Жамолиддин МУСЛИМ

МЕН СЕНГА ЙЎЛЛАДИМ МЕҲРИМДАН МАКТУБ

Оқ тилак, оппоқ тилак…

Ломаконга сиғинган руҳим,
Осмонларнинг сайёҳи ўзинг,
Нурли мақсад – мен борар роҳим.

Ломаконга сиғинган руҳим,
Тавоф айла арш остонасин,
Афв этсин ул бир мардонасин.

Ломаконга сиғинган руҳим,
Афвин менга камар айлагин,
Матлубимга самар айлагин.

Ломаконга сиғинган руҳим…

Ўзинг мукаррамсан

Сен кирган гўшага кирар тароват,
Сен юрган йўлларга ошно нафосат,
Сен борки, оламда бордир ҳаловат,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Сенинг қалбинг нозик, дардларинг нозик,
Сочларингга қўнган гардларинг нозик,
Кипригингга илинган ашкларинг нозик,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Сен бўлмасанг, баҳор келмайди гўё,
Сен бўлмасанг, дунё гўё зим-зиё,
Изларинг кўзларга бўлур тўтиё,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Сен бардошли она, тонгни уйғотган,
Сўзларинг асқотган, пандинг асқотган,
Дилбандларинг учун жонни бахш этган,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Сен сингилсан, баъзан оғадан ўтган,
Ўғлинг бермас меҳрни, қизингдан топган,
Оғир синовларда ўзни унутган,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Сен – вафодор ёрсан, бахтинг барқарор,
Сендай асрайдиган айтчи қайда бор,
Ҳаёт тимсолисан, гўзал бетакрор,
Ўзинг мукаррамсан, азизам – аёл!

Мен сенга йўлладим меҳримдан мактуб,
Қалбимга жойлаган сеҳрингдан мактуб,
Кўнглингдан жой олса, бўлолса марғуб,
Бахти бекамдирман, азизам – аёл!

Қадр кечаси

Бизга буюк арз бу тун,
Бизга суюк дарс бу тун.
Билинг кўнгил дарзини,
Раҳматла этгай бу тун.

Қаро кўз


Халқ оҳангида

Соғинтирган қаро кўз,
Этди дилим яро кўз.
Яроланган дил билан
Қандай яшай, шаҳло кўз?

Боқишларинг чўғмиди,
Менда қасдинг йўғмиди?
Пешонамга битмади
Шаҳло кўзнинг шўхлиги.

Кўзлар боқиб сўзлашар,
Икки юрак бўзлашар.
Бир кам бўлган дунёни
Тўлдирмоқни кўзлашар.

Ашкинг тўкма, қаро кўз,
Дунё асло тўлганмас.
Ҳажрингда кеча-кундуз
Ҳеч ким мендай куйганмас.

Соғинтирган қаро кўз,
Этди дилим яро кўз,
Яроланган дил билан
Қандай яшай, шаҳло кўз?

Муқаддас юрак

Бу юракда йўқдир ҳаловат,
Бу юракда йўқдир адоват.
Бу юракда шафқат яшайди,
Эл дардига сиҳат яшайди.
Уриб турсин муқаддас юрак,
Бундай юрак оламга керак.

О, бу юрак ўхшар чаманга,
Бу юракда ёнар аланга.
Алангасин ўчирмас меҳри,
Қувват берар каломи – сеҳри.
Уриб турсин муқаддас юрак,
Бундай юрак оламга керак.

Бу юракнинг муроди кулсин,
Ҳар айёми шодликка тўлсин.
Савоб тўла умр хирмони,
Нурга чўмсин ёруғ жаҳони.
Уриб турсин муқаддас юрак,
Бундай юрак оламга керак.

Сукунат

Ҳеч ҳам сукунатга ҳайқирмайман дўст,
Сукунат нафасин яшайди ютиб.
Бўғзимга тиқилса сўнгги бир нафас
Сукунат келади менга ҳайқириб…

* * *

Қаро тундир кундузларим,
Сўнар орзу юлдузларим,
Ахир, сенсиз йиллар бўзладим,
Сен ҳам раҳм қилмасанг, гулим,
Кимга берай ўртанган кўнглим?

Фақат сенинг севгингга кўнгум,
Ягона хаёлингга кўмилгум,
Наҳот, ҳижронингга чўмилгум,
Сен ҳам раҳм қилмасанг, гулим,
Кимга берай, ўртанган кўнглим?

Ризо қилмоқ – бахтимдир

Эл нетиб топгай мениким,
Мен ўзимни топмасам…
Алишер НАВОИЙ

Тонг саҳардан уйғонганда бул ният:
Қадр қилган қадрдоним – Ҳуррият,
алқ юзида фараҳ кўрдим, хайрият,
Халқим, сени ризо қилмоқ аҳдим шу,
Халқим, мендан ризо бўлсанг, бахтим шу!

Кўз очганда бол тутганим, эл бўлди,
Қоқилганда қўл тутганим, эл бўлди,
Йўлларимга нур ёғилди, мўл бўлди,
Халқим, сени ризо қилмоқ аҳдим шу,
Халқим, мендан ризо бўлсанг, бахтим шу!

Тилни бол эт, сени тилдан топарлар,
Элни ёд эт, сени элдан топарлар,
Дил тавоф эт, сени дилдан топарлар,
Халқим, сени ризо қилмоқ аҳдим шу,
Халқим, мендан ризо бўлсанг, бахтим шу!

Бу оламда ризоликлар турфа хил,
Бу оламда фидоликлар турфа хил,
Айро тушган гадоликлар турфа хил,
Халқим, сени ризо қилмоқ аҳдим шу,
Халқим, мендан ризо бўлсанг, бахтим шу!

Борми, айтгил, бу дунёда чаман юрт,
Иссиғингда, совуғингда бир тан юрт,
Шул Ватанни сен бағрингда маҳкам тут,
Халқим, сени ризо қилмоқ аҳдим шу,
Халқим, мендан ризо бўлсанг, бахтим шу.

Жамолиддин МУСЛИМ – 1965 йилда туғилган. Наманган саноат-технология институтини битирган. Ижодкорнинг «Кўкка ўрлаётган изтироб», «Муҳаббатли манзиллар», «Тўкилмас япроқлар», «Остона қадри», «Сабот манзили» китоблари нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *