Саъдулло ҚУРОНОВ

                            ИЖТИМОИЙ ШЕЪРИЯТНИНГ ЯРАЛИШИ           

       XХ асрнинг 10-йилларига келиб жамиятнинг барча соҳаларида, жумладан, адабиёт ва санъатда жиддий ислоҳотлар зарурати етилди, буни англаган ижодкорлар саъй-ҳаракати билан янгиланиш жараёнлари ҳам бошланди. Янгиланаётган адабиётнинг янгилик аломатларидан бири, эҳтимол, энг муҳими, унинг оммавийлашганида кўринади. Энди ижодкор муайян бир доира вакиллари учунгина эмас, кенг омма учун ёзаётганини, бугун ёзган асари эртага газетада чоп қилинса, бир куннинг ўзида минглаб кишилар ўқиши мумкинлигини ҳис қилиб туради. Бу эса табиий равишда поэтик тилнинг жонли сўзлашув тилига яқинлашишига, шу билан боғлиқ ҳолда шеъриятда вазннинг соддалашишига олиб келади. Коммуникатив восита сифатида ҳам бадиий адабиёт асрлар давомида яшаб келган ғояларни эмас, балки мавжуд ижтимоий вазият ҳақидаги информацияни ташишга йўналтирилди. Бу шароитда асрлар давомида умумэстетик канон сифатида шаклланган ва шеъриятнинг бош белгиси ўлароқ тушунилган кўнгил кечинмалари изҳори шеъриятнинг кейинги мавжудлиги ва ривожи учун етарли бўлмай қолди. Шеърият воқеликка, ижтимоийликка юзланди. Лирик мушоҳада объектининг санъаткор кўнглидан чиқиб, воқеликка кўчиб ўтиши эса муқаррар тарзда бадиий образнинг бир қадар жонли, реалистик унсурлар билан тўйинишига, унинг визуаллашувига олиб келади. Албатта, бу жараён бошқа санъатларнинг ифодавий имкониятлари кўмагида, хусусан, шеърият ва тасвирий санъатнинг ўзаро бадиий синтези натижаси ўлароқ кечди.
        Янги ўзбек шеърияти муаммоларини тадқиқ этган Улуғбек Ҳамдам XX аср аввалида шеърнинг интонацион қурилиши, поэтик ифода тарзи, субъектив ташкилланиши каби муҳим жиҳатларда кечган ўзгаришларни «Янги инсоннинг қалб тебранишларини акс эттириш талаби шеъриятдан шунга мос ўзгаришларни – янгиланишни тақозо этгани»1  билан изоҳлайди. Янги инсоннинг асосий белгиси ижтимоийлашганлик бўлиб, шеъриятда энди унинг қалби суратлана бошлади – шеърият ижтимоийлашди. Шеъриятнинг объективлашиш (яъни лирик мушоҳаданинг субъектдан объектга кўчиши) илдизлари, аввало, унинг ижтимоийлашганида кўринса, ижтимоийлашув шеъриятга шахсиятнинг кириб келиши билан боғлиқ. Яъни замонавий ўзбек шеъриятида, аввало, инсонга, унинг ижтимоийликда уйғонган кечинмаларига муносабат янгиланади. Лирик мушоҳада объекти сифатида абстракт, шартли бадиий-фалсафий унсурлар билан тўйинган қиёфа эмас, балки реал шахслар танлана бошланди. Бу эса шеъриятда инсон қиёфасининг ҳам ички, ҳам ташқи кўринишлари билан янгиланишига сабаб бўлди. Энди шоир реал инсон образини яратар экан, бадиий тасвирда ҳам реализм талабларига асосланди, сўз воситасида инсонни ҳаётдагига монанд тасвирлашга ҳаракат қилди. Натижада, шеъриятимизга реалистик тасвир кириб кела бошлади. Замонавий ўзбек адабиётида кечган юқоридаги тамойиллар Шарқ мумтоз адабиёти билан таққосланганда, улар ўзаро қарама-қарши йўналишда экани кўринади. Зеро, мумтоз шоирларимиз мавзуда ижтимоийликдан, айни дамда, талқинда индивидуалликдан имкон қадар ўзларини олиб қочганлар. Дилмурод Қуронов бу ҳақда шундай ёзади:
«Аввало, мумтоз шеъриятнинг лирик субъекти алоҳида шахс эмас, балки анъана кучи билан умумийлик касб этган шахс эканини қайд этиш жоиз. Гарчи мумтоз шеърда кўнгил изҳори, асосан, «мен» тилидан берилса-да, ҳақиқатда унинг ортида муайян бир шахс эмас, кўпроқ ўқувчига аввалдан таниш лирик субъектлардан бири – ошиқ, мутафаккир, носиҳ ё замонадан куйган жабрдийда намоён бўлаверади. Айни ҳол жамиятда шахс мақоми кучайган шароитга мувофиқ эмас»2. 
Шарқ мумтоз адабиёти ва миниатюраси орасидаги алоқаларни тадқиқ этган санъатшунослар Е. Полякова ва З. Раҳимовалар Шарқнинг чуқур фалсафий, юксак бадиий асарлари ортидаги муаллиф шахсиятини аниқлаш жудаям мушкул эканини таъкидлаб,  «бу давр ижодкорлари ўз шахсий кечинмаларини, давр кишилари ва ижтимоийликни ифодалашга уринмаган»3,  деб ёзадилар. Ҳақиқатан ҳам мумтоз санъат намуналарида давр колоритини ифодаловчи омиллар: реал шахслар, аниқ саналар, географик номлар деярли учрамайди. Баъзан муаллиф ёзган асарига ўз имзосини қўйишни ҳам «унутади». Чунки бу давр эстетик қарашларининг бирламчи ҳақиқати сифатида дунёнинг фоний экани англаниб, санъаткор учун чинакам, ягона гўзаллик олам ва одамнинг ботини ҳисобланган. Айни шу омил мумтоз санъатлардаги шартлиликни юзага келтиради. Ижодкор ўз асарида оламни унинг ташқи кўринишлари билан ифодалашга уринмайди. Дейлик, ёр жамолини тасвирлашда унинг қиёфасига хос хусусий деталлардан эмас, балки давр эстетик қарашлари асосида қабул қилинган шартли унсурлардан фойдаланилган. Зеро, мумтоз шоир кечинмаларини объектив тасвир (ёр жамоли тасвири) воситасида эмас, балки бевосита кечинманинг ўзини «айтиш» билан ифодалаган. Шундай экан, у маъшуқа жамолини алоҳида хусусиятлари билан тасвирлашга эҳтиёж сезмаган. Бундан ташқари мумтоз шоир маъшуқа тимсолида реал шахсни эмас, илоҳий Ҳақиқатни кўргани ҳам муҳим омилдир.
       Шарқ мумтоз санъаткори қаҳрамонларни реал воқеликдаги хатти-ҳаракатлари воситасида эмас, балки мутлақ идеал тушунчалар орқали тасвирлайди. Яъни қаҳрамонда энг гўзал исломий сифатлар (тақво, илм, одоб, адолат, маърифат ва бошқалар) мавжудлигини таърифда айтилганининг ўзи етарли ҳисобланган (масалан, тақволи одам дейилишининг ўзида қиёфа ҳақидаги анъанавий тасаввур ҳам бор). Шу сабабли ҳам шоир қаҳрамондаги шундай сифатлар таърифига кўпроқ урғу беради: сифат қай даражада мукаммал ва оригинал таърифланса, шу даражада индивидуал қиёфа ҳосил бўлади. Натижада, ердан бутунлай узилган, Шарқнинг идеал ғоя ва мақсадларига йўғрилган қаҳрамон яратилади:

«Демон, ҳам кўнгли поку ҳам кўзи пок,
Тили поку сўзи поку ўзи пок» 4.


       «Фарҳод ва Ширин»дан олинган юқоридаги байтда Фарҳод образи чин сўфиёна қиёфада акс эттирилади. Навоий Фарҳоднинг ташқи кўринишини алоҳида чизгилар билан тасвирлаб бермайди, балки унинг феъл-атвори, хулқи ва амалига таъриф беради. Дейлик, Фарҳоднинг гўзаллиги ҳақида сўз кетса, шоир ўша давр идеал қаҳрамонлари учун гўзаллик сифатида қабул қилинган шартли кўринишларни қаламга олади. Шу ўринда, мумтоз адабиётдаги тасвирийликни тадқиқ этган адабиётшунос Афтондил Эркиновнинг миниатюра санъатидаги Фарҳод образига берган шарҳини кўриб чиқишга эҳтиёж туғилади:

«Фарҳод кийимидаги кўкранг комил инсон тимсоли бўлиб, жигарранг риёзат босқичини ўтаганликни билдиради, дастор – мутафаккир (тафаккурли шахс), қизил қалпоқ – баҳри раҳмат (инсон тафаккурининг эзгулик манбаи эканлиги). Унинг кўзи кичиклиги эса, дунёга боқмаслик бўлиб, қўли очиқлик ирфоннинг мавжудлиги, моддиятнинг йўқлигига ишора» 5.

     Кўринадики, мусаввир учун тасвирдан кўра рамзийлик ва анъанавийлик устун турган. Йўқса, у муайян маънони ифодалаш учун персонаж кўзларини реалликка хилоф равишда кичрайтириб ўтирмас эди. Адабиётдаги ижтимоийлашувнинг илк аломатлари XIX асрнинг иккинчи ярмидаёқ сезилади. Адабиётимизда ҳали ҳамон мумтоз анъаналар ҳукмронлик қилаётган бўлса-да, ижодкорлар гоҳ-гоҳ ижтимоий муаммоларни ҳам қаламга оларди. Бу ҳақида Улуғбек Ҳамдам ёзади:

«Гарчанд, чегарани ХХ аср дея белгилаган бўлсакда, аслида, бу ўринда гапнинг индаллосини XIX асрнинг иккинчи ярми, хусусан, Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий каби қатор маърифатпарвар шоирлар ижодини келтириб чиқарган ижтимоий-психологик омиллардан бошламоқ ўринлидир» 6.

       Шеъриятга ижтимоийликнинг кириб келиши поэтик ифодага реализмга хос унсурларни, хусусан, реалистик тасвир аломатларини ҳам олиб киради. Адабиётимиздаги реалистик тасвирнинг илк аломатларини Муқимий шеъриятида кўришимиз мумкин. XIX аср охири – XX аср бошларида сермаҳсул ижод қилган Муқимий баъзи шеърларида, айниқса, саёҳатномаларида реал, жонли қаҳрамонларни тасвирлайди. Муқимий мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттиргани ҳолда қаҳрамонлари тасвирига ўз даврининг шарт-шароити, янгиланиб бораётган эстетик тафаккур нуқтаи назаридан ёндашади:

“Рўзани ўн олтиси сешанба кун,
Қолди иморат тагида инсу жон.”


      «Тарихи зилзилаи Андижон аз мавлоно» деб номланган шеърдан олинган юқоридаги парчада кўринадики, Муқимий ифодада тарихийлик тамойилидан бормоқда. У фожиа тафсилотларида ортиқча муболағага берилмайди, андижонликлар бошига тушган мусибатни худди тарихий солнома ёзаётгандай тасвирлаб беради:

«Мадрасаю масжиду зовидлари,
Оғнади ҳаммому сарою дўкон».


      Айни дамда, шоир табиий офат пайтидаги ва ундан кейинги ҳаётий манзараларни реал, жонли тасвирлайди:

«Кимки – тирик қочти яланғочу оч,
Кийса – кийим йўқ, есалар – парча нон».


       Шеърларида реалистик тасвирга интилиш Муқимий билан деярли бир вақтда яшаган Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар каби шоирлар ижодида ҳам кўринади. Хусусан, Фурқат Фузулийнинг машҳур:

“Сурмадин кўзлар қаро, қўллар ҳинодин лола ранг,
Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.”


байтига татаббу тарзида ёзган ғазалда бу яққол кўринади. Бир қарашда Фурқат ғазали анъанавий йўлда ёзилгандек кўринади. Бироқ унда, анъанавий ғазаллардан фарқли равишда, реал маъшуқа қиёфаси сўз билан чизилади. Деталларнинг реалистик экани шоир, салафларидан фарқли ўлароқ, таърифга сиғмайдиган гўзални эмас, балки айнан мавжуд инсонни тасвирлашни мақсад қилганини кўрсатади. Бу билан унинг қаҳрамони мумтоз адабиётга хос тасаввуфий, идеал қиёфадан кескин фарқланиб қолади. Ушбу ғазалда реалистик тасвир иллюзиясини ҳосил қилаётган иккита омил бор:
1) портрет деталларининг реалистик экани;
2) уларнинг изчил келтирилиши натижасида бутун тасаввурининг ҳосил бўлиши.
Умуман олганда эса ғазалда тавсиф устувор: шоир кечинмани тўғридан-тўғри изҳор қилмай, туйғуларини объектни тавсифлаш баробарида узатади.
ХIХ аср охирида ижод қилган шоирлар ижодини умумлаштирувчи асосий омил шеъриятга ижтимоийлик аломатларининг кириб кела бошлагани эди. Бу давр бадиий тафаккурида ҳамон мумтоз шеърият анъаналари ҳукмрон эса-да, ижодкор баъзан шахсият ёки ижтимоийликни қаламга олишга эҳтиёж сеза бошлаган.
ХХ аср бошларига келиб эса адабиётда том маънода ижтимоийлашув содир бўлдики, бу энди умуман жамият аъзоларида (яъни, ҳам ижодкорлар, ҳам ўқувчиларда) ижтимоийлашув юз бергани билан изоҳланади. Бу эса шеъриятнинг объектив тасвирга интилишини янада кучайтиради.
        ХХ аср бошларида ўзбек шеъриятининг бадиий-ғоявий, шаклий жиҳатдан тубдан ўзгариб, ўзининг янги умрини бошлашга чоғлангани сабабларини, аввало, ижтимоий омиллардан қидириш керак. Зеро, ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган кескин ўзгаришлар шу ижтимоийликнинг бир бўлаги – шоир шахсини четлаб ўтмайди. Энди унинг фаолияти ҳам умумижтимоий эҳтиёжларга мос тарзда кечиши, давр ўқувчисининг талабларини қондириши шарт эди. Кенг ижтимоий-маданий ислоҳотлар замирида Туркистон аҳли учун ҳали таниш бўлмаган санъат турлари (театр, фотография ва ҳоказолар)нинг кириб келиши илгаридан мавжуд санъат турларининг ифодавий-шаклий хусусиятларига таъсир этмай қўймади. Бундан ташқари, адабиётда янги турларнинг пайдо бўлиши, мавжудларининг ривожланиб оммалашиши шеъриятнинг наср ҳам драматургия билан рақобатлашишига олиб келади. Шу маънода, ўтган аср бошларида ижодкор санъатлар аро бадиий синтезга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сеза бошлайди.
ХХ аср бошларида шаклланган замонавий ўзбек шеъриятида реалистик ифода тамойиллари яққол кўрина бошлади. Айниқса, ўзбек шеъриятини том маънода янги босқичга кўтарган Чўлпон ижоди бу борада аҳамиятга молик.

“Кезар эдим Туркистоннинг тоғларини,
Турли мева билан тўлган боғларини,
Кенг саҳросин, чўлистонин, сайрон эдуб
Тинглар эдим турк халқининг оҳларини.”


       Мазкур парча Чўлпоннинг илк машқларидан бири – «Умид» шеъридан олинган бўлиб, унинг 1914 йилда битилгани аҳамиятга молик. Шеърда Туркистоннинг оловқалб, ватанпарвар ўғлонининг кўнглидан кечган изтироблари муҳрланган. Ўша кезларда «Мактаб ўрнига очилди ҳар маҳаллада майхона, Нафрат этмак нари турсин, шоду хандон бизни халқ» қабилидаги жўнгина мисраларни битиб юрган ёш шоирнинг ижтимоий дардни муайян тасвирий элементлар асосида ифодалашга уринишини фақатгина тажриба билан боғлаш нотўғри бўлур эди. Умуман, давр шеърияти учун лирик кечинманинг реалистик тасвир воситасида ифодаланиши янгилик эканини ҳисобга олсак, Чўлпон назми тажрибадан эмас, балки янгиликка интилиш важидан қувват олаётганига амин бўламиз.
     «Умид» шеърида ҳали ёрқин тасвирийликдан кўра тавсифнинг устувор экани сезилади. Яъни шеърда манзара мусаввир каби деталлаштириб тасвирланган эмас, унда юртининг тоғлари, мевалари, саҳросию чўлларини санаб ўтиш билан чекланилган. Бу ўринда воқеликнинг конкрет замон ва маконда кечаётгани кўпроқ аҳамият касб этади. Ўқувчи хаёлида ўз кечинмалари билан сарсон юрган абстракт макондаги лирик қаҳрамон эмас, балки муайян замон ва маконда турган реал инсон гавдаланади. Худди шу нарса – аниқ замон ва маконга мансуб шахс образини яратишга интилиш янгиланаётган ўзбек шеъриятини мумтоз шеъриятдан фарқловчи асосий хусусият сифатида кўрсатилиши мумкин.
      XVIII асрда Европа маърифатпарварлари шеъриятнинг мавқеини маърифат улашиш учун, ижтимоий воқеликни кенг ёритиш учун кўтаришга уринадилар.
ХХ аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида кечган воқеалар ҳам маърифатчилик санъатида кечган ҳодисаларга жуда ўхшаб кетади. Зеро, янги шеърият ҳам ижтимоийликни қаламга олиш билан оммалашишга, жамият равишига таъсир қила оладиган муҳим санъат турига айланишга эришади.


1 Ҳамдамов У. Янги ўзбек шеърияти. – Т.: Адиб, 2012. – Б. 9.
2. Қуронов Д. Мутоалаа ва идроқ машқлари. – Т.: Академнашр, 2013. – Б. 192.
3. Полякова Е., Раҳимова З., Минниатюра и литература Востока. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1987.– С. 23.
4. Навоий А. Тўла асарлар тўплами. 10 жилдли. 6-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом, 2011. Б. 366.
5. Эркинов А. Алишер Навоий «Хамса»си талқинининг ХV – ХХ аср манбалари. Филол. фанлари док. … дисс. – 1998. Б.235.
6. Ҳамдам У. Янги ўзбек шеърияти. – Т.: Адиб, 2012. – Б.72.
7. Муқимий. Асарлар тўплами. 2 томли. 1-том. – Тошкент: Адабиёт, 1960. – Б.342.
8 Фурқат. Танланган асарлар. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1975. – Б. 47. 8. Чўлпон. Асарлар. 1 жилд. – Т.: Академнашр, 2013. – Б.
15.

Саъдулло ҚУРОНОВ – 1989 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. «Ифода ва ифодавийлик» номли адабий- танқидий мақолалар тўплами, «Эгиз санъатлар» монографияси чоп этилган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *