Алишер НАРЗУЛЛО

ТОНГ СЕКИН БОРАРДИ ОҚАРИБ

* * *

Елпиб ўтди жонбахш бир насим,
кўкрагимни кўтардим аста.
Шамолларинг эсмаганида
ётармидим тупроқдан пастга.

Туриб олай оёққа, ахир,
нетаман, бу андуҳ ва кинни?
Кўзларига бир қарай дедим,
отаётган ёп-ёруғ кунни.

Телба каби тингладим узоқ,
бузолмадим, лек, жимлигимни.
Ошкор қилгим келмади, ахир,
сенинг бор ва азизлигингни…

Жануб соғинчи

Қушлар кетаётган томонга қараб:
хаёлларим учди, учди сарсари.
Совуқ ўлкалардан дилгир юрагим,
кетиб борар энди, билсанг, сен сари.

Туманли, ёмғирли дамлар, энди, хайр,
қуёшга яқинроқ борай тобора.

Минг фарсаҳ нарида туриб, эй Жануб,
сенга таъзим қилиб турибман, қара…

* * *
Дарахтларнинг япроғи
дилдирар шамолларда.
Зим-зиё кечалару
ёмғирларда, қорларда.

Чирт узилса бир банди,
титрар юрагигача.
Оғриқ борар шохдан то
ернинг курагигача…

* * *

Ёмғир ёғиб ётди тун бўйи,
пар тўшакда тўлғанди бу жон.
Кўкдан хабар келтирган каби
деразамни чертарди чунон.

Не ҳам қилай, о, бундай маҳал,
юрак ўйнар ҳар зарб урганда?
Ахир, қандай ухлай, осмондан,
кимдир мени чорлаб турганда?..

* * *

Тун
Қоронғи.
Ғамгин бир кеча
юлдузлар нур сочди –
нурлари хира.
Чиқсайдим бўларди
остона ҳатлаб,
нимадир қўймасди
кўчага сира.
Бош суқди
шамоллар адашиб,
бўм-бўш уй,
бўш кўнгул – кўп ғариб.
Ўрнимдан тураман, ниҳоят,
тонг секин борарди оқариб…

* * *

Хайр, қушлар, хайр, эй қушлар,
хайр, кўнгулнинг шиддаткор ваҳми.
Оппоқ излар қолар осмонда,
бу чексиз, бу уммон саҳни?

Олдда ҳали қанча манзиллар,
ортда қолган йўллар эса берк.
Қушлар сенга қараб кетмоқда,
мовий кенглик, озодлик ва эрк…

Саҳрода

Шамоллар кезинар бегона,
ёмғир савалайди қумларни.
Жунжикиб санайман
мен бу дам,
Ҳар лаҳза,
ҳар соат
кунларни.
Шамоллар қайтмайди ортига,
бу дайри дунёда
кенглик йўқ.
Мен йўлга чиққанман
биламан,
биламан,
ҳеч қачон тенглик йўқ…

* * *

Эй гул, сенинг бағрингда оқшом,
шамоллар ҳам бир зум тўхтайди.
Нега қайғу, шодлик ортидан
ортса ортди, лек, камаймади?

Япроқларинг нега кўп ларзон,
азобларинг болдаймас – тахир?
Нега сендан юз буриб кўп бор,
нега сени суйдим мен, ахир?..

* * *

Маъюс-маъюс боқдим, ажаб,
яйдоқ қолган даштлар жимдир.
Излар кўрдим қумда ғалат,
кетиб қолган бундан кимдир?

Ким ҳам бўлса машриққами,
мағрибга йўл олган аён.
Қуёш қумни қиздиради,
дашт бир ўзи боқар ҳайрон.

Ана, қара, нортуялар
тўлқин каби кетар бир қур.
Бу кимсасиз чўл қўйнида
тўхтаб қолган каби умр.

Олисларда куяр шафақ,
қўл узатсам… етадиган.
Йўлга чиқдим ёлғиз ўзим,
борми бирга кетадиган?..

* * *

Сендан дарак йўқ эди, сендан,
ёмғир ёғар эди кун бўйи.
Олислардан чорлабми, тонгда
кимдир қўшиқ қилди хиргойи.

Аста турдим ўрнимдан, ишон,
даричани секин очардим.
Мени адо қилган бу ғамдан
айтгин, ахир, қайга қочардим?..

* * *

Руҳ борар танада кичрайиб,
совияпти атроф ҳам секин.
Бу туманли ҳарир саҳарда
қайтиб яна тонг отармикин?

Гар, тонг отса, уйғонасанми,
кетасанми, дилимдан андуҳ?
Қобирғамнинг остидан яна,
дарахт каби ўсасанми руҳ?..

* * *

Куз,
барглардан жудо бўлди,
дов-дарахтлар.
Новдалардан паноҳ топмас,
қушлар энди.
Кўз юмаман,
эслайин деб баҳорларни,
Кечаги кун –
қандай ширин тушлар эди?
Ташқарида рақс тушмоқда
шамол ёлғиз,
Йўқликка юз тутаётир
борлиқ аста.
Қайда қолдинг,
болалигим,
бу не фасл?
Умр, ўтиб кетдингми, о,
сен бирпасда…


Алишер НАРЗУЛЛО – 1967 йилда туғилган. Хўжанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган. Шоирнинг «Рангин дунё», «Яшил дарахтлар»,«Болаликнинг сўнгги куни» номли шеърий тўпламлари ҳамда «Шамоллар гирдобида» насрий китоби нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *