Абдували ҚУТБИДДИН


1960 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг «Найсон», «Ҳумо»,
«Бахтли йил», «Бор» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.


СИЗНИ
Сизни шох-шабба ва буталарда,
Чечакларда, япроқларда, майсаларда
Ҳисларда қолдирсам… 
Ўзим мусичадай ку-кулаб ўтсам,
Ёнингиздан, чапдан, ўнгдан, сўлдан, 
Сизни қўриқласам…
Сизни турналарга арқон ташлаб: 
Шимолга, жанубга, ғарбга ва шарққа, 
Қутбдан нарига жўнатсам.
Ўзим қуёшдай сарғайиб, бўзариб, 
Ошиб, тошиб ўтсам.
Исиниб олсангиз
Мени ҳар кўрганингизда.
Сизни бўронга йўллаб, тинч ва нотинч уммонларда
Жилвагар оролга
Олиб борсам…
Турфа ва турли балиқчаларни 
Тизиб чиқсам уфққа қадар –
Севишимни сезсангиз…
Шунда…
Сезиб, сесканиб шаршарадай оқаётган 
Умримнинг қисмини 
Мармар деворчаси қабарган
Ҳовузга
Ташлаб юбормасангиз, зора…
Бусиз ҳам нафасим ситилган 
Ҳовурдай –
Қўлчалари новда, бошгинаси сават 
Ошиқлар…
Мени қувғин этар барча тушлардан – 
О, уларнинг иборалари нафис, 
О, уларнинг шеърлари гўзал,
О, ширин алжирашлари буюк –
Мен жуда пастдаман, машқбозман, холос, 
Ўзимдан-ўзим хижолат чекаман.
Истайсизми…
Ҳисларда қолдирсам…

* * *
Қайт, ичингдаги сирларингни еру осмон эт, 
Қайт, борса-келмас ёбонларни бизга осон эт, 
Менга ет, унга ет, ҳаммамизга ет,
Қайту қайтма…

Бир калима сўздин бошланган савдо бу, 
Чора кўр, тадбир қил, туганмас ғавғо бу, 
Кимгадир совғаю кимгадир асо бу, 
Кўринар расодек, азал норасо бу.

Уззукун муштоқман, висолинг қалқон эт, 
Сочингни шумқадам армонга қопқон эт, 
Руҳингни жайрону жонингни қоплон эт,
Қайту қайтма … Қайту қайтма… Қайту қайтма…

ДИАГРАММА

Тушунтириш мумкинми юрак тубини – 
Изоҳлаш мумкинми кўнгил ичини, 
Шарҳлаш мумкинми ҳаётни?..
Асло…
Валдираш мумкин…

Ургутлик Худойқул ғалча, юз беш ёшгача 
Юз бешта эчкини сўйиб еган эди.
Нимага?
Балки умри эчки умрига ўхшаб кетгандир, 
Балки тоғни тушунишни истагандир жонвордай.

Дадам, Аллаёрон чўққисида қор турса, севинарди, 
Олтмиш йил қор турди,
Кейин турмади… 
Дадам ҳам турмади… 
Нимага?


Нималигин билмайди биров,
Лофни хуш кўради қайсар ақлу ҳуш. 
Гарчанд, бу томонга ҳилпиратиб ялов, 
У томондан ташриф буюради туш.

УЗУН ЖУМЛА

Ҳасратимни элакдан ўтказиб, оҳ-воҳлашиб табассумга лойиқ заррани – Умрим дарахтини эгиб, шохлари орасидаги
Аррани,
Бошим осмонга теккан пайти завқу шавқим пайдо қилган 
Сайёрани,
Хаста отамни елкасига опичлаб, 
Маккага оборолмаган 
Ношуд умидни,
Руҳига монанд севгилисини 
Қарғага бериб қўйган йигитни –
Қизилқумда даф этсам…

Самарқанднинг Зомини гузаридан «Каптархона»гача
Мотридлик қоғозчи қоғозларини тарқатсам,
Тўғралу Машрабни ёд билганларга,
Битинг десам ишқ байтларини…

Рафиқамнинг оқ сочларини қорайтирсам битта силашда, 
(У унутса шеърбозлигимни.)
Иккимиз ҳам йигирма бирда – 
Регистонда учрашсак тағин… 
Ўтқизгунча учар гиламга айлантирсам етти оламни…

Ҳеч ким мени лаққиллатмаса
Ва ҳеч кимдан қолмаса кўнглим. 
Устозларим мард турса адл, 
Дўстларимдан кетмаса путур.

Ҳувиллайман носоз, қулоқ тутаман, 
Буйруқлар беради кимдир ичимда, 
Начора,
Бу узун жумлани муҳаббат билан 
Чизиб юбораман, шуниси маъқул. 
Бағримга қайроқлар осиб кўргайман, 
Энди ўзимнимас, қайроқни ўртайман…

* * * 
Х…га

Бояқиш, сенинг кийиминг одми, 
Улар бўлса сатанг, киройи, ҳатто… 
Кулишлари, хандалари чиройли, 
Сен адойи тамом.

Улар айш қилишар, сенда имконсиз, 
Ҳатто айтишга тил бормас бу ҳақда. 
Сен ғам хусусида илмлисан,
Улар от ҳақда…

БОМБЕЙ АКСИОМАСИ

Бомбей…
Бу гўё эртак…

«Вазнингизни ўлчанг.» 86 кг.
«200 рупий.» Чол ҳазин букчайди. 
Минғирлади, қанчаси кераксиз нарса…

«Исқирт чол». Минғирладим мен ҳам, 
Ориқлар ва семизлар, калталар ва узунлар, 
Майдалар, галварслар, лўппилар,
Бир-биридан яхши – лиқ тўла.

Қанча кераксиз нарсани супуриб ташлар фаррошлар.
«Мен сизни ўрганиб чиқдим.» 
Вафодор оғайнинг илжаяр, 
Кўрсаткич бармоғи ундов белгиси.
« Итқитиб ташланган экансиз?»

Сувга тушган мушукдай жисмим, 
Оғзи жим, кўзи ҳадикда.
Ҳар бир томиримда бақирар руҳим, 
Шакл йўл қўймас.
Лаънати!
Йўқол деб, ҳайдайман. Шўрлик – заъфарон, 
Япроқдай ялпайиб, пилдираб кетар…

Ортидан кузатаман. Вазни 86 кг. 
Руҳимни ўлчашга қидираман чолни. 
Дараклайман, сояси йитган.

Уйга олиб қайтаман шаклни ўзим билан, 
Жанжаллашаман, уришаман – бари бефойда. 
Қулдек эшитади ҳақоратларим.

Ачинаман. Чиқамиз далага ёнбош кўчамизга, 
Ой яримлаб ухлашга шайланган.
Бир фикр чарх урар ногоҳ иккимизда… 
Олам ва одамлар, жами неччи кг?..
Ундан қанчаси кераксиз нарса…

Бомбей…
Бу мисли бир қоп гап…

«Шарқ юлдузи» журналининг 2019-йил 1-сонидан олинди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *