Ойдин ҲОЖИЕВА


1960 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг «Найсон», «Ҳумо»,
«Бахтли йил», «Бор» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *
Ялтираб ётибди кузнинг гуллари, 
Ҳали изиллатар қишлар олдинда. 
Саҳар қировлари, аёз еллари 
Эркалаб хурмолар ёнар олтиндай.

Дала ҳовлиларнинг бўм-бўш боғида 
Ўйинқароқ шамол мезбонлик қилар. 
Мевалари туршак шотут шохида 
Олақанот қишлар хушхонлик қилар.

Нозанин атиргул сўнгги хандаси 
Ақиқ ғунчалари бўлар очилиб. 
Арча этагида нур алангаси 
Ғужғон гунафшалар ётар сочилиб.

Букри тиргаклар ҳам вазмин ёнбошлар, 
Дуварак олмалар пилла мисоли.
Булутлар чувалиб пойгасин бошлар, 
Ўртада тоғ билан осмон висоли.

Кузги буғдойпоя – зангори денгиз,
Ям-яшил барқутдай товланар ҳай-ҳай! 
Одам изин қумсаб ангору андиз 
Қамишлар тилида сайратади най.

Баҳордан ёрқинроқ кузнинг палаги, 
Сарпо саватида ипаклари кўп.
Кўксингда ёниқми ошиқ юраги,
Тиз чўк, зебо кузнинг этакларин ўп!

* * * 
Фаришталар, қанотингиздан
Тўкилган шабнамлар дур бўлар. 
Назар солган заҳотингизда 
Гўдаклар бешикда ҳур бўлар.

Сиз елпиб ўтганда тақир тоғ 
Симиё-кимиё кон бўлар.
Тирилиб ҳар янтоғ, ҳар япроғ 
Саловот сўйлаган жон бўлар.

Қудуқнинг занжирбанд девлари 
Нур тушиб, бўлодир паризод
Ва, руҳнинг минг йиллик сирлари 
Бўлғувси чашмаи муножот.

Еру кўк аро нур кўприги, 
Фаришта ёғилган лак-лак. 
Ғафлатга илинма, кипригим,
Бу кўприк Ҳаққа йўл бўлажак…

* * * 
Саррин шабадалар, ел, 
Шабнамли сабуҳимга, 
Гулдан нафис руҳимга, 
Андуҳимга кел!

Бир ҳовуч чағир тошдай 
Ўзим дарёга ташлай, 
Дарёда яшай бошлай, 
Кел, сулҳимга кел!

Тошқин шалолалар, ҳай, 
Нолаваш лолалар, ҳай, 
Сабр қил – толалар, ҳай, 
Дил мулкимга кел!

Гул бўлиб оқай-кетай 
Ё ярадор оҳудай 
Тоғларга чиқай-кетай, 
Ҳамроҳликка кел, 
Сабоғимга кел!

МЎЖИЗА ЛАҲЗАЛАРИ

Умрим бўғотига қор тушди неча, 
Лайлакқорлар ёғди афсона айтиб. 
Ҳаётимга янги йил кирган кеча
Ҳар гал болалигим учратдим қайтиб.

Кумуш теракларнинг қир учларида 
Тилла исирғадай қолган варраклар. 
Бир ҳовуч нур ўйнаб кулгичларида 
Ўсмирлигим келар ҳар йил дараклаб.

Аллоҳдан мўъжиза кутган гўдакдай 
Тутсам она тақдир этакларидан,
Қор босган тоғлардан сайраб какликдай 
Йилларим чиқар қиш эртакларидан.

Кўзимла эркалаб ғунча қизларни 
Дилбар сингилларим манглайин ўпдим. 
Шамолдай айланиб дала-тузларни 
Гуллар япроғига шудринглар сепдим.

Қорхат олиб келган кемшик болакай – 
Остонамда турар шошқалоқ элчи.
Анҳор сукутида чалиб оқар най 
Вақт деган ғанимат ғаройиб йўлчи.

Ёғоч дарчаларнинг зулфинларида 
Мурғак қўлларимнинг тафти товланар. 
Кўкка ўрлаган ўт ажинларида
Ўн тўрт кунлик ой ўтовланар.

Қизийди гап-гаштак, ҳангома, гурунг, 
Танчада биқирлаб қайнайди қумғон. 
Кимдир «Кунтуғмиш»дан ўқий бошлар сўнг, 
Ернинг илдизига туташади жон.

Борлиқни чулғайди жаннатий ифор, 
Оппоқ камалакдан қамашади кўз.
Замин сукутида гувлайди бедор 
Юрак – кул ичида тирилган Қақнус.

* * *
Хушбўй явшанларнинг томирларида 
Тиллога айланиб ётган эй, тилсим, 
Ўн тўрт кунлик ойнинг чодирларида 
Тўлишган жаннатий, мусаффо насим.

Ўртачўлда гуллаб меҳригиёлар, 
Шудринг қадаҳ бўлди туятовон гул, 
Сомон йўли сочган кумуш зиёлар 
Кўктоғ ўнгирида ўстирар сумбул.

Юлдуз ёмғирлари қуйилар шаррос, 
Саксовул, бурганлар чўмилар нурга. 
Вақтни эгаллаган шамол – чавандоз 
Сурон солиб ўтар мудраган қирга.

МУҲАББАТГА

Кўзлари жавдироқ жайрон боламсан, 
Дунё ишларига ҳайрон боламсан.
Сен сўзла, ипакдай эшиламан, мен, 
Армони йўқларга қўшиламан, мен.

Маним меҳригиё дарахтим бўлиб, 
Куласан ҳаётнинг сеҳрига тўлиб. 
Кўзингдан кўксимга малҳам оламен, 
Қўлинг тутсам, бола бўлиб қоламен.

Сочимга тушган қор тафтин сезмасман, 
Бир лаҳза дардини унутган юрак.
Гарчи, арқоқлари пишиқ атласман, 
Сенинг шўхлигингдан сўрайман кўмак.

Қадр кечалари муножот айтиб, 
Аллоҳдан тилаган гулчамбаримсан. 
Умр ўзанига дарёдай қайтиб –
Гул фаслидан келган хушхабаримсан.

Мусаффо юрагинг, кулгинг – безавол 
Қалбим пилигини ёндиргувчи мой. 
Сен зулмат тунларим ёритиб хушҳол 
Кўнгил осмонимда чиққан янги ой…

* * * 
Сўнди деманг, олов ўчса, 
Кул остида чўғи бор.
Бу оташда кўклам шавқи, 
Саратоннинг тиғи бор.

Бир учқуни сачраганда 
Ҳўлу қуруқ ёнодир.
Ўт қорилган жисму танда 
Гулханларда дўнодир.

Темирчининг босқонида 
Очилгандай олов гул, 
Тафти қайтган юрак қайта 
Ловуллашга топар йўл.

Чўғ топаман тирикликдан, 
Ўт излайман йўлимдан.
Юрагимнинг пилигига – 
Куч оларман элимдан.

ТАШРИФ

Учқур тулпоримга уради қамчи, 
Гулдираб ўтади момақалдироқ.
Қур-қур турнажонлар солар арғамчи, 
Юракка ёндошиб келар ҳур чақмоқ.

Майсаларнинг игна тиллари бахши, 
Ёмғирга жўр бўлиб ўлан айтадур.
Оҳ, ҳаёт – мўъжиза, тириклик – яхши, 
Дилнинг туб-тубига қуйилади нур.

Ернинг шодликлари – қўзиқоринлар 
Ҳамал елларига тутади кўкрак.
Минг турфа ранглардан зангор қуюнлар 
Келинчак заминга тақар чамбарак.

Аттор қутисида йўқ бўёқларни 
Малик чўлларгача чаплаган моҳир. 
Ҳатто, Қизилқумдай қоқ тупроқларни 
Яшнатгай сочилиб майса-жавоҳир.

Бешик бошидаги онадай дилбар, 
Суюмли шу тупроқ, баҳорий Ватан! 
Сеҳргар кўкламга ошиқ кўнгил бер, 
Эй, жон бойчечакка айлана қол сан!

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019-йил 1-сонидан олинди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *