Нормурод НОРҚОБИЛОВ


ЗИЁРАТГОҲ

Ҳикоя

Бир кун келиб туғилиб ўсган ери – ота юртига қадам ранжида қилиши Адолат бувининг етти ухлаб тушига кирмаганди. Чунки болалиги ўтган ул замин олис мозийнинг овлоқ бир пучмоғида қолиб кетган мавҳум кўланка янглиғ онда-сонда хаёлида эласланиб қўйишини демаса, аёл наздида, ўзини ота юрти билан боғлаб турувчи бирор сабаб қолмаган – бари аллақачоноқ ўтмиш қаърига сингиб, хотиралар уммонига чўкиб кетгандек эди. Бироқ тақдир чархпалагининг эврилишини қарангки, невараларидан бири ўша томонга келин бўлиб тушди-ю, кутилмаган ушбу важ туфайли, узоқ ўтмиш хотиралари қайта жонланиб, ота юрти унинг кўз ўнгида тўла намоён бўлди-қўйди. Аёл лабларини маҳкам қимтиганча, агар таъбир жоиз бўлса, мозий оғушига боши билан бор бўйига шўнғир экан, шўнғиш асносида қалбини жунбушга келтирган кучли соғинч ҳиссидан кекса вужуди бир қалқиб тушди. У гўё юраги бехос санчгандай, беихтиёр, ўнг кафтини кўксига босаркан, бу ҳолат муваққат, мана ҳозир ўтиб кетади, дея умид қилди. Аммо бу ҳис ўткинчи эмас экан, билъакс орадан кунлар, кунлар кетидан ҳафталар бирин-сирин сирғалиб ўтган эса-да, ҳануз юрагини бу қадар қаттиқ ёндирмаган ва пировардида, невара баҳона, ота юртига ташриф буюрмоққа қатъий жазм этмаган бўларди.
Аёл йўл олди ҳаяжонидан энтиккан кўйи, ўзи каби ўта камгап кичик келини кўмагида неварасига аталган совға-саломларини ҳафсала билан сумкага жойларкан, элбурутдан машинасини дарвоза олдига чиқариб қўйиб, энди ўзини сигарет билан овунтирган кўйи, дам-бадам билагидаги соатга кўз қирини ташлаб, ҳовли юзида айланиб юрган кенжа ўғли – Усмон тажанг навбатдаги сигаретни лабига қистира- қистира, гўё жин чалгандай, тўсатдан овоз бермагунча, у олис болаликнинг нурга йўғрилган сирли ва сержило хотиралари гирдобига чўмганича, етти-саккиз яшар тийрак қизалоқ ҳолида Девлиқир пойида жойлашган мўъжаз овулининг ёлғиз кўчасини адоқлаб, қишлоқ кайвониси бўлмиш бобоси – Сафар чолнинг боғини ёнлаб, унинг тутзори томон шодон диконглаб, чопқилаб бормоқда эди. Овул аҳлининг суяги чорвада қотгани боис, бу яқин атрофда боғ ишида бобосидан ўтадиган одам йўқ эди. Сафар чолнинг боғи йилнинг серёғин мавсумида ошқинлаб, қолган пайт шашти кескин пасайиб, тарамланиб – жилғаланиб оқадиган Толлисойнинг жанубий соҳилида – сой ва қир оралиғидаги чўзиқ майдонда ястанган бўлиб, тутзори ушбу боғнинг ғарби-жанубий этагидан, яъни хиёл юқоридаги кулранг қоятош пойидан сизиб оқадиган булоқ сувидан доим намланиб турадиган қир қиялигидан ўрин олган. Боғ туфайли, овул номи «Боғли» деб аталарди. Қизалоқ бобоси каби соя-салқин ҳамда бир қадар зах бўлган боғдан кўра, саратоннинг айни жазирама кунларида ҳам тагидан ғир-ғир шабада аримайдиган қияликдаги тутзорни жуда хуш кўрарди. Тутзор марказида, нисбатан энг катта дарахт остида тунлари икки киши бемалол ўрин ташлаб ётиши мумкин бўлган белдан паст, тиззадан хийла юқори тошсупа қўнқайган бўлиб, ушбу дарахт шохларидан бирида қизалоқнинг ўтирар жойига кичик тўшамча ўралган арғимчоғи қайноқ эпкинда оҳиста тебраниб турарди. Чол тошсупага жойни бежизга тутзор киндигидан танламаган, боиси, қияликдан теварак-атроф – ўнг ёнда овулнинг деворсиз ҳовлилари-ю, бири чўп, бири кўримсиз тошқаламалар билан ўралган қўралар ҳамда наридаги, дара янглиғ, улкан сойлик; сўлда қир ёқалаб чўзилган кўйи кунботишдаги яйдоқ дашт бағрига оқиш тасмадек сингиб йўқолган дашт йўли; шимолда эса уфққа туташ бепоён водий бағрига сочилган катта-кичик дўнгликлар, жумладан, водийнинг овулга яқин сарҳадида бўй ростлаган тепалик, яъни ушбу манзилнинг асосий номини англатувчи  Бўзтепа, наинки Бўзтепа, балки тепалик кифтидаги туғли тошқабр – номаълум зиёратгоҳга қадар, худди кафтдагидек, яққол кўзга ташланиб турарди. Дарвоқе,«номаълум» дейишга сабаб шундаки, қизалоқ, барча аёллар сингари чироқ ёқиш ва шунга ўхшаш бошқа удуму амалларни бекаму кўст адо этиб келадиган Сулув момосининг этагига елимдек ёпишиб, Бўзтепага неча-неча бир бора кўтарилган эса-да, болалигига борибми, зиёратгоҳ билан ҳеч қизиқсинмаган, мазкур зиёратгоҳ не ном билан аталишини ҳозирда ҳам билмайди. Аёлнинг аниқ ёдида қолгани катта тошқабр ҳамда зиёратчилар томонидан турли латта-путталар осиб ташланган қорамтир туғ, холос. Аммо у бўлак нарсаларни, жумладан, ўндан зиёд хонадондан иборат мўъжазгина овули, унинг танҳо кўчасини, сой гирдидаги тол, турли ёввойи буталар ҳамда дугоналари билан бекинмачоқ ўйнашни хуш кўрадиган бобосининг тутзори билан катта боғини жуда яхши эслаб қолган.
Бобосининг тутзорига етай деб қолган қизалоқ
– Адолат бувининг ширин тушдек гўзал хаёли тажанг ўғлининг «бўлақолинг» деган зардали овозидан тариқдай сочилиб, қаттиқ чўчиб тушгач, туйқусдан унинг кўз ўнгида узоқ ўтмишнинг қоронғи пучмоғидан силқиб чиққан Боқи шўронинг бадқавоқ афти намоён бўлди. Юрагини бирров тирмаб ўтган қўрқув ҳиссига ўхшаш нохуш туйғудан ҳозиргина дилини яшнатиб, шуурини нурлантириб турган ота овули шу ондаёқ хира тортиб, теваракдаги дарахтлар жунжикиб, қуйидаги сой оқишдан тўхтагандай туюлди.
Бу туйғуни илк бора бобоси билан тошсупада чалоб ичиб ўтирган кезда туйганди. Тўғри, бунга қадар Девлиқир ёқалаб тушган бир неча овул аҳли янги ерларни ўзлаштириш важидан олис вилоятлардаги қуруқ ерга кўчирилишини барча қатори қизалоқ ҳам эшитганди. Бироқ катталардан фарқли ўлароқ, дугоналари каби бундан зиғирча ташвишга тушмаган, қайтага, ура-а, чўлга кўчарканмиз, дея ўзида йўқ қувонган, кўчиш ҳақидаги гап-сўзлардан сўнг, ўзи янглиғ шодланиш ўрнига, етим қўзичоқдек алланечук маъюс тортиб, боғи ҳамда тутзоридаги ҳар бир дарахтга ғамгин-ғамгин термилганча, манглай сийпалаб, дам-бадам чуқур-чуқур хўрсиниб- хўрсиниб қўйишни одат қилган бобосининг сўник руҳиятидан таажжубда юрарди. Иттифоқо, ана шундай кунлардан бирида бобоси тутзорига меҳмонлар – уч отлиқ ташриф буюради. Аммо бобоси илтифот кўрсатмаганидек, қўноқлар ҳам отдан тушмайди, бобоси табассум қилмаганидек, улар ҳам афтларига кулгини доритмайди.
Қизалоқ «мезбон ва меҳмон»лар ўртасидаги бу ғаройиб муносабатдан ҳайрон бўлиб турганида, қўноқларнинг ёши улуғроғи
– Боқи шўро қўлидаги қамчи дастасини эгар қошига дўқ-дўқ урган кўйи, масхараомуз тиржайганча, кўч-пўчингизни йиғиштираверинг энди, деган маънода чўзиб, дейди:
— Бў-ўла-а-а-қо-о-л-линг!
Гап замиридаги совуқ оҳангдан қизалоқ вужудига титроқ югурган эса-да, ажабланиш ҳисини туймай қолмайди. Негаки, олисдаги қорли тоғлар бери силжиб, қаватидаги Девлиқир тўнкарилиб, қуйидаги сой тескари оққан тақдирда ҳам остона ҳатлаб келган қўноқ борки, оқиш соқоли кўксини безаган бобосидек улуғ бир одамга кесатиғли гап қилмоғи мумкин бўлмаган ҳол эди-да. Қизалоқ бу нимаси, деган йўсинда бобосига жавдираб қарайди. Бутун диққат-эътибори боғдаги дов- дарахтларга қаратилган чол неварасига қия боқмай, ич-ичидан тутаб, аста дейди:
— Увол-ку…
-Увол?! – Боқи шўро бу чол эсини еганми, дегандай қаншари остидан ғалати қаради. Зумда жиддий тортиб, гўё чолнинг ақлини киритиб қўймоққа қатъий жазм этгандай, овозини барала кўтариб, дейди: – Нимаси увол?! Хўш, менга шуни айтинг-чи, сизнинг манову тиккайган дарахтларингиздан давлатга нима фойда? Ўтган дафъа сизга аниқ қип айтилди-ку, куч-қувватни кераксиз юмушларга эмас, янги ерларни ўзлаштиришга сарфланг, ҳам давлатга, ҳам жамиятга бирон нафингиз тегар деб! Сиз эса ҳалиям қайси гўрдаги дарахтларга ачиниб ўтирибсиз-а? – Кейин овул томонга ўгирилиб қараркан, навбатдаги гапини айтмоқдан жиндек истиҳола қилгандай, паст овозда тўнғиллайди: – Пахта битмас овлоқ ерга уя қуриб олиб, бари ўз бошига қутуриб кетган! Ишёқмас, дангасалар!
Қизалоқ деярли кунда онасидан дакки сифатида эшитадиган «дангаса» сўзидан таажжуби баттар ортади. Чунки овулида қимирлаган жон борки, ҳеч бири тек ўтирмайди, ҳатто ўзидек «дангаса қиз» ҳам ҳар тонг ҳайҳотдек қўрани тозалаб, оқшом олди ҳовлисини супуриб-сидириб қўяди. Бобосига келсак, итда  тиним бор, лекин унда тиним йўқ – доим боғда тентиб юради. Шунинг учун бобом бу туҳматга чидаёлмай, ҳозир қўноқ амакини гап билан боплаб тузлайди, деб ўйлайди. Бироқ қизалоқ кутган ҳодиса юз бермайди – чол нигоҳи теваракдаги дарахтларда, соқолини тутамлаганча, хўрсиниш билан кифояланади. Бу ҳол қизалоққа жуда- жуда алам қилади. Бобосининг худди Сулув момосидек дарров жаҳдланмаганидан ори қўзиб, ўзича шуни орзулайди: қани энди, шу тобда бирдан бўйи чўзилиб қолса-ю, Сулув момоси каби панжаларини пахса қилиб, овози борича шанғиллаб, бу овул одамлари дангаса эмаслигини манову қўноқ амакига айтиб-айтиб ташласа,«Ўзингиз дангасасиз, дангасалик сиздан бери келмасин!» дея гап билан узиб-узиб олса! Қизалоқ шу ўт-оловли хаёлда Боқи шўронинг ҳиссиз, тунд афтига, чанг қўнган ажриқ сингари бир-бирига чирмашган қуюқ ва хунук қошларига, эгнидаги мошранг кителига кўз ташлаб, унинг шериклари – бири ўз бошига ҳўмрайиб, бири эса, папирос тутатганча, ланж кайфиятда гардан қашлаб турган миршабларга, белларидаги энлик камарларига, бошдаги кепкиларига хаёли оғиб, алаҳсиб турганида, тўсатдан Боқи шўро дўқлаб қолади:
— Бугундан кўчишга ҳозирлик кўраверинг!
Чол кутилмаган бу балога қошидаги «қўноқлар» эмас, мавжудлиги ва куч-қудрати эгнидаги либослари ҳамда гап оҳангларидан яққол акс этиб турган давр – замон руҳи айбдорлигини англаб етмоққа қодир эканлигини намойиш этгандай, уларга адоватсиз назар ташлайди. Чолнинг бу боқишини ўзича тушунган Боқи шўро оти бошини овул томонга бура-бура, бот дағдаға қилади:
— Акс ҳолда, қонун бўйича иш кўрамиз!..
«Меҳмон»лар қолганларни огоҳлантириш учун овул оралаб кетишгач, чол қайтадан тутларга, қуйидаги боққа маъюс разм соларкан, гўё энди кўраётгандек, Бўзтепа яғринидаги туғли қабрга узоқ тикилиб қолади. Ушбу ҳолатини ўзгартирмаган ҳолда қизалоққа аста дейди:
— Сен… уйга борақол.
Қизалоқ ройишсиз боғ томон энаркан, дуч келган дарахтлардан бири ортига биқиниб, астагина ортига мўралаб, бобосини тутзор чеккасида, одатда, тоғолди қирликларида кўплаб учрайдиган турфа тошлар қатлами тепасида кўради. У ажабланишга улгурмай, бобоси, иссиқ-совуқдан чатнаб, пайраха тусига кирган тошлардан бирини қўлига олиб, ошиқмай тошсупа сари жилади. Қизалоқ бобоси нечун бу юмушга уннаб қолганини англаб етмаганидек, турган гап, ортиқча қизиқсиниб ҳам турмайди. Энг ночори, бугун у бобосининг тутзорига сўнгги бора қадам қўйганини, яъни Боқи шўро тайин этганидек, индинига эмас, эртаси пешинда қаторлашиб келган «Политорка» юк машиналарида, кўрпа-тўшаклар орасида бу заминни бутунлайга тарк этмоғини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда Сулув момоси ҳузурига ошиқади.
Ўғлининг кутилмаган зардаси беиз кетмади – сафардан аёлнинг кўнгли қолди, ҳатто бирор баҳонани рўкач қилиб, қароридан воз кечмоқчи ҳам бўлди. Аммо гар шундай қилар бўлса, ота юртига тушган неварасининг волидаси бўлмиш ўртанчи келиниўринсизхаёлларгабориб, орадаортиқча гап-сўзлар кўпайишимумкинлигини ўйлаб, бир амаллаб бу аҳдидан қайтди. Хуллас, сал бурун йўл олди ҳаяжонидан энтикиб, қувончдан ўзини қўярга жой тополмай турган аёлнинг иштиёқи сўниб, ғариб бир аҳволда ҳовлига чиқаркан, аввалига бу томонларда эркак зоти қуриб қолгандек, олис ерлик йигитга кўнгил қўйган талаба неварасини, сўнг аллақачон ўтмишга айланиб бўлган ота юртини қўмсаб, тўсатдан ўша ёққа бормоқни ихтиёр этган ўзини ич-ичидан яна-яна, завқсиз ва шавқсиз бир ҳолатда машинага ўтирди. Камтар, хушфеъл куёв бўлмишнинг қишлоғи ота овулидан атиги ўн чақиримча берида, Девлиқир тумшуғида жойлашган экан. Борган куни аёл, йўл азоби-гўр азоби эмасми, ором олган бўлди. Эртаси эса туғилган овулига бормоққа жазм қилиб, деди: «Мени Боғлига оборинглар». Кейин куёвига бу атама нотанишлигини сезгач, жой номини тилга олиб, Бўзтепага боришини билдирди. Ана шунда куёви хушҳол жилмайиб, деди: «Ие, Тутотани зиёрат қилмоқчиман демайсизми, моможон». Бу гапдан аёл бошда ажабланди, сўнг бирдан Бўзтепа кифтидаги туғли тошқабр эсига тушиб, гапни ортиқ чуватмаслик важидан, ҳа, дея бош ирғади. Ҳалигача номи ноаён бўлган мазкур зиёратгоҳ «Тутота» деб аталар экан-да, деган хаёлга борди.
Аёл машинада ўзига таниш ва нотаниш манзараларни томоша қилиб бораркан, овулига яқин қолганда, беихтиёр, мижжаларини ёшлади. Бироқ салдан кейин қадрдон овули ўрнида кўксини селдан пайдо бўлган катта-кичик жарликлар тилимлаган яйдоқ ерга кўзи тушгач, йиғини унутиб, оғзи ланг очилганча, ҳангу манг туриб қолди.
Бу орада машинадан тушмоғига кўмаклашган хушфеъл куёви оҳиста қўлидан тутиб, деди:
— Тутота бу томонда, моможон.
Аёл куёви не деганини англаёлмай, у ундаган томонга юзланаркан, бобосининг кўркам боғи ўрнида бўлиқ янтоқзорни кўрди. Каттакон тутзордан, вақтлар ўтиши билан таналари ҳаддан зиёд йўғон тортган, етти тупгина дарахт омон қолганини идрок этди. Аёл жарлик устига ташланган лиққилдоқ оғоч кўприкка андармон бўлиб, тутлардан бири пойидаги улкан тошқабрни дастлаб илғамади, илғагач эса ҳайрон туриб қолди: «Ё тавба, кимнинг қабри бу?!» Аёл ушбу савол гирдобида тағин олға юришда давом этаркан, бу орада олдинда йўл бошлаб бораётган куёви борасолиб қабр пойига тиз чўкди, сўнг унинг ёнидан Усмон тажанг ўрин олди.
Аёл улардан сал берида чўккалади. Ўғли ярим овозда қироат қилмоққа тушди. Аёл қаттиқ таажжубланган кўйи, тутнинг қуйи бўтоқларига пала-партиш осиб ташланган хилма-хил латта-путталарга, қабрга зимдан разм соларкан, тўсатдан зичлаб терилган рангдор тошлар оралиғида бир вақтлар ўзи пичоқ билан кавлаган таниш чуқурчага кўзи тушди-да, «қабр» пойига айланган тошсупани дарров таниди. Ҳайрати ортиб, беихтиёр, қуйидаги воқеани хотирлади.
Ўша куни қуёш ётоқлашга улгурмай, гўё кўнгли ноодатий ниманидир сезгандай, боғ томонга бирровга бориб қайтган Сулув момоси томонидан шомда норози ҳолда қаршиланган бобосининг, панжаларини пахса қилиб, алам билан берган жавоби шу бўлган: «Нима қилардим, ўз қўлларим билан ўз қалбимни кўмиб келаяпман!..» Шунда момоси теваракка ўғринча назар ташлаб, овозини пастлатиб, деган: «Кўрган кўз нима дейди, фалончи чол ўзи кўчиб, тутзорида гўрини қолдириб кетибди, демайдими? Оғзи қолиб, кети билан кулмайдими? Ё бу ерга ножўя қадам босиб бўлмас экан дея, келган-кетганлар тутларимга қотинмайди деб ўйлаяпсизми?..» Бироқ бобосиунинг гап-сўзларига ортиқ аҳамиятбермай, бирмуддат нимқоронғилик қўйнига тикилиб турган-да, сўнг юз-қўлини юва-юва, ғудраниб деган: «Қани энди, «қабр» баҳона, эккан-тикканларимга биров қотинмаса!..»
Бу гапни унинг қўлига сув қўяётган қизалоқ аниқ эшитган. Аммо ўшанда нелигини англамаган.
Мана энди, англаб турибди.
Бобосини эслаб, мижжалари ёшланган аёлнинг, ҳар эҳтимолга қарши, куёвидан сўрагани шу бўлди.
— Тутота… ким… қачон ўтган, болам? Бул зотми! – деди куёви юксак эҳтиром билан. – Бул киши қадимда яшаб ўтган улуғ авлиёлардан бири эрур, моможон!..
Аёл ҳар бир тоши ғоятда усталик билан терилган «қабр»га бот разм солиб, ушбу тошлар оғушида бобосининг қалби одам тани каби чўзилиб ётганини ўзича тасаввур этаркан, айни шу аснода, қошидаги рангдор тошлар мажмуаси чинакам қабр тусини олганини, янада аниқроғи, қабр мақомига эга бўлганини юракдан ҳис этиб, беихтиёр, юм-юм йиғлашга тушди.
Усмон тажанг буни ўзича тушуниб, тош қотиб ўтираверди. Куёвнинг кўнгли анча бўш экан, яноқлари ёшланди.
Аёл орада йиғидан жиндек тийилиб, нечундир, бу «қабр»да авлиё ота эмас, бобожоним қалби ётибди, дея ҳақиқатни ошкор эткиси келди. Бироқ сўнг ўзга ерда туғилиб, ўзга ер ҳавосини ҳаволаган ўғлига бу юрт бегонадек, қалбини беадад жунбушга келтираётган туйғулари ҳам бутунлай ётлигини, гар ҳозир ҳақиқатни айтар бўлса, ўғли «қабр» ҳамда уни зиёратгоҳ деб билганлар устидан, қорин чангаллаб, қаҳ-қаҳ отиб кулишини алам, ўкинч билан идрок этаркан, бу замин бағрида кечган беғубор болалиги-ю, бобоси билан ўтган тотли дамларини эслаб- эслаб, қўмсаб-қўмсаб йиғлашда давом этди.
Аёл ўғли билан куёвини таажжуб тўрига чирмаб, анча йиғлади.
Кейин узун енгини лунжига босиб, қайғу оғушида изига қайтар экан, йиғиниям тоза уйини куйдирдингиз, деган маънода, «бўлақолинг», дея зарда билан машина эшигини очган ўғлини ғайритабиий оташли бир қараш билан каловлатиб, наридаги Бўзтепа сари юрди. Тепалик бағрига чирмашган тор сўқмоқдан туғли қабрга – зиёратгоҳга кўтарила бошлади.
Куёви жонсаракланиб, зумда унга етиб олди, ўғли эса уловининг очиқ эшигига тирсак тираганча, ҳайрон туриб қолаверди.


Нормурод НОРҚОБИЛОВ – 1953 йил туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тугатган. «Чорраҳа», «Зангори кўл», «Унутилган қўшиқ», «Юзма-юз», «Пахмоқ», «Жўшқин дарё», «Овул  оралаган  бўри», «Бўрон қўпкан кун» «Дашту далаларда», «Амир Темур изидан», «Четдаги одам», «Қорақуюн» номли китоблари чоп этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *