб қўйиши мумкин).
  8. Уй-жой билан боғлиқ ҳужжатлар (Ўндан ортиқ. Бунинг салбий оқибатлари ҳақида юқорида айтиб ўтдим, қайта баён айлашга юрагим дош бермайди).
  9. Дача ҳужжатлари (Уҳ!).
  10. Партия билети (Миллатчилигим туфайли «Миллий тикланиш» партиясига аъзо бўлганман, демак, унинг ҳам гувоҳномасини ўзгартиришим шарт).
  11. Овчилар жамиятининг гувоҳномаси (Э, Худойим, энг чатоғи шу – ахир, менинг номимда ов милтиғи бор-а! «Ноқонуний қурол сақлаган», деб қия бўлиб кетиш ҳеч гап эмас!).
  12. Болаларимнинг метрика, паспорт, аттестат ва дипломлари (Агар «отасининг исми» деган банди бўйича текширса, уч ўғил ва бир қиз менинг фарзандим бўлмай чиқади!).
  13. Фан номзодлиги учун берилган гувоҳнома.
  14. Муаллифлик ҳуқуқи (битта монография, учта услубий қўлланма, битта рационализаторлик патенти, юзга яқин илмий мақоланинг муаллифи мен эканимни исботлаш).
  15. Хизмат гувоҳномаси (ишхонага ҳар куни бировнинг номидаги ҳужжат билан кириб-чиқяпман!).
  16. Солиқ тўловлари (ИНН). (Зудлик билан ўзгартирмасам, текшириб қолса, миллион-миллион сўм солиқларни қайта тўлаш керак).
  17. Барча тўловлар (электр, табиий газ, иссиқлик, совуқ сув, иссиқ сув, чиқиндилар) бўйича дафтарчалар.
  18. Давлат мукофоти гувоҳномаси (Буни қандай қилиб ўзгартирса бўлади, эй одамлар?!).
  19. Прописка (паспортнинг ўзида, паспорт столида, маҳалла идорасида ва Худо билади, яна аллақайси гўрларда қайд этилган).
  20. Омонат касса дафтарчаси (иккита. Биттасини хотиним билмайди, яхши- ёмон кунга атаб тўпланган жамғарма менинг эмас, «Жамолитдин» деган мутлақо бегона бир одамнинг номида ётибди. Банк бу аҳволда бир тийин ҳам бермаслиги муқаррар. Оҳ, пул топиб, ақл топмаган аҳмоқ!).
  21. Уй-жой, дача, машина, соғлиқ бўйича суғурта ҳужжатлари.
  22. Акциялар (йигирмата, бир пайтлар ишхонада мажбуран беришган, шунча йил давомида сариқ чақа ҳам дивиденд тўланмаган, лекин, билиб бўладими, ноумид – шайтон).
  23. Жамғариб бориладиган пенсия гувоҳномаси. (Менга умуман алоқаси йўқ Жамолитдин деган бетайин бир шахснинг номига расмийлаштирилган. Қўлимдаги паспорт билан ҳемири ҳам ололмаслигим аниқ).
  24. Касаба уюшмасига аъзолик гувоҳномаси.
  25. Миллий (ўл, сен миллатчи бўлмай!) кутубхонага аъзолик билети.
    Булар – уйқусиз кечада карахт калламга дабдурустдан келган, мен эслашга улгурган ҳужжатларнинг бир қисми, холос. Буларни ўзгартириш учун, юзлаб идоралар эшигида сарғайиш учун битта умр эмас, буддавий банда каби етти умр бўлса ҳам етмаслиги мен каби аҳмоққа ҳам аёндир.
    Шундай экан, олдимда иккита машҳур ва долзарб савол пайдо бўлаётир, яъни,
    «Ким айбдор?» ва «Нима қилмоқ керак?».
    Биринчи саволнинг жавоби аниқ ва равшан – ўзимдан ўзга айбдор йўқ. Нима қилар эдинг ўлган илоннинг бошини қўзғаб?!
    Иккинчи саволга жавоб ахтариб, шаҳри азимдаги энг машҳур ҳуқуқий маслаҳатхонанинг остонасига бош уриб бордим. «Пинхасов ва ўғиллари» деб аталар экан бу маслаҳат кони.
    У ерда ўтирган саксон олти яшар мўйсафид, ўзининг айтишича, Охунбобоевнинг идорасида «начальник юротдел» бўлиб ишлаган, ҳар турли чалкаш ҳуқуқий масалаларнинг пихини ёрган Писар бобо Пинхасов арзимни тинглаб, кўзини юмди, узоқ тафаккурга чўмди ва деди:
    – Бўтам, мен дардингизни англадим, кўп мушкул аҳволда қолибсиз. Сизнинг бу вазиятингизда мавжуд иккита балодан имкон қадар енгилроғини танлаш керак.

– Яъни?
– Яъни, элликта ҳужжатни ўзгартиргандан кўра, битта ҳужжатни ўзгартирган маъқул. Мен сизга паспортингизни ўзгартиришни тавсия этган бўлардим.
Бу гапларни эшитиб, менинг нафсониятим, нозик миллий ғурурим қанчалик азият чекканини айтиб ўтиришимнинг, ярамга туз сепишнинг, ўйлайманки, ҳожати йўқдир?
Бир ҳафта-ўн кун тараддуд, иккиланиш, шубҳа-гумонлар исканжасида ўтди. Бу орада мени ўз фуқаролик бурчимни бажариб, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда қатнашишга даъват этадиган, паспортимни ўзим билан бирга олволишим кераклиги эслатилган таклифнома ҳам келиб қолди. Бу ёғини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг!
Охири бўлмади – яна ўша паспорт берган маҳкамага бориб, навбатга турдим. Сабр-тоқат билан кутиб, ниҳоят қадрдон подполковник «Назымов Б.Ю.»нинг қабулига кирдим.
Она халқимдан, доно халқимдан минг ўргилсам арзийди – мана шундай андишали ҳолатларда ниҳоятда қўл келадиган, одамни хижолат ботқоғидан тортиб чиқарадиган юзлаб мақол-маталларни яратиб қўйган, ана, саржиндай тахланиб ётибди, керагини ол-у, мақсадингга мослаб ишлатавер.
Мен ҳам шундай қилдим.
Подполковник «Назымов Б.Ю.»га юзланиб дедимки, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, жаҳл келганда ақл кетар экан, эгилган бошни қилич кесмас, бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, дейдилар, энди, шу бир қошиқ қонимиздан кечиб, мушкулимизни ҳал қилиб берсангиз, илоё, тупроқ олсангиз олтин бўлсин, мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин…
Подполковник «Назымов Б.Ю.» менга яна узоқ тикилиб турди-да:
– Хўп, – деди, – метрикангиздаги номингиз асосида, яъни «Жамолитдин» деб янги паспорт ёзиб берамиз, мен тўғри тушундимми?
– Тўғри, тўппа-тўғри, – дедим ҳовлиқиб.
– Хўп, – деди у, – лекин фақат истисно тариқасида, тушундингизми? Акт тузамиз, қўл қўйиб берасиз, кассага бунча сўм, бунча тийин тўлаб келасиз, уч кундан кейин янги паспорт оласиз.
– Раҳмат, минг раҳмат, сизга, мени жуда оғир муаммодан қутқардингиз.
– Соғ бўлинг, – деди подполковник «Назымов Б.Ю.» ва ўрнидан туриб, хайрлашиш учун қўлини чўзаркан, – сиз фақат бир нарсани билинг, – деди дона- дона қилиб, – ўша сиз айтаётган миллий туйғу бизда ҳам бор. «Назымов Б.Ю.»ни ўзбек тили қоидасига тўғри эмаслигини, нима, мен билмайманми? Биламан. Отам ҳарбий бўлган, мен Венгрияда туғилганман, метрикамни гарнизонда ёзиб беришган, тушундингизми?
Ҳайрон бўлиб қолдим.
Қаршимдаги бу одам бадбин бюрократ эмас, балки дарддошим, қисматдошимга айланди.
– Шундай, – деди подполковник «Назымов Б.Ю.» худди менинг фикримни ўқигандек.
– Хўш, унда нима қилиш керак? – деб риторик савол бердим мен.
– Сиз ҳозир кўп ўзбек мақолларини келтирдингиз, – деди у, – мен ҳам битта русча мақолни эслатмоқчиман. Руслар «Береги честь с молоду», дейди. Мен бунга қўшимча қилиб айтмоқчиман: «Береги … метрику с молоду».
Биз маъюс кулиб хайрлашдик.
2017–2018

МОНОЛОГ

– Ваалайкум ассалом. Нима қилардим, аканг айлансин, шу, ёмғирда ивиб турибман, сувга тушган бўлкадек. Аксига олиб, троллейбус келмаяпти, зонтик ҳам, плаш ҳам йўқ. Мана шу сигирнинг тилидек узун рўйхатни кўряпсанми, кеннайинг ёзиб берган, Алайскийга кириб бозор қилишим керак. Чўнтагингда ҳемири борми- йўқми, итнинг ҳам иши йўқ.
Бугун сени редакциянгдан уч-тўрт танга гонорарим бор эди, оларман, деб келувдим, кассир тётя Клава «Деньга нет!» деб дарчани қарсиллатиб ёпиб олди.
Менга зонтик тутиб туриб, ўзинг йўлдан қолмайсанми ишқилиб?..
Энди, ука, туриб-туриб хафа бўлиб кетаман-да. Ҳе, ўша, сендан Ғафур Ғулом чиқади, деган Дадавой сўтнинг падарига минг лаънат!.. Аканг айлансин, менга бундай ағрайиб қарама, Акбар аканг, Худога шукур, ҳали жинни бўлгани йўқ. Отамни биласан, эшитгансан-а, кимсан Дадавой сўт, Ўзбекистонда юрист зоти борки, ҳаммасининг пири-устози бўлади. Биринчи бўлиб шу соҳада сўт раиси, кейин кандидат, ўттиз бир ёшида дўхтир наук бўлган. Юстициянинг биринчи профессори, академиги, ўттиз йил юрфакнинг декани бўлди, беш йил министр бўлди.
Мана шу республикада қанча прокурор, қанча сўт, қанча начальник мелиса, шу соҳада нечта кандидат-дўхтир наук бўлса, Худога сиғинмаса сиғинмайди, лекин ҳаммаси Дадавой сўтнинг соясига сиғинади.
Бу Дадавой сўт – одамга шуниси алам қилади-да, болаларининг ҳаммасини юрист қилди. Яъни, одам қилди. Катта ўғли Бакирни прокурор қилди. Ўртанча ўғлини Олий сўтга аъзо қилди. Катта қизини юрфакка кафедра мудири қилди, куёвини начальник мелиса қилди. Кичкина қизи Зурафони академия наукнинг ҳуқуқ институтига бўлим бошлиғи қилиб жойлаб қўйди.
Ҳаммасининг нони бутун, эгни бутун, тагида машина, менга ўхшаб автобусга осилиб юргани йўқ.
Мен аҳмоқ, мен дуррак, ўнинчи синфда ўқиб юрганимда Салима деган сариқ- машак бир қизга ошиқ бўлиб, шеър ёзиб, адабиёт ўлгурга қизиқиб қолдим. Кечасию кундузи ёзганим ёзган, азбаройи қоғоз қоралашга қизиқиб кетганимдан Салимаям эсимдан чиқиб кетибди, ўнинчини битирганимиздан кейин қарасам, Пирмат кесак деган бир шопирга тегиб кетибди.
Мактабни битириб, сочимни попиратка қилдириб посон бўлиб юрган эдим, бир куни Дадавой сўт чақириб қолди.
«Хўш, Акбарвой, планлар қандай, қаерга ҳужжат топширасиз?» «Менми? Мен шоир тайёрлайдиган институтга кирмоқчиман, ада», дедим гердайиб. «Эй! Ўзлари шеър ёзадиларми? Яхши, яхши, қарқуноқдан булбул чиқибди», деди отам. Мен ишшайиб туравердим. «Майли, ўғлим, шеър ёзишнинг айби йўқ, – деди Дадавой сўт ва менинг келажак тақдиримни узил-кесил ҳал қилди: – Ғафур Ғулом ҳам ўлиб кетди, ажабмас, сендан Ғафур Ғулом чиқса… ғайрат қилавер, ўғлим».
Отамнинг шу гапи билан университетнинг журфагига ҳужжат топширдим.
Фалокат босиб, ҳамма имтиҳондан ўтиб кетсам бўладими!
Беш марта уч ойдан пахтага бориб келгунимизча «олтин давр» ҳам ўтди-кетди. Қочиб-қувиб ўқишни ҳам битирдим. Беш йилда мендан Ғафур Ғулом чиқмади, зора, энди чиқиб қолса, деган умид билан иш қидиришга тушдим. Ўша пайтда Ўзбекистондаги энг катта газетанинг редакциясига иш излаб бордим. Бахтимга, газетанинг бош редактори юрист одам экан, ҳойнаҳой, Дадавой сўтнинг шогирди бўлса керак, аризамдан мени таниб, лекин танимасликка солиб, ишга олди. Ишга олгандаям, биласанми, қаерга олди – нақ фельетонлар бўлимига!

Энди, ука, у пайтда газетада фельетон чиқаришнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор эди. Масалан, бирон ўғри, каззоб-муттаҳам ёки порахўр раҳбар, хотинбоз ёки иғвогар кимса ҳақида партия контроли идораси ёки орган материал тўпларди, унинг отини «компромат» дерди, кейин шуни газетанинг бош редакторига бериб,
«фельетон ташкил қилиш»ни буюрарди. Редактор бўлса, фельетонлар бўлимига топшириқ берарди. Биз ана шу материални ўқиб, ўзимиз умримизда кўрмаган, бориб гаплашмаган, ўзимиз текширмаган воқеалар ҳақида фельетон тўқирдик.
«Компромат»да баён қилинган фактлар тўғримикан, деб сўраш худдики партия органига шубҳа қилиш билан баробар эди.
Фельетон газетада босилиб чиққанидан кейин партия идоралари гўё бу гапдан мутлақо бехабардек, ёлғондан ажабланиб, «Ия, шундоқ ишлар бўп кетибди-ю, начора, энди чора кўрмасак, социалистик матбуот танқидига принципиал жавоб бермасак бўлмайди», деб, фельетон қаҳрамонларининг масаласини бюрога қўйиб, итнинг кунини бошига соларди. Шундоқ мунофиқ замонларни ҳам кўрган бу аканг боёқиш.
Хуллас, бир куни навбатдаги ана шундай топшириқни бажаришга тўғри келди. Яъни, Бухоро шаҳрида яширинча иш олиб борган тикув цехи фош бўлган экан-у, шу ҳақда фельетон ёзиш керак экан. У пайтларда ўғринча иш қиладиган бундай одамлар «цеховик» деб аталарди.
Мен дуррак, мен аҳмоқ, шу цеховикларни фош қилишга қаттиқ берилиб кетибман шекилли, краскани аямасдан, орқа-ўнгига қарамасдан роса ишлатибман. Эсимда, масалан, бош қаҳрамон тилидан: «Бизлар бир бечора, камбағал одамлармиз, эркакларнинг шимидан чиққанини еб кун кўрамиз», деган жумлани ҳам ёзворган эканман. Не кўз билан кўрайки, газетада ҳам шундоқ чиқиб кетибди.
Ҳамма ғавғо уч-тўрт кундан кейин бошланди. Мен билмаган эканман, бу цеховиклар бухор жуҳудлар экан, буям камдек, бош қаҳрамон аёл киши экан, бояги қочирим жумлани кимдир ўрисчага боплаб таржима қилиб берган шекилли, устимдан нафақат ўзимиздаги, балки Москвадаги цекагаю прокуратурага ариза устига ариза ёзишни бошлаворса, дегин! Курск остонасидаги ҳужум бунинг олдида чўпчак бўлиб қолди.
Энг ёмони, воқеага сиёсий тус берворишди. Ҳа, нимага анграясан, акаси, сиёсий тус нималигини билмайсанми?
Айниқса, биттаси бор эди. Исидор Абрамович Шуф деган, бутун СССРдаги адвокатларнинг «пири-муршиди» экан, Ленинграддан атай олдириб келишди. Аммо-лекин, Худонинг ғазаби экан бу Исидор Абрамович, Тошкентдаги судда гапиргани-ку, майли, нақ Изроилнинг радиосидан ҳам чиқиб гапирди.
«Бу Акбар Дадавой деган номатлуб шахс буржуа антисемитлари позициясида туриб, бегуноҳ, меҳнаткаш бир инсонни, нафақат оддий инсон, балки ҳурматли бир аёлни, нафақат ҳурматли бир аёлни, балки мўътабар зот – онани ҳақорат қилди. Агар у битта одамни таҳқирласа, майли, бунга чидаш мумкин эди, лекин бутун бир миллатни, совет халқининг ажралмас қисми бўлган бир халқнинг шаънини оёқ ости қилганига мутлақо чидаш мумкин эмас!» деб оташин наъра тортиб, бир урганида – тиззамгача, яна бир урганида – белимгача, охирги марта урганида – елкамгача ерга кириб кетдим.
«Антисемит» деган гап, энди, мулла, ҳозир ҳам енгил айб эмас-у, у пайтларда жуда даҳшат айб эди-да.
Тағин ҳам бахтимга Дадавой сўт кишибилмас шогирд-погирдларини ишга солиб, мени қамоқдан олиб қолди! Цека-чи, дейсанми? Э, одам бунчалар гўл бўлмайди-да, ука! Эски ҳофизларнинг ашуласини эшитмаганмисан: «Ур!» деганда номард қочур, мард қолур майдон ичинда…» ҳаммаси тумтарақай бўлиб кетди – партконтрол ҳам,
«компромат»ни берган нарконтрол ҳам. Бош редактор бечора ҳам амаллаб бошини сақлаш талвасасига тушиб қолди.

Охири нима бўлди, дейсанми? Нима бўларди, бу фельетон менинг шахсий ташаббусим бўлиб чиқди. Хизмат вазифасига совуққонлик ва масъулиятсизлик билан қарагани, фельетонда келтирилган факт ва маълумотларни етарлича текширмагани, энг ёмони, фельетон қаҳрамони билан учрашмасдан ёлғон ва туҳматдан иборат, бунинг устига, ҳақоратли, уят гапларни матбуот орқали тарқатгани, совет журналистининг ахлоқ кодексини қўпол равишда бузгани учун газетанинг катта мухбири Акбар Дадавойга партиявий учет карточкасига ёзиш шарти билан қатъий ҳайфсан эълон қилиниб, ишдан «статья» билан бўшатилди. Бошқалар ҳам бенасиб қолмасин, деб, шу касофат фельетонга қўл қўйган икки-уч кишига ҳам ҳайфсан-майфсанлар берилди.
Фельетоним қаҳрамонларининг қавмидан бўлмиш Марьям Ёқубова айтмоқчи, ана сенга сюрпризу ана сенга Ғафур Ғулом!
Гарчи ишдан ҳайдалиб, шармандаи шармисор бўлган бўлсам ҳам, қилмишимга яраша жазоимни берган бу халқнинг ақл-заковатига, бирдамлигига қойил қолдим, тан бердим.
Доно одамлардан бири Дадавой сўтга йўл кўрсатиб, «Энди бу ишлар босди- босди бўлиб кетгунча ўғлингиз кўздан панароқда бўлиб турсин», дебди.
Шу доно гапга амал қилиб, чиллали келинга ўхшаб, нақ икки йил уйдан чиқмасдан, Дадавой сўтга ошга бало, нонга бало бўлиб ўтирдим. Билмадим, сендан Ғафур Ғулом чиқади, деб берган маслаҳатига роса пушаймон бўлгандир.
Энди, ўзинг ўйлагин, акаси жонидан, одамга алам қилади-да. Хўп, мен-ку, ҳали кўзи очилмаган мушук боладек бир нарса эдим, лекин Дадавой сўт, энди кечирасан-у, бурганинг кўзини кўрган одам эди-ку! Ўшанда мен шоир бўламан, деб хархаша қилганимда, чакагимга бир шапалоқ уриб, ўчир овозингни, аҳмоқ, деб қўлимни қайириб бўлса ҳам, журфакка эмас, атиги биттагина ҳарф фарқ қиладиган юрфакка обориб топширса, нима, ўлиб қолармиди?! Ё хонликдан тушиб қолармиди?
Нима эмиш, «Майли, ўғлим, шеър ёзишнинг айби йўқ, Ғафур Ғулом ҳам ўлиб кетди, ажабмас, сендан Ғафур Ғулом чиқса» эмиш!
Ҳой, инсон, ҳой, мусулмон, овози дўриллаб, мўйлови чиқа бошлаган қайси йигитча шеър тўқимайди? Ана, Эркин аканг боплаб айтган-ку, «Ким шеър ёзмас менинг ёшимда» деб! Шу Салима сариқ-машакка хуштор бўлиб, мов мушукдек миёвлаб, алмойи-алжойи гапларни шеър деб ёзган бўлсам, нима энди, шунинг учун мен бечорани умрбод жазолаш керакмиди? «Пожизненный» бериш керакмиди? Ҳа- а, лоақал ёзганларимни бир ўқиб чиқса бўлмасмиди бу Дадавой сўт? Хўп, дейлик, шеър-пеърга балки ўзининг ақли етмас, лекин Ғафур Ғулом ўлиб кетган бўлса, Акмал Пўлат деганлар тирик эди-ку, ўшаларга бир кўрсатиб олса, нима, асакаси кетармиди? Ана, «Акмалингман, ҳур, бахтиёр қизингман», деган зўр ашулалари бор, биласан-ку. Нимага иршаясан, акаси, нимага иршаясан?..
Бу троллейбус ўлгур қачон келаркин, а? Ё тепамда зонтигингни кўтариб, ярим кечагача тураверасанми қоққан қозиққа ўхшаб? Майли, ўзинг биласан, ука, аммо- лекин эринмаган бола экансан.
Энди, сен ҳам ҳайрон бўлаётгандирсан, бу Акбар акамнинг дарди бева хотиннинг ҳасратидан ҳам узун экан, деб. Албатта, икки йил «уй қамоғида» ғирт бекор ўтирганим йўқ, Худога шукур, қоғоз-қалам сероб, билак бақувват, ичим тўлиб кетган экан, калламга келган гапни қайтармасдан ёзиб ётдим. Мана, сен мулла йигитга ўхшайсан, адабиётда қанча жанр бор ўзи, билсанг керак, шуларнинг ҳаммасида ёзиб кўрдим. Фақат роман ёзмадим, бунинг учун «темир кет» керак, очиғини айтаман, менда йўқ шу нарса. Бошқа жанрларни билмадим-у, лекин шеърда Ғафур Ғуломга етолмасам ҳам, Акмал Пўлатлардан озгина ўтиб, Пўлат Мўминларга яқинлашиб қолган эдим. Ўзимнинг назаримда, албатта.
Ёзиш дегани, ўзингдан қолар гап йўқ, туғишдек бир азоб. Менга ўхшаб, «уй қизи» бўлиб қолган мирқуруқларга ёзганини машинкалатиш айниқса яна биразоб.
Таниш машинкачи хотинларга ялиниб, насияга кўчиртириб, Тошкентда оти редакция борки, ҳаммасига қўшқўллаб обораман. Мана шу сен ишлайдиган бинода
«Неос дремос» деган, ҳозир раҳматли бўлиб кетган грекча бир газет бўларди, чиқмаган жондан умид деб, шунгаям шеърми, ҳикоями, очерк-почеркми, нима бўлса, тиқиштириб кўрардим. Лекин бирон қатор нарсам ҳеч қаерда босилмайди. Ҳамма жойда мақтаб-мақтаб қўлимга қайтариб беришади. Баҳона тайин – бирига темаси тўғри келмайди, бирига ҳажми. Сабаби эса менга аниқ – қора рўйхатга тушганим, ишдан «статья» билан ҳайдалганим, номим Масковларда ҳам достон бўлгани. Сенлар билмайсан, у вақтларда «Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз» деган, ҳафталик программаларни босадиган газетача бўларди. Мен шу газетнинг номини ўзимнинг ҳолимга мослаб олган эдим, яъни, «Тошкентдан гапирамиз – Москвадан кўрсатамиз!» Энди тушунгандирсан, мулла?
Шу орада онам раҳматли йўқ ердан бир ғавғо бошлаб қолди. Яъниким, «Акбарвой тенгилар икки-учта боланинг отаси бўлди, қачон бунинг бошини иккита қиласиз, дадаси», деб Дадавой сўтнинг олдига масалани кўндаланг қилиб қўйди.
Дадавой сўтнинг боши қотиб қолди. Назаримда, ишдан урилган, партиядан сурилган, антисемитик позицияда турган, совет журналистикасининг ахлоқ кодексини қўпол равишда бузган ярамас кимсага қайси тентак қизини берарди, деган ўй-андишалар хаёлини паришон қилган бўлса, ажаб эмас.
Лекин онамнинг қистови, Дадавой сўтнинг кичкина қизи Зурафонинг саъй- ҳаракатлари билан уйида соч тараб, куёв кутиб ўтирган бир келин бўлмиш ҳам топила қолди. Дадавой сўтнинг шогирдларидан бир ғўдайган профессорнинг (ғўдайган эканини албатта тўйдан кейин билдим) қизи экан. Номига бир-икки
«свидания»га чиққан бўлдим, кўзимга балодеккина кўринди. Унгаям бекорчи эр ёки академик қайнота керак эканми, хуллас, икки ўртада рози-ризолик бўлиб, рўзадан кейинга тўй белгиланди.
Бир куни редакциялардан қайтган бир қучоқ қўлёзмаларимни қўлтиқлаб, трамвайда шўлтиллаб уйга кетаётсам, ўзимга ўхшаган шўртумшуқ бир курсдошимни кўриб қолдим. Скверда трамвайдан тушиб, кўримсиз бир ошхонага кирдик. Чучвара билан яримта ароқни урдик. Курсдошим Сафар мени бир янгиликдан воқиф қилди: мундан икки ой бурун Мирзачўлда янги газета ташкил бўпти. «Рус ва ўзбек тилларида», деди Сафар алоҳида урғу бериб. Машҳур отахон журналист Алижон Холиқулов бош редактор этиб тайинланган эмиш. Вилоятда маҳаллий кадрлар етишмагани учун Тошкентдаги журналистларни ишга олаётган эмиш. Сафарнинг ўзи ўзбекча газетада масъул котиб эмиш. Агар хоҳласам, мени Алижон Холиқуловичга тавсия қилиши мумкин эмиш, Алижон Холиқулович жуда яхши одам эмиш, ёш кадрларни ниҳоятда қадрлар эмиш.
Сафарбой хоразмлик эди, шунинг учун бу гапни ўзининг шевасига солиб, «қадрларни кадрлайди», деб айтди, аммо менинг фикру зикрим унинг таклифида бўлгани учун бунга эътибор қилмадим.
«Мирзачўл замини, – деди Сафарбой худди эски ишхонаси – радиодан гапираётгандек, – сизга ўхшаш олтин қалам соҳибларига жуда-жуда муҳтож». «Мазгини қотирма, Сафар, – дедим уни жеркиб, – мен ишдан «статья» билан ҳайдалганман, Алижон Жонқовуличинг мени ишга олармикан?»
«Алижон Холиқулович, – деди Сафар менинг гапимни тузатиб, – жуда принципиал одам, бунақа майда-чуйда нарсаларга мутлақо эътибор бермайдилар, албатта сизни ишга оладилар».
Яна икки стакандан ичганимиздан кейин Сафарбой бироз пастга тушиб, редакциясининг сир-асрорини ошкор қилди: умуман, чўл газетасида кадр қаҳат эмиш, ҳозирча газетани бош редактор, ўзи, Қўшбоев деган бир чол, русчасини эса Галламов деган бир татар амаллаб чиқараётган эмиш.
«Нима бало, ойлик-пойлик бермайдими газетанг?» дедим шубҳаланиб.

«Ойлик бор, гонорар ҳам ҳар ўн беш кунда нақд, – деди Сафар мақтаниб, – фақат жой масаласида шу… вагончада ётиб турибмиз вақтинча, лекин гап бор, тез орада барак уйлардан биттасини редакция ходимларига квартира қилиб беради, так что…»
«Так что, бўпти, борганим бўлсин, – дедим, – лекин қандай боради Мирзачўлингга?»
«Ҳа-а, ўзимиз студентликда пахта териб юрган жойлар-да. Вокзалдан тўғри электричка қатнайди ҳар куни. Шанба-якшанба кунлари бемалол уйингизга келиб- кетсангиз бўлаверади».
Ширакайф курсдош билан қўл ташлашиб хайрлашдик.
Тўхта, мулла, анави нечанчи автобус? Йўқ, менга троллейбус керак, тўртинчи, қораси кўринмайдими? Нима бало, шох-похи узилиб тушганмикан бу лаънатининг?
Хуллас, ука, шундай қилиб десанг, мен Мирзачўл газетасининг мухбири бўлиб иш бошладим.
Сенга ёлғон, Худога рост, лекин чўлда иш юришиб кетди, оғайни. Фақат баъзан каттаконларнинг Москвадан келадиган қулоч-қулоч докладларини пойлаб, редакцияда тонготаргача қолиб кетишимизни айтмаса…
Бу ерда ҳавоям, ҳаёт ҳам, одамлар ҳам бошқача – янги эди-да. Чўлда юрсанг – юрагинг ҳам кенгайиб кетаркан.

«Кириб кела бошлар қалбингга баҳор, Кўнгил тўла очилмаган қўриқдай», –деб ўшанда ёзганман-да, акаси.
Газетада босилган мақолаю очерклар, шеъру ҳикояларим билан бир йилда отнинг қашқасидек ҳаммага танилиб қолдим. Редакциянинг эркаси бўлиб олганман, дегин. Алижон Холиқулович ҳар йиғилишда менга ўхшаган аҳмоқ мардикорни бошқаларга
«кўргазма қурол» қилиб кўрсатади. Бошқаларнинг лаб-даҳани осилиб кетади, сезиб тураман. Редакцияда обрў мирзатеракдек баланд, ҳатто ишхонанинг зиқна бош бухгалтери Зоҳир Ризо ҳам мен билан ҳисоблашади. У бечораям шоирлик касалига йўлиққан, юзингни кўрмоқчи бўлсам, кабинкани ёпиб кетдинг, деган шеърлар ёзиб туради, бўлимга тиқиштиради, пиёниста бўлсаям, адабиёт бўлимининг мудири Журъат Шарипов ҳали инсофини ичиб қўймаган одам эди, ўрисча сўкиниб, «Только через мой труп!» дейди – ўтказмайди. Бунга сари омадсиз шоир Зоҳир Ризонинг жини қўзиб, ўзини ранжитган қалам аҳлидан қасос олишнинг ўта маккор йўлини ишга солади: гонорар ведомостига қўл қўймасдан, оёқ тираб турволади. Шундан кейин редакция ходимларининг кўп сонли илтимосларига кўра, мен бошбухнинг ҳузурига элчи бўлиб бораман.
Лекин баттол Зоҳир Ризо «элчига ўлим йўқ», деган гапни ё эшитмаган, ёки эшитган бўлсаям уни икки пулга олмайди шекилли, пинагини бузмайди. Қия очиқ турган эшигининг олдидан томоқ қириб у ёққа ўтаман, бу ёққа ўтаман, қани энди қилт этса! Ўзини ниҳоятда банд одамдек кўрсатиб, столининг устидаги бир тўп қоғозга тикилиб ўтираверади. Ҳеч бўлмагандан кейин сўнгги – синалган ҳунаримни ишга соламан, бошбухнинг эшиги олдидан ашулани варанглатиб, муқом қилиб ўта бошлайман:

Зоҳир Ризо,
Боқмай қиё,
Куйдирди-ё…

Йўлакда томошаталаб одамлар тўпланади. Буни кўриб баттар авж қиламан:

Зоҳир Ризо,
Боқмай қиё
Куйдирди-ё…
Қўл қўйса-ё,
Ош бўларди-ё.

Ошнинг дарагини эшитиб, ниҳоят, баттол таслим бўлади, илжайиб, қўл қўйиб беради.

Зоҳир Ризо,
Капитуляция актига
Қўл қўйди-ё…

Йўлакда янграган қаҳқаҳа овозини эшитиб, кабинетидан ҳатто Алижон Холиқулович югуриб чиқади: «Тинчликми?»
Ҳамма хона-хонасига тумтарақай бўлади.
«Тинчлик, хўжайин, – дейман Зоҳир Ризога кўз қисиб, – рассомимиз Лешченко боплаб карикатура чизибди, америка империалистларининг абжағини чиқариб… Шуни муҳокама қилаётувдик».
«Яхши бўлса, номерга тайёрлаш керак», дейди бош редактор кабинетига кириб кетаркан.
Мана шунақа ҳангомалар билан ишлаб юравердим. Бу орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Келинни онамнинг хизматига қўйиб, ўзим давлат хизматида давом этдим. Бир йилдан кейин хотиним ўғил туғиб берди. Оғзим қулоғимда, чақалоқни туғуруқхонадан опчиқиш учун уч кунга жавоб сўраб, Тошкентга келдим. Болани бешикка солдик, чўзма-чалпак пишириб, қўни-қўшнига тарқатдик. Бу ёқда десанг, менинг «одам» бўлиб қолганимни кўриб Дадавой сўтинг ҳам хурсанд. Уч кун ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Уйдагилар билан хайрлашиб, ўғилчанинг юзидан ўпиб, тўрва-халтамни кўтарганча вокзалга келдим, қарасам, ҳаммаёқ тўс-тўполон, ваҳима. Нима эмиш, қўшни республикада чума тарқабди, ҳа, ўзбекчаси вабоми, шунинг учун темир йўлда карантин эълон қилинибди, энди поезду электричкалар қачон юради – ёлғиз Худо билармиш…
Бу гапни эшитиб менга жон кирди, ғизиллаб уйга қайтдим. Ўғилчанинг дийдорига тўймаган эканман, эркалаб-ўйнатиб ўтираверибман, бир куни қарасам, бир ойча вақт ўтиб кетибди.
Вокзалдан хабар олай-чи, карантин бекор бўлгандир, деб борсам, ана урди Худо! Бу лаънати карантин қуруқ ваҳима экан, эртасигаёқ бекор бўлиб кетган экан-у, мен дуррак ғафлат босиб ётган эканман.
Бетўхтов электричкага миниб, Мирзачўлга равона бўлдим. Ўзимга ўзим далда бериш учун «Пешонамни ялтиратган чўл шамоли, ёр-ёр» деган ашулани хиргойи қилиб бордим.
Тушдан кейин қадрдону жонажон редакциямга етиб бордим. Бир ой кўрмаган ҳамкасбларим ачомлашиб кўришиш ўрнига «тағофилу орифона» қилишади.
«Тағофилу орифона»ни билмайсанми? Э, ўқимаган! Бу бир адабий приём, классик адабиётда, хусусан, Алишер Ғиёсиддиновичнинг ғазалларида кўп қўлланади. Алишер Ғиёсиддинович ким дейсанми? А, бу Навоий бобонгнинг замонавий оти-ку. Қисқаси, кўриб – кўрмасликка, билиб – билмасликка олишни «тағофилу орифона» дейди, аканг айлансин.
Курсдошим Сафар бўлса, кўзининг пахтасини чиқариб, қўлини пахса қилиб: «Э, одам бўлмай кетинг, мени подводить қилдингиз!» дейди.
Қабулхонага кирдим – худди ўлик чиққандек ҳаммаёқ жимжит. Котиба қиз жойида йўқ. «Бир бошга бир ўлим!» деб Алижон Холиқуловичнинг эшигинитақиллатиб, секин ичкари кирдим.
Бечора, кичкина, муштдек одам эмасми, столда қалашиб ётган қоғозу гранкаларга кўмилиб кетганидан тепакал боши аранг ялтираб кўринарди, менинг кирганимни пайқамади ҳам.
– Ассалому алайкум, хўжайин! – дедим товушимга бардам тус бериб. Бош муҳарририм шундагина менга ялт этиб қаради. Билмадим, роса тўлиб-тошиб кетган эканми, бирданига бақириб… йўқ, ярадор арслондек наъра тортиб юборди:
– Қайси гўрда юрибсан, саботажник?!
– Гўрда юрганим йўқ, хўжайин, – дедим тумшайиб, – мен ишга келмоқчи бўлиб вокзалга бордим…
– Хўш?! – деб вишиллади Алижон Холиқулович.
– Борсам, чума тарқаган экан…
– Хўш?! Шунга қорангни ўчириб даф бўлиб кетдингми? Ўша чума сени олиб кетса бўлмасмиди, лаънати саботажник?
– Бўларди, лекин… – дедим довдираб, – карантин эълон қилган экан, поезд юрмайди, деб… Шунга…
Алижон Холиқулович гранкаларни тўрт томонга сочиб, кўкариб-бўзариб бақиришга тушди. Тавба, ўзи зиғирдек одам-у, бунча овози ўткир бўлмаса!
– Ҳўв, гўрсўхта, виждонсиз, карантин лаънати бир кун бўлгандир, бир ҳафта бўлгандир, сенинг бир ойдан бери ўлик-тиригингнинг дараги йўқ-ку? Сен ўзи бирон нарсани ўйлайсанми, ярамас, безбет, сенда инсофнинг «и» ҳарфи борми ўзи? А?
– Бор, хўжайин, – дедим, – фақат шу карантин…
– Э, ўл-э, бошингни есин сени карантин! – деди бош муҳаррир ва кафтининг қирраси билан столга қарсиллатиб урди. Жони оғриди шекилли, заҳил афти буришиб кетди. – Бўлди, кўп гап эшакка юк! Ёз аризани!
Энди менга алам қилиб кетди. Намунча пишқиради, нима, «Правда» газетасими бу! Бунча димоғингиздан эшак қурти ёғилмаса, Алижон Холиқулович!
– Бўпти, хўжайин, мана ҳозир ёзамиз-да аризани, – дедим унинг қаршисидаги стулга хотиржам ўрнашиб олгач. – Фақат… шу, бир варақ қоғоз билан ручка берсангиз.
Бош муҳаррир мендан бу гапни эмас, аксинча, кўзимнинг сийдигини оқизиб, ялиниб-ёлворишимни кутган шекилли, бир зум тараддудланиб қолди. Лекин энди у бечора ҳам, мен ҳам ортга чекинолмас эдик, чунки – «за нами Москва» эди.
Шунинг учун у тишларини ғижирлатиб, «Саботажник!» деб тўнғиллади-да, олдимга бир варақ сариқ қоғоз билан ручка ташлади.
– Раҳмат, хўжайин, – дедим ва курсига суянганча, бош муҳарриримнинг нақ кўзига қаттиқ, маънодор тикилиб, секингина сўрадим: – Хўжайин, газетамизнинг оти нимайди?!
Алижон Холиқулович, худди миясига гурзи билан қарсиллатиб ургандек батамом карахт, гунг ва лол бўлиб қолди. Энди, кўп балони кўрган, туллак одам эмасми, гапимнинг таг-тубида ётган, инсон тугул филни ҳам ўлдирадиган заҳархандани дарҳол фаҳмлади.
– Сен… сен… лаънати, негодяй! – деди нафаси тиқилиб. Бароқ қошлари, кўкимтир митти кўзлари пирпираб уча бошлади, азбаройи бўғилганидан, мени сўкиш учун буюк ва қудратли рус тилидан бошқа сўз тополмасди.
Шу пайт қабулхонада қандайдир ҳаракат, тарақа-туруқ товушлар эшитилиб қолди.
– Тётя Маша! – деб бақирди бош муҳарририм жон ҳолатда. – Тётя Маша!
Эшик шарақлаб очилиб, эгнида кўк сатин халат, қўлида пол латта кўтариб олган фаррош кампир кўринди.
– Чё, Алиджан Халикулович? – деб шанғиллади у. Қўлидаги ҳўл латтадан чакиллаб сув томарди.
– Как называется наша газета? – деб сўради энди собиқ хўжайиним. Маша хола ҳайрон бўлиб қолди, лекин ҳаялламай жавоб қайтарди:
– «Мирзачул хакикати» – «Мирзачульская правда». А чё случилось-то?
– Ничего не случилось, – деди Алижон Холиқулович, – спасибо вам. Маша хола эшикни ёпиши билан у яна алам билан бақирди:
– Кўрдингми? Кўрдингми, лаънати жулик?! Ҳатто шу уборшицаям билади газетанинг отини! Тур, йўқол кўзимдан, илоё, у дунёю бу дунё турқингни кўрмай!
– Яхши қолинг, хўжайин, – дедим қийшанглаб, – Тошкентдаги биродарларингизга салом деб қўяйми?
Мендан Ғафур Ғулом чиқмаганига яраша лоақал Шумбола чиқса, нима бўпти?
Алижон Холиқулович башарамга қараб отиш учун стол устидан боп нарса қидираётганида лип этиб ташқарига чиқиб олдим…
Кейин яна уч-тўрт даргоҳларда ишлаб кўрдим. Бошим кал, кўнглим нозик, деганларидек, баъзи жойлар менга тўғри келмади, баъзи жойларга – мен. Мана, ўн йилча бўлди, эркин қушман, сенларнинг тилинг билан айтганда, эркин ижодкорман. Лекин ейман, кияман деб турган учта бола, ношукур бир хотин қўлингга қараб, катта бир рўзғор ғор бўлиб ютаман, деб турса, бунақа эркинликни бошимга ураманми, ука? Шунинг учун Дадавой сўтдан мен хафа бўлмай ким хафа бўлсин?
Нима? Қўйсанг-чи, аканг айлансин, қандай қилиб ёзганларим зўр бўлсин… Зўр, деб мана, Ғафур Ғуломни айтса бўлади, Ойбек домлани, Асқад акамни. Бизларники энди, бир ҳавас, холос. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа. Шунисига ҳам шукур. Шу, ҳушимга келса, гоҳ-гоҳ у-бу ёзиб қўяман, сенга ўхшаган мулла укаларим босиб туришибди, раҳмат дейман.
Лекин, Худога қараб, ўзинг айт, ука, битта зўр мисра ёзиш – бу тахти Сулаймоннинг давлатига тенг эмасми?

«Шеър – тонг ва шом аро талаш ранглардан
Етим қатраларга қоришган туйғу.
Дарз кетган дилдаги ишқ, оҳанглардан
Қирқ йил сайқалланиб ёришган туйғу», –

деб ким ёзган? Ўлма, ай да Акбар Дадавой, ай да сын Дадавая судьи!
Дадавой сўтнинг болалари билан баъзан тўй-маъракада йиғилишиб қоламиз. Амал бор, участка бор, пул бор, машина бор, савлат бор, билим бор, ҳамма нарса бор, лекин… Зерикаман улар билан. Ярим соат ўтириб гаплашсам, Худо ҳаққи, қочиб кетгим келади. Қонимиз бир бўлгани билан жонимиз бошқами, билмайман. Шеър ўқимаган, шеър эшитмайдиган одамлар.
Очиғини айтаман сенга – шунақа пайтда сендан шоир чиқади, деб ишонган падари бузрукворим Дадавой Махсумовнинг арвоҳига секин дуо қилиб қўяман.
Э, ана, мулла, троллейбусим ҳам кўриниб қолди. Йўқ-йўқ, зонтигингни олмайман, ўзингга буюрсин. Фақат эртага ишга келганингда кассир тётя Клавадан сўрасанг, пул бўладими-йўқми? Агар берадиган бўлса, шундоқ бир оғиз телефон қилиб юборгин, акагинанг ўргилсин. Телефон номерим… ҳа, дафтарчангда борми? Яша, ранг-рафторингдан яхши болага ўхшайсан, шеър-пеър ёзмайсанми ишқилиб? Оббо! Ҳай, майли, ғайрат қилавер, мендан-ку Ғафур Ғулом чиқмади, шояд сендан чиқиб қолса. Омон бўл, ука, Худонинг паноҳига…

2018

Хайриддин СУЛТОНОВ – 1956 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. Адибнинг «Қуёш барчага баробар», «Бир оқшом эртаги», «Онамнинг юрти», «Умр эса ўтмоқда», «Бобурнинг тушлари», «Бобурийнома» каби китоблари нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *