МУҚИМИЙ

НОГАҲОН КЎНГЛИМ УЙИҒА КЕЛСА ЁДИНГ ШОДМЕН

 * * *
Меҳри рухсорингга, жоно, зордурман соғиниб,
Кўргали муштоқ, дилафгордурман соғиниб.

Субҳи васлим фурқатинг шоми билан топди завол,
Қон тўлиб кўзга, шафақосордурман соғиниб.

Хастаю маъюсу бемор айрилиб ғам кунжида,
Мустаҳиқи, пурсиши бисёрдурман соғиниб.

Ёдима сози дутору руҳафзо хонишинг
Тушса ҳар соат батарроқ зордурман соғиниб.

Хоҳ бовар қилма-қил – сан ҳам мусулмонсан агар,
Ғунча янглиғ дийдаси хунбордурман соғиниб.

Ашки олу ранги зардимдин қиёс этсанг бўлур,
Ҳожати гуфтор эмас, изҳордурман соғиниб.

Ҳасратингнинг назмини ёзиб Муқимий сафҳага,
Кору борим дамбадам такрордурман соғиниб.

    ***
Ҳусн мулкида тажаммулпеша султонсан ўзинг,
Ҳам малоҳат буржида хуршиди тобонсан ўзинг.

Улки, бир келдинг карамлар айлабон йўқлаб, ҳануз,
Кўз уйида мардумим, жисмимдаги жонсан ўзинг.

Муддате бу боғ аро бир-бир юриб, солдим назар,
Бир юзи гул, зулфи сунбул, хатти райҳонсан ўзинг.

Доғмен, таъбингни чоғ этмак қўлимдин келмади,
Ҳожати изҳор эмас, ҳолимни билгонсан ўзинг.

Хуш на саъд айём булким, кўришуб ҳар субҳи шом,
Рўзгорим ёрутуб, шамъи шабистонсан ўзинг.

Бу дуогўйингни ҳар ерда форомуш айламай,
Аҳд этиб келсанг, дегил, олдимда паймонсан ўзинг.

Ногаҳон мундоғ назарлардин ёмондур кетмагинг,
Бўлмаса жондин, Муқимий, яхши меҳмонсан ўзинг. .

* * *
Юз очким, ғунчалар гулшанда сансиз,
Қилаолмас, нигоро, ханда сансиз.

Висолингдур ҳамиша орзуйимиз,
Бугунча бўлмасун жон танда сансиз.

Фиғону нола айлаб ҳасратингда,
Урурман тахта бағрим ранда сансиз.

Қарору, сабру оромимни сўрма,
Юриб девонаман Хўқанда сансиз.

Тушиб зулфингни савдоси бошимға,
Яқин келдим киярға жанда сансиз.

Хиром эт ноз ила – товус бўлсин
Чаманда лоф уриб шарманда сансиз.

Нетар жаннатни дийдорингга ошиқ,
Муқимий қайда роҳат манда сансиз.

***
Махфий айла оразинг то куймасун шайдоларинг,
Қошларинг гўё камон, ўқ отмасун мужгонларинг.

Лаҳзае боқсанг агар, бўлғай юрак садпоралар,
Кул бўлиб то куймасун ҳажринг аро куйгонларинг.

Мунча ҳам ширинсухандур, бергуси талх жавоб,
Қилмасин бисмил ҳама гўё забон – бурронларинг.

Доимо дашном этиб боқсанг, нигоро, қайрилиб,
Дини исломи кетар кўрган замон хандонларинг.

Кўзларинг жаллод, ўлуб, қилғай ҳавола ханжарин,
Ўлмасун зулминг билан ишқинг аро ҳайронларинг.

Очмағил парда, пари, то куймасун парвоналар,
Оташи ишқинг, басе, кофий эрур ёққонларинг.

Ҳар тарафга ташлабон очилмасун гул ғунчаси,
Эрта-кеч қилғай наво булбул каби нолонларинг.

Оҳ, ишқингни ютиб, бағри кабоб бўлган Муқим,
Бўлмағай мундек жафою ҳажр аро гирёнларинг.

* * *
Аё, гулчеҳра, бир дам меҳрибон бўл,
Дубора, яъни, жонсиз танга жон бўл.

Халойиққа солиб юз шўри маҳшар,
Сенга ким айди, офоти замон бўл.

Очиб юз, мунтазир наргиз саросар,
Карам айлаб, чаман сори равон бўл.

Нигоро, лол бўлғай тўти ногаҳ,
Замоне лутф ила ширинзабон бўл.

Хўқандда хушламам сендин бўлакни,
Инониб, хоҳ майлинг, бадгумон бўл.

Алингдин берма дер эрдим инонинг,
Бор эмди, эй кўнгул, ҳажрида қон бўл.

Нетай, сўр ҳол, хоҳи қил фаромуш,
Муқим, ҳар ердаким бўлсанг, омон бўл.

***
Умр сансиз ўтса, мундоғ манга жон даркор эмас,
Туфроқ ўлмак яхшироқ, руҳи равон даркор эмас.

Ҳар қаю маҳфилда васфингни чироғини ёқиб,
Қилмасам зикрингни кесилсун забон, даркор эмас.

Қадди мавзунинг тамошосидин улким топди завқ,
Сарв ила, биллаҳки, тўбийи жинон даркор эмас.

Ўртадим ишқингда – қил сўзи ниҳонимдин тамиз,
Ошкоро айлабон оҳу фиғон даркор эмас.

Ногаҳон кўнглум уйиға келса ёдинг шодмен,
Қолмағай армону ҳасрат, хонумон даркор эмас.

Дарбадар юрсам жунун кўйида айб этмак надур,
Булбули бехонумонман – ошён даркор эмас.

Ўлдурурсан чини абрў айласанг бир ноз ила,
Қатлима мужгонларинг қилмак синон даркор эмас.

Риштаи назмиға чекти зоти васфингни, Муқим,
Мисли гавҳар эмди ортиқча баён даркор эмас

* * *
Ошиқ бўлибман, эй ёри жоним,
Васлингни излаб, йўқдур мажолим.

Бир йўқламайсан куйган қулингни,
Кўзлари жаллод, нозик ниҳолим.

Раҳм айла менга, эй бағри қаттиқ,
Дийдам тўла қон, эй шўхи золим.

Лабташналарга айла наззора,
Қадди чу шамшод, қоши ҳилолим.

Олдинг кўнгулни бир-икки сўзлаб,
Девона бўлдим, тўти мақолим.

Ҳар дам куярман ёдимға тушсанг,
Бир кўрмагунча йўқдир мажолим.

Неча замондур, кўздин ниҳондур,
Ошиқ Муқимий, эй хаста жоним.

*** 
Эй ўшал хуршид янглиғ талъатингдин ўргулай, 
Зулфи райҳонинг билан холу хатингдин ўргулай. 

Ногаҳон ойинаға боқғонда тимсолинг кўриб, 
Ҳайъати ширину шакли суратингдин ўргулай. 

Учраб одобу ҳаёллар бирла ушшоқ аҳлиға,
Айлаган хулқу тавозуъ ҳурматингдин ўргулай.

Хоҳи саҳро, шаҳарда – ҳар ерда бўлсак субҳу шом,
Ҳамнишин, ҳамдам, рафиқу улфатингдин ўргулай.

Не бўлурким, бир кеча васлинг билан шод айласанг,
Жон рақамға етти – ҳажру фурқатингдин ўргулай.

Навқиронлар ҳуснини мардумга дилкаш кўрсатиб,
Булъажаб ҳикмат, илоҳо, қудратингдин ўргулай.

Бир умр маҳжур ҳам маҳрум ўлиб лайлу наҳор,
Қилмаган рўзи Муқимий неъматингдин ўргулай.

Муҳаммад Аминхўжа МУҚИМИЙ – (1850–1903) Бухорога бориб, «Меҳтар ойим» мадрасасида таҳсил олган. Муқимийнинг адабий мероси тахминан ўн минг мисрани ташкил этади.

2018-йил, 12-сондан олинди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *