Акрам УСМОН

СЕНДАН ХАБАР БЕРДИ МЕН ИЗЛАГАН БАХТ

* * *

Куз муқаррар, ортидан қиш ҳам,
Ёз жонҳалак ўтиб кетади.
Соғинтирган бировни кўклам,
Бир кун кетмас бўлиб қайтади.

Бу энг сўнгги ва мангу баҳор
Яшаб қолар мангу боғингда.
Айланади бошингдаги қор
Хазон бўлмас олча гулингда.

Нақадар бахт умр қишида
Баҳор шавқин туюб яшамоқ.
Гўё, асло, сабр сиридай
Такрор-такрор куйиб яшамоқ.

Ортиқ сўзга юрак бермас дош,
Туйғуларга таъриф ожиз, лол.
Уч фаслда тугаган бардош,
Кўклам қайтар, маҳкам тутиб қол.

* * *

Вақт – ҳакам, вақт – ҳоким дегани бекор,
Ақлли гаплардан кўнглим тўлмади.
Йилларни ҳажрингда ўтказдим абгор –
Сени унутмоқчи эдим.
Бўлмади.

Кузда ғунчалаган севги гулини
Бошимга қор ёғиб совуқ урмади.
Қайғу ўти совурмади кулини,
Сени унутмоқчи эдим.
Бўлмади.

Ҳар неки унутмоқ – гуноҳ, унутдим,
Саркаш хотирамда ҳеч не қолмади.
Хатоларни бирдай бағримга битдим,
Сени унутмоқчи эдим.
Бўлмади.

Хазонрез боғимда намозшом гулим,
Севишдан ўзга ҳеч чорам қолмади.
Висол – сароб, армон бўлсада йўлим,
Сени унутмоқчи эдим.
Бўлмади.

* * *

Шарқ осмони оқарар аста,
Элас-элас азон товуши.
Қоронғилик ичра оҳиста
Судралади чоллар ковуши.

Шабнам жунжиктириб этини
Теракларнинг уйқусин бузар.
Тушидаги саёҳатини
Энг мароқли жойида узар.

Биргина сас – ариқдаги сув
Жилдирайди бедор, ўйноқи.
Чўмилганди оймомо – сулув
Кетдимикан юздаги доғи?

Супургининг шарпаси шип-шип,
Ўтмасайди, деб, бирор эркак,
Остонани супурар шошиб,
Етти кунлик сулув келинчак.

«Абдумўмин, ҳов, Абдумўмин!»
Ҳамсоясин чақирар биров.
Кейин тўлдир уйқунинг камин,
Маҳаллада тўй бор, чиқ дарров.

Бирдан тириллайди трактор
Сукунатнинг танобин тортиб.
Тонг отади қишлоқда такрор
Елкасига дунёни ортиб.

* * *

Қунишган боғлардан кетгиси келмай,
Кузнинг кўзёшлари айланди қорга.
Яна қиш. Умрдан кўнгиллар тўлмай,
Яна тўймай қолдик ёзга, баҳорга.

Кафтимга қўндию қорнинг парчаси,
Сендан хабар берди мен излаган бахт.
Эриб, томчи ёшдай милтираб туриб,
Деди: ҳеч йўқ ёзгин унга бир қорхат.

Баҳор боғларимни тарк этган мисол,
Хаёл парилари йўқламас бир пайт.
Яна ҳиссиётим қўзғатдинг, не ҳол,
Яна юрагимни ёндирайми, айт?

Яна биринчи қор ёққан ушбу кун
Қалбимга қайтардинг кўклам нафасин.
Олча гулларига айланди бутун
Сочимга ёққан қор, бу қандай афсун?

Ҳилолни кўрганда қошингни қўмсаб,
Кўзингни соғинсам Зуҳрони кўриб.
Ғунча эслатганда ўша ақиқ лаб
Араз қилмаса бас, ўзини буриб.

Кафтимга қўндию қорнинг парчаси,
Сендан хабар берди мен излаган бахт.

* * *

Ўтмиш билан келажак аро
Бир сония умр бесабр.
Жомадонин устида маъюс
Бошмоғини кияр декабрь.

Ўн икки ой мисли эшелон,
Бекатларсиз йўлдан кетадир.
Армон тўла ўн икки вагон,
Энг оғири шўрлик декабрь.

Биров парво қилмайди унга,
Йўл олдидан сўрайди қадр.
Ичкарида қадаҳ жарангги,
Даҳлиз томон юрар декабрь.

Айтилмаган раҳматлар қанча,
Сўралмаган тоғларча узр.
Қўли эшик тутқичларида,
Кўзида ёш турар декабрь.

Соат ўн иккига урса бонг,
Қийқириқлар кўкни тутадир.
Сўнг, уйқула қаршиланар тонг,
Сездирмасдан кетган декабрь.

Акрам УСМОН – 1966 йилда туғилган. Наманган давлат педагогика институтининг (ҳозирги НамДУ) филология факультетини битирган. Ижодкорнинг «Изҳор», «Юрак мактублари» номли шеърий китоблари нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *