Габриэла МИСТРАЛЬ

Габриэла МИСТРАЛЬ – (1889–1957). Чили шоираси. Нобель мукофоти совриндори. Шоиранинг «Ўлим сонетлари», «Нафас», «Дарахт кесиш», «Яксон қилиш», «Тушкунлик»,
«Чили поэмаси» каби китоблари нашр этилган.

БИЗ КУТГАН КУНЛАРНИ ШОШИР

ДУНЁҚАРАШ

Қалбимга ишонаман, муаттар гул шохига,
Худонинг нафасидан хушбўй тараб, тебранар,
Муҳаббат ҳавосида тақдиринг сийлаб келар,
Ишққа беланган кунлар.

Қалбимга ишонаман, ҳеч нарса қилмас талаб,
Кўҳна донишманд каби назарпастлардан баланд,
Бағримга боссам дейди, бор дунёни авайлаб,
Шудир орзуси абад.

Қалбимга ишонаман, унда теран бир оҳанг,
Ҳасратларим синдирар, азобларим тиндирар,
Қайта ҳаёт йўлига маъсум кўз тутмоқ учун
Ибодатда покланар.

Қалбимга ишонаман, илк кўҳна куй сеҳрида,
Тўлқин урар, титранар, уни англатиб турар,
Денгизу уммонларни тебратувчининг Ўзи,
Шу сабабдан шовиллар.

Қалбимга ишонаман, сабр қони сирқираб,
Кафтда қисмат матоси қирмиз рангга беланар,
Токи, у қон кўйлаги ишқ бандасин эгнида
Алангага айланар.

Қалбимга ишонаман, асли, ишқдан яралган,
Кўк майсадек кўкариб, гулзор бўлсин, гулласин.
Ишонаман кўнглимга, беҳишт атри уфуриб,
Назаридан қолмасин.

Қалбимга ишонаман, енгилмас то қиёмат,
Ҳатто ўлим руҳимни ёки жонсиз жисмимни,
Емиролмай қурт, илон ночордир, шармандадир,
Чунки, қалбим Худонинг дийдорига бандадир.


Чили тупроғи. Осорно вулқони

Осорно – сен палахмон тоши
Ўз-ўзига отилиб ётган.
Сен – яйловда йўл бошқарган бош чўпон,
Уруғсан, наслсан, ўлканинг боши.

Ё сакрашга шайланиб аёз ичра
Қаҳратон кафтида музлаб қолгансан.
Ё оқ қор қўйнида ҳиндуларнинг
Кўзларин тиндирган буғидек ўтсан.

Эй вулқон, Жанубнинг асрагувчиси,
Мен сенга ёт эдим, сенга жон бўлдим.
Ёруғлик англатиб, ушбу водийда,
Сен менинг бегонам, қадрдон бўлдинг.

Қайга кўз тикмайин, кўз ўнгимдасан,
Қалбимда ҳам жону ҳам жисмимдасан.
Сендан кўз узолмай, асир бўлибман,
Сирли оқ булутим, оқ гумбазимсан.

Оқиб тушаётган мисли юлдуздек,
Лек, кўз ўнгимизда куйиб ётибсан.
Ибодатга кирди, фарзандлар сен-чун.
Льянкиуэ1 сувида кўриб турибсан.

Биламиз, оловинг марҳаматини,
Бизнинг кўксимизда ёниб турасан.
Ҳиндулар ўлкасин алангаси бу,
Туғилдик, оташдек, қалбга кирасан.

Шу қадим ўлкани авайла, асра,
Изтиробдан қутқариб тур халқингни.
Қувват бер, дарахтчи ҳиндуларга,
Йўл кўрсат, асрагил денгиз аҳлингни.

Чўпонлар адашмай, тур маёқ каби,
Осорно – донишманд кўҳна қария.
Аҳлу аёлларинг қаддин тиклаб тур,
Фарзандларингни сен шонингга ўра!

Уюрларни ҳайда, арпа, буғдой эк,
Сахийликни ерга ҳам ўргатиб тур.
Ҳатто, очлик чўчиб, қочсин йироққа,
Адл, қаҳрамоним, қаддинг тутиб тур!

Тафтингла эркимиз занжирларин уз,
Ғафлат кўзларин оч, завқимиз тошир.
Қалбдаги оғулар заҳмини куйдир,
Биз кутган кунларни яқин эт, шошир!

Осорно – тошлар ҳайқириғи,
Тош каби битилган оят азалдан.
Оқ офат ҳам барча фалокатни қув
Ва шу элни асра бевақт ажалдан!


1 Льянкиуэ – Чили ўлкасининг жанубида жойлашган, музликлардан иборат кўлнинг номи.

РАҚҚОСА

Раққоса қиз рақс тушмоқда қаранглар,
ўнглаб бўлмас тақдир битикларида.
Ҳаммасидан кечиб, неки боридан,
қариндош, оға-ини, боғу роғидан,
дарёлар шивири, майсазоридан,
болалар ўйини, йўллар-йўлаклар,
кулбасида тинглаган мўъжаз эртаклар,
исмлар, чеҳра кўз, қиёфаларни,
ирғитиб, руҳидан, ғам елкасидан,
балолардан қутулмоқчи бўлган одамдек.

Қуёшдан тушаётган кун ёруғида,
юзида табассум, қўллари билан
елпитиб, тебратиб гўё оламни,
муҳаббат, ёвузлик ҳам қатлиомни,
ер юзин тўлдирган дарёдек қонни,
ҳам тўқлар, мағрурлар, бедорлар туши,
беватан, оч-ташналар ҳасрат, ташвиши
синиқлари устида рақс тушаётир.

Номсизу миллатсиз ҳам эътиқодсиз,
барчаси ва ўзидан ҳам озод, ҳур бўлиб,
яшаш-чун қадамлаб, қалбига тўлиб.
Бўронлар остида қамишдек титраб,
ва унинг тириклик шоҳиди каби.

У денгиз қушларин рақс этмаяпти,
тўлқинлар ўйнаган қанотларида
ё сувда қамишлар қаршилигинмас,
пичоқ, шамширларга қарши қўзғалган,
шамолмас – елканлар васвасасимас
ва ё майсаларнинг кулгуси эмас.

Аслида, унга ҳам исм қўйишган,
азонла ғамлардан озод бўлсин деб,
у эса ҳур куйларин қонга ботириб,
жўр қилди болалик эртакларига.

Биз бефарқ боқамиз, назаримизда,
гоҳ қизил кўйлагидан ҳазар қиламиз,
рақс этар, уничи чақар илонлар
ва шундан баландмас, ерга урилар,
худди байроқ каби зафардан мағлуб
ёки синиб, ситилган бир маржон каби.

Неданки, қилса ҳазар, шунга йўлиқди,
рақс этар, сезилмас, бизга бегона,
алмашар ниқоби ва қиёфаси,
бўйида рўмоли, нафасин сиқиб,
нафас олаётир – ҳаво етмайин,
гирдобдай айланар, ёлғиз, ёввойи, тоза.

Айбдормиз, шу ёвуз нафас қисишга –
камқонлик, рангпарлик, сукунат ичра,
юз тутган Мағрибу Машриққа қадар.
Айбдормиз нафаси сиқилгани-чун,
ҳам ёшлигин бой бериб қўйгани учун.

Рус тилидан Дилором АБДУРАҲМОН таржимаси

Дилором АБДУРАҲМОН – 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат политехника иститутини (ҳозирги ТДТУ) битирган. Ижодкорнинг «Кўнгил шафақлари», «Таҳаюл тонги», «Иш ёмғири» шеърий китоблари, «Настарин бутаси» таржима тўплами нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *