Хуршид ДАВРОН

СИРЛАРИМНИ ОЛИБ НЕЧА ТУН ЎТДИ

Самарқанд

Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимда қучоқлаб
Онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд
Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард

Болалик

Тунлари осмонга тикилар, аммо
Юлдузсиздир, ойсиздир само.
Баҳорда кўрмайди атиргулларни,
Эшитмас сайраган маст булбулларни.
Деразани ювган ёмғирни кўрмас,
Ҳолбуки, соппа-соғ, кўзлари кўрмас.
Оёғи остида қор ғижирламас,
Уйин айвонида қуш ғужурламас.
На шивир, на пичир, на ун, на титроқ —
Унинг юрагига солар қалдироқ.
Кўксини пайпаслар фақат дамба-дам
Қалбини болалик тарк этган одам.

Бинафша

Бинафша мени чақирди
Қор эриган боғча четидан
Кимнидир чақирди
Юрагимнинг ичидан
Кел деди бинафша
Кул деди бинафша
Кўкарган боғча ичидан
Сен келмасанг
Сен кулмасанг
Мен сўламан деди бинафша
Кар кўрмисан
Гар кўрмасанг
Мен ўламан деди бинафша
Ай жоним бинафша
Юрагимнинг ҳовучида
Ҳаяжоним бинафша
Сўлаётир боғча четида
Кўру кар
Сақову гунг
Ёлғизликнинг ичида

Қайғум маним

Қайғум маним
Бир умрлик жўрам маним
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган
Қайғум маним
Қайғум маним
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан
«Ла илаҳа иллаллоҳ»дай ёдимдасан
Ҳар дам маним жонимдасан қонимдасан
Йиллар ойлар кунлариму онимдасан
Қайғум маним
Қайғум маним
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени
Мозорининг бошларида кўрдим сени
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг
Қўшилишиб «Онам» дея сен йиғладинг
Қайғум маним
Қайғум маним
Унутайин десам кимни исмин айтдинг
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим
Навоийнинг девонида суйган байтим
Қайғум маним
Қайғум маним
Болалигим ташлаб кетди сен кетмадинг
Илк севгию шодликларим унутмадинг
Бамисоли кузакдаги баргихазон
Бамисоли қорлардаги субҳи азон
Қайғум маним
Қайғум маним
Мусичадай деразамда қўниб турган
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган
Қайғум маним.
Қайғум маним
Умрим бўйи хайр демай салом демай
Бўлди етар энди бари тамом демай
Тўйларимда бирон марта нон туз емай
Отамдайин қараб турган бир сўз демай
Қайғум маним
Қайғум маним
Юрагимдан юрагим чиққан илк майсам
Йиллар кетар ойлар кетар қарамайсан
Белим букик сочим оқ сен қаримайсан
Кунларимни сармаст этган қари майсан
Қайғум маним
Қайғум маним
Қайғум маним
Бир кун келар ҳаётимнинг гули сўлар
Мозоримнинг дунёдай кенг бағри тўлар
Юрагимдан униб чиқиб чечак бўлар
Қайғум маним
Қайғум маним

Чунки

Бу бола Машрабнимас,
Нитшени севар.
«Улисс»ни ўқийди,
Чунки у
«Ўткан кунлар»
Ўтган кунлар дейди.
Мактабда дарс берган
Акасининг жаҳли чиқади,
Чунки у
Нитшени билмас,
«Ўткан кунлар»ни
Кинода кўрган.
Кекса ота анграйиб қарайди
Икки ўғлига,
Чунки у Нитшениям,
Қодирийниям
Ўқиган эмас.

Бир-бирин эркалар икки кабутар

Тонг билан оқшомнинг қоқ орасида,
Паҳлавон Маҳмуднинг мақбарасида,
Гўё ўқигандай ишққа қасида,
Бир-бирин эркалар икки кабутар.
Ичанқалъа аро қанча кезмайин,
Уларнинг товуши таралар майин:
Дунёни сезмайин, дунни сезмайин,
Бир-бирин эркалар икки кабутар.
Кўксимда уйғонди кексайган титроқ,
Ахир, сен менданда қанчалар йироқ,
Кўзларинг ёдимга солганча, бироқ
Бир-бирин эркалар икки кабутар.
Бу икки дунёнинг сурати эди,
Одаму Ҳавонинг сийрати эди,
Икки дил ишқининг қудрати эди,
Бир-бирини суйган икки кабутар.
Ё Лайли-Мажнуннинг руҳи эдими,
Ё Ошиқ Ғарибнинг оҳи эдими,
Ё кўкдан ишора – ёҳу эдими –
Бир-бирини суйган икки кабутар.
Уйғонди юрагим унутган хатар,
Кўринди мен сенга битмаган хатлар,
Менданда бехабар, сендан бехабар
Бир-бирин эркалар икки кабутар.
Ай, менинг омоним, менинг қурбоним,
Ахир, сен эдингку менинг дармоним,
Кўринди кўзимга мисли армоним,
Бир-бирин эркалаб турган кабутар.
Сочга оқ тушганда армон бефойда,
Бугун сен бошқаю мен бошқа жойда,
Аммо, ишқ боқий деб оний дунёда
Бир-бирин эркалар икки кабутар.
Неча ойлар ўтди, Неча кун ўтди,
Сирларимни олиб неча тун ўтди,
Ҳамон кўз ўнгимда бир жуфт ишқ ўти –
Бир-бирин эркалар икки кабутар…

Ёлғизлик

I
Ярим тунда
Дунёнинг четида
Кичкина шаҳарда
Чироғсиз кимсасиз
Кўча бўйлаб
Борар Ёлғизлик
Дунё хавотирда
Ой хавотирда
Кичкина шаҳарнинг
Тўққизинчи қаватида
Хавотир билан
Ёлғиз қадамлар сасин
Кутар Ёлғизлик
II
Ярим тунда
Кириб келди
Ёлғизлик
Сочи оппоқ
Соқоли оппоқ
Киприги оппоқ
Ёлғизлик
Ойнага бир қараб
Юзини ўгирди
Ёлғизлик

Шоир

Бекор гап: шоирни жангчи атамоқ,
У ёлғиз одамнинг сўнгги алами.
Шоир – бу очуннинг капалак мисол
Энг чиройли ва энг ожиз одами.
Хуршид ДАВРОН – Ўзбекистон халқ шоири. 1952 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) битирган. Ижодкорнинг «Қадрдон қуёш», «Тунги боғлар»,
«Учиб бораман қушлар билан», «Қақнус», «Баҳордан бир кун олдин» шеърий тўпламлари,
«Самарқанд хаёли», «Соҳибқирон набираси», «Бибихоним», «Кубронинг тушлари» номли қиссалари нашр этилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *